Asqar Mahkam ijodi
264 subscribers
205 photos
13 videos
4 files
24 links
...Sizlar ham, ey birodarlar,
Haqqa tomon yuringlar!..
Haqni sog‘ininglar!..
Haqni topinglar!..
Biz shunda ko‘rishamiz!
Download Telegram
#Asqar_Mahkam_65_yoshda

Илоҳим жойингиз Фирдавс жаннатида бўлсин Устоз!

* * *

Мен - ярми форс
ярми - туркийман...
Бўлгани шу. Бошқасин билмам...
Хожа Ҳофиз ғазали билан
тили чиққан битта шоирман
Менинг йиртиқ яқоларимни
ғазал билан тиккан азизлар
Аллалади боболаримни
Ҳирот Шероз Балху Табризлар...
Гарчи маъюс бу Мусаллода
пешонамнинг излари йўқдир
лекин бузруквор Бухорода
Мусаллонинг шаъни улуғдир
Нақшбанднинг чориғи билан
кездим Табриз кўчаларини
Авлиёлар қўпдилар бирдан
бошда тутиб қуббаларини...
Фаришталар учарди енгил
нурга чулғаб гўё бағрингни
Авлиёлар дедилар: "Бергил
эй мусофир чориқларингни..."
Ўйладим Шайх розидир балки
боқдим Жайҳун узра шафаққа...
"Олинг Шамс Табризий ҳаққи
чориқ эмас жоним садақа"...

26.10.2000

* * *

Қораяди Табриз шамоли
дарвиш тоғлар аста кўз юмар
Эртакларда ўлмас шоҳларни
пари қизлар ўпиб ўлдирар...
Лаб тутаркан бу маккоралар
оғу билан бўяниб рангин
Шоҳаншоҳлар ҳай бечоралар
жон бераркан ушлаб юрагин...
Қорайганда қора қасрлар
жим-жит ҳарам ичра тўлғаниб
мана неча-неча асрлар
шоҳлар ётар ерда булғаниб
балки эртак балки чин-ёлғон
нима дердим менга бари бир...
Паривашлар бўярлар ҳамон
оғу билан ғунча лабларин...

26.10.2000


Мусофирман...
ғарибман...
билмам...
Табриз менга афсоналар айт!
Юриб-юриб бунда келибман
Табриз менга афсоналар айт!..

Аразладинг ва қаро кийдинг
Қаро зулфинг қародир қошинг
Карбалода йиғлаб йиқилдинг
Ҳусайндек кесилди бошинг...

Табриз менга афсоналар айт!
Тунлар ҳижоб кийганида тек
Менинг кампир бувим ҳам бир пайт
ҳижоб кийиб юрарди сендек...

Табриз менга афсоналар айт
мен-да ғариб
сен-да ғарибсан...
Табриз менга афсоналар айт!
Мен-да Табриз
сен-да Табризсан!...

26.10.2000

Асқар Маҳкам
АСҚАР МАҲКАМ ТАВАЛЛУДИНИНГ 65 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

Ушбу битиклар бундан роппа-роса ўн йил муқаддам ёзилганди. Бу орада Асқар Маҳкам ҳаёти ва ижодига доир айрим тадбирлар, кашфиётлар рўй берди: 2018 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Тожикистон Адиблар Иттифоқида Асқар Маҳкамнинг 60 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирлар; Башорат Отажонова ташкил этган “Асқар Маҳкам ижоди” телеграм канали; Рашид Хожамовнинг Асқар Маҳкам ижодига бағишланган илмий тадқиқотлари шулар жумласидандир. Бундай эзгу ҳодисаларга бош-қош бўлган қадрдонларимиздан Оллоҳ рози бўлсин!..

“НАСИБ ҚИЛСА ҚАЙТИБ КЕЛАРМАН...”

(Асқар Маҳкам таваллудининг 55 йиллиги муносабати билан)

Асқарали ака жуда кам умр кўрди. Кўрган кам умрида ҳам ёруғ кунлари саноқли эди. Балки шунинг учундир, тунни яхши кўрарди, суҳбатларимизда тунни “фариштасифат ҳолат” дерди. Дарҳақиқат, тунда одам барча ниқоблардан холи кўнгил ҳаётини бошдан кечиради. Кундузи кўзингизга балодай кўринган қаттол душманингиз ҳам ўша лаҳзада содиқ дўст; жонингизни жабборга бериб, ортидан қувган ташвишларингиз ҳам ўша ҳолатда майда, иддаоларингиз беҳуда туюлади. Кимнингдир кўнглини ранжитганингизни ўйлаб, ўзингизни гуноҳкордай ҳис қиласиз. Шафқатли, кечиримли бўласиз. Ҳақ билан кўнглингиз орасидаги масофа яқинлашиб, парда тобора ҳарирлашиб бораверади...

Ва беихтиёр суҳбатимиз, Жалолиддин Румийнинг “Маънавий маснавий” асаридаги кундуз куни чироқ кўтариб, бозордаги гавжум оломон ичра Одам ахтарган донишмандга бориб тақаларди. Кўп ҳолатларда бири бирини инкор этувчи, бири бирига зид фикрларимиз ўша лаҳзада бирлашарди ва ўзимизча хулоса чиқарардик: Эҳтимол, ўша донишманд ахтарган Одамини кундузнинг бўғзидан эмас, тун қаъридан излаганида эди, уни чироқ ёқмай ҳам топа олган бўлармиди...

Одам... Асқар Маҳкам илк китобини “Одам” деб номлаганди. “Наврўз” деб ўзгартиришди.

Садриддин (Садриддин Ашур) айтади: Асқарали акада далда бериш, айниқса, бошига оғир мусибат тушган чорасиз кўнгилларни кўтариш қудрати бор эди. Мусурмон (Мастчоҳлик курсдошимиз)нинг фарзанди туйқусдан вафот этганда, шўрлик бутунлай чўкиб, ўзини йўқотиб, яшагиси ҳам келмай қолганди. Бу мусибатдан хабар топиб, дўстимиздан кўнгил сўрагани, Тошкентдан Мастчоҳга келдик. Асқарали ака ўзига хос самимият ва куюнчаклик билан, тун бўйи ухламай Мусурмонни тақдирга тан беришга ярайдиган ҳолатга қайтарганди... Курсдошимиз Абдуҳафиз (Абдуҳафиз Мирзааҳмад)нинг укаси афғон урушида ҳалок бўлганда, Тошкентга эндигина келиб, ҳали ишга жойлашишга улгурмаган Исматулло (Исмат Худоёр)нинг бошига кўргулик тушгандаги Асқарали аканинг изтиробларига, жонбахш таскин-тасаллиларига мен ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Далда берувчилар кўп, аммо, Асқарали акадай дилбардорларни жуда кам кўрдим.

Асқар Маҳкам бағрикенг эди. Одатда, талантли инсонларнинг аксариятига хос бу хислат. Ким нима сўраса, сўзбошими, тақризми, тавсияномами... Ёзиб бераверарди. Унинг бағрикенглик билан ёзиб берган фикрларини дастак қилиб, ўзини етук ижодкор ҳисоблаб юрганлар, унинг қалами тиғидан сачраган кукунлар билан обрў, эътибор, мақом топганлар орасида “эшаги лойдан ўтгандан” сўнг меҳр-оқибатни унутганлари ҳам кўп.

Асқарали ака ижод аҳлини бир муҳит, бир маслак атрофида бирлаштира оларди. Ўтган асрнинг саксонинчи, тўғрироғи, 1983-85 йилларда (ўшанда “Совет Тожикистони” газетасида бирга ишлардик) Асқар Маҳкамнинг шарофати билан яхши адабий муҳит пайдо бўлганди. Ҳозир эса... Устоз ижодкорларга оғир ботса ҳам, тўғрисини айтиш керак: Тожикистондаги узбек адабий муҳити бугунги кунда имомсиз масжидга ўхшайди. Тўрт томон – қибла. Сўз – ўгай ота-она зуғумидан бўзлаётган етимдай гўё...

Асқарали ака худбинлик нималигини билмасди. “Совет Тожикистони”да бирга ишлаб юрганимизда атрофидаги барча ижодкорларнинг асарларини вилоят ва ноҳиялардаги ўзбек тилида чиқадиган газеталарга юборишдан эринмасди. Унинг хатти-ҳаракатлари билан бир гал “Қўрғонтепа ҳақиқати” вилоят газетасида менинг ҳам бир туркум шеърларим эълон қилинди. Ҳозир ўн томлик китобим чиқса ҳам кипригим қилт этмаслиги мумкин. Аммо, ўшанда ҳаяжонлангандим... Зеро, ҳар бир ҳодиса ўз вақти-соатида рўй бергани яхши.
Афсуски, ҳамиша ҳам шундай эмас. Агар бу ҳикматга амал қилинганида, Асқар Маҳкамнинг талабалигидаёқ камида тўртта китоби чоп этилиши керак эди... Яна бир воқеа: Асқарали ака билан бирга 1985 йилда Тошкентга кетдик. Мақсад аён – Тошкентда қолиб ишлаш. Паспортни қайд қилдириш муаммоси қарийб бир йилга чўзилди. Ва ниҳоят, бир кишини “прописка” қилиш имкони пайдо бўлди. Камтарликни қаранг-ки, орамиздаги ёш, қолаверса, иқтидор тафовути “аз куҷо то ба куҷо” (еру осмон қадар) бўлишига қарамай, Асқарали ака ўша имкониятни менга раво кўрмоқчи бўлди. Аксинча бўлиши лозимлигига бир амаллаб кўндиргандим ўшанда. Дунёга келиб, қилган бир тузукроқ ишим шу бўлса, ажабмас... Фурсат ўтмай, Худо “ол, қулим!” деди-ю менинг муаммоларим ҳам ҳал бўлиб кетди...

Шеъру шоирликнинг баҳридан ўтиб, Россияда узоқ муддат санқиб қайтганимдан сўнг Садриддинни Хужандда учратиб қолдим. Кўришмаганимизга ўн йилдан ортиқроқ фурсат ўтганди. Ундан Асқарали аканинг бетоблигини эшитган чоғимда, хаёлимга “ҳойнаҳой, талабалик йилларида орттирган лаънати полиартрит хасталигининг навбатдаги хуружи, давоси топиладиган асорати бўлса керак” деган фикр келди. Аммо... Муҳаммад Иқболдан кейин Жалолиддин Румий руҳига мурид тутинган, Мансур Ҳаллождан кейин “нафсда ўлиб, илоҳда қайта тирилиш” жараёнидаги, устоз мақомидаги увайсий бир дўст, бир қадрдоннинг ўлим билан аёвсиз олишаётганидан бехабар эдим... Ўлимидан тўрт ой олдин Асқарали ака билан телефонда гаплашдик...

Вафотидан кейин, 2008 йили худди шу куни Хужанд Давлат университетида Асқар Маҳкамнинг 50 йиллиги нишонланди. Асқар Маҳкамнинг душанбелик ва хужандлик курсдошлари ҳомийлигида нашр этилган катта ҳажмдаги “Оқ китоб”(муҳаррир – Абдуллоҳ Зуҳур, нашрга тайёрлаганлар – Садриддин Ашур, Абдулла Насриддин)и йиғилиш аҳлига тақдим этилди. Ўша тадбирда иштирок этган болалар шоири Султонмурод Ҳожибоевнинг ушбу гаплари ҳануз эсимда: “Ажал – гулчин. У ботил умр чечагидан аввал сара гулларни танлайди. Баъзиларнинг узоқ умр кўриш учунгина ўзини асраб-авайлаши, ростини айтсам, менга бироз эриш туюлади. Гап беш-ўн йил кам ёки ортиқ умргузаронликда эмас, Худо берган умрга, у тўққиз ойми, тўқсон йилми, қай тарзда мазмун бахш этишда. Атиги 48 йил умр кўрган Асқар Маҳкам тимсолида мен шу ҳақиқатга иқрор бўлдим... Асқаржоннинг Жангалободдаги уйида меҳмон бўлганимдаги қават-қават кўрпачалар солиб қилган меҳрибончиликларини, дарё бўйида ўтириб суҳбатлашишимизга шароит яратишдаги жонбозлигини, Тошкентдаги меҳмондўстлигини эсласам хижолат тортиб кетаман... Шундай улуғ одам...”.

Асқар Маҳкам ижоди ҳали умуман тадқиқ этилмаган деса ҳам бўлади. Бу йўлда айрим уринишлар (Юсуфали Шоназаровнинг “Асқар Маҳкам” номли китоби, “Сўйладик гоҳ урён, гоҳи мунаққаш” туркум мақолалари, Абдуллоҳ Зуҳурнинг “Қаттиқ иймон шоири” мақоласи) албатта, қувонтиради. Жумладан, Неъматулло Иброҳим Асқар Маҳкамнинг “Ҳақ” китобига ёзган сўзбошисида шундай дейди: “Асқар Маҳкам ўз асарларида Инсонни бор мураккаблиги билан тасвирлайди. Юзаки тавсиф этиш унинг руҳиятига ётдир. Бошқача қилиб айтганда, у Инсонни нафрат билан севади, инкор билан эътироф этади, оғу билан даволашга, алам билан шодлантиришга интилади...”.

Эшитишимга қараганда, ҳаётининг сўнгги кунларида Асқар Маҳкам билан Исмат Худоёр, Набижон Боқий, Абдуғафур Маматов, Икром Отамурод, Олимжон Давлатов, Алишер Нарзуллоҳ... ва яна мен алҳол исмларини эслолмаётган яна бир гуруҳ дўстлар ва Асқарали аканинг, Садриддиннинг яқинлари бирга бўлишган. Исмат Худоёр шундай деганди: “Асқарали ака билан сўнгги лаҳзасида бирга эдим. Менинг қўлимда жон берди. Жисми жондан фориғ бўлгач, юзида, худди нимадандир ҳайратлангандек бир ифодани кўрдим...”.

Билмадим, Асқарали ака, нима учундир, толни яхши кўрарди. Қабрлар бошига ҳар хил дарахтлар, гуллардан кўра тол эккан яхшироқ, дерди. Ҳатто унга бағишлаб ёзган эски бир шеъримда шундай сатрлар ҳам бор: “Менинг соғинганим – энг сўнгги Одам, Бир кун бориб у ҳам мени алдайди. Бир кун... мозоримга бир туп толни ҳам, Ўлмаса, шу шўрлик бувим қадайди...”.
Ўтган йили Душанбега борганимда Жангалободнинг сал юқорироғида жойлашган Гулмозорбободаги қабрини зиёрат қиларканман, бир нарсага ҳайрон қолдим: Тўқсон етти фойиз ери тошдан иборат бўлган мамлакатда Асқар Маҳкамнинг қабри тепасига ўрнатиш учун кўркамроқ бир тош, наҳотки, топилмаган бўлса?!.. Қизиғи шундаки, тўрт кунлик омонат умримиз учун ҳашаматли қасрлар қуриб ташлаймиз. Аммо дўстларимиз, яқинларимиз мангу ором оладиган маконни, сал бўлса-да, эпақага келтириш кераклигини англамаймиз ёки жуда кеч англаймиз... Анвар ака (Асқар Маҳкамнинг акаси), Жаъфарбек (Асқар Маҳкамнинг укаси)лар, Худо хайрини берсин, имкони етгунча қабрни обод қилишга ҳаракат қилганлар. Юқоридаги таъна-маломатлар ўзимизга, дўстларга тегишли…

Бизга биздан-да яқинроқ Парвардигор Асқарали аканинг Охиратини обод айлаган бўлсин! Унинг Охиратидан кейинги яна бир обод манзили, яъни, “Асқар Маҳкам саҳифаси” ҳам борки, Асқар Маҳкамнинг яқинлари, дўстлари, мухлислари номидан ушбу саҳифани барпо айлаган салоҳиятли, нуктадон, маърифатли инсон, дўстимиз Олима Набизодага беадад раҳматлар айтамиз ва энг юксак хислатлар Соҳиби, қудрат ва ҳикмат Эгаси Парвардигордан унга саломатлик, хотиржамлик, қадр англаш, савоб йўлидаги ишларида ободлик, қурб-қувват тилаймиз!

Сўз охирида Сизлар билан баҳам кўрмоқчи бўлганим, Лойиқнинг “Шоир қадри” шеъри холис ниятларимизга ҳамоҳанг бўлади, бир кун келиб шеър ва одамийлик мулкида ўзига хос ҳодисага айланган Асқар Маҳкам ўзининг бундан-да баландроқ қадрини топади, деб ўйлайман.

* * *
Ошиқлар оҳ тортса ҳижронга ботиб,
Зўрлар ҳам йиғласа ҳайрон, лол қотиб,
Дўстлар бир-бирини кетса гар сотиб,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Осмонда бир юлдуз ёнса дамодам,
Тутса бир ёш юрак ер узра мотам,
Ўзидан ўзини ахтарса одам,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Овчиларнинг ови юришмаган он,
Бошин эгиб қайтса, елкада камон,
Харсанг тош устида ўтирса ҳайрон,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Йўловчи қумлоқдан ўтиб кетса гар,
Оҳанги қумларга чўкиб кетса гар,
Бир парча шеър ўқиб жўшиб кетса гар,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Кўнгил базми совиб қолса ногаҳон,
Қачонки, гўзаллик бўлса паришон,
Эзгулик дунёси унутилган он,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Дунё тор келганда зўрлар лошига,
Ҳангомаю ғурур етиб бошига,
Ёзув ахтарганда қабр тошига,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Одамзод қайтадан топса қадрини,
Куйга солиб айтса алам, дардини,
Бир сўздан ахтарса ул дард шарҳини,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

2013 йил.


Manba: Ustoz Odil Ikrom facebook sahifasidan olindi!
Эзгулик.pdf
4.7 MB
***

Қасам ич,
Осиё,
Соро,
Марям,
Фотиматуз Заҳро,
Робия
ва Лайло ҳаққи...

Қасам ич,
булғанмаган дарёлар,
эримаган қорлар,
очилмаган ғунчалар,
тўкилмаган япроқлар,
ичилмаган булоқлар ҳаққи...

Қасам ич,
қиндаги қиличлар,
тешилмаган зирҳлар,
эгилмаган ёйлар,
отилмаган ўқлар ҳаққи...

Қасам ич,
очилмаган гўрлар,
йиртилмаган қафаслар,
қонга беланган жасад ила
жаноза ўқилган шаҳидлар ҳаққи...

қасам ич,
исмат ҳижоби ортидаги покиза юзлар,
иффатдан эгилган жаннатий бошлар,
ҳақ сари босилган мустақим қадамлар
ва зангор кимхоб ёпинган тобутлар ҳаққи
“Хиёнат қилмадим”, деб қасам ич!..

Асқар Маҳкам
Forwarded from O'zbek ChatGPT
Asqar Mahkamning "Haq" deb nomlangan kitobi bo'yicha internetda bir qancha manbalarni topdim, lekin to'g'ridan-to'g'ri yuklab olish linkini topa olmadim. Siz quyidagi manbalarga qarab ko'rishingiz mumkin:

- Ziyouz.com sayti Asqar Mahkam ijodiga bag'ishlangan maqolalarga ega link.
- Asqar Mahkam ijodi haqida o'zbek tilidagi maqolalar link.
- Asqar Mahkamning boshqa asarlari ham mavjud bo'lgan "Oq kitob" kitobi haqida ma'lumot beruvchi Havola link.
- Telegram kanal orqali Asqar Mahkamning shakllanishi va ijodiy faoliyati haqida ma'lumot olishingiz mumkin: link.

Shu bilan birga, agar siz kitob do'konlari yoki kutubxonalarda so'roq qilsangiz, ehtimol "Haq" kitobini topa olishingiz mumkin. Oddiy internet qidiruvida topilmagan kitoblarni mahalliy kitob do'konlarida yoki yirik onlayn savdo platformalarida qidirib ko'rishingizni tavsiya etaman.
Суратда марҳум, ёниқ, лирик шоир Асқар Маҳкам. (Суратлар таниқли адиб, устоз Набижон Боқийнинг Фейсбук саҳифасидан ўғирлаб олинди.) Х.В.
Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси


Марҳум дўстим, элимизнинг севимли шоирларидан бири Асқар Маҳкамни ёд этиб.


Бир пайтлар сиёсий йўлдан озиб, Дўрмондаги ёзувчилар боғида кўрсатган ахмақона "кароматим" туфайли хибсга олиниб, кейинчалик озод этилган пайтларим.
Ҳомий топиб, Тошкентдаги бир қўлбола "нашриёт"га китобим нашри учун пул ўтказдиргандим."Ношир" тушмагур сал ёлғончироқ экан, китоб нашрини ана мана деб чўзиб юраверди. Хомийлар менинг ёзган чизган нарсаларга бефарқ бўлмаган, бадиий адабиёт муҳлислари эди. Шу сабаб китоб нашрига беминнат, устама тўлов фойизисиз пул ўтказиб берган эдилар. Улар менга қўнғироқ қилиб: -Ака, китоб чиқдими? Қачон бизга китобингизни дастхат билан совға қиласиз? - дейишини, "ношир" эса, алдаб, пулни айлантириб, пайсалга солишини қўймасди. Хомийлар анчайин жиддий одамлар эди.
Мен уларнинг олдида фирибгар "ношир" туфайли худди ёлғончидай бўлиб қолаётганимдан хижолат чекардим. Шундай кунларнинг бирида бир укамизнинг шахсий автомобилида Тошкентга йўл олдим. Қўлбола "нашриёт" 16 қаватли журналный центр биносига жойлашган эди. Юқорига чиқдим. "Ношир" яна қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириб, китоб яқинда нашрдан чиқади дея вада берди. Мен унга пул ўтказиб берган одамлар жиддий одамлар эканини, улар билан ҳазиллашиб бўлмаслигини айтиб, сўнги бор огохландирдим. Ҳайрлашиб, коридорга чиқдимда, шопир бола кутавериб, бўғилиб кетгандир? -деган ўйда деразадан пастга қарадим.Қарасам, уни иккита милиция ходими сўроққа тутаётган экан. Буни кўриб: -Тушунарли. Афтидан булар яна мени қамайдилар шекилли? - деган ўйга бордим. Кейин шоир дўстим Асқар Махкам раҳматли ишлайдиган хонага кирдим. Асқар мени хурсанд бўлиб қарши оларкан, биз қучоқ очиб кўришдик.Ҳол аҳвол сўрашгач, мен Асқарга: -Дўстим, афтидан мени яна қамайдилар шекилли. Фарзандларим ҳали ёш. Улар боқувчисиз қоладилар. Мабодо қамалиб кетсам, анави нашриётда яқинда нашрдан чиқадиган китобларимни ўғлим Мақсудбекка жўнатиб юбора оласизми? Менсиз улар қийналиб қолишади. Китобларимни сотишса, рўзғорга бироз ёрдам бўлар -дедим. Гапларимдан Асқар раҳматли шок ҳолатига тушган бўлсада, сездирмасликка, мени тинчлантиришга уринди: -Э, қўйсангизчи, Холдор, Худо сақласин. Нафасингизни иссиқ қилинг. Ундай бўлмас. Лекин сиз ҳавотир оламанг, ўғлингизнинг уй адресини ёзиб қолдиринг. Мен албатта китобларингизни фарзандларингизга жўнатиб юбораман -деди. Мен адресни ёздим. Шундан кейин Асқар иккимиз, худди қонхўр диктатор ташталин (товарищч сталин) репрессиясига учраган шоирлар каби қучоқ очиб, ҳайрлашдик. Ўшанда мен Асқарнинг кўзларига ёш қалққанини кўрганман. Мен хонадан чиқиб, пастга тушдим. Шопир болани ташлаб кетиш номардлик. Майли қамаса, қамашсин. Бечора шопир болада нима айб? Уни қутқаришим керак - дея, шопир болани олиб кириб кетишган милиция қароргохига кирдим. Мени кўриб, шопир қувониб кетди: -Мана, ўзи келяпти. Мен шу одам билан бирга келганман -деди шоша -пиша. Шу маҳал шопирнинг хужжатларини ксероксдан чиқараётган офицерлардан бири мени таниб: -Ие, шоир ака. Унақамасда. Шопирингизга айтсангиз бўлмайдими? Машинани Президент девонига яқин жойга тўхтатибдилар. Бу мумкин эмас. Бунинг устига довон ошиб келган Андижон номерли машина лой, кир чир бўлиб ётибди. Ҳозир терроризмга қарши кураш кетаётган пайтда шундай қиласизми? -деди. Мен узр сўрадим. -Узр, командир. Ҳозироқ бу ердан кетамиз -дедим. Милиция ходими шопирнинг хужжатларини қайтариб берди. Ҳар гал шу воқеа ёдимга тушса, энг оғир дамларда ҳам дўстларидан юз ўгирмаган шоир дўстим Асқар Маҳкамни ўйлайвераман. Ҳаққига ғойибона дуолар қиламан.Шоир дўстимнинг Жойлари Жаннатдан бўлсин.
Қуйидаги суратда Асқар Маҳкамнинг ўзи каби камтарин, ғарибгина сўнги манзили - мозорини кўриб турибсиз


18-10-2024.
Кеч соат 8:04.
Канада, Онтарио.
Қабринг нурларга тўлсин, дўстим!
* * *
Ҳамма кўкка интилар ажаб,
етукликка интилар ажаб.
Пошшоликка интилар ҳамма,
ошноликка интилар ҳамма...
Кўнглим, нега бунча ғарибсан.

Бойга боқар ҳамманинг кўзи,
борга тегар ҳамманинг қизи.
Ҳамма бўлай, бўлайин дейди,
ҳамма фақат кулайин дейди,
Кўнглим, нега бунча ғарибсан.

Босиб-янчиб бир-бировини,
йўқ қилмоқчи бўлар ёвини.
Ҳамма ўзим яшасам дейди
бир-бирининг гўштини ейди...
Кўнглим, нега бунча ғарибсан?!

АСҚАР МАҲКАМ
Koʻnglim, nega buncha gʻaribsan...
Asqar Mahkam ijodi
Voice message
Sher muallifi : Asqar Mahkam

Baxmal tumanidagi 8-maktab oʻqituvchisi Ozoda Habibullayeva tamonidan o’qildi!
***

Бугун яна ёлғизлигим дарёларга айтаман,
Айтавериб шамолларни йиғлатаман бугун мен.
Бугун ўтган кунларимнинг мозоридан қайтаман,
Юрагимни авраб-алдаб ухлатаман бугун мен.

Мен кетаман...
Бу тоғларнинг сирин сира билмадим,
Улар мендан кулаверди чўққи бўлиб, тош бўлиб.
Сирларимни ерда қолган оҳуларга сўйладим,
Оҳулар ҳам оқиб кетди кўзларимдан ёш бўлиб...

Асқар Маҳкам
АСҚАР МАҲКАМ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Бу кўҳна тиканзорга, эй Ёр, келиб-кеттик.
Йўқ-йўқки, шиканзорга, эй Ёр, келиб-кеттик.
Воҳ! - балки кишанзорга, эй Ёр, келиб кеттик.
Бул қонли чаманзорга, эй Ёр, келиб-кеттик.
Ғамлар била ғамзорга, эй Ёр, келиб-кеттик.

Ғамзорида ғам аҳли йиғлайди куёман деб.
Ғам аҳлига ғам айтур, куйганга давоман деб.
Озода бўлиб кўнгил, ман санга адоман деб
Кўксингга қулоқ туттим сас берди суёман деб.
Сим-сим бу суманзорга, эй Ёр, келиб-кеттик.

Тонг хирқасида эски йўлларга видо айтиб,
“Хуш қо-ол!” дебон соғу сўлларга видо айтиб,
Офоққа салом айлаб, елларга видо айтиб,
Боғларда намозшомлар гулларга видо айтиб
Маъсум бу туманзорга, эй Ёр, келиб-кеттик,

Эй Ёр! Келиб-кеттик маъсумга сафар айлаб,
Шабнамни шароб айлаб, ҳам дийдани тар айлаб,
Қушларга ҳавас айлаб, кўнгилни-да тайр айлаб,
Оҳу ила сайр айлаб, гулларга назар айлаб,
Бешиква-ю безорга, эй Ёр, келиб-кеттик,

Кеттик вале охирда комдан узиб уммидни,
Саҳрога кўниб сўнг, бўстондан узиб уммидни,
Дунёсига қўл силтаб, ондан узиб уммидни,
Кўнгилни узиб жондан, жондан узиб уммидни,
Дилкуш ва дилозорга, эй Ёр, келиб-кеттик.

Эрк эрди таманноси, эй Ёр, юрак тўлди,
Ойлар каби жим тўлди, гуллар каби жим сўлди,
Эрк ваъда этиб дунё хунларни ичар бўлди.
Эл жисмини кул айлаб гулларга сочар бўлди
Эрк отли бу мозорга, эй Ёр, келиб-кеттик…

Нодира ОФОҚ
Қайғу чекма зарра забунлик учун,
жон — хас-хашак инни тарк этган қушдир...

Асқар МАҲКАМ