Daryo — LIVE
66.4K subscribers
51.5K photos
12.1K videos
70 files
46.7K links
“Daryo”ning tezkor yangiliklar berib boradigan Telegram kanali

Reklama — https://dy.uz/Z07tA
Tahririyat — @daryo_livebot

Rasmiy kanal – @daryo
Rasmiy kirill – @daryo_kirill
Lifestyle – @daryo_lotin
Sport – @daryo_sport24
Pul — @daryo_pul
Download Telegram
​​Ўзбекистонда энди барча шахслар ўз номига товар белгисини рўйхатдан ўтказиши мумкин

«Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар қилди.

Қайд этилишича, қонун билан «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги қонунга қўшимчалар киритилган. Унга кўра, саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек, юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби белгиланган.

Тегишли патентланган саноат мулки объектини ўз ичига олган маҳсулотни ёки буюмни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, импорт қилиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш каби ҳаракатларни содир этган юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача жарима солиниши мумкин.

Жарималар миқдорлари ҳуқуқбузарликларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида белгиланади. Жарима суммаси миқдорининг 70 фоизи ҳуқуқбузар томонидан бир ой ичида ихтиёрий равишда тўланган тақдирда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган суммасини тўлашдан озод этилади.

Қонун билан «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, барча юридик ёки жисмоний шахс ўз номига товар белгисини рўйхатдан ўтказиши мумкин (илгари тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахслар).

Товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек, юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби белгиланган. Товар белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки улар билан адаштириб юборадиган даражада ўхшаш бўлган бир турдаги товарлар учун белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, «Фирма номлари тўғрисида»ги қонунда Фирма номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек, юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби мустаҳкамланган.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

@daryo_live
​​Ўзбекистоннинг 3 та ҳудудида фуқароларга ер майдонлари олиб бериш учун пул талаб қилган шахслар ушланди

Ўзбекистоннинг 3 та ҳудудда фуқароларга ер майдонлари олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ИИБ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаролар С.М. ва Ж.Б. олдиндан тил бириктириб, «Д.С.» ҳамда «А.С.» фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги фаолияти учун ажратилган 1,2 гектар ер майдонини фуқаро Г.га гўёки бўш ер майдонлигини айтиб, майдоннинг 4 сотихини 200 миллион сўмга сотишга келишгани аниқланган. Улар олдиндан 10 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департамент, Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон бошқармалари ИИВ билан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Р.Д. фуқаро И.га танишлари ёрдамида Нукус шаҳри Дўстлик канали бўйидан 5 минг доллар эвазига 6 сотих ер майдони олиб беришни ваъда қилгани аниқланган. У олдиндан 20 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Т.Д. Кармана тумани «Боғишамол» маҳалласи ҳудудидаги таниши А.га тегишли 6 сотих ер майдонини фирибгарлик йўли билан фуқаро Н.га сотишга келишгани аниқланган. У кейинчалик танишлари орқали ҳоким қарорини чиқартириб беришини ваъда қилган ҳолда харидорга қалбаки ҳужжатларни бериб, эвазига 3 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

@daryo_live
​​Ўзбекистон йўлларида: Юнусободда тажрибасиз ҳайдовчи пиёдани уриб кетди, Наманганда Lacetti бетон тўсиққа урилди

Сўнгги кунларда мамлакат йўлларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари тафсилотларини тақдим этамиз.

Юнусободда 18 ёшли ҳайдовчи пиёдани уриб кетди

21 январь куни, тахминан, соат 20:00 да Юнусобод туманида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Амир Темур кўчасида 18 ёшли ҳайдовчи Х.К. тегишли ҳужжатларсиз Volkswagen автомобилини бошқариб, пиёдани уриб юборган.

Оқибатда 59 ёшли Т.М. бадан шикастлари билан шифохонага етказилган. Воқеага ҳайдовчининг тажрибасиз экани ва пиёда йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтгани сабаб бўлган.

Наманганда Lacetti бетон тўсиққа урилди

2022 йил 29 январь куни соат 19:00 ларда Балиқчи–Пунгон йўлининг 62 километрида Мингбулоқ тумани «Қўғаликўл» МФЙ ҳудудида Мингбулоқ туманида яшовчи фуқаро (1968 йилда туғилган) Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқарони (1966 йилда туғилган) номида бўлган Lacetti русумли автомашинани ишонч қоғози билан бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлнинг ўнг томонига чиқиб кетиб, бошқарувни йўқотиб, бетон тўсиққа урилган.

Оқибатда автомашина ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.

Ушбу ҳолат бўйича Мингбулоқ туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2022 йил 29 январь куни 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

@daryo_live
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Ҳисор қўриқхонасидаги фотоқопқонга иккита қор қоплони тушди

Қашқадарё вилоятида Ҳисор тоғ тизмаларида жойлашган Ҳисор давлат қўриқхонасида яшайдиган 2 бош қор қоплони камера объективига тушиб қолди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси хабар қилди.

Қайд этилишича, Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида яшайдиган қор қоплони мушуксимонлар оиласига мансуб бўлган ва Қизил китобга киритилган ноёб тур ҳисобланади. Қўриқхонанинг Танхоздарё бўлими давлат назоратчиси Жамшид Бердалиев томонидан Қуралай сойига қўйилган камера объектига 2 бош қор қоплони муҳрланган.

@daryo_live
​​Юнусободда тадбиркор дарахтлар остини бетонлаб ташлади. Аввалроқ бу ерда 10 туп дарахт арралаб кетилганди

3 февраль куни Тошкентнинг Юнусобод туманида дарахтларнинг таги бетонлаб кетилди, сўнг Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан қайта тозаланди. «Дарё» мухбири ҳолат жойига бориб, вазиятни ўрганди.

Маҳалла фаолларидан бири Нигора Абдуқодированинг айтишича, унга соат 18:00 ларда қўшнилари телефон қилиб, дарахтлар таги бетонланаётганини айтишган.

«Қўшниларим дарахтларни инвесторлар келиб кесишяпти, бетон қуйишяпти, дейишди. Уйдан пастга тушсак, уруш-жанжал бўляпти экан. Тадбиркорлар 15-18 нафар мардикор олиб келишган. Маҳалла аҳолисини итариб юбориб, кетмон билан туртишяпти. Шундан кейин биз ички ишлар бўлимига мурожаат қилдик. Кейин эса экологлар Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини олиб келиб, бетонларни тозалатишяпти», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг декабрь ойида айнан шу ҳудудда 18 туп дарахтнинг 10 тупи номаълум шахслар томонидан ярмигача арралаб кетилган эди. 2022 йилнинг 10 январга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида номаълум шахслар 4 туп элдор қарағайини кесиб ташлаганди. Кейинроқ 10 та қарағай арралаб кетилгани бўйича жиноят иши қўзғатилган эди. Шундан кейин зарар етказилган дарахтлар маҳалла аҳолиси ҳамда экологлар томонидан скотч билан ўралган.

Маҳалла фаолларидан бири Нигора Абдуқодированинг айтишича, унга соат 18:00 ларда қўшнилари телефон қилиб, дарахтлар таги бетонланаётганини айтишган.

«Қўшниларим дарахтларни инвесторлар келиб кесишяпти, бетон қуйишяпти, дейишди. Уйдан пастга тушсак, уруш-жанжал бўляпти экан. Тадбиркорлар 15-18 нафар мардикор олиб келишган. Маҳалла аҳолисини итариб юбориб, кетмон билан туртишяпти. Шундан кейин биз ички ишлар бўлимига мурожаат қилдик. Кейин эса экологлар Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини олиб келиб, бетонларни тозалатишяпти», — дейди у.

«Бу ерга дарахт экишни режалаштирган эдик. Ерни аукционга ютиб олган тадбиркор у ерда ўқув маркази қурамиз, деб айтган. Кейин эса ногиронларни олиб келиб улар учун ўқув марказ қурамиз, дейишди. Кейин халқни алдашни бошлашди, сизлар учун новвойхона, сомсахона қилиб берамиз, деб», — дейди маҳалла фаолларидан бири.

Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспектори Сардор Ниязовнинг «Дарё»га маълум қилишича, ушбу жой тадбиркор томонидан аукционда ютиб олинган.

«Бу ерда 2021 йилнинг декабрь ойида дарахтлар кесиб кетилганди. Кейин Экология бошқармаси Илмий тадқиқот институти ҳамда Ботаника мутахассислари билан биргаликда даволаш ишлари олиб борилиб, сақлаб қолган эдик. Ушбу ҳолат тўғрисида суриштирув ишлари ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилади», — дея қўшимча қилади у.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси экополиция сафдор ходими Достон Ураловнинг айтишича, улар келгунига қадар дарахтлар тагига бетон тўккан усталар ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

«Келганимизда фуқаролар тўпланиб, бу ерда жанжал бўлаётган экан. Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида фуқаролар билан гаплашсак тадбиркор келиб, дарахтлар остига бетон тўкиб кетибди. Шундан сўнг Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини чақиртирдик. Улар келиб, дарахтларнинг тагини тозалашаётганда тадбиркорнинг укаси келиб, жанжал кўтармоқчи бўлди. Улар ҳам ички ишлар бўлимига олиб борилди», — дейди у.

@daryo_live
​​Қашқадарёда газ таъминоти бўлими бошлиғи салкам 200 млн сўмлик газ қувурларини талон-торож қилди

Қашқадарё вилояти Муборак туманида газ қувурларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Муборак туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда «Муборактумангаз» газ таъминоти бўлими бошлиғи Р.А. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, туман ҳудудидан демонтаж қилиниб, «Б.С» сервис марказига вақтинча сақлаб туриш учун топширилган 190,7 миллион сўмлик 684,7 метр металл газ қувурларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

@daryo_live
​​Тошкент ҳайвонот боғи маъмурияти қафасга ташлаб юборилган қизчага тегмаган айиқни очиқ табиатга қўйиб юбориш таклифига муносабат билдирди

Тошкент ҳайвонот боғида қафасга ташлаб юборилган қизчага тегмаган Зузу лақабли қўнғир айиқни очиқ табиатга қўйиб юбориш сўралаётгани тўғрисида хабар берилганди. Тошкент ҳайвонот боғи илмий ходими Феруза Мирсолихованинг сўзларига кўра, Зузу ёввойи табиат қўйнига қўйиб юборишга тайёр эмас.

Таъкидланишича, ёввойи ҳайвонларни тутқунликдан ёввойи табиат қўйнига қўйиб юбориш — жуда мураккаб ва масъулиятли вазифа.

Пойтахт ҳайвонот боғи маъмуриятнинг маълум қилишича, ўзи учун ҳеч қачон озуқа топмаган ва ов қилишни билмайдиган, умр бўйи одамнинг қўлидан овқат еган ва ундан қўрқмайдиган айиқ оч қолганда дарров дуч келган аҳоли пунктига боради ва қўрқиб кетган одамлар томонидан ўлдирилади.

«Тутқунликда туғилиб ўсган ва ота-онаси тарбиясини олмаган жониворлар ўз қардошлари билан тил топиша олмайди, овқат топа олмайди, бошқа жониворлар билан рақобатлаша олмайди ва кучлироқ рақибдан ҳимоялана олмайди. Турли юқумли касалликлар ва жароҳат етиши эҳтимолини ҳам назардан қочирмаслик керак», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, улар жонивор учун энг катта хавф туғдирадиган овчи, браконьерларни фарқламайди ва улар билан учрашувдан қочиб қутулиб қола олмайди.

«Зузу ёввойи табиат қўйнига қўйиб юборишга тайёр эмас. Биринчидан, Зузу Кавказ қўнғир айиқларининг кенжа тури бўлиб, тегишли равишда Кавказда яшайди — Ўзбекистон ҳудудида эса оқ панжали айиқ яшайди. Иккинчидан, Зузу Боку ҳайвонот боғида келиб тушган, у ердан эса жуда кичиклигида бизга олиб келинган, одамлар томонидан боқиб, тарбияланган», – дейди Тошкент ҳайвонот боғи илмий ходими Феруза Мирсолихова.

Боку ҳайвонот боғи директори Азер Ҳусейновнинг сўзларига кўра, киперларидан (ҳайвонларни парваришловчи шахс — таҳр.) кўрган ғамхўрлик ва меҳр унга йиртқичларга хос фазилатларни намоён қилишга имкон бермаган. У одамдан ёмонлик кўрмаган, шунинг учун, болага ёмонлик қилмаган. «Худога шукурки, бу даҳшатли воқеа ибтидоси хайрли бўлди», — деган Ҳусейнов.

Нима бўлган эди?
28 январь куни соат 12:00 ларда ёш аёл номаълум сабабларга кўра одамларнинг кўз олдида кичкина қизалоқни айиқ қафасига ташлаб юборган.

«Зузу лақабли Кавказ қўнғир айиғи ўз волерида ётиб олиб, қизалоқни металл тўсиқ устидан отиб юборган аёл ҳаракатларини кузатди. Меҳмонларимиз ва ходимларимизнинг уринишларига қарамасдан, аёлни тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмади. У болани йиртқичнинг қафасига отиб юборишга эришди. Зузу айиғимиз секингина зовурга тушиб, қизалоқни ҳидлаб кўрди ва ундан узоқлашди», — дейилади хабарда.

Ҳолат ўрганилиб, кичкина қизалоқни айиқ волерига ташлаб юборган аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Батафсил

@daryo_live
​​Ўзбекистонда 3 февраль куни 961 кишида коронавирус тасдиқланиб, 4 бемор вафот этди

Ўзбекистонда 3 февраль куни 961 кишида коронавирус қайд этилиб, мамлакатда пандемия бошидан бери коронавирусга чалингани расман тасдиқланганлар сони 226 997 нафарга етди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Янги касалланиш ҳолатларининг

40 нафари Қорақалпоғистон Республикасида,
27 нафари Андижон вилоятида,
24 нафари Бухоро вилоятида,
20 нафари Жиззах вилоятида,
24 нафари Қашқадарё вилоятида,
16 нафари Навоий вилоятида,
24 нафари Наманган вилоятида,
57 нафари Самарқанд вилоятида,
10 нафари Сирдарё вилоятида,
48 нафари Сурхондарё вилоятида,
71 нафари Фарғона вилоятида,
27 нафари Хоразм вилоятида,
116 нафари Тошкент вилоятида,
457 нафари Тошкент шаҳрида
коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлгани сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда 18 январдан буён кунлик касалланиш ҳолати минг кишидан ортаётганди. 2 февраль куни бир суткада 926 кишида COVID-19 тасдиқланган, шундан 431 нафари Тошкент шаҳрида қайд этилган.

Сўнгги суткада 348 киши: Қорақалпоғистон Республикасида 7 нафар, Бухоро вилоятида 17 нафар, Қашқадарё вилоятида 26 нафар, Навоий вилоятида 16 нафар, Самарқанд вилоятида 74 нафар, Сирдарё вилоятида 21 нафар, Сурхондарё вилоятида 35 нафар, Фарғона вилоятида 51 нафар, Хоразм вилоятида 41 нафар, Тошкент вилоятида 24 нафар, Тошкент шаҳрида 36 нафар бемор тузалиб, касалликдан соғайганлар жами 211 274 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 1579 нафарни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, ўтган бир сутка ичида яна 195 нафар кишида пневмония аниқланган.

@daryo_live
​​ТАТУда якуний имтиҳонлардан йиқилган талабалар университет ҳисобига 300 млн сўмдан ортиқ пул тўлаши мумкинлиги рад этилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент ахборот технологиялари университетида кредит-модуль тизимининг хатоси сабаб якуний имтиҳонлардан кўплаб талабалар йиқилаётгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Университет матбуот хизмати мазкур ҳолатга муносбат билдириб, талабалар олий таълим муассасаси ҳисобига 300 миллион сўмдан ортиқ пул тўлаши мумкинлиги юзасидан тарқалган хабарларни рад этди.

Маълум қилинишича, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудий филиалларида 2018/2019-ўқув йилидан бошлаб ўқитишнинг кредит-модуль тизими жорий этилган. Ҳозирги кунда барча босқич талабалари таълимнинг кредит тизимида таҳсил олиб келмоқда. Университетда ўқув жараёни ва назоратларни ташкил этиш учун «lms.tuit.uz» тизими жорий этилган бўлиб, бунда инсон омили иштирок этмайди.

«Ушбу тизим 4 йил давомида университетимизда тўлақонли синовдан ўтган ва бундай ҳолатлар кузатилмаган. Ўтган давр мобайнида 10 минглаб талаба мазкур даргоҳни тамомлаб, жамиятимизда ўз ўрнига эга кадрлар сифатида фаолият юритиб келишмоқда», — дейилади муносабатда.

Таъкидланишича, универститетда якуний назоратлар ҳозирда ҳам давом этмоқда. Назорат ишлари натижасидан қониқмаган тақдирда талабалар аппеляцияга бериши мумкин. Қайта ўқиш учун тўлов қийматларига назорат ишлари ва аппеляция натижалари тугаллангандан сўнг аниқлик киритилади. Бунда фанлардан қайта ўқиш учун тўлов миқдори талабанинг бир йиллик тўлов шартнома миқдорининг 1 кредитга (1 кредит тўлов миқдори контракт миқдорини 60 га бўлинган нисбати) нисбатидан ва фанга ажратилган кредит миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

Университет матбуот хизматининг қайд этилишича, «талабалар бугун бўлиб ўтган якунийлардан университет ҳисобига 300 миллион сўмдан ортиқ пул тўлаши мумкинлиги» ҳақидаги фикр мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.

Бундан ташқари, хабарда билдирилган «университет масъулларининг хатоси талабаларнинг бўлиб ўтган якунийлардан йиқилишига сабаб бўлгани» ҳақидаги хабарларга ҳам муносабат билдирилган.

Батафсил

@daryo_live
​​Монополияга қарши курашиш қўмитасининг аралашувидан сўнг Қашқадарёда тўхтатиб қолинган чигит олиб чиқиб кетилди

Қашқадарё
вилояти ҳокими Муроджон Азимовнинг оғзаки топшириғига биноан вилоят чегараларидаги йўл-патруль хизмати постларидан чигитни Самарқанд вилоятига олиб ўтиш тақиқлангани тўғрисида хабар берилганди. Монополияга қарши курашиш қўмитасининг аралашуви ва кўрсатмасига биноан вилоятдан чигит олиб чиқиб кетилган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

2 январь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова шаҳарда қарийб 100 та иш ўрни яратган Marokand gold oil extraksiya корхонаси муаммога дуч келганини ёзганди. 28 декабрь куни компания раҳбари Сайдин Рўзиев шаҳар ҳокимиятига келиб, товар ва хом ашё биржасидан очиқ савдолар асосида сотиб олинган 100 тонна чигит маҳсулотини Қашқадарёдан Самарқандга олиб кела олмаётганини маълум қилган. Қашқадарё вилояти ҳокимлигига кўра, чигит ортилган юк машиналари «QR-кодли ҳисобварақ-фактураси бўлмагани» сабабли тўхтатиб қўйилган.

Кейинроқ «Оқсарой кластер» МЧЖ Самарқандга юборилган ва йўлда ушлаб қолинган чигит уруғлик чигит бўлиб, шу сабабдан вилоятдан олиб чиқилишига йўл қўйилмаганини маълум қилганди. Кластер захира уруғлик чигитини қайтариб олиб, Самарқанддаги Marokand gold oil extraksiya МЧЖ ёғ корхонасига 10 кун муддатда биржа савдолари орқали ютиб олинган техник чигитни етказиб берилишини билдирганди. Шунингдек, юзага келган барча харажатларни ўз ҳисобидан қоплаши айтилганди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ушбу ҳолат назоратга олиниб, масалага ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё вилояти ҳокимияти ва Қашқадарё вилояти ИИБга сўровнома юборилган. Вилоят масъуллари ва Қўмита ходимлари томонидан бир неча маротаба онлайн учрашувлар ўтказилиб, суриштирув ишлари олиб борилган.

Қўмитанинг кўрсатма қарорига биноан ҳозирги кунда Қашқадарё вилоятининг тегишли корхоналари томонидан биржа савдоларига қўйилган чигит маҳсулотлари тадбиркорлар томонидан вилоятдан олиб чиқиб кетилган.

@daryo_live
​​Жиззахда ихтисослаштирилган мактаб раҳбариятига жиноят иши қўзғатилганидан сўнг бош ҳисобчи ўзини осиб қўйгани маълум бўлди

Ижтимоий тармоқларда Жиззах шаҳридаги мактаблардан бирининг бош ҳисобчиси ўз ҳовлисида осилган ҳолда топилгани айтилган хабарлар тарқалди. Жиззах вилояти прокуратураси мазкур ҳолатга муносабат билдириб, бош ҳисобчи билан боғлиқ воқеа 2019 йилда содир бўлганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, Жиззах шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 22-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг (ИДУМ) 2010—2019 йиллардаги молиявий хўжалик фаолияти юзасидан ҳужжатли тафтиш ўтказилган. Тафтиш натижасига кўра, ИДУМ мансабдор шахслари томонидан қарийб 160 миллион сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Хабарда қайд этилган, 22-сонли ИДУМ бош ҳисобчиси О.Тошболтаев 2019 йил 21 ноябрда ўз ҳовлисининг ёрдамчи хонасида осилган ҳолда топилгани ҳолати юзасидан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган. Унинг натижасига кўра, фуқаронинг ўлимида бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмагани сабабли ўша йилнинг 20 декабрида Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Жиноят ишининг О.Тошболтаевга нисбатан қисми унинг вафот этгани сабабли 2020 йил 30 июнда Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси (айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар) 1-қисми 3-бандига асосан ҳаракатдан тугатилган.

Жиноят ишининг 22-сонли ИДУМ директори Д.Садриддиновани айблашга доир қисми, унинг биринчи марта унча оғир бўлмаган жиноят содир этгани, айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплагани сабабли унинг айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб тугатилган.

Тергов ҳаракатлари натижасига кўра, 22-сонли ИДУМ директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари У.Йўлдошев Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «а, б, в, г» бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди билан айбланиб, жиноят иши судга юборилган ва унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2020 йил 24 сентябрдаги ҳукми билан қонуний жазо чораси тайинланган.

@daryo_live
​​Ўзбекистонда 5 февраль куни ҳарорат 22 даражагача кўтарилади

Республика Гидрометеорология маркази 5 февраль, шанба куни кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан 5-10 метр/секунд тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 0-2 даража совуқ, кундузи 16-18 даража илиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғади. Баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 18-23 метр/секундгача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 0-5 даража илиқ, кундузи 4-9 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 18-23 метр/секундгача кучайиши мумкин, Навоий вилоятининг айрим жойларида эса 25-28 метр/секундгача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 2-7 даража илиқ, кундузи 15-20 даража илиқ; чўл ҳудудларда кечаси 0-5 даража совуқ, кундузи 3-8 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан 7-12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 18-23 метр/секундгача кучайиши мумкин, Тошкент, Жиззах вилоятларининг айрим жойларида эса 25-28 метр/секундгача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 0-5 даража илиқ, баъзи жойларда 2 даража совуққача, кундузи 12-17 даража илиқ, баъзи жойларда 19 даража илиққача бўлади.

Қашқадарё, Сурхондарё вилоятида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 18-23 метр/секундгача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 2-7 даража илиқ, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 18-23 метр/секундгача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 3 даража совуқ 2 даража илиқ атрофида, кундузи 5-10 даража илиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, Баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 18-23 метр/секундгача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 2-7 даража совуқ, кундузи 4-9 даража илиқ бўлади.

@daryo_live
Фирдавс Абдухолиқовга қўзғатилган маъмурий иш бўйича суд унинг соғлиғи ёмонлашгани сабаб қолдирилди

Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан қўзғатилган маъмурий иш бўйича 4 февралда ўтказилиши керак бўлган суд мажлиси қолдирилди.

UzReport’нинг маълум қилишича, унинг адвокати Абдухолиқовнинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли ишни кўриб чиқишни бошқа кунга қолдиришни сўради. Суд унинг талабини қаноатлантирган.

@daryo_live
​​«Футбол клуб очадиган даражага етиб келмадик». Комил Алламжонов «Навбаҳор» клубидан ўз логосини алмаштиришни сўради

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов «Навбаҳор» клубидан логотипни зудлик билан алмаштиришни сўради.

Бунга у «Навбаҳор» клубининг янги логоси Масс-медиа фонди логотипига ўхшаб қолганини сабаб қилиб кўрсатган.

« ‘Навбаҳор’ футбол клубига логотиплар муборак бўлсин! Бу Масс-медиа фондининг логоси. Фақат бургут орқага қараб турибди. Ёки Стифано Риччи бош ҳомийми? Ундай деса ҳам, бизни логога ўхшаб қолибди-ку.

Агар буни зудлик билан алмаштирмасангиз, клуб Алламжоновга ўтиб қолди, деган гаплар ҳам чиқади эртага. Тўғри, биз футболга қизиқамиз, лекин клуб очадиган даражага етиб келмадик», — деб ёзади Алламжонов.

@daryo_live
Юнусободда таги бетонлаб ташланган дарахтлар ҳудуди кун-у тун назоратга олинадиган бўлди

3 февраль куни Тошкентнинг Юнусобод туманида дарахтларнинг таги бетонлаб кетилгани тўғрисида хабар берилганди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг маълум қилишича, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мазкур ҳудудда навбатчилик ташкил этилади.

Маълум қилинишича, Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов жойига чиқиб, ҳолат билан яқиндан танишган. Экология, Экопатруль ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида мазкур ҳудудда навбатчилик ташкил этилиб, 24 соат назоратга олиш вазифаси топширилган.

«Айни дамда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди», — дейилади хабарда.

@daryo_live
​​Сенаторлар «прописка» сўзини қонунчиликдан бутунлай чиқаришни маъқуллади

Олий Мажлис Сенатининг 23-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур қонунни қабул қилишдан мақсад шахсий ҳужжатлари билан боғлиқ муносабатларда мавжуд муаммо ва камчиликларни, шунингдек, доимий прописка билан боғлиқ муносабатларни тартибга соладиган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этиш, амалда бўлган биометрик паспорт билан боғлиқ янги ҳуқуқий муносабатлар жорий қилингани боис қонунчиликни такомиллаштиришдан иборат.

Таъкидланишича, бугунги кунда «прописка» сўзи маънан эскирган ва ушбу атама фуқаролар онгида «тўсқинлик қилувчи», «эркинликни чекловчи» деган тушунчаларни келтириб чиқармоқда. Шу муносабат билан, қонун ҳужжатлардаги «доимий прописка қилиш» ва «турган жойи бўйича ҳисобга олиш» тушунчаларини «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» ва «вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаларига алмаштирилмоқда.

Шунингдек, қонун билан Ўзбекистон президенти қарорига асосан хорижга чиқиш биометрик паспорти жорий қилингани сабабли қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, бир қатор қонунларга биометрик паспортга оид ишлатилаётган тушунчалар келгусида идентификация ID-картаси билан қўлланилиши сабабли идентификация ID-картаси тушунчаси киритиш белгиланмоқда.

Қонун қабул қилиниши натижасида ҳуқуқни қўллаш амалиётида «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» нормаларининг бир хилда бўлиши ҳамда бир хил кўринишда қўлланилишига, идентификация ID-картасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тушунчалар ва ҳуқуқий қоидалар мослаштирилишига эришилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.

@daryo_live
​​«Пулнинг камлиги ёки йўқлиги саратонни даволашдан тўхтатмаслиги керак». Саратонни енгган замонамиз қаҳрамонлари

Дунёдаги ҳар беш кишининг бир нафарида ҳаёти давомида саратонга чалиниш хавфи мавжуд. Халқаро саратон тадқиқотлари агентлигига кўра, 2020 йилда дунё бўйлаб 19,3 миллион одам саратонга чалинган ва уларнинг 10 миллиони шу касаллик натижасида кўз юмган. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг «Дарё»га тақдим этган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда саратон билан касалланиш кўрсаткичлари йилдан йилга кўпаймоқда. Биргина 2020 йилнинг ўзида 21 минг 976 нафар одамда янги касалланиш ҳолатлари аниқланган. Саратон касаллиги мавжуд 40 фоиз бемор вафот этган.

Мамлакатда бугунги кунда умумий ҳисобда 107 минг 196 нафар одам саратон билан динамик назоратда туради. (2021 йил статистикаси жорий йилнинг апрель ойида чиқиши маълум қилинди). 4 февраль — Бутунжаҳон саратонга қарши кураш куни касалликни бошидан ўтказган инсонлар ҳикояси дунё бўйлаб янграйди. Афсуски, бу хасталик ўзбекистонликларга ҳам бегона эмас. Энг ёмони, онкологик касаллик хавфидан ҳеч ким кафолатланмаган.

Дилдора Мавлонова, 52 ёш Тил, ўпка, кўкрак саратони, оққон касалликларига чалинган


Тилимга 110 та чок тушди. Бир ярим йил умуман гапиролмадим

Бошимдан тўрт марта саратон ўтди. 2002–2005 йиллар тилим, 2012 йили чап ўпкам, 2018 йили ўнг кўкрагимга шу касаллик ташхиси қўйилди. 2020 йил февралида оққон бўлдим. Аввало Яратган, сўнгра шифокорлар сабаб тўрт ҳолатда ҳам давосиз деб келинган оғир дардни енгиб келмоқдаман.

Саратон – қоғозлардаги сўз, холос. Уни тан олмайман. 2002 йили тилимнинг чап томонида шиш пайдо бўлди. Стоматологга бордим. У эса онкологияга юборди. Онам шу ташхис билан дунёни тарк этгандилар. Жуда қўрқдим. Тил саратони ташхиси қўйилди. Нур терапия олдим. Шу билан оғриқлар сал босилганди.

2005 йил қайта шиш пайдо бўлди. Тилим қотиб қолганидан на овқат ер ва на сув ича олардим. Яна ўсимта чиққан экан. Операция учун Туркияга бордим. Врачлар юзимни кесибгина жарроҳлик амалиёти ўтказишлари мумкинлигини билдиришди. Лекин Тошкентдаги кучли онколог Ёдгор Расулович нафақат юзим, балки ҳаётимни ҳам сақлаб қолишга сабабчилардан бўлди. «Дилдорахон, юзинг чиройли экан. Кел, унга тегмаймиз. Қийин ва оғирроқ бошқа усул билан ўсимтани олиб ташлаймиз. Фақат бу нутқингга таъсир қилиши мумкин. Ҳаммаси Худодан», – деди. Кўнмасликдан бошқа йўл кўролмадим.

Операция 7,5 соат давом этди. Тилимга 110 та чок тушган экан. 1,5 йил умуман гапиролмадим. Сал қалтис ҳаракат билан тилим қонаб кетар ва тўхташи жуда қийин бўларди. Тил доимий равишда суюқлик ичида тургани учун операция жароҳатлари етти ой деганда битди.

Батафсил

@daryo_live
​​Наманган вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Икромжон Каримов 75 ёшида вафот этди

Наманган вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Икромжон Каримов 75 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Икромжон Каримов 1947 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Мактабни битиргач, институтда таълим олиб, олий маълумотли йўлсоз-муҳандис бўлиб етишган. Меҳнат фаолиятини йўл-лойиҳа бўлими бошлиқлигидан бошлаб, Наманган вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари лавозимигача бўлган босқичларни босиб ўтди.

Икромжон Каримов узоқ йиллар мобайнида республика ва вилоят йўл қурилиши ташкилотларида раҳбарлик вазифаларида ишлаганди. Мамлакатда замонавий автомобиль йўллари тармоғи барпо этилишига муносиб ҳисса қўшди. Кўп йил Наманган вилоят автомобиль йўллари қуриш ва улардан фойдаланиш бошқармаси (ҳозирги «Наманганавтойўл»)га бошчилик қилди.

Кейинчалик Наманган вилоят ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари, Косонсой тумани ҳокими вазифаларида ҳам фаолият олиб борди. У бир муддат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси ҳам бўлган.

@daryo_live