Daryo — LIVE
66.4K subscribers
50.6K photos
11.8K videos
69 files
46.1K links
“Daryo”ning tezkor yangiliklar berib boradigan Telegram kanali

Reklama — https://dy.uz/Z07tA
Tahririyat — @daryo_livebot

Rasmiy kanal – @daryo
Rasmiy kirill – @daryo_kirill
Lifestyle – @daryo_lotin
Sport – @daryo_sport24
Pul — @daryo_pul
Download Telegram
​​Очилбой Раматов темир йўл транспортида йўловчилар ташиш бўйича россиялик миллиардер Искандар Маҳмудов билан музокара ўтказди

26 январь куни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ қабуллар уйида бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раислигида Искандар Маҳмудов бошчилигидаги Россия делегацияси вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га бош вазир биринчи ўринбосари матбуот хизмати маълум қилди.

Учрашув давомида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Трансмашхолдинг» АЖ билан самарали фаолияти натижалари қайд этилди, ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Хусусан, томонлар ҳаракатланувчи таркибни янгилаш соҳасида (локомотивлар ва метро вагонларини сотиб олиш), ижтимоий соҳада (Тошкент шаҳридаги «Наврўз» боғида пиёдалар кўпригини ва Тошкент шаҳрида кўп функционал тиббиёт марказини қуриш) ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Биргаликдаги ишларни янада сифатли ташкил этиш мақсадида делегациялар раҳбарлари ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олди ва ҳар бир йўналиш бўйича масъул шахслар тайинлади.

Бу йўналишлар «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳаракатланувчи таркибини таъмирлаш учун эҳтиёт қисмлари ва бутловчи қисмларини харид қилиш ва логистикасини такомиллаштириш, темир йўл транспортида йўловчиларни ташиш соҳасида биргаликда ишлар олиб бориш (АО «Централная пригородная пассажирская компания» тажрибасини, шу жумладан, меъёрий тартибга солиш ва рақамлаштириш тажрибаларини қўллаш), сигнализация ва алоқа соҳасида янги технологияларни қўллаш, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ магистрал ва манёвр локомотивлари ҳамда метро учун вагонларни янгилаш каби йўналишларни ўз ичига олади.

Хусусан, келгусидаги ҳамкорлик чора-тадбирларини ўз ичига олувчи «йўл хариталари» лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Йўловчиларни ташиш соҳасида қуйидаги асосий тадбирлар режалаштирилган:

— йўловчилар оқимини таҳлил қилиш (шу жумладан, тадқиқотлар ўтказиш), рақобат муҳитини ўрганиш, транспортни моделлаштириш, жумладан, темир йўл транспортида, автобус ва шахсий транспорт воситаларидаги йўловчилар оқимини аниқлаш ва шаҳар транспорт қатновини ҳисоблаш;
— темир йўл транспортида йўловчиларни ташиш (интерваллар, ҳаракатланувчи таркибга бўлган эҳтиёж) операцион моделини яратиш;
— иқтисодий моделлаштириш, давлатдан мумкин бўлган субсидиялар миқдорини аниқлаш;
— йўловчиларни ташишни бошқаруви бўйича янги ташкилий-ҳуқуқий моделини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва қабул қилиш;
— шаҳар атрофидаги ва шаҳарлараро йўловчиларни ташиш ва инфратузилма хизматларини кўрсатиш харажатлари ва даромадларини алоҳида ҳисобга олиш тизимини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Қайд этилишича, «йўл хариталари»нинг шу каби лойиҳалари бошқа йўналишларда ҳам тайёрланмоқда.

@daryo_live
​​Наманганда 4 балли зилзила қайд этилди

3 февраль куни Тошкент вақти билан соат 03:03 Наманган вилояти ҳудудида зилзила қайд этилди. ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика марказининг маълум қилишича, зилзила эпимаркази Чортоқ туманида жойлашган.

Хабар берилишича, зилзила эпицентри Тошкент шаҳридан 215 километр жануби-шарқий йўналишдаги масофада жойлашган бўлиб, ўчоғи 10 километр чуқурликда, магнитудаси 3,2 баллга тенг бўлган.

Ерости силкинишлари кучи Наманган вилоятида 4 баллни ташкил этган.

Аввалроқ 29 январь куни Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Наманганда сезилганди, 17 январь куни Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида унча кучли бўлмаган ерости силкинишлари қайд этилган, шунингдек, 11 январь куни Фарғона водийси вилоятларида зилзила сезилгани, 1 январь куни Тошкент шаҳрида 3 баллик зилзила қайд этилгани, 22 январда Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Фарғона ва Андижон вилоятларида сезилгани, 26 декабрь куни эса Ўзбекистоннинг аксарият шаҳарлари бўйлаб давомли ерости силкинишлари юз бергани маълум қилинган эди.

@daryo_live
​​Тошкентда ноқонуний бунёд этилаётган кўп қаватли уй қурилиши тўхтатилди

Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси ижтимоий тармоқларда тарқалган пойтахтнинг Яккасарой тумани Абдуллаев кўчасидаги 59-уй манзилида кўп қаватли турар жой биносининг сифатсиз қурилаётгани ҳақидаги хабарларни ўрганди. Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармасининг 2020 йил 7 августдаги 20112100/1-сонли рухсатномасига мувофиқ Фахриддин Эргашевга Яккасарой тумани Имом ат-Термизий кўчаси 29−31-уй манзилида жойлашган мавжуд юридик ҳужжатга эга «oфис» биносини «eртўла қаватларида автотураргоҳ, пастки қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси бўлган турар жой биноси»га ихтисослаштириб, реконструкция қилиш учун рухсат берилган. Шунингдек, бугунги кунда Фахриддин Эргашев ва Creative Arch Design Group ўртасида лойиҳа смета ишларини амалга ошириш учун шартнома қилиниб, лойиҳалаш ишлари олиб борилган.

Қисқа муддатли инспекторлик текшируви натижаларига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли ва 2020 йил 28 майдаги 343-сонли қарорлари талабларини қўпол равишда бузган ҳолда қурилиш инспекциясини қурилиш-монтаж ишларини бошлашда хабардор қилмасдан ноқонуний равишда қурилиш-монтаж ишларини бошлаганлиги, қурилиш объектида муаллифлик ва техник назорати умуман олиб борилмаганлиги аниқланган.

Шунингдек, инспекция инспектори томонидан 2020 йил 11 декабрда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб, белгиланган тартибда инструментал техник кўрик ўтказиш ҳамда текширув хулосасини олиб, белгиланган тартибда қурилиш инспекциясини хабардор қилиб, рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги берилган 2565-сонли ёзма кўрсатмада қайд этилган мажбуриятларни бажармаганлиги ҳамда Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 99-моддаси (шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) 7-қисмида кўрсатилган қонунбузарликларни содир этган.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда қурилиш ишларига маъсул шахс Фахриддин Эргашевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-модда 7-қисмини қўллаб, кўриб чиқиши юзасидан 14 декабрь куни Яккасарой тумани Маъмурий судига тўпланган ҳужжатлар юборилган. Бунга қўшимча тарзда қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилган.

Аввалроқ Самарқанд шаҳридаги аҳоли кўчиб ўтган бинонинг 2 та қавати бузиб ташланиши маълум бўлганди.

@daryo_live
​​Бухорода нотаниш аёлнинг 5 млн сўмлик тилла узукларини ўғирлаган фуқаро қўлга олинди

Бухоро шаҳрида яшовчи 63 ёшли фуқаро И.Ф. Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси навбатчилик қисмига ариза орқали мурожаат қилиб, меҳмонхонаси шкафидан тилла тақинчоқлари ўғирлаб кетилганини билдирган. Бу ҳақда «Дарё»га хабар берган вилоят ИИБ ахборот хизматининг ёзишича, мазкур аризага кўра тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Маълум бўлишича, ўғрилик 2021 йил 23 январь куни кеч соат 20:00 дан 22:00 га қадар бўлган вақт оралиғида содир бўлган бўлиб, номаълум шахс аёлнинг баҳоси 5 миллион сўмлик тилла тақинчоқларини ўғирлаган.

Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва ўғрилик Бухоро шаҳрида яшовчи 30 ёшли фуқаро У.Ҳ. исмли шахс томонидан содир қилингани аниқланган.

Қўлга олинган У.Ҳ. умумий миқдори 5 миллион сўмга тенг икки дона тилла узукни эгасига қайтариб берган.

Ҳозирда У.Ҳ.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Унинг бошқа шу турдаги жиноятларга дахлдорлик ҳолатлари юзасидан қўшимча суриштирув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

@daryo_live
​​Жиззахда магистрал йўл бўйида COVID-19 вирусини аниқловчи тест ва бошқа тиббий буюмларни ноқонуний сотаётган шахс ушланди

Жиззах вилояти ҳудудидан ўтган М-39 магистрал йўли бўйида ноқонуний равишда тиббий буюмларни сотаётган шахс қўлга олинди, дея «Дарё»га хабар бермоқда Бош прокуратура.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Дўстлик туман бўлими томонидан Жиззах вилояти божхона бошқармаси билан ҳамкорликда тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида фуқаро Д.Р. тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний даромад орттиришни кўзлаб, тиббий буюмларни дорихона ва уларнинг филиалларидан ташқарисида муомалага киритган У ҳеч қандай ҳужжатларсиз, умумий қиймати 171,9 миллион сўмлик 3 000 комплект COVID-19 вирусини аниқловчи тестлар, пульсоксиметр, махсус тиббиёт кислород ниқоби ва бошқа буюмларни туман ҳудудидан ўтувчи М-39 магистрал йўли бўйида сотаётган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Д.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Самарқанддаги соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 7 миллиард сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқлангани, Тошкент вилоятида 200 қути «Ремдесивир» дорисини жами 170 миллионга сотган шахс қўлга олингани ҳамда Тошкент вилоятида 171 миллион сўмлик дори воситаларини ноқонуний муомалага киритмоқчи бўлган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.

@daryo_live
​​Алимент тўламаган самарқандлик ота 15 суткага қамалди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судининг қарори кўра, фарзандига алимент тўламай келган ота 15 суткага қамалди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБ Самарқанд туман бўлими маълум қилди.

Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг қарорига асосан қарздор Д.В.дан ундирувчи Г.Ш.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати МИБ Самарқанд туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритиш қўзғатилган.

Қарздор Д.В.нинг алиментдан мавжуд 14 миллион сўм миқдордаги қарздорлигини мажбурий ундириш мақсадида мол-мулкини аниқлаш учун давлат идораларига сўров юборилган. Бироқ қарздор ота номига расмийлаштирилган мол-мулклар аниқланмаган.

Қарздордан алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмаганлиги сабабли унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судига юборилган. Суд эса қарздор отага 15 сутка қамоқ жазосини тайинлаган.

@daryo_live
​​Ўзбекистонда хорижда вафот этганларнинг жасадини олиб келишга кўмаклашувчи жамғарма ташкил этилади

Ўзбекистонда хорижда қийин аҳволда қолган меҳнат мигрантларига хизматлар кўрсатадиган жамғарма ташкил этилади. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Хорижда мураккаб молиявий аҳволга тушган меҳнат мигрантларига моддий ёрдам бериш тизимини кенгайтириш мақсадида вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида Президентнинг 2020 йил 15 сентябрдаги ‘Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаъги қарори асосида махсус жамғарма ташкил этилмоқда», — дейилади хабарда.

Жамғарма маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан шакллантириб борилади.

Жамғарма хорижда қийин аҳволда қолган меҳнат мигрантларига қуйидаги йўналишлар бўйича хизматлар кўрсатади:

— хорижий иш берувчиларда мавжуд бўлган бўш иш ўринларини таклиф қилиш;
— ватанга қайтариш учун авиа ёки темир йўл чипталари ҳақини тўлаш;
— вафот этган шахс жасадини урф-одатларга кўра тайёрлашда 1000 АҚШ долларигача хизматлар ҳақини ва Ўзбекистонга олиб келиш учун чипта ҳақини тўлаш.
Маълумот учун, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Наманган, Хоразм ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Хориждаги меҳнат мигрантларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий ёрдам кўрсатиш жамғармалари ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимида ишлаган Шерзод Кудбиев «Груз—200» бўйича барча харажатлар Ўзбекистон томонидан тўланишини маълум қилганди.

@daryo_live
​​«2020 йилда олинган чипталар куйиб кетдими?!» «Халқлар дўстлиги» саройи раҳбари карантиндан кейинги концерт дастурларини ўтказиш тартиби ҳақида сўзлаб берди

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, Ўзбекистонда 28 январдан концерт-томоша тадбирларини ташкил этишга рухсат берилди.

«Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад «Халқлар дўстлиги» саройи раҳбари Исроил Ғуломов билан суҳбатлашди.

Сарой раҳбари суҳбат давомида концертларни ўтказиш тартиби, сарой ижараси, 2020 йилда сотиб олинган чипталар тақдири, концерт ташкилотчилари ва томошабинларга қўйиладиган талаблар ҳақида гапириб берди.

"Худо хоҳласа 19 февралгача иккита хайрия концерт ташкиллаштирамиз. Бу концертлар пандемияда ким жонбозлик кўрсатган бўлса, ўша инсонларга бағишланади. Янги концертлар мавсумини яхши ниятлар билан хайрия концертлардан бошлаймиз", — дейди «Халқлар дўстлиги» саройи раҳбари Исроил Ғуломов.

Батафсил суҳбат бу ерда.

@daryo_live
​​«Тошшаҳартрансхизмат» энг талабгир автобус маршрутлари топ-3 лигини эълон қилди. Улардан бирини яқинда қисқартириш режалаштирилган эди

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ 2021 йилнинг январь ойи мобайнида энг талабгир бўлган топ-3 автобус маршрутларини эълон қилди. Улардан бирини яқинда қисқартириш режалаштирилган эди.

Энг кўп фойдаланилган йўналишлар:

131-сонли йўналиш — 238 574 та;
58-сонли йўналиш — 173 690 та;
24-сонли йўналиш — 150 846 та.
Таъкидлаш керакки, 131-сонли йўналишдаги маршрутдан энг кўп фойдаланилган. Эслатиб ўтамиз, 11 январдан бошлаб Сергели 7-даҳасидан Чилонзор 25-даҳага қатновчи 8-сонли автобус йўналишини ёпиш, «Дўстлик 2-мавзеси—Олимпия мавзеси» автобус йўналишини «Дўстлик 2-мавзеси»дан «Жанубий вокзал» автошоҳбекатигача қисқартириш режалаштирилганди. Ушбу таклиф йўловчиларда норозилик уйғотди.

«Йўловчилар томонидан билдирилган мурожаатларни инобатга олган ҳолда ҳамда ушбу йўналишнинг фаолиятини янада чуқур ўрганиб чиқиш муносабати билан, шунингдек, йўловчилар ташишдаги узилишларнинг олдини олиш мақсадида 131-сонли йўналиш ҳаракати вақтинчалик ўзгартиришсиз қолдирилишини маълум қиламиз», — дейилади «Тошшаҳартрансхизмат» хабарида.

Энг кам фойдаланилган йўналишлар:

184-сонли йўналиш — 231 та;
133-сонли йўналиш — 3 200 та;
185-сонли йўналиш — 3 524 та.
Январь ойида Тошкентдаги 128 та йўналиш бўйича ҳаракатланувчи автобуслар орқали жами 8 миллиондан ортиқ йўловчи ташилган.

«Ҳисоблаш жараёнида фақатгина нақд пул ва АТТО транспорт карталари орқали тўлов қилган йўловчилар инобатга олинади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкентдаги икки автобус саройини вилоятга кўчириш режалаштирилаётгани тўғрисида хабар берилганди.

@daryo_live
​​Бухородаги чўлда экология ходимлари ўрмон хўжалиги ходимлари томонидан калтакланди. Ходимлардан бирининг кўзи жароҳатланди, автомобилига зарар етказилди

Бухорода
вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Ўрмон хўжалиги бошқармаси ходимлари ўртасидаги жанжал келиб чиқди. Бу ҳақда суриштирув олиб борган «Дарё» мухбирининг ёзишича, икки бошқарма ходимлари ўртасидаги жанжал Жондор туманининг Варахша чўл массивидаги Лайлактепа ҳудудида содир бўлган.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 28 январь куни вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 7 нафар ходими Жондор туманининг Варахша чўл массивидаги Лайлактепа ҳудудига чиқиб, саксовул ўсимлигини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш бўйича рейд ўтказган. Тунги рейдда Жондор туман ўрмон хўжалигига тегишли 2 та «Нива» ҳамда 1 та «Жигули» автомашиналарда ўрмон хўжалигининг ўнга яқин ходими келиб, экология ходимлари билан жанжаллашиб, уларни калтаклаган ва машиналарга моддий зарар етказган.

«Дарё» мухбирининг ҳолатга ойдинлик киритишича, ўша куни соат 18:30 дан 19:00 га қадар бўлган вақт оралиғида экология ходимлари томонидан ташкил қилинган махсус тадбирда ўз шахсий автомашинасида саксовул ўсимлигини яширин равишда олиб кетаётган фуқаро қўлга олинган. Фуқародан тушунтириш хатлари олиниб, далолатнома тузилган ва автомашина жарима майдонига жойлаштирилган.

«Биз рейдга иккита автомашинада чиққанмиз, бири бошқармага тегишли «Нива» бўлиб, иккинчиси инспекция ходими Д.Б. бошқарувидаги Lacetti эди. Биз тахминан соат 20:00 да саксовулни талон-торож қилган фуқаронинг қинғир иши билан боғлиқ ҳолатни якунлаб, рейдни яна давом эттириш мақсадида яна Варахша чўл массивидаги Лайлактепа ҳудудига қайтдик. Бу пайтгача бизни Жондор тумани ўрмон хўжалиги участка бошлиғи Н.Ҳ. бир неча марта кузатиб кетди. Соат 22:00 да бизнинг кутув объектимизга кутилмаганда 2 та «Нива» ва 1 та «Жигули» келиб тўхтади. Ундан тушган 10 га яқин киши ўзларини ўрмон хўжалиги ходимлари деб таништирди. Аввалига бошқармамизга тегишли «Нива» ҳайдовчисига мушт кўтарди. Ҳар бирининг қўлида махсус ясалган таёқлар ва темир анжомлар бор эди. Биз эса бундай пайтда машинадан тушиш ёки тушмасликни билмадик. Тўғриси, ўзимизнинг ҳимоямиз учун машиналар эшигини қулфлаб, ойналарини кўтардик. Бироқ улар худди қутирган кимсалардек, Lacetti’нинг олд ойнасини чил-чил қилишди. Қочишга мажбур бўлдик. Улар 6 киши эдик, дейишяпти, аслида, улар 10 дан ортиқ эди», — дейди вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бош мутахассиси.

Батафсил

@daryo_live
​​АОКАнинг Андижон вилоят бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Зоҳиджон
Тожибоев Андижон вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасига янги раҳбар этиб тайинланди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Таъкидланишича, Зоҳиджон Тожибоев мазкур лавозимга тайинлангунига қадар вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бош мутахассиси вазифасида ишлаган.

У 1986 йил Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятида туғилган бўлиб, 2010 йил Андижон давлат университетини тамомлаган. 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тугатган.

Фаолияти давомида Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими етакчи мутахассиси, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бош мутахассиси сифатида фаолият олиб борган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АОКАнинг Андижон вилоятидаги масъули, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Абдуғулом Султоновнинг вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

@daryo_live
​​«Бу бизда шаклланган сиёсий маданият». Сардор Умрзоқов амалдорлар Президент билан учрашувда нима учун блокнотларга қайдлар ёзиб бориши ҳақида

Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов «Америка Овози» (VoА)га берган интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда давлат хизматчиларининг блокнотларга қайдлар ёзиб бориш одати бўйича тушунтириш берди, деб ёзади «Gazeta.uz».

«Ҳар битта давлатда, ҳар битта жамиятда ўзига яраша сиёсий маданият бор. Масалан, шу саволни қўяётган одамларимиз нима учун айрим бошқа давлатлардаги бизга жуда бир ғалати туюлиши мумкин бўлган ҳолатларни муҳокама қилмайди? Масалан, айрим Шарқий Осиёнинг демократик давлатларида бир-бирига энгашишлар учрашувда ва ҳ.коказо. Жуда кўп мисол келтиришим мумкин. Бу бизда шаклланган сиёсий маданият», — дея таъкидлайди вазир.

Бош вазир ўринбосари кун давомида ҳукумат аъзоси сифатида давлат раҳбаридан «ҳисоблаш осон бўлмаган» топшириқларни қабул қилишини таъкидлади.

«Бу 1−2 та топшириқ эмас. Мисол, менга топшириқ берилганда ёзаётганимнинг сабаби эслаб қолиш учун, кейин эса уларни тизимлаштираман. Шахсан ўзим йиғилишларда қатнашганимда бўлаётган мавзудан келиб чиқиб, мен ўзимни ишимга тааллуқли бўлган жойларини ёзиб, хулоса қилиб, менга сўз берилса, қандай қилиб, асосий масалаларни кўтаришим кераклигини ўзим учун белгилаб оламан», — дейди Умрзоқов.

«Сиёсий маданият бизда шаклланиб бўлди. Нима омиллар таъсирида — бу иккинчи масала. Лекин бу шаклланган сиёсий маданият ва биз уни ҳурмат қилишимиз керак», — дея қўшимча қилди вазир.

Батафсил

@daryo_live
​​Бухорода пиёдага йўл бермасдан, хавфли ҳолатни юзага келтирган Spark ҳайдовчиси жаримага тортилди

Бухорода пиёдалар ўтиши учун белгиланган жойдан йўлни кесиб ўтаётган пиёдага йўл бермаган Spark ҳайдовчиси жаримага тортилди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.

Ижтимоий тармоқда «Қоидабузар Spark ҳайдовчиси пиёдани уриб, тан жароҳати етказиши мумкин эди» сарлавҳаси остидаги видеолавҳа тарқалди. Видеолавҳада 29 январь, жума куни Бухоро шаҳар Ибн Сино кўчасида Spark русумли, 80 М 469 КА давлат рақам белгили автомобиль пиёдалар ўтиши учун белгиланган жойдан йўлни кесиб ўтаётган пиёдага йўл бермасдан, йўл-транспорт ҳодисаси юзага келиши мумкин бўлган ҳаракатлар содир этганлиги акс этган.

Таъкидланишича, мазкур видеолавҳа ўрганилган ва Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилган.

Давлат рақами 80 М 469 КА бўлган Spark автомобиль ҳайдовчиси Қ.С.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1285-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) 2-қисми тартибида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, яъни 2,23 миллион сўм жарима жазоси белгиланган.

Аввалроқ Бухорода ЙПХ инспекторини Тico капотида судраб кетган ҳайдовчи 15 суткага қамалгани тўғрисида хабар берилганди.

@daryo_live
​​Тошкент аэропортида заргарлик буюмларини протез қўли ичига яшириб олиб киришга уринган шахс ушланди

Тошкент халқаро аэропортида хориждан жами 135 грамм заргарлик буюмини протез орасига беркитиб, Ўзбекистон ҳудудига олиб кираётган шахслар қўлга олинган. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент халқаро аэропортига хориждан учиб келган йўловчилар орасидаги шахслардан бирининг «Яшил йўлак» орқали ҳаракатланаётиб, безовталаниши божхоначиларнинг диққатини тортган.

Шундан сўнг ушбу шахс божхона постидаги боди-сканер қурилмаси орқали кўздан кечирилганида, ўнг қўлига ўрнатилган протез орасига 75 грамм оғирликдаги қиймати 23,6 миллион сўмлик заргарлик буюмлари яширилганлиги фош қилинган.

Шунингдек, айни шу рейсда учиб келган яна бир йўловчи эса умумий қиймати 15,8 миллион сўмлик 58 грамм оғирликдаги заргарлик буюмларини чўнтакларига яширганча, «Яшил йўлак»дан ўтмоқчи бўлган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда сохта тилла тақинчоқларни 29,3 миллион сўмга сотган аёллар қўлга олингани, шунингдек, бувисининг тилла тақинчоқлари ва пулларини ўғирлаган 21 ёшли қизга жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида хабар берилганди.

@daryo_live
​​Ўзбекистон ТИВ польшалик журналистга аккредитация берди

Ташқи ишлар вазирлиги 3 февраль, чоршанба куни полшалик журналист Агнешка Пикулискани Al Jazeera телеканалининг (Қатар) Ўзбекистондаги мухбири сифатида аккредитация қилди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 1 февраль куни ушбу журналист Ўзбекистон ТИВ ходими унга тегажоғлик қилганидан шикоят қилганди. Ходим унга нафақат тегажоғлик қилган, балки «салбий янгиликлар кўпайиб кетган»и сабабли ундан карантин ҳақида ижобий мақола ёзишни сўраган.

Кейин журналист унинг устидан шикоят ёзишини айтган. Шундан сўнг ТИВ ходими Telegram’даги ёзишмаларни ўчирган. Шикоят бўйича эса Агнешка Пикулискага ҳеч ким жавоб қайтармаган.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ушбу ҳолатга муносабат билдириб, ушбу ҳодиса пухта ўрганилиб, таҳлил қилиниши, тегишли чоралар кўрилиб, айбдорлар жазоланишини маълум қилганди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам бунга муносабат билдириб, бу шикояти жуда жиддий хавотир уйғотганини айтди.

2 февраль куни Агнешка Пикулиска вазирлик вакиллари билан учрашган, аммо унга тегажоғлик қилган Рустам исмли кишини бир неча марта ТИВ биносида кўрган бўлса ҳам, вазирликда уни ҳеч ким танимаган.

Шу куни Ўзбекистон ТИВ полшалик журналистдан узр сўради ва унга тегажоғлик қилган ходимини ишдан бўшатганини маълум қилди.

@daryo_live
​​Янгийўлда 8 ёшли мактаб ўқувчисини олиб кетмоқчи бўлган эркак қидирилмоқда

Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида 8 ёшли қизни бегона эркак олиб кетмоқчи бўлгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар асосида шаҳар ИИБ ва прокуратура тергов ҳаракатлари бошлади.

Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа 29 январь куни соат 12:10 ларда содир бўлган. 2013 йилда туғилган, 1-синф ўқувчиси С.А. мактабдан чиққанда унинг ёнига номаълум шахс келган ва у билан суҳбатлашган. Унга ширинлик олиб беришини айтиб, қўлидаги мактаб сумкасини олиб, биргаликда бозор томонга ҳаракатланган.

Улар бироз юргандан сўнг қизалоқ у билан кетмаслигини айтиб, йиғлай бошлаганида эркак қизга мактаб сумкасини қайтариб, ўзи йўлда давом этган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеода ҳам акс этган.

Суриштирувлар давомида қизнинг ота-онаси видеодаги шахсни танимаслигини айтган. Айни пайтда қиз соғлом ва ота-онасининг ёнида.

Ҳозирда ушбу шахснинг кимлигини аниқлаш юзасидан шаҳар ИИБ ходимлари суруштирув ишларини давом эттирмоқда.

Вилоят ИИБ, шунингдек, ижтимоий тармоқларда ушбу вазият билан боғлиқ бўрттирилган ёлғон ахборот ва фуқаролар томонидан ҳеч бир асосга эга бўлмаган, одамларда шубҳа туғдирувчи турли овозли хабарлар тарқатилаётганини билдириб, асосланмаган хабарларни тарқатмасликни ва нотўғри талқин қилмасликни сўраган.

2019 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида мактабдан бола ўғирламоқчи бўлган аёл ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Кейинчалик аёл дугонасининг илтимосига кўра, унинг қизини ўзининг 7 ёшли фарзанди билан бирга мактабидан олиб келишга боргани, қиз уни танимагани учун у билан кетишни истамагани маълум бўлганди. Оқибатда англашилмовчилик фуқаролар томонидан суратга олиниб, «бола ўғриси» деб, тасдиқланмаган нотўғри хабарлар тарқатилган.

@daryo_live
​​Ўзбекистонда электромобиллар импорти икки йилда 10 баробарга ошди

Ўзбекистонда 2020 йилда 2,9 миллион доллар сарфланиб, хориждан 131 та электромобиль импорт қилинган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Шундай қилиб, икки йил ичида ушбу кўрсаткич ўн баробарга ошган:

2018 йилда — 13 та;
2019 йилда — 39 та;
2020 йилда — 131 та.
Ўзбекистон электромобилларни асосан Хитой (92) та, шунингдек, Жанубий Корея (13 та), Грузия (7 та), АҚШ (7 та) ва Германиядан (5 та) импорт қилган.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда электромобиллар импорти учун имтиёзлар амалда — улар учун бож ва акциз солиғи тўланмайди. Фақатгина тегишли йиғимлар ва ҚҚС тўланади.

Аввалроқ Ўзбекистондаги бир нечта компаниялар 2021—2023 йилларда автомобиллар, пикаплар, юк машиналари, микроавтобуслар ва бошқа автомобилларни ишлаб чиқариш ва йиғишни йўлга қўймоқчи эканлиги ҳақида хабар берилган эди. Президент йилига 50—60 минг дона ҳамёнбоп автомобиллар ва электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, автомобиль саноати учун сармоя киритиш зарурлигини таъкидлаган эди.

@daryo_live
Бир кишига бир ойда камида 2,1 млн сўм: Ўзбекистонда истеъмол саватининг миқдори ҳисоблаб чиқилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2020 йил декабрь ойида Ўзбекистонда истеъмол саватининг ҳисоб-китобини эълон қилди. Ўрганишларга кўра, истеъмол саватининг миқдори, тахминан, 2,157 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Истеъмол саватига озиқ-овқат маҳсулотларидан нон, ёрма ва дуккакли мевалар, гўшт, сабзавотлар, полиз, мевалар (цитрус мевалар ва зираворлар) сут маҳсулотлари киритилган. Шунингдек, ноозиқ-овқат — дорилар, косметика ва уй-рўзғор буюмлари ва коммунал хизматлар, транспорт харажатлари ва қўшимча ўқув курслари ҳам ўрин олган.

Истеъмол савати аҳолининг учта ижтимоий-демографик гуруҳи — меҳнатга лаёқатли аҳоли, нафақахўрлар ва болалар учун ишлаб чиқилиши лозим. Федерация бир ойда ўртача меҳнатга лаёқатли шахс истеъмол қиладиган товар ва хизматларнинг рўйхатини ҳам тайёрлаган:

Ўзбекистонда «истеъмол савати» ва «кун кечириш учун зарур миқдор» тушунчалари жорий қилиниши, шунингдек, уларни ҳисоблаш таснифлари аниқланиши тўғрисида 2018 йилда хабар берилганди. Кейинроқ минимал истеъмол савати ва кун кечириш учун зарур миқдорни ҳисоблаш тартиби лойиҳаси ҳам эълон қилинган эди. 2020 йилда эса молия вазири лавозимида ишлаган Жамшид Қўчқоров нима учун Ўзбекистонда ҳанузгача истеъмол саватчаси ва тирикчилик учун зарур энг кам миқдор қанча экани ошкор қилинмагани юзасидан саволга «давлат бунга камбағалликни камайтиришга қаратилган дастур ишлаб чиқиш билан жавоб бериши мумкинлигини» билдирган эди.

@daryo_live
​​Навоий вилояти ҳокимининг матбуот котиби АОКАнинг вилоят бошқармасига раҳбар этиб тайинланди

Навоий вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасига янги раҳбар тайинланди. Мазкур лавозимга вилоят ҳокимининг матбуот котиби Дилшод Мамаражабов муносиб кўрилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Тайинловга қадар вилоят ҳокимининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлаб келган Дилшод Мамаражабов 1976 йил Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида туғилган.

У 1998 йил Бухоро давлат университетини тамомлаган бўлиб, 2002—2004 йилларда Бухоро вилоят ҳокимлиги аппарати бош мутахассиси, 2004—2009 йилларда Бухоро вилоят телерадиокомпанияси бош муҳаррири лавозимида ишлаган.

2001—2002 йилларда Президент ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олган.

Навоий вилояти ҳокимлигидаги фаолиятини 2009 йилдан бошлаган бўлиб, 2021 йилга қадар ҳокимликда турли лавозимларда фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил бошидан буён АОКАнинг вилоятдаги масъули вазифасини бошқарма бош мутахассиси Бахтиёр Тошназаров бажариб келган.

@daryo_live
​​Ўзбекистонда январь ойида бизнес-муҳит ҳолати яхшиланди

Ўзбекистонда бизнеснинг жорий ҳолатдаги кўрсаткичи январь ойида декабрга нисбатан 17 пунктга ошиб, 50 пунктга етди. Бу Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ўтказилган сўровлар натижасидан келиб чиққан ҳолда тадбиркорларнинг ижобий фикрларини тавсифлайди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

Бутун мамлакат бўйлаб икки йўналишда ўтказилган сўровномада 1005 та корхона иштирок этган: унда бизнеснинг ҳозирги ҳолати ва кейинги икки—уч ойда тадбиркорларнинг ўз бизнесини ривожлантиришга бўлган умидлари сифатли баҳоланган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳозирги ҳолат индикатори пандемия бошидан буён рекорд даражадаги 45 пунктга ўсган, қурилиш соҳасида — 30 пунктга, саноатда — 4 пунктга. Хизмат кўрсатишда эса ўсиш 3 пунктни ташкил этган.

Таҳлилларга кўра, сўровномада иштирок этган 1005 та корхонанинг 38 фоизи ҳозирги бизнесни «яхши» деб баҳолаган, 45 фоизи — «қониқарли» ва 17 фоизи — «ёмон».

Респондентларнинг 42 фоизининг маълум қилишича, товар/хизматларга бўлган талаб «яхшиланган», 45 фоизининг ҳисоблашича — «ўзгармаган», 13 фоизи — «ёмонлашган». Корхоналарнинг 18 фоизида ишчилар сони «ошган», 74 фоизида — «ўзгармаган», 8 фоизида — «камайган».

Кейинги уч ойда бизнесни ривожлантириш истиқболларини кутиш кўрсаткичи 16 пунтга кўтарилиб, 89 пунктни ташкил этган. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўсиш кутилмалари 5 пунктни, саноатда — 26 пунктни, қурилишда — 19 пунктни ва хизматларда 14 пунктни ташкил этмоқда.

Сўровномада иштирок этганларнинг 79 фоизи истиқболда бизнес «яхшиланади» деб баҳолаган бўлса, 20 фоизи «ўзгармайди» деган ва 1 фоизи «ёмонлашиши» мумкинлигини билдирган.

Товар/хизматларга бўлган талаб корхоналарнинг 73 фоизида «яхшиланиши» кутилмоқда, 25 фоизининг «ўзгармаслигига» ишончи комил бўлса, 2 фоизи «ёмонлашиши»ни кутмоқда.

Корхоналарнинг ярмидан ортиғи (66 фоизи) кейинги уч ой ичида ходимлари сонининг «ортишини» режалаштирмоқда, 33 фоизи эса ишчилар сони «ўзгармаслигини» маълум қилган бўлса, 1 фоизи — «камаяди» деган.

Корхоналарнинг 22 фоизи ўзларининг товар/хизматлари нархи «кўтарилишини» прогноз қилаётган бир пайтда 28 фоизи «ўзгармаслигига» ишончи комил, 2 фоизи «камайишини» кутмоқда, 48 фоизи эса ишлаб чиқариладиган товар ва хизматларининг қиймати қандай ўзгаришини «билмаслиги»ни маълум қилган.

Бизнес-муҳит индикатори кетма-кет иккинчи ой сезиларли ўсишни кўрсатмоқда, 17 пунктга ошган ва январда 69 пунктни ташкил этган. Экспертлар мамлакатдаги бизнес-муҳитни «яхши» дея баҳоламоқда.

Сезиларли ўсишни (26 пунктга) қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бизнес-муҳит индикатори кўрсатган, саноатдаги ўсиш эса 14 пунктга, қурилиш ва хизматлардаги ўсиш мос равишда 25 ва 9 пунктга тенг.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, январь ойида асосий шерик-мамлакатлар учун бизнес-муҳит кўрсаткичлари Туркияда 7 ни, Хитойда — 1,3 ва Жанубий Кореяда — -15 ни ташкил этган.

@daryo_live
​​Ўзбекистондаги «адолатли», «халқпарвар» ва «меҳнаткаш» сенаторлар кимлиги маълум қилинди

Олий Мажлис Сенати кенгашининг 2021 йил 1 февралдаги қарори билан, бир гуруҳ сенаторларга махсус мақомлар берилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Жумладан, Сенат аъзоларини маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича комиссиянинг 2021 йил 26 январдаги тавсияларини кўриб чиқиб, қуйидагиларга мақом берилди:

Орал Атаниязовага — «Адолатли сенатор»;
Маҳмуджон Тоировга — «Халқпарвар сенатор»;
Фармон Тошевга — «Меҳнаткаш сенатор»;
Сайёра Баратовага — «Фахрий сенатор»;
Бахром Мамажановга — «Фахрий сенатор»;
Шукуржон Маматқуловга — «Фахрий сенатор».
Хабарда айтилишича, ушбу мақомларга сазовор бўлган сенат аъзолари ҳамда собиқ сенаторлар сертификат ва белгиланган тартибда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланди.

@daryo_live