Daryo — LIVE
66.5K subscribers
50.6K photos
11.8K videos
69 files
46K links
“Daryo”ning tezkor yangiliklar berib boradigan Telegram kanali

Reklama — https://dy.uz/Z07tA
Tahririyat — @daryo_livebot

Rasmiy kanal – @daryo
Rasmiy kirill – @daryo_kirill
Lifestyle – @daryo_lotin
Sport – @daryo_sport24
Pul — @daryo_pul
Download Telegram
​​Абдуқодир Тошқулов Волейбол федерацияси президенти этиб тайинланди

Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган Ўзбекистон волейбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида Ўзбекистон волейбол федерацияга раҳбар сайлаш масаласи кўрилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, федерация раҳбари лавозимига Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов номзоди илгари сурилган.

Унинг номзоди бир овоздан маъқулланиб, Ўзбекистон волейбол федерациясининг президенти этиб сайланган.

«Вазирлик жамоаси Абдуқодир Хамидовични мазкур масъулиятли лавозим билан қутлаб, юртимизда волейбол спорт турини ривожлантириш ва уни ёшлар орасида кенг оммалаштиришдаги ишларига улкан муваффақиятлар тилайди», — дейилади хабарда.

@daryo_live
​​Олий Мажлис биноси ортидаги сунъий кўл ўрнида театр қурилишини экологик экспертизадан ўтказиш сўралди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳукуматга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биноси яқинида Миллий драма театри қурилишини экологик экспертизадан ўтказишни сўраб, мурожаат йўллади. Объект Тошкент марказидаги қуритилган кўл ўрнида қурилмоқда.

«Оммавий ахборот воситаларида Олий Мажлис қонунчилик палатаси ёнида жойлашган Миллий боғ ҳудудидаги кўлни қуритилиб, ўрнида Миллий драма театри қурилиши борасида хабарлар 2021 йилнинг ноябрь тарқалди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Миллий боғдаги кўл ўрнида Миллий академик драма театри янги биносини қуриш режасидан ўз хавотирини билдиради. Маълум бўлишича, лойиҳа қонунчиликда ўрнатилган тартибда экологик экспертизадан ўтказилмасдан амалга оширилиши режалаштирилган.

Юқоридагиларга асосланиб, бу масалани экологик экспертизаси хулосаларини инобатга олган ҳолда ҳал қилиниши мақсадга мувофиқ бўлар эди», — дейилади Вазирлар Маҳкамаси ва пойтахт ҳокимлигига йўлланган хатда.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг «2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва 2022 йилга режалар тўғрисида» мурожаатида пойтахтдаги Миллий боғ ҳудудида Маънавият шаҳарчаси қурилиши маълум қилинганди.

Унга кўра, Тошкентда қурилиш соҳасида 2022 йилда бир қатор йирик объектларни топшириш режалаштирилган. Хусусан, Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбек миллий академик драма театри ва Ўзбекистон давлат санъат музейини ўз ичига олган янги, улкан мажмуа – Маънавият шаҳарчаси шулар жумласидан.

@daryo_live
​​Ғафур Ғулом боғи масаласи кун тартибимизда турибди — Сенат

Ғафур Ғулом боғи масаласи сенаторларнинг ярим йиллик иш режасига киритилган. Бу ҳақда 4 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг 23-ялпи мажлиси якунлари юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев Ғафур Ғулом боғи масаласини ўрганиш Сенатнинг кун тартибида турганини айтиб ўтди.

«Мазкур масала ҳал бўлган куниёқ хабар берамиз. Ҳозир ишларимиз жуда кўп. Ғафур Ғулом боғи масаласи ижобий ҳал бўлади. Мен сенаторлик сўровини юборганман, жавоб олганимдан кейин жойига чиқиб ўрганаман. Қани, ҳокимият қандай жавоб берар экан, амалда қандай бўляпти экан», — дейди у.

@daryo_live
​​Талабларга жавоб берадиган имтиҳон тизими учун сармоя киритган исталган тадбиркор лицензия олишга ариза топшириши мумкин — ИИВ ЖХД

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаменти ижтимоий тармоқларда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўтказиладиган имтиҳонлар ҳақида тарқалган турли хил маълумотлар юзасидан расмий билдириш эълон қилди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги «Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ВМҚ 272-сон қарори тасдиқланди.

«Юқоридаги қарорлар асосида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлиш учун тадбиркорлик субъектлари зиммасига маълум бир талаблар белгилаб қўйилган.

Бунда, энг аввало, имтиҳонлар инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилиши, замонавий автодром мавжудлиги, махсус ҳимояланган дастурий таъминотлар комплексига эгалиги ҳамда имтиҳонлар жараёнида олинган маълумотларга ҳамда имтиҳон натижаларига ўзгартириш киритиш имкониятининг чекланганлиги ва бошқа шу каби талаблар ўрнатилган.

Ушбу талабларга тўлақонли жавоб берадиган имтиҳон тизими учун сармоя киритган исталган тадбиркорлик субъекти лицензия олиш учун ариза топшириши мумкин. Бунда ҳеч бир тадбиркорлик субъектига чеклов ёки тўсиқ йўқлигини маълум қиламиз», — дейилади департамент хабарида.

@daryo_live
​​«Бугунги кунда ахборотнинг ранги ҳам, оғирлиги ҳам, ўлчами ҳам йўқ. Ахборотни чеклаб бўлмайди» — сенатор Фарҳод Боқиев

Сенатнинг 23-ялпи мажлисида сенаторлар Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур жараён ҳақида Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев мажлис якунлари юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида изоҳ берди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

«Ҳар биримиз ота-она сифатида фарзанд тарбиялаб келяпмиз. Шуни тарозига қўйиб ўйлаб кўрсак, парламент сўрови бугунги куннинг актуал масаласи эканлиги кўринади. YouTube платформасига фарзандингиз билан кириб кўрсангиз уялиб қоласиз. Маънавиятимизга зид бўлган контентлар жойлаштирилган. Вазирлар маҳкамасига 10 та масалани қўйдик. Бу ерда ахборотни чеклаш ҳақида гап кетмаяпти, ахборотни чеклаб ҳам бўлмайди», — дейди у.

Фарҳод Боқиевнинг айтишича, «бугунги кунда ахборотнинг ранги ҳам, оғирлиги ҳам, ўлчами ҳам, чамадонга ўхшаб ушлайдиган жойи ҳам йўқ».

«Биз уни ушлаб тўхтата олмаймиз ёки қулоғимизга эшитмагин, кўзимизга кўрмагин, деб буйруқ беролмаймиз. Биз ахборотни ўқиб ўзимиз тафаккуримизда таҳлил қилиб олаверамиз. Давлат раҳбари томонидан 2017 йилда аниқ механизм илгари сурилган, бу – бешта муҳим ташаббус. Миллий контентларни яратиб, кўпайтирсак, Wikipedia’ни янгиласак, унинг базасини кенгайтирсак Ўзбекистон ҳақида маълумотлар олиш ҳам осонлашади, Халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистон ҳақида маълумотлар ҳам кўпаяди. Бу ерда ижтимоий тармоқларни блоклаш ҳақида гап кетмаяпти», — дея қўшимча қилади Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

@daryo_live
​​Наманганда 35 ёшли маст эркак ҳақорат қилгани учун синфдошини пичоқлади

Наманган вилояти Уйчи туманида 30 январь фуқаро синфдошини куракда турмайдиган гаплари учун пичоқлади, деб хабар бермоқда Тергов департаменти.

Қайд этилишича, шу куни Ж.И. исмли фуқаро (1987 йилда туғилган) Ҳамзаобод кўчасида жойлашган синфдоши Н.Д.нинг уйига борган. Уни яшаш хонадонидан чиқариб, жанжаллашган. Шу пайт Н.Д. боши билан Ж.И.нинг юзига урган. Ж.И. эса ўзида бўлган ошхона пичоғи билан синфдошининг чап ёнбош қорин соҳасига бир марта уриб, тан жароҳати етказган ва воқеа жойидан яширинган.

Туман тиббиёт бирлашмасининг бирламчи тиббий маълумотномасига кўра, Н.Д.нинг чап ёнбош соҳасидан қорин бўшлиғига кириб борувчи кесилган санчилган жароҳати бор бўлиб, ушбу жароҳат ҳаёт учун хавфли бўлган оғир турдаги жароҳатлар сирасига киради.

Тергов давомида жиноятнинг келиб чиқиш сабаби аниқланганда, 30 январь куни гумонланувчи, жабрланувчи ҳамда уларнинг яна 7 нафар синфдоши «Оқтош» маҳалласи ҳудудида жойлашган кафеларнинг бирида спиртли ичимликлар истеъмол қилиб ўтиргани, шу вақтда Н.Д. синфдоши Ж.И.нинг шахсиятига тегиб, ҳақорат қилган. Ўтириш тугаганидан сўнг, Ж.И. синфдоши Н.Д.нинг уйига бориб юқоридаги ҳолатни вужудга келтиргани маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Ж.И.га нисбатан Жиноят кодекснинг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «л» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибида ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

@daryo_live
​​Ўзбекистондаги 3 та агентлик раҳбариятида тайинловлар амалга оширилди

Ҳукумат қарори билан бир қатор давлат агентликлари раҳбариятида тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар қилди.

Қайд этилишича, Шоҳруҳ Раҳимов Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги директори этиб тайинланган. Улуғбек Касимхўжаев вазирлик ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Шунингдек, Рустамхон Азизов Стратегик ривожланиш агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Азиз Гафуров ҳамда Алексей Сим агентлик бош директорининг ўринбосарлари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

@daryo_live
​​Андижонда фуқаронинг МИБ ҳисобига ўтказиб юборган ортиқча 7,5 миллион сўмни қайтариш учун 3 млн сўм талаб қилган банк юристи ва МИБ ходими қамоққа олинди

Андижонда тадбиркордан МИБ ҳисоб рақамига ортиқча ўтказилган маблағларни қайтариб бериш эвазига 3 миллион сўм талаб қилган банк юристи ҳамда МИБ ходими ушланди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Маълум бўлишича, 2022 йилнинг 28 январида ДХХ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Халқ банки» Шаҳрихон туман филиали юристи М.Б. тадбиркор томонидан МИБ ҳисоб рақамига ўтказиб юборилган ортиқча 7,5 миллион сўм маблағни қайтариб бериш эвазига ундан товламачилик йўли билан 3 миллион сўм талаб қилиб, олаётганда ушланган.

Аниқланишича, М.Б. мазкур маблағни МИБнинг Шаҳрихон тумани бўлими давлат ижрочиси М.Ж. кўрсатмаси билан олган ва унга элтиб бериши керак бўлган. Тадбир давомида МИБ ижрочиси М.Ж. 3 миллион сўмни банк юристидан олаётган вақтда қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми «б» банди ва 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. М.Ж. ва Б.М.га нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилган.

@daryo_live
​​Тошкент жамоат транспортида ҳаракатланиш оралиқ вақти 2 баробарга қисқаради

«Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.

Қарорга кўра, Тошкент шаҳар жамоат транспорти соҳасида хусусий сектор улуши 2 баробарга оширилади. Велосипедларни ижарага бериш ва улар учун махсус турар жойлар ташкил этилади ҳамда «ақлли» чорраҳа, «ақлли» автобус ва «ақлли» бекат тизимлари жорий этилади.

Жамоат транспорти ҳаракат таркиби замонавий, экологик тоза автобуслар, жумладан, электробуслар билан янгиланади.

Қарор билан Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Концепциянинг мақсадли кўрсаткичлари доирасида:

йўловчи ташишлар ҳажмида жамоат транспортининг улуши 21 фоиздан 43 фоизга оширилади;
жамоат транспортида кунлик йўловчи ташиш ҳажми 2,7 миллион йўловчига етказилади;
жамоат транспортининг ҳаракатланишидаги оралиқ вақти 2 баробарга камайтирилади;
1063 та автобус, 673 та электробус харид қилинади.
2023 йил 1 январдан босиб ўтилган йўл, йўловчи оқими ва сифат мезонлари бўйича молиялаштиришнинг янги тизими жорий этилади.

@daryo_live
​​Бухорода юк машинани тўлдириб саксовул ўғирлаган йигит ушланди. У табиий газ бўлмагани учун бунга қўл урганини айтган

Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш юзасидан ўтказилган рейдда бир неча фуқаролар саксовул ўғирлагани аниқлади. Бу ҳақда «Дарё»га Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Муроджон Раҳматуллоев хабар берди.

Маълум қилинишича, 2 февраль куни Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармаси вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ тезкор ходимлари билан ҳамкорликда Пешку тумани чўл ҳудудларида рейд тадбирларини ўтказган. Туманнинг «Бобоҳожи» МФЙда яшовчи 25 ёшли фуқаро Ф.Ҳ. ўзига тегишли бўлган «ГАЗ-53» юк машинасида ноқонуний равишда жами 52,5 метр куб бўлган саксовул ўсимлигини синдириб, кесиб олиб кетаётган вақтда қўлга олинган.

Ф.Ҳ.нинг яширин равишда талон-торож қилаётган саксовулларнинг қора бозордаги тахминий баҳоси 20 миллион сўмни ташкил қилиши аниқланган. Суҳбат давомида у ўзининг Бухоро давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётгани, саксовулни сотиш учун эмас, ўзи яшаётган ҳудудда табиий газ йўқлиги ва қўлбола иситиш печларидан фойдаланишда ўтин, тараша масаласи ҳам оғир эканини ва бунга мажбур бўлганини билдирган. Саксовуллар тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Кейинги ҳолат тумандаги «Қорақалпоқ» МФЙда яшовчи 24 ёшли фуқаро Д.А. ўзига тегишли бўлган «УАЗ» русумли автомашинада Пешку тумани чўл ҳудудидан жами 7,3 метр куб бўлган, қора бозордаги тахминий баҳоси 3 миллион сўмга яқин саксовулни ноқонуний равишда олиб кетаётганида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.

Айнан шу ҳудудда учинчи ҳолат 41 ёшли фуқаро Б.Ҳ. томонидан содир этилган. Б.Ҳ. ўзига тегишли «КамАЗ» юк машинасида Пешку тумани чўл ҳудудидан жами 89,1 метр куб бўлган, қора бозордаги тахминий баҳоси 34 миллион сўмга яқин саксовулни сотиш учун олиб кетаётганда ушланган. Айрим фуқаролар рейд давомида тадбир иштирокчиларига фаол қаршилик кўрсатиб, воқеа жойидан қочиб кетишга уринишган.

Ҳар уч ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (ўсимлик дунёси объектларини йиғиш, тайёрлаш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳамда шартларини бузиш) 1-қисми билан маъмурий баённома тузилган. Ушбу бандга кўра, фуқаро БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (810 000 сўмдан 1 350 000 сўмгача), мансабдор шахсларга эса 5 баравардан 10 бараваргача (1 350 000 сўмдан 2 700 000 сўмгача) миқдорда жаримага тортилади.

@daryo_live
​​Марҳамат тумани ҳокими «Зукко китобхон» танловини ўтказди. Ғолиб ота-онаси билан Дубайга саёҳатга юборилади

Андижон вилоятининг Марҳамат тумани ҳокими 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида «Зукко китобхон» танловини ўтказди. Танлови ғолиби ота-онаси билан биргаликда Дубайга саёҳатга юборилади. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу танлов тумани ҳокими Бобур Йўлдошев ташаббуси билан ёшларнинг китоб ўқишга қизиқишини ошириш, китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган.

Танлов икки босқичда ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан келган 500 нафарга яқин ёшлар ўз билимларини синовдан ўтказган. Иштирокчилар «Ўзбек адабиёти билимдони», «Жаҳон адабиёти билимдони» ҳамда «Зукко китобхон» шартлари бўйича савол-жавоблар асосида ғолиблик учун беллашган.

Танлов якунига кўра, Марҳамат туманидаги 7-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Солиҳа Ғуломжонова биринчи ўринни эгаллаб, ота-онаси билан бирга Дубайга саёҳат қилиш учун йўлланмани қўлга киритган. Иккинчи ўрин ҳамда уч кишилик Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига саёҳат йўлланмаси пахтаободлик Андижон давлат университети тадқиқотчиси Маъмура Мадаминовага насиб қилган. Учинчи ўрин соҳиби бўстонлик Маржона Акрамжоновага эса маиший техника буюмлари топширилган.

@daryo_live
Шавкат Мирзиёев Пекиндаги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди

Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни Хитойнинг Пекин шаҳрида XXIV қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, тадбир хорижий давлатлар етакчилари, расмий делегациялар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокида Пекиндаги «Қуш уяси» миллий стадионида бўлиб ўтган.

«Маросим бадиий дастури ХХР Раиси Сиз Сзинпин томонидан илгари сурилган «Инсоният умумий тақдири ҳамжамияти» концепциясини ўзида мужассам этган бўлиб, Хитой халқининг қадимий тарихи ва бой маданияти, жаҳон иқтисодиёти пешқадами сифатида эришаётган улкан муваффақият ва ютуқлари, халқаро олимпия ҳаракатининг руҳи ва қадриятларини акс эттирди», — дейилади хабарда.

@daryo_live
​​Қашқадарёда қарзни ундиришга келган МИБ ходимларини урган шахс қамалди

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида Мажбурий ижро бюроси ходимларига қаршилик кўрсатган фуқарога суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Nasafnews хабар қилди.

Қайд этилишича, МИБ Чироқчи туман бўлими бошлиғи ўринбосари ва 3 нафар давлат ижрочиси 2021 йилнинг 28 октябрь куни Чироқчи туман судининг ижро варақасига асосан даъвогар А.Ч.нинг фойдасига 113 миллион 330 минг қарздорликни ундириш мақсадида жавобгар А.М.нинг яшаш уйига борган.

Қарздорликни ундириш мақсадида унинг ҳовлисида турган бир бош отни хатламоқчи бўлишганида фуқаронинг акаси Ж.М. хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилларининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиб, уларни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган. Дастлаб давлат ижрочиси М.Х.ни, сўнгра уларни ажратиш мақсадида келган давлат ижрочиси У.Х.ни уриб, тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, жиноят иши судга юборилган.

14 январь куни суд мажлисида судланувчи Ж.М. айбига иқрор бўлиб, қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини, келгусида бундай жиноятга қўл урмаслигини, оилавий ва моддий шароити оғир эканини билдириб, ўзига нисбатан енгиллик берилишини сўраган.

Ж.М. Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

@daryo_live
​​Афғонистонда юз берган зилзила Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида сезилди

Ўзбекистонда 5 февраль куни соат 09:16 да зилзила қайд этилди, деб хабар бермоқда ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази.
Зилзила координаталари: 36,32 градус шимолий кенглик; 71,09 градус шарқий узунликда, Афғонистон ҳудудида жойлашган.. Магнитуда 6,8 балл. Зилзила эпимаркази 225 километр чуқурликда, Тошкентдан 573 километр жанубий-шарқда жойлашган.

Ўзбекистон ҳудудиа сезилиш кучи:

Сурхандарё вилоятида 4 балл, 355 км.
Фарғона вилоятида 3-4 балл, 455 км.
Сирдарё вилоятида 3-4 балл, 506 км.
Андижон вилоятида 3-4 балл, 508 км.
Жиззах вилоятида 3-4 балл, 510 км.
Самарқанд вилоятида 3-4 балл, 518 км.
Наманган вилоятида 3-4 балл, 523 км.
Қашқадарё вилоятида 3-4 балл, 545 км.
Тошкент шаҳрида 3 балл, 573 км.
Навоий вилоятида 3 балл, 653 км.
Бухоро вилоятида 3 балл, 698 км.
Хоразм вилоятида 2-3 балл, 1074 км.
Қорақалпоғистон Республикасида 2 балл, 1198 км.

@daryo_live
​​Ўзбекистонда ўтган бир сутка ичида 912 кишида коронавирус тасдиқланиб, 2 бемор вафот этди

Ўзбекистонда 4 февраль куни 912 кишида коронавирус қайд этилиб, мамлакатда пандемия бошидан бери коронавирусга чалингани расман тасдиқланганлар сони 227 909 нафарга етди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Янги касалланиш ҳолатларининг:

35 нафари Қорақалпоғистон Республикасида,
21 нафари Андижон вилоятида,
26 нафари Бухоро вилоятида,
19 нафари Жиззах вилоятида,
26 нафари Қашқадарё вилоятида,
13 нафари Навоий вилоятида,
20 нафари Наманган вилоятида,
52 нафари Самарқанд вилоятида,
11 нафари Сирдарё вилоятида,
45 нафари Сурхондарё вилоятида,
74 нафари Фарғона вилоятида,
26 нафари Хоразм вилоятида,
103 нафари Тошкент вилоятида,
441 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда 18 январдан буён кунлик касалланиш ҳолати минг кишидан ортаётганди. 22 январь куни эса рекорд кўрсаткичга чиққанди — бир суткада 1478 кишида коронавирус аниқланган.

Сўнгги суткада 457 киши: Бухоро вилоятида 37 нафар, Қашқадарё вилоятида 35 нафар, Навоий вилоятида 13 нафар, Самарқанд вилоятида 118 нафар, Сирдарё вилоятида 14 нафар, Сурхондарё вилоятида 73 нафар, Фарғона вилоятида 96 нафар, Хоразм вилоятида 12 нафар, Тошкент вилоятида 25 нафар, Тошкент шаҳрида 34 нафар бемор тузалиб, касалликдан соғайганлар жами 211 731 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

@daryo_live
​​Қашқадарёда 23 ёшли йигит 4-қаватдан йиқилиб вафот этди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар «Шодлик» маҳалласида жойлашган кўп қаватли турар жойларнинг бирида 29 январь куни мудҳиш воқеа содир бўлди, деб хабар бермоқда Nasafnews.

Қайд этилишича, О.С. исмли йигит (1999 йилда туғилган) уйнинг 4-қаватидан пастга йиқилиб, воқеа жойида вафот этган.

«Марҳумни таниганлар ва унинг яқинлари воқеа уюштирилганини айтмоқда. Аммо йигит ўз жонига қасд қилгани ҳақида ҳам тахминлар йўқ эмас», — дейилади хабарда.

Нашр берган маълумотга кўра, марҳум йигит бу ерда расман никоҳ қурмаган аёл билан бирга ижарада яшаб келган.

«Яқин қўшниларининг айтишича, воқеадан аввал дўстим яшаган уйда жанжал содир бўлган. Ҳар хил овозлар эшитилган. Лекин дўстимни ўз жонига қасд қилганига ишонмайман», — дейди марҳумнинг яқин дўсти Ш.Қ.

Айтилишича, айни пайтда марҳум йиқилган жойга тош тўкиб қўйилган. У билан бирга яшаган аёл эса бу уйда яшамаяпти.

Марҳумнинг онаси Д.Т. воқеага ўғли билан яшаб келган аёл ҳам сабабчи эканини билдирган.

«У ўғлимни бошини айлантириб олганди. Ҳаттоки яқинда туғилган боласининг ҳам отаси ўғлим эканини айтди. Аммо бу ёлғон. Аёл бир вақтнинг ўзида нафақат ўғлим билан, балки бошқа эркаклар билан ҳам учрашиб юрган», — дейди у.

«Шодлик» маҳалласи раиси Асадулла Имомовнинг айтишича, марҳум йигит билан ижарада яшаб келган аёл воқеа содир бўлган вақтда маст ҳолатда бўлган. Раиснинг қўшимча қилишича, айни пайтда ҳолатни Қарши шаҳар прокуратураси ўрганмоқда.

@daryo_live