Daryo — LIVE
66.4K subscribers
51.5K photos
12.1K videos
70 files
46.7K links
“Daryo”ning tezkor yangiliklar berib boradigan Telegram kanali

Reklama — https://dy.uz/Z07tA
Tahririyat — @daryo_livebot

Rasmiy kanal – @daryo
Rasmiy kirill – @daryo_kirill
Lifestyle – @daryo_lotin
Sport – @daryo_sport24
Pul — @daryo_pul
Download Telegram
Шавкат Мирзиёев Пекинда қатор давлат раҳбарлари билан учрашди

Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни Хитойнинг Пекин шаҳрида XXIV қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этгани тўғрисида хабар берилганди. Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев Пекинда қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан мулоқот қилган.

«Ташриф билан Пекинда бўлиб турган президент Шавкат Мирзиёев қишки Олимпия ўйинларининг очилишига бағишланган тадбирлар доирасида қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан мулоқот қилди», — дейилади хабарда.

Эълон қилинган суратлардан кўриш мумкинки, Ўзбекистон президенти БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Миср президентлари билан мулоқот қилган.

Маълумот учун, XXIV қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими хорижий давлатлар етакчилари, расмий делегациялар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокида Пекиндаги «Қуш уяси» миллий стадионида ўтказилди.

@daryo_live
​​Даврон Ҳидоятов 781 гектар ер майдони президент фармонига хилоф тарзда ажратиб бергани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳар ҳокими лавозимида ишлаётган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими бўлиб ишлаган даврида масъулияти чекланган жамиятлардан бирига 781 гектар ер майдони президент фармонига хилоф тарзда ажратилгани оид хабарлар тарқалди. Адлия вазирлиги ушбу хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида адлия вазири Руслан Давлетовнинг 2021 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Вазир ўз ахборотида яна бир муҳим масала – ер ажратиш борасида ҳам маълумотларни тақдим этди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда ер ажратиш аллақачон аукцион орқали амалга ошириш тизимига ўтилган бўлса-да, барибир тўғридан-тўғри ер ажратишга уринишлар учраб турибди. Бу масала бўйича тушунтиришлар берилди, ер ажратишга оид кўпчилик нарсалар, хусусан, регистрация китобларини юритиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан олиб қўйилган.

Шунга қарамай Тошкент вилоятида 2021 йил октябрь ойида 781 гектар ер майдони МЧЖга шундоқ бериб юборилгани ҳақида маълумот берилди.

«Адлия вазири томонидан юқоридаги Тошкент вилоятида бўлган ер ажратиш бўйича ҳолатлар бирор субъект ёки шахс томонидан содир этилганлиги ёхуд содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш масаласи бўйича ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Фақатгина бу каби ҳолатларнинг олдини олиш кераклиги, ер ажратишда янада эътиборли бўлиш лозимлиги ва бу соҳадаги ислоҳотларни давом эттириш жоизлиги ҳақида айтиб ўтилган», – дейилади вазирлик хабарида.

@daryo_live
​​«Ҳайратга солди» — қозоғистонлик мутахассислар Ўзбекистон реклама бозори ҳақида

Ўзбекистонда ҳозирги кунда 2000—2005 йиллар Қозоғистондаги каби реклама бозорининг жадал ривожи юз бермоқда. Бу ҳақда «Forbes.kz» нашрига Publicis Groupe CCAR компаниясининг раҳбари Виктория Полякова хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, пандемия бўлишига қарамай, 2021 йили ўзбек телевидениесидаги реклама инвестициялари 50 фоизга ошган.

Бу мамлакатга халқаро мижозларнинг кириб келиши билан боғлиқ. Телевидениега киритилган сармоялар асосий ўриндадир, улар бутун реклама бюджетининг 60 фоизини ташкил қилиб, кенг қамров ва юқори содиқлик даражасини олиб келади, шу туфайли телевидение намунали ROIга эга, – дейди Полякова.

2021 йилда Ўзбекистон бозори реклама берувчиларни ҳайратлантирди. Агентликнинг февраль ойидаги маълумотларига кўра, инвестицияларнинг ўсиш кўрсаткичи 35 фоизни ташкил қилган.

Бу, асосан, телевидение учун сармояларнинг 45 фоизлик, интернетнинг 20 фоизлик ва ташқи рекламанинг 10 фоизлик ўсиши билан боғлиқ. 2022 йил учун тахмин қилинаётган медиабозор ўсиши камида 15-25 фоизга баҳоланмоқда.

Бундан ташқари, digital’га киритилган сармояларнинг фоиз нисбатидаги ўсиши ТВга қараганда кўпроқ кузатилади. Агарда ТВнинг ўртача ўсиши 15-20 фоизни ташкил қилса, digital учун сармоялар 25-30 фоизга ўсади.

Ўзбекистонда FMSG сектори ва фармацевтика соҳаси бошқаларга қараганда фаолроқ – йилига 30-40 фоизга ўсмоқда.

Биз 2021 йилнинг январь ойида Ўзбекистонда, кўп йиллар муқаддам мамлакатдан чиқиб кетган Procter & Gamble бренди кампаниясини ишга туширдик. Қайта ишга тушириш жараёни икки йилдан ортиқ давом этди. Фаолият бошлангандан кейин компания бизнинг асосий мижозимизга айланди ва инвестициялар ҳажми бўйича мамлакатда учинчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон бозори, ундаги реклама сотувчиси ва ТВ ўртасидаги ўзаро алоқа ўта аниқ тузиб олинганлиги билан ажралиб туради. Бозор P&G’нинг ишга туширилишига тагликлар, соч ювиш воситалари, кир ювиш воситалари ва тозалаш воситалари ишлаб чиқарувчилари бозорининг ривожланишига турки берган ҳолда, рақобатдошлар фаоллиги ва инвестицияларининг сезиларли ўсиши орқали муносабат билдирди , – деб таъкидлайди Полякова.

Полякованинг сўзларига кўра, ТВда реклама жойлаштиришни янада самарали режалаштириш ва бу ишни қўлда бажарувчи одамлар сонини қисқартириш учун 2022 йилда Ўзбекистонда МАKSAT дастурини ишга тушириш режалаштирилган (аниқ бир бренд рекламаси учун керак бўладиган параметрларни хатосиз ҳисоблаш ва белгилаш учун). Ушбу маҳсулотга маҳаллий sales house’лар ҳам қизиқиш билдирмоқда.

@daryo_live
ФВВ 6—7 февраль кунлари Қамчиқ довонига қор ёғиши мумкинлиги сабаб ҳайдовчиларни огоҳлантирди

Ўзбекистон гидрометеорология хизмати маркази маълумотларига кўра, 6—7 февраль кунлари А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довони ҳудудидан ўтган қисмига қор ёғиши кутилмоқда, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, довонда вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 17-22 метр/сония ва қисқа вақтларда 25-27 метр/сониягача кучайиши, автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳайдовчилардан барча хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни сўрайди.

@daryo_live
​​Самарқандда техникумга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 700 доллар пора олган ўқитувчи ушланди

Бухоро вилояти Олот туманида тиббиёт техникумига ўқишга киритиб қўйиш учун пул талаб қилган шахс қўлга олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Олот туман бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида М.Қ. исмли шахс фуқаро Р.нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида Бухоро тиббиёт техникумига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 800 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, департамент ҳамда ДХХнинг Самарқанд вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд темир йўл техникуми ўқитувчиси К.А. фуқаро Ш.ни 800 доллар эвазига ушбу техникумига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилгани аниқланган. К.А. келишилган пулнинг 700 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

@daryo_live
​​Тошкентда аёл рашк сабаб эрини пичоқлаб қўйди

Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида аёл норасмий эрини рашк қилиб пичоқлаб қўйди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 2 февраль куни соат 20:00 ларда Янгиҳаёт тумани «Файзли» МФЙда яшовчи 50 ёшли Н.В. ва унинг бирга яшовчи норасмий хотини 36 ёшли В.Й. маст ҳолатда бўла туриб, ўрталарида келиб чиққан жанжал оқибатида В.Й. хонадонда бўлган ошхона пичоғи билан Н.В.нинг кўкрак қафасига бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган.

Оқибатда Н.В. олган тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилиб, РШТЁИМ томонидан берилган бирламчи маълумотномага кўра, Н.В.да кўкрак қафасида кесиб санчилган жароҳати, мастлик ҳолати мавжудлиги ва ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати эканлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт бўйича тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан В.Й.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «л» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.

Тергов давомида жиноятнинг келиб чиқиш сабаби ўрганилганда, шу куни гумонланувчининг уйига унинг қўшниси 42 ёшли С.О. меҳмонга келиб, биргалашиб спиртли ичимлик истеъмол қилган вақтида жабрланувчи қўшни аёлни қучоқлаганидан В.Й. рашки келиб, жанжаллашган. Оқибатда юқоридаги ҳолат вужудга келгани маълум бўлган.

Бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

@daryo_live
БААда одам савдосида гумонланиб, 9 йилдан буён қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл депортация қилинди

БААда одам савдоси билан шуғулланганликда айбланган ўзбекистонлик аёл мамлакатдан депортация қилинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар берди.

Маълум қилинишича, аёл сотиш ва эксплуатация қилиш мақсадида яхши ҳақ тўланадиган иш ваъда қилиб, қизларни БААга олиб борган ва у ерда паспортларини олиб қўйиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.

Аёл Ўзбекистонни тарк этгани боис унга нисбатан судланувчи сифатида сиртдан қарор чиқарилган бўлган. У 2013 йилдан бери Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувда бўлган.

«Бугунги кунга келиб Интерпол ММБ ва Бухоро вилояти ИИБ ходимларининг музокаралари ва биргаликдаги тезкор ҳаракатлари туфайли қидирувда бўлган аёл БАА ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинди», — дейилади хабарда.

@daryo_live
​​Ўзбекистонда ОТМ талабалари учун қишки таътил муддати узайтирилиши мумкин

«Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг ҳар йилги қишки таътили тўғрисида»ги президент фармони жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унга кўра олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг қишки таътил вақтида ўзлари доимий равишда истиқомат қилаётган жойларга ўз вақтида ва хавфсиз етиб боришларини ташкиллаштириш, уларнинг қишки таътил вақтини самарали ва мазмунли ўтказиши таъминланади. Таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органларининг декабрь ойининг охирги ўн кунлиги ва январь ойининг биринчи ўн кунлиги оралиғида профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларининг ҳар йилги икки ҳафталик қишки таътилини ўтказиш бўйича таклифлари маъқулланган.

Таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари мавжуд шароитдан келиб чиқиб ўқувчи ва талабаларга таътил бериш муддатини ўзгартириш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Тизимида давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек, давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари бўлган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари:

қишки таътилни уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан зарур чораларни кўради;

кундузги таълим шаклидаги таълим ташкилотида таълим олувчилар ва ўқувчиларнинг доимий истиқомат жойларига бориб келишига ёрдам беради;

ўқувчи ва талабалар учун қишки таътил бошланишидан 10 кун аввалдан бошлаб чиптанинг тўлиқ қийматидан 50 фоизли чегирма тўлови асосида республика ичида ҳаракатланувчи тезюрар ва йўловчи (юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар ва барча йўловчи поездларнинг СВ, VIP вагонлари бундан мустасно) поездларига ҳамда маҳаллий авиарейсларга чипталар сотуви ташкил этилади;

ўқувчи ва талабаларнинг йўналишли шаҳарлараро автобус қатнови орқали ҳаракатланиши учун ҳам имтиёзли чипталар тақдим этиш механизми жорий этилади. Уларнинг қишки таътилда ҳаракатланиш графигини мувофиқлаштириш мақсадида яшаш жойи республиканинг бир минтақасида, таълим олиш жойи эса бошқа минтақасида бўлган ўқувчи ва талабалар ҳақида махсус электрон платформани яратилади.

Таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари 2022 йил 1 майга қадар платформа фаолиятини тўлиқ йўлга қўяди. Бунда платформага шахсни верификация қилиш мақсадида Транспорт вазирлигининг уланиши инобатга олинади.

Ҳар йили 25 ноябрга қадар ҳудудлар кесимида ўқувчи ва талабалар ўқийдиган таълим муассасалари, улардаги ётоқхоналарнинг манзиллари, ўқувчи ва талабаларни қишки таътилга жўнатиш манзиллари ва бошқа зарур маълумотлар платформада жойлаштириб борилади.

Платформани ишлаб чиқиш, уларга хизмат кўрсатиш ва кейинчалик модернизациялаш бўйича буюртмачининг функциялари таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари ўртасида платформага киритиладиган ўқувчи ва талабалар сонидан келиб чиқиб мутаносиб равишда тақсимланади.

Таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари платформани доимий равишда ҳаққоний ва фаол ишлаб туришига, шунингдек, унинг доимий техник қўллаб-қувватланишига, маълумотларни таҳлил қилиш, тузилган рейтинглар шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлашга масъул ҳисобланади.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан президентга ҳар йили 1 февралга қадар ахборот берилади.

@daryo_live
Шавкат Мирзиёев Пекинда Си Сзинпин билан учрашди

Пекин шаҳрида 5 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой раиси Си Сзинпин билан учрашди.

Икки мамлакат етакчиларининг расмий учрашуви Хитой пойтахтидаги Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши уйида бўлиб ўтди.

Музокаралар аввалида Си Сзинпин Шавкат Мирзиёевни самимий қутлаб, унга қишки Олимпиаданинг очилиш маросимида шахсан иштирок этгани учун чин дилдан миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон президенти, ўз навбатида, таклиф ва самимий қабул учун ташаккур билдириб, Хитой раҳбарияти ва дўст халқини Олимпия ўйинларининг очилиши жуда юксак савияда ўтказилгани, тадбир бугунги Хитойнинг улкан муваффақият ва ютуқларини намойиш этгани билан табриклади.

Етакчилар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан батафсил фикр алмашдилар.

Батафсил

@daryo_live
​​​​​​«Биз инсон омили билан яшаяпмиз, адолатли ҳақиқат билан яшаганимиз йўқ» — Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 январь куни Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимотида Инсон қадри индекси ҳақида сўз юритди. Бу «Менимча» кўрсатувда намойиш этилди.

Президент бу индекс бутун дунёда бор эканини айтиб ўтган.

«Биз якдиллик билан ишламаймиз. Бизнинг энг катта камчилигимиз – ўнг қўл нима қилишини чап қўл билмайди. Нимага фуқаро Сергели туманидан Мирзо Улуғбек шифохонасига келиши керак? Нимага Сурхондарёдан Тошкентга келиши керак? Бу – нотўғри. Биз гўёки иш қиляпмиз, лекин давлатдан тушган эътибор, пул ва топшириқнинг манзили йўқ. Умумий қилиб юрибмиз ҳаммамиз. Бу яхшиликка олиб келмайди. Бу одамларнинг норозилигига олиб боради. Туман ҳокимлари ҳали қўлига қалам олиб ўз маҳалласининг муаммоларини ҳам билмайди. Маҳалла раисининг яхшилигига қараб биз баҳо беряпмиз, лекин у омил эмас», — дейди президент.

Шавкат Мирзиёев бу индексда Жанубий Кореяни мисол сифатида келтирди.

«Улар индекс бўйича ишлайди. Шаҳар мэрида қайси маҳаллада қайси колодец қандай ишлаганидан тортиб, қайси мактаб қандай ишлаганича индекс бор. Биринчи қайси кўчага боришимиз керак, қайси хонадонга киришимиз керак? Ана шуни билсак энг заиф жойимизни билган бўламиз. Биз инсон омили билан яшаяпмиз, адолатли ҳақиқат билан яшаганимиз йўқ», — дея қўшимча қилади давлат раҳбари.

@daryo_live
​​​​«Математикани қаерда ўқигансан?» Шавкат Мирзиёев экилган дарахтлар бўйича фоизни нотўғри айтган мутасаддини танқид қилди

Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни бўлиб ўтган чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга доир йиғилишда вилоятларда кўкаламзорлаштириш, боғ яратиш ишлари оқсаётганини таъкидлаб, мутасаддиларни сўроққа тутди. Бу «Менимча» кўрсатувида намойиш этилди.

Ўзбекистон президенти мутасаддилардан бирини сўроққа тутиб, ундан «балансида республика бўйича неча километр йўл борлиги ҳақида сўради. Мутасаддининг сўзларига кўра, унинг балансида 42 853 километр йўл бор.

«Мен жуда яхши биламан, 43 мингга яқин йўл бор. Шундан қанчасига дарахт экилган? Икки тарафи чиройли бўлиб, тўрт ва ўн қаторли қилиб?», дея яна савол қўйди президент.

Мутасадди эса «тўрт ярим йил давомида 1253 километр дарахт экилганини» таъкидлади. Шавкат Мирзиёев бу неча фоиз бўлганини сўраганида мутасадди 10 фоиз эканини айтди.

«Ия, математикани қаерда ўқигансан? Раматов, буёққа кел, нега бу 10 фоиз деяпти?», - деди президент.

Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов экилган буталар билан қўшиб ҳисобланса 10 фоизга боришини айтди. Шавкат Мирзиёев мазкур ҳолатга самимий кулиб қўйди.

@daryo_live
​​Шавкат Мирзиёев Пекинда Имрон Хон билан Ўзбекистон–Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини муҳокама қилди

Пекин шаҳрига ташрифнинг иккинчи кунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Покистон бош вазири Имрон Хон билан учрашди.

Ўзбекистон–Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Покистон бош вазири 2021 йил июль ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифда эришилган келишувларни амалга оширишнинг илк натижалари мамнуният билан қайд этди.

Жумладан, 2021 йил якунида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 1,5 баробар ортди, бир йилда 40 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди.

Мамлакатнинг турли ҳудудларида фармацевтика препаратлари, кимёвий товарлар ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Саноат, таълим ва кино соҳаларида қатор муҳим лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Ҳудудлараро алоқалар ҳам кенгаймоқда – шу кунларда Панжоб вилояти губернатори Сарвар Чоудри бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Учрашувда ишбилармонларнинг қўшма ташаббуслари ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, банк-молия соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суриш борасидаги амалий ишларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Олий ва юқори даражалардаги бўлажак мулоқотлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

@daryo_live
Тошкент метрополитенида навбатдаги носозлик кузатилди. Поезд икки бекат орасида тўхтаб қолди

Тошкент метросида поезд икки бекат орасида тўхтаб қолди. Метрополитен ҳолат юзасидан ахборот берди.

Қайд этилишича, 5 февраль куни соат 19:27 да Тошкент метрополитенининг «Халқлар дўстлиги» ва «Миллий боғ» бекатлари оралиғида ҳаракатланиб келаётган 4-сонли ҳаракат таркибида техник носозлик кузатилган ва поезд ҳаракатдан тўхтаган.

Шу вақт машинист керакли чора-тадбир қўллаб, ҳаракат таркиби «Миллий боғ» бекатига олиб келинган ва барча йўловчилар бекатга туширилган. Ушбу поездга ёрдам кўрсатиш мақсадида кейинги навбатда ҳаракатланаётган поезд ҳам йўловчиларни «Миллий боғ» бекатида қолдирган ва таъмир учун Чилонзор электродепосига йўналтирилган.

«Техник носозлик сабаб юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», – дейилади хабарда.

@daryo_live
​​Наманганда Spark бетон тўсиққа урилди, Марғилонда «Москвич» пиёдани уриб кетди. ЙТҲ тафсилотлари

Сўнгги кунларда мамлакат йўлларида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар тафсилотларини тақдим этамиз.

Наманганда Spark бетон тўсиққа урилди

2022 йил 30 январь куни соат 03:20 ларда Фарғона ҳалқа йўлининг 34 километрида, «Ором» МФЙ ҳудудида Наманган шаҳар Давлатобод туманида яшовчи фуқаро (1995 йилда туғилган) Spark автомашинасини Наманган–Тошкент йўналишида бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлнинг ўртасидаги бетон тўсиққа урилган.

Оқибатда автомашинада бўлган йўловчилар Чортоқ туманида яшовчи аёл (1974 йилда туғилган) бош мия ёпиқ шикасти, қўшма шикаст ташхиси билан шифохонада кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамай шу йил 1 февраль куни шифохонада вафот этган.

У билан бирга яшовчи қизи (2000 йилда туғилган) пешона соҳаси йиртилиши, чап оёқ сон суягини ёпиқ синиши ташхиси билан Янгиқўрғон туманида яшовчи қиз (2004 йилда туғилган) бош мия ёпиқ шикасти, қўшма шикаст ташхиси билан ва Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро (1997 йилда туғилган) кўкрак қафасини эзилиши, ўнг оёқ болдир суягининг ёпиқ синиши ташхиси билан тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Ушбу ҳолат бўйича Поп туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2022 йил 1 февраль куни 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспортдан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Марғилонда «Москвич» пиёда умрига зомин бўлди

3 февраль куни фуқаро С.А. бошқарувида бўлган «Москвич» автомашинасини Алишер Навоий кўчасида бошқариб кетаётиб, қатнов қисмини пиёда кесиб ўтаётган М.А.ни уриб юборган.

Оқибатда М.А тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

@daryo_live
​​Бухорода қўйхонага айлангани рад этилган «Чор минор» мадрасаси ҳудудидаги тандир ва бошқа қўлбола қурилмалар бузиб ташланди

Бухорода қўйхонага айлангани рад этилган «Чор минор» мадрасаси чорбоғида тандирдан ҳам фойдаланиб келингани маълум бўлган эди. Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси ҳолат юзасидан «Дарё»га маълумот берди.

Қайд этилишича, вилоят Маданий мерос бошқармасига бириктирилган ҳудудларда йўлларни асфальтлаштириш сингари ечимини кутаётган муаммолар рўйхатга олиниб, мавжуд ҳолатни яхшилаш учун вилоят ҳокимлигига тегишли хат билан мурожаат қилинган. Айни пайтда бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар режалаштирилмоқда. Қолаверса, юқорида келтирилган мақолада яқинда ижтимоий тармоқ орқали «Чор минор» мадрасаси атрофида қўй боқилгани борасида тарқатилган маълумот атрофлича ўрганилган. Натижада, журналист маҳалла раисининг ушбу мавзуга оид фикрларини келтирган:

«Икки ярим йилдан бери шу маҳаллага раислик қилиб келяпман. Бизнинг ҳудудда 16 та кўча мавжуд бўлиб, Чор минор асосий кўчаларимиздан бири ҳисобланади. «Чор минор» мадрасаси шу кўчада жойлашган бўлиб, унинг ҳудудида сайёҳлар учун қулай шароит яратиб қўйганмиз. Бу ҳудудни фуқаро Мансур Сафаровга топширганмиз. У бу ерда қоровуллик қилади. Ободонлаштириш ишларига ҳам қарашади. Аммо мен раҳбарлик қилган давримда бу ерда қўй ҳам боқилмаган, қўйхона ҳам қилинмаган. Балки уч йил олдинги тасвир бўлиши мумкин,» — деди.

Мазкур масала бўйича бошқарманинг тегишли мутахассислари, жамоатчилик ва шу ҳудудда яшовчи аҳоли вакиллари билан бирга ўрганишлар олиб борилди.

Мақолада «Чор Минор» мадрасаси яқинида тандир ўрнатилгани ва гувоҳларга кўра, ундан хорижий сайёҳларни жалб қилиш учун фойдаланилиши айтиб ўтилганди.

«Бошқарма мутасаддилари ҳолат юзасидан зудлик билан тарихий обидалар жойлашган яқин ҳудудда тандир ёки бошқа қўлбола қурилмалар қуриш тақиқлангани борасидаги тушунтириш ишларини олиб боришди. Натижада, мазкур тандир бузилиб, унинг ўрни тоза, озода ҳолатга келтирилди», — дейилади хабарда.

@daryo_live