FATVO.UZ | Расмий канал
161K subscribers
1.21K photos
2.13K videos
4.57K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
НАМОЗ ОХИРИДА ТАСБЕҲ АЙТИШ
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Намоз охиридаги тасбеҳ айтиш шартми? Тасбеҳни қўлда айтиб бўлмайдими? 33 мартадан ортиқ айтса нима бўлади?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Намоз охирида айтиладиган тасбеҳлар мустаҳаб амал ҳисобланади.

Намоз охиридаги тасбеҳни қўл бармоқларида ҳам махсус тасбеҳларда ҳам санаш мумкин. Мақсад шу ҳадисда келган 33 та субҳаналлоҳ, 33 та алҳамдулиллаҳ ва 33 та Аллоҳу акбарни айтиш. Шу мақсад ҳосил бўлса кифоя. Ҳадисга мувофиқ намоз кетидан 33 тадан айтилади. Ундан ортиқ айтилиши эса бошқа пайтларда қилиниши мумкин. Чунки Аллоҳ таоло эртаю-кеч тасбеҳ айтувчиларни, Аллоҳни кўп зикр қилувчиларни яхши кўради. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ҒУСЛНИНГ НИЯТИНИ УНУТГАН БЎЛСА
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Ғусл дуосини айтмай қилинса ғусл қилган бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ғуслнинг ниятини унутган бўлса ҳам ғусл дуруст бўлади. Чунки ғуслнинг шартлари учта: оғизни чайқаш, бурунни чайқаш ва бутун (барча) баданига бир маротаба сув етказиб ювиш.

Ғуслнинг қолган амаллари суннат ҳисобланади, жумладан, ният қилиш ҳам. Лекин ниятни, суннат бўлгани учун, қасддан тарк қилмаслик керак. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ҚЎҒИРЧОҚ ЯСАШ ЖОИЗМИ?
#ҳалол-ҳаром

695-CАВОЛ: Оила аъзоларим билан миллий қўғирчоқ ясаймиз. Шу ишимиз жоизми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Уламоларимиз жисмли тимсол ва ҳайкалларни ясаш шаръан ҳаром эканига фатво беришган бўлса-да, бундан болалар ўйинчоқларини истисно қилишган.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз шундай дейдилар:

"كُنْتُ أَلْعَبُ بِالْبَنَاتِ عِنْدَ النَّبِىِّ، عليه السَّلام، وَكَانَ لِى صَوَاحِبُ يَلْعَبْنَ مَعِى - فَكَانَ رَسُولُ اللَّهِ عليه السلام إِذَا دَخَلَ يَتَقَمَّعْنَ مِنْهُ، فَيُسَرِّبُهُنَّ إِلَىَّ فَيَلْعَبْنَ مَعِى".

"Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қўғирчоқ ўйнар эдим. Менинг ўртоқларим бор эди, мен билан ўйнашарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирганларида эса у зотдан яшириниб олишарди. Шунда У Зот уларни аста мен томон юборардилар ва улар яна мен билан ўйнашар эди".

Ушбу ҳадис шарҳида Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар:

واستدل بهذا الحديث على جواز اتخاذ صور البنات واللعب من أجل لعب البنات بهن وخص ذلك من عموم النهي عن اتخاذ الصور وبه جزم عياض ونقله عن الجمهور وأنهم أجازوا بيع اللعب للبنات لتدريبهن من صغرهن على أمر بيوتهن وأولادهن

"Ушбу ҳадисни далил қилиб ёш қизалоқчалар ўйнаши учун қизчаларнинг қўғирчоғини ясашга рухсат берилган ва бу суратлар чизиш ва уйда сақлаш ҳақидаги умумий қайтариқдан истисно қилиб хосланган. Қози Иёз буни жазм билан айтиб, жумҳур уламолардан "Қизалоқларнинг уй ва болага қараш ишларини ёшлигидан машқ қилиши учун уларнинг қўғирчоқларини сотиш жоиз", дейишганини нақл қилиб келтирган" ("Фатҳул Борий" китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

YouTube | Instagram | Facebook | Tiktok
СУРАЛАРНИ ЭШИТИБ ЁДЛАСАМ БЎЛАДИМИ?
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Қуръон ўқишни билмайман. Сураларни эшитиб ёдласам бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бўлади, лекин ўқишни ўрганишингиз керак. Чунки эшитилганида ҳарфларни бошқага алмаштириш ҳолатлари ҳам учрайди. Эшитиб ёдланган сураларни яқин атрофдаги масжид имомига ўқиб бериб бир текширтириб олиш керак бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
Жума айёмингиз муборак бўлсин!

Улашинг: @diniysavollar
ЭРИМНИНГ ТОПГАНИ БИЗГА ҲАЛОЛМИ?
#ҳалол_ҳаром

696-CАВОЛ: Емлаб боқаётган қўйимиз ўлиб қолди. Хўжайиним уни колбаса сехига топширди. Шуни пули бизга ҳалолми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Эрнинг ушбу қилаётган иши шариатимизга кўра ҳалол эмас. Чунки ўлимтикнининг ўзи ҳам, унинг пули ҳам ҳаром ҳисобланади. Бу ҳақида уламоларимиз шундай деганлар: "Оқувчи қон ва ўлимтик каби шариатда қийматга эга бўлмаган нарсаларнинг савдоси ботилдир" ("Роддул Муҳтор" китоби).

Эр киши ҳалолдан маблағ топиши ва аҳли-оиласи ва фарзандини ҳалол едириб ичириши керак. Агар эр ҳаром маблағ билан оиласини боқса, уларнинг ҳам гуноҳини зимасига олган бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳаромдан ўсган гўшт (жасад) жаннатга кирмайди", — деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Агар эр ҳаром ризқ билан нафақа қилса, унга бунинг оқибати тушунтирилади ва ҳалолдан пул топиши унинг бурчи экани эслатилади. Агар эр бош тортса ва унинг аёли ва фарзандларининг қўлида касби бўлмаса, уларга оила бошлиғининг топганидан зарурат миқдоричаси жоиз бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

YouTube | Instagram | Facebook | Tiktok
ҲАЙЗ ҲОЛАТИДА ГУНОҲ ЁЗИЛМАЙДИМИ?
#ҳайз #гуноҳ

697-CАВОЛ: Аёл ҳайз ҳолатида бирор хато, гуноҳ ёки ҳаром ишлар қилса, гуноҳ ёзилмайдими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ҳайз ҳолатида гуноҳ иш қилинса, албатта, гуноҳ ёзилади.

Динимизда ҳайз кўрган аёл намоз ва Қуръон ўқимаслиги, (қазосини тутиб бериш шарти билан) рўза тутмаслиги, масжидга кирмаслиги, эри билан яқинлик қилмаслиги каби ҳукмлар мавжуд. Бу ибодатларни бажармагани учун гуноҳ ёзилмайди, чунки бу шариатни рухсати.

Лекин ҳайз пайти шариат ман қилган гуноҳ иш (ёлғон, ғийбат, бўҳтон, ўғрилик ва бошқа)ларни қилсада гуноҳ ёзилмайди деган ҳукм йўқ. Бундай ишлар гуноҳ бўлиб ёзилиши аниқдир.

Гуноҳ ёзилмайдиган кишилар ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади:
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч (тоифа)дан қалам кўтарилган. (Булар:) Ухлаётган одамдан то тургунича, ақл-ҳушини йўқотгандан то тузалгунича, ёш боладан то катта бўлгунича”, деганлар (Имом Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ривоят қилишган). Яъни, ҳадисда саналган кишиларга маълум вақтгача гуноҳ ёзилмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

YouTube | Instagram | Facebook | Tiktok
АЁЛЛАРНИНГ ЖАМОАТ БЎЛИБ НАМОЗ ЎҚИШИ
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Аёллар жамоаси намоз ўқиганда, уларда ҳам бир аёл имомлик қиладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аёллар жамоат бўлиб намоз ўқишлари макруҳ. Бордию жамоат бўлиб ўқисалар бирлари имом бўлади, аммо эркакларнинг имоми каби олдига чиқиб турмасдан сафда бошқалар билан баробар тураверади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
КОМПАНИЯ МИЖОЗЛАРИГА БЕРГАН ЧЕГИРМАДАН ФОЙДАЛАНИШ ЖОИЗМИ?
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Телефон компанияси абонентларига айрим тарифларда доимий 20% чегирма берса, ундан фойдаланса бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ҳақ эгаси ҳаққидан кечиши мумкин. Компания ўзининг хизмат ҳаққидан кечиб, уни арзонлаштириши жоиз. Демак, ўзлари шу чегирмани бераётган бўлсалар, олиш албатта, жоиз. Фойдаланиш мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
АЁЛИМНИ ТАЛОҚ ҚИЛСАММИКИН?
#талоқ

698-CАВОЛ: Узоқ йиллардан буён аёлим иккимиз фарзанд кутамиз. Aммо ҳалигача натижа йўқ. Дуоларда бардавоммиз, ибодатимизни ҳам тўхтатмадик. Лекин… ота-онам ажримни талаб қилишяпти. Мен эса талоқ сабаб осмон ларзага келишини ўйлаб қўрқяпман. Бу вазиятда динимиз менга қандай йўл кўрсатади?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Фарзанд неъматлар ичида энг суюклисидир. Бу неъматни Аллоҳ хоҳлаган бандасига беради. Қуръони каримда шундай дейилган: “Осмонлар ва ер Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратади. Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этади, Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этади. Ё уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилади, Ўзи хоҳлаган кишини туғмас (бепушт) қилиб қўяди. Албатта У Билувчи ва Қодир Зотдир” (Шўро сураси, 49-50-оятлар).

Шундай экан, нима бўлган тақдирда ҳам, мўмин банда Аллоҳнинг иродасига итоат этади. Шу билан бирга, Аллоҳга дуо қилиб солиҳ фарзанд сўрайди. Яна керакли муолажалар олиб, сабабларни ҳам юзага келтиради. Аллоҳ фарзанд берса шукр, бермаса сабр қилади. Шундай вазиятда инсон сабрсизлик қилса, гуноҳкор бўлади. Агар сабрли бўлиб, Аллоҳ таолонинг имтиҳонига бардош кўрсатса, гуноҳлари кечирилиб, савобга эришади, даргоҳи илоҳийда мартабаси ошиб, Аллоҳ таоло хушхабар берганидек, ажру савобга эга бўлади: "…Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир" (Бақара сураси, 249-оят).

Талоқ айтса, Арш ларзага келиши ҳақидаги ривоятларнинг ҳаммаси тўқима экани муҳаддис уламолар томонидан таъкидланган. Зеро, шариатда талоқ ўз ўрнида ечим сифатида шариатга жорий этилган. Лекин Сиз аёлингиз билан ажрашишга шошилманг. Чунки фарзанд бериш Аллоҳнинг қўлида. Эр-хотин кўп йил бирга яшаб, фарзанд кўрмаганлиги талоқ беришга асос бўлмайди. Балки сабр қилиб, Аллоҳ таолодан умид қилинг. Керакли муолажалар олиб, сабабларни ҳам юзага келтиринг. ИншаАллоҳ, ҳаммаси яхши бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot
ЭР-ХОТИН АЖРАШСА, БОЛАЛАР ЕТИМ ҲИСОБЛАНАДИМИ?
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Эр-хотин ажрашса эр фарзандларини нафақаси билан, яьни алиментини вақтида бериб турса, бу болалар етим ҳисобланадими.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Етим — балоғатга етмаган, отаси вафот этган бола.
Алимент берадими ё бермайдими отаси бор бола етим ҳисобланмайди. Уларни едириш, кийинтириш ва жой билан таъминлаш отани бўйнида, бажармаса гуноҳкор бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ТАСБЕҲ ФАҚАТ ЎНГ ҚЎЛДА САНАЛАДИМИ?
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Яқинда бир гап эшитиб қолдим. Тасбеҳ фақат ўнг қўлда саналади. Чап қўлда мумкин эмас. Чунки чап қўлда таҳорат олинади деган мазмунда. Шу гап қанчалик тўғри?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ҳа, одатдаги ҳолатда ўнг қўлда қилинаверади, лекин зарурат бўлса, чап қўл ёрдам бериши ёки бутунлай чап қўлда санаш ҳам мумкин, ўнг қўлда санаш қатъий белгилаб қўйилмаган. Бу ерда афзаллик ҳақида гап кетади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ҲАҚ ЙЎЛНИ КЎРСАТИБ, ХАТОСИНИ АЙТИШ КЕРАКМИ?
#ақида

699-CАВОЛ: Атрофимиз кундан кунга сохта салафийларга тўлиб бормоқда, ижтимоий тармоқда шундайларни кўрганда ҳақ йўлни кўрсатишимиз, хатосини айтишимиз керакми?

💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Албатта, хатосини айтиш ва тўғри йўлни кўрсатиш керак. Чунки минг йиллардан бери Аҳли сунна ва жамоанинг ақидавий: Мотуридия ва Ашъария ва фиқҳий: Ҳанафий, Моликий, Шофиъий, Ҳанбалий мазҳаблари Аллоҳ таолонинг иродаси билан Ислом шариатини мукаммал кўринишда сақлаб келмоқдалар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом илм булоқларининг бошидан сув ичган бу мазҳабларнинг далиллари кучли, асослари мустаҳкам. Аҳли сунна вал жамоа бошланганидан ҳозиргача мусулмонларнинг энг катта жамоаси бўлиб келган ва унга эргашиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: "Катта жамоага эргашинглар" (Имом Аҳмад ва Ибн Можалар ривояти), деган сўзлари билан шарт бўлади. Биз ҳам мана шу ҳақ йўл, катта жамоа Аҳли сунна вал жамоага одамларни чақирамиз, зеро унга амал қилиш икки дунё саодатига сабаб бўлади.

Мазкур Ислом уммати бир овоздан қабул қилган ва амал қилиб келаётган ҳақ мазҳабларга хилоф қилган мазҳабларнинг эса эътибори йўқ. Гарчи уларни куфрда айбламасак ҳам, ҳақдан тойган деб биламиз ва одамларни уларга эргашишдан қайтарамиз. Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

YouTube | Instagram | Facebook | Tiktok
НАМОЗДАН КЕЙИН БИРИНЧИ КЎРГАН ОДАМГА САЛОМ БЕРИШ КЕРАКМИ?
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Намозни ўқиб бўлиб, тургандан кейин биринчи кўрган одамга салом бериш керакми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Намоздан кейин биринчи кўрган одамга салом бериш шарт, деган шаръий ҳукм йўқ. Буни диндан деб, одат қилиб олиш тўғри эмас. Лекин ҳар доим катта-кичикка, таниган-танимаганга салом бериш суннат. Жумладан, намоздан чиққандан кейин ҳам, кўрганга салом бериб кетилаверади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
САФАРДА ҚАСР ДЕБ НИЯТ ҚИЛИШ ЭСДАН ЧИҚИБДИ
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Сафарда тўрт ракатли фарз намозини ниятда қаср деб айтиш эсдан чиқиб, намоз ичида эсига тушса, нечи ракат ўқиш керак шу намозни?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Албатта икки ракат ўқийсиз. Сафарда бўлсангиз ҳам Пешин, Аср ёки Хуфтон намозининг фарзини ўқишни ният қилсангиз кифоя. Чунки ўша пайтда сизнинг зиммангизга икки ракат ўқиш фарз бўлган бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ҚИЗЛАРИМНИНГ НАМОЗ ЎҚИМАЙ ҚОЛИШИГА ЮРАГИМ ЭЗИЛАДИ
#намоз

700-CАВОЛ: Қизларим 13 ва 11 ёшда. Намоз ўқитаман лекин хар доим ҳам ўқимайди. Чунки қайнонам хар гапирганимда ҳали вақти бор дейди. Мен қизларимни бир ўқиб, бир ўқимай қолишига юрагим эзилади, у дунёда қандай жавоб бераман деб.

💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Қизларингиздан намозни талаб қилишда, назорат қилишда ва шу билан бирга тарғиб қилишда давом этаверинг. Сабрли бўлинг. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай буюрган:

وَأْمُرْ أَهْلَكَ بِالصَّلَاةِ وَاصْطَبِرْ عَلَيْهَا

"Аҳли(оила)нгизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга бардошли бўлинг!" (Тоҳо сураси, 132-оят).

Ота-она фарзандларининг намозхон бўлишларига масъулдирлар. Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу эса: "Болаларингизнинг намоз ўқишларини назорат қилинг!" деганлар. Агар бола намозга бепарво бўлса, динимизнинг ҳаром-ҳалол, одоб ахлоқ каби бошқа масалаларига батариқи авло эътиборсиз бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

YouTube | Instagram | Facebook | Tiktok
ИНСОННИНГ ЧИРИМАЙДИГАН СУЯГИ
#ақида

701-CАВОЛ: Инсон вафот этгандан кейин қайта тирилмоқлик бор. Инсоннинг қиёматда унуб чиқадиган уруғи нима деб аталади?

💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
У нарсани айрим ҳадисларда "ажбуз-занаб" деб номланган. Унинг номи қуйидаги ҳадисда тилга олинган:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади:
«Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: «Инсоннинг бир суякдан бошқа ҳамма нарсаси чирийди. Бу чиримагани – «ажбуз-занаб» деб аталувчи суякдир. Қиёмат куни қайта тирилиш шундан таркиб топади» (Имом Муслим ривоят қилган). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

YouTube | Instagram | Facebook | Tiktok
БОЛА НЕЧА ЁШИДА ВОЯГА ЕТГАН ҲИСОБЛАНАДИ?
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Отаси вафот этган бола вояга етса, етим бўлмайди, деб эшитганман. Қиз бола ёки ўғил бола неча ёшида вояга етган ҳисобланади?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ислом динимизда балоғатга етиш эҳтилом бўлиш (яъни тушида булғаниш) ёки ҳайз кўриш билан бўлади. Бордию 15 ёшга етган йигитлар эҳтилом бўлмаса ёки қиз болалар ҳайз кўрмаса 15 ёшдан кейин балоғатга етган ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar