Yoshlar kundaligi | Rasmiy
109K subscribers
12K photos
6.98K videos
51 files
16.3K links
Муаммо борми, шу ерга ёзинг👉: @yoshlar_kundaligi_bot

Тижорий ҳамкорлик учун: @Marketolog_YK

Видео ва овозли хабарлар юбориш учун👉:
@Yoshlar_aloqada_bot

Расмий веб сайт: yokun.uz
Download Telegram
​​#Таҳлил

🤝 ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИ: ҚАЧОН? ҚАЕРДА? НИМА УЧУН?

📌 8-9 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн олтинчи саммити бўлиб ўтади.

Ташкилот тарихи

📜 Ташкилот 1964 йилда Эрон, Покистон ва Туркия томонидан "Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш" номи билан тузилган. 70-йилларда ички минтақавий савдо сусайиб кетиши оқибатида ўз фаолиятини тўхтатган. 1985 йилда Теҳрон шаҳрида "Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти" номи билан қайтадан ўз фаолиятини бошлади.

1992 йил 28 ноябрда Исломобод шаҳрида аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг фавқулодда йиғилишида Ўзбекистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Афғонистон ИҲТга аъзо бўлди.

Асосий мақсади

🔰 Ташкилотга аъзо бўлган давлатлар ўртасида иқтисодий алоқаларни, шу жумладан, савдо-сотиқни кенгайтириш, ҳар бир аъзо давлатда иқтисодий ўсиш ва аҳолининг турмуш даражасини кўтариш учун шарт-шароитлар яратиш, аъзо давлатларнинг маънавий ва маданий алоқаларини кучайтиришдир.

ИҲТ ва Ўзбекистон

🇺🇿 1992 йилдан буён Ўзбекистон ташкилот аъзоси. Шавкат Мирзиёев ташкилотнинг 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган 15-саммитида нутқ сўзлади. 2022 йилда Ўзбекистон илк бор мазкур халқаро тузилмага раислик қилди.

Тошкентдаги саммитга кимлар келмоқда?

🇦🇿 Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев;
🇮🇷 Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий;
🇵🇰 Покистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар ул-Ҳақ Какар;
🇰🇿 Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев;
🇰🇬 Қирғизистон Президенти Садир Жапаров;
🇹🇯 Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон;
🇹🇷 Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған;
🇹🇲 Туркманистон Республикаси Президенти Сердар Бердимуҳамедов.


📍Cаммитнинг барча тадбирлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Yoshlar kundaligi
​​#Таҳлил

💡 ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИ КИМ ҚАНДАЙ ТЕЖАМОҚДА?

Бугун - "Халқаро энергияни тежаш куни". Шу муносабат билан Ғарб давлатлари тажрибасига назар солдик.

🇪🇸 Испания

Жамоат бинолари, кинотеатрлар, ишхоналар ва меҳмонхоналарни ёзда 27 даражадан паст совитиб, қишда 19 даражадан юқори иситиш мумкин эмас. Биноларда энергия сарфини камайтириш учун айрим ҳолларда ходимларга уйда ишлашга рухсат берилади.

🇫🇷 Франция

Францияда соат 1:00 дан 6:00 гача ёритгичли рекламаларни ёқиб қўйиш тақиқланган. Маиший техника воситаларидан фойдаланишда ҳам чекловлар бор.

🇮🇹 Италия

Энергияни исроф қилганлик учун қатор жарималар жорий қилинган. Хусусан, корхона, ташкилот ва идораларда электр сарфи бўйича қоидабузарлик аниқланса 3000 еврогача жарима солинади.

🇧🇪 Бельгия

Бу мамлакатда айбдорларни жазолашдан кўра, тежамкорларни рағбатлантириш усули қўлланилади. Қуёш батареялари ва шунга ўхшаш қурилмалардан фойдаланадиган ҳар бир кишига қўшимча қиймат солиғи 21 фоиздан 6 фоизга камайтириб берилади.

🇲🇽 Мексика

23 миллионга яқин энергия тежовчи лампочкаларни бепул тарқатиш орқали тежамкорлик бўйича самарадорликка эришилди. Маълумот ўрнида, 5,5 миллиондан ортиқ оилалар доимий равишда энергия тежовчи лампочкалардан фойдаланади.

📌 Сиз бир ойда қанча электр энергияси сарфлайсиз?

Yoshlar kundaligi
#Таҳлил

🔔 ДУНЁ ЎҚУВЧИЛАРИ ТАНАФФУСНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗАДИ?

🌏 Барча мактабларда танаффус бор. Аммо ҳамма уни ҳар хил ўтказади. Кўрайлик-чи, қайси давлат тажрибаси фойдали экан. Балки, биз ҳам синаб кўрармиз.

🇯🇵
Япония

Дарслар орасидаги танаффус 10 дақиқадан. Тушлик учун 1 соат ажратилган. Ўқувчилар танаффусни асосан кутубхонада ўтказишни маъқул кўради. Сўровномаларга кўра, япон ўқувчилари учун китоблар ичида бўлиш энг ёқимли ҳордиқ чиқариш экан.

🇫🇮 Финляндия

Ҳукумат мактаб ҳовлисидаги асфальт ўқувчи руҳиятига салбий таъсир кўрсатади деб ҳисоблайди. Шунинг учун мактаб атрофи яшил майдонлар билан ўралган. Ўқувчилар ҳар бир дарсдан кейин 15 дақиқалик танаффусни шу майсазорларда ўтказади.

🇨🇳 Хитой

Дарслар 1,5 соатдан, танаффус эса 10 дақиқа. Учинчи соатдан сўнг тинчлантирувчи мусиқа остида кўз машқлари бажарилади. Куннинг иккинчи ярмида умумий бадантарбия ўтказилади. Шунингдек, тушликдан кейин қисқа уйқу ҳам жорий қилинган.

🇫🇷 Франция

Дарслар давомийлиги мавзуга қараб 55 дақиқадан 2 соатгача давом этади. Танаффуслар эса 15 дақиқагача. Куннинг ўртасида икки соатлик тушлик танаффуси ҳам бор.

🤔 Сиз ўқувчиларга танаффусда нима билан шуғулланишни тавсия қиласиз?

Yoshlar kundaligi
#Таҳлил

🌏 ДУНЁ ВА 2023 ЙИЛ: МУАММОЛАР, САБАБЛАР ВА ОҚИБАТЛАР

 
🔥 Жаҳон сиёсати қалтис аҳволда. АҚШ ва Европада иқтисодий таназзул кутилмоқда, Хитой эса сўнгги йиллардаги энг секин ўсишни бошдан кечирмоқда. Россия-Украина можароси ортидан энергия нархи кўтарилди. АҚШ бунга жавобан қайта тикланувчи энергия манбаларини рағбатлантиришни бошлади ва инвестиция имкониятларини тақдим этди. Дунёда яна нималар бўлмоқда?

📌 Ушбу мақолада ўқишингиз мумкин:

Россия-НАТО-Украина ҳамда АҚШ-Хитой муносабатларига бир назар;

Глобал иқлим муаммолари, энергия танқислиги, киберҳужумлар ва дунё сиёсати;


Катта ва кичик давлатлар нима қилиши керак?

Қалъани ичидан очмаса ташқаридан ҳеч ким киролмайди.


🔰 КИРИЛЛ ЁЗУВИДА ЎҚИШ

🔰
LOTIN YOZUVIDA O'QISH

Yoshlar kundaligi
#Таҳлил

🏥 ДАВЛАТ ВА ТИББИЁТ ДАВОЛАНИШ ҚАЙСИ ДАВЛАТДА ҚАНЧАГА ТУШАДИ?

🇺🇸 АҚШ

👉 Америка орзулар ўлкаси, аммо у фақат соғлом орзумандларни севади. АҚШ медицина соҳасида дунёда етакчи бўлса ҳам фуқароларига тиббий хизмат учун ҳеч қандай имтиёз бермайди. Давлат шифохоналари ҳам пуллик хизмат кўрсатади. Даволаниш нархлари жуда қиммат. Масалан, гипслаш хизмати 7500, шифохонада 3 кун ётиш эса 30 000 АҚШ доллари.

🇫🇷 Франция

👉 Бу ерда ҳам барча тиббий хизматлар пуллик. Шунинг учун фуқаролар мажбурий тиббий суғуртага эга бўлиши шарт. Суғурта пули ходимлар маошидан мажбурий ушлаб қолиниб, йиғиб борилади. Шунда бемор даволаниш харажатларининг 70 фоизини суғурта жамиятидан олади, қолганини чўнтагидан тўлайди. Истисно тариқасида саратон каби оғир касалликлар тўлиқ суғурта ҳисобидан муолажа қилинади.

🇩🇪 Германия

👉 Мажбурий тиббий суғурта амалиёти жорий қилинган. Давлат ва хусусий шифохоналар нархида деярли фарқ йўқ. Чунки ҳукумат хусусий шифохоналарни назорат қилиб боради. Франциядан фарқли равишда суғурта пули мажбурий ушлаб қолинмайди. Аксинча, фуқароларнинг ўзи тўловни амалга оширади.

🇦🇪 БАА

👉 Амирликларда давлат томонидан очилган шифохоналарда хизмат бепул. Бироқ, шифокорлар етишмаслиги беморларни хусусий клиникаларга боришга мажбур қилади. Оғир формадаги беморлар тўлиқ давлат қарамоғида. Баъзи хусусий шифохоналар ҳам бундай беморларга текин хизмат кўрсатади.

🇯🇵 Япония

👉 Япония аҳолиси ихтиёрий равишда тиббий суғуртани танлайди. Франциядан бир фарқи — болалар учун харажатнинг 90 фоизини давлат тўлайди. Кам таъминланган фуқаролар ҳам давлат ҳимоясида.

Yoshlar kundaligi
#Танқид #Таҳлил

ҒАЛВИР СУВДАН КЎТАРИЛДИ: МАЪНАВИЯТ СОҲАСИ

Икки минг йигирма учинчи йил Тошкент вилоятида маънавият соҳаси учун юксалиш йили бўлди. Барча шаҳар ва туманларда Маънавият хоналари, маънавият марказлари очилди. Тантанали маросимлар бўлди, ленталар қирқилди. Энди халқимиз гурас-гурас маънавият масканларига оқиб келмоқда, юксак маънавиятли бўлиб кетмоқда. Узр, тасаввурга эрк бериб юбордим.

🔥Катта тажрибали раҳбар Сайёра Файзиева бу вилоятда тизимга бошчилик қилиб келмоқда. Маънавий тадбир ва ташвиқотлар сони ортди. Сифати ҳам ўтган йиллардан ижобийроқ салмоққа эга. Юқори эшелонда Ёшлар ва маънавият ягона раҳбарлик остида бирлаштирилгани ижобий самара берди. Ёшлар ўртасидаги тарғибот ишлари кучайтирилди, янгича мазмун, руҳ олиб кирилди.

🤔 Бир қараганда, бари бинойи. Аммо, тарғибот усули ва воситаларида анъанавий ёндашувлар устуворлиги самарадорликка таъсир қилади. Афсуски, бу фикрни ўлчайдиган, кўрсатиб берадиган мезон, асбоб йўқ. Учрашувлар, юзма-юз мулоқотлар, анжуманлар, давра суҳбатлари ҳам керак, уларнинг ўз ўрни бор. Бироқ, ўрта ва ёш қатлам учун бунақанги форматнинг қизиғи аллақачон йўқолган.

📔Маънавият ва маърифат соҳаси ижро органи, берилган топшириқнинг моҳир ижрочиларидан таркиб топган уюшма эмас. Бу соҳа рамкалардан чиқишни, топшириқларга ижодкорона ёндашувни, новаторликни талаб қилади. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ташаббускорлик, янгиликка ўчлик ҳар қадамда сезилиб туриши лозим. Сайёра Файзиева – номенклатура одами, ижродан чиққан кадр. Тушундингиз, деб ўйлаймиз.

‼️2023 йилда тарғибот ишида илмий доираларнинг машҳур вакиллари билан ҳамкорлик йўналиши яхши ишламади. Йил якунлари билан жойларда ўтказилган маънавият кенгашларининг ҳисобот йиғилишлари... айрим ҳудудларда расмиятчилик учунгина ўтказилди. Янгийўл шаҳридаги ҳисобот йиғилишига таклиф қилинган "Ёшлар кундалиги" жамоаси жойига боргунча, мажлисни 15-20 дақиқада нимадандир чўчиб, юмалоқ ёстиқ қилиб тугатиб қўя қолишган. Бўстонлиқ туманида эса бу йиғилиш ҳали ўтказилмаган.

🧮 Шуларга қарамай Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти жамоаси ўз тарихидаги энг яхши йилни ўтказди. Бунда раҳбарнинг обрўси ва талабчанлиги катта аҳамиятга эга бўлди.

Абдулазиз Мусаев,
"Ёшлар кундалиги" шарҳловчиси.


Yoshlar kundaligi
#Таҳлил

ДУНЁ ТАЖРИБАСИ: ЎҚУВЧИ САБАБСИЗ ДАРСГА КЕЛМАСА ...

🇺🇿Ўзбекистонда таълим соҳасида назорат янада кучайди. Давомати паст бўлган ўқувчилар назорати Миллий гвардия ходимларига юклатилди. Қолаверса, чақирув тугмалари ўрнатилмоқда. Хўш, бу борада дунё мактабларида вазият қандай?

🇺🇸АҚШ

Америкада давоматни назорат қилишнинг ўзгача усули жорий этилган. Маълум бўлишича, ўсмирнинг қаердалигини кузатиш учун ҳулқи ёмон ўқувчилар камарига GPS-навигатор ўрнатилган.  АҚШ ҳукумати ушбу дастурни амалга ошириш учун катта миқдорда пул ажратган.

🇬🇧Буюк Британия

Эрталаб дарс бошланишидан олдин мактаб дарвозалари ёпилади. Кеч қолганлар қабулхонага бориб, кечикиш сабабини тушунтиришлари керак. Шунингдек, ўқувчилар дарс пайти таълим муассасасини тарк этишлари мумкин эмас. Фақат ота-онанинг ёки васийнинг ёзма илтимоси ва директорнинг рухсатига кўра жавоб берилиши мумкин. Бўлмаса 2500 фунтгача жарима ёзилади. Агар жарима 28 кун ичида тўланмаса, иш судга оширилади.

🇦🇹Австрия

6 ёшдан 15 ёшгача мактабда ўқиш мажбурийдир. Агар мактаб ўқувчиси бесабаб кетма-кет уч кун дарс қолдирса, ота-оналар 110 евродан 400 еврогача жарима ёки икки ҳафтагача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Мамлакатда узрли сабабларсиз уч мартадан ортиқ дарс қолдириш маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади. Болани таълим жараёнидан бир муддат олиб кетиш учун ота-оналар тегишли асосларни кўрсатиб, ариза ёзишлари керак. Агар боланинг дарсга келмаганлиги сабаби кўрсатилмаган бўлса ва ота-оналар муассаса юборган сўровга жавоб бермаса, уларнинг фарзандлари мактабдан ҳайдалади.

🇮🇹Италия

Бошланғич мактабдаги фарзандларини сўроқсиз олиб кетган ота-оналарга 30 еврогача жарима солинади. Лекин хусусий мактабларда бу бироз осонроқ кечади. Аммо агар дарсда йўқлиги ўқувчининг ўзлаштириш жараёнига таъсир ўтказса, у ўқув йилини қайтадан бошлашга мажбур бўлади.

🇪🇸Испания

Испанияда мактаб ўқувчиси сабабсиз равишда кўп дарс қолдирса, унинг ота-онаси уч ойдан олти ойгача озодликдан ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Огоҳлантиришсиз дарс қолдирганлик учун 1500 еврогача жарима тўланади.

🇸🇪Швеция

Бошланғич мактаб ўқувчиларига "саёҳатлар, оилавий байрамлар ёки диний байрамлар" учун қисқа муддатли таътил берилиши мумкин. Шу билан бирга, бу ўқув йили давомида 10 кундан ошмаслиги керак. Боланинг мактабдаги ўзлаштириши ва хулқига қараб таълим муассасаси раҳбари бу таътилга рухсат бериш ёки бермаслик ҳақида қарор қабул қилади.

Анора Абдурашидова тайёрлади.

Yoshlar kundaligi
#таҳлил

ОИЛА ҚУРМОҚЧИМИСАН, КЎЧАТ ЭК! АЖРАШМОҚЧИМИСАН, КЎЧАТ ЭК!

🌍Ажрим - глобал муаммолардан бири. 2023 йил таҳлилларига кўра, Тошкент вилоятида 4 826 та ажрим ҳолати қайд этилган. Хўш, бошқа давлатларда ажрим қандай тартибда йўлга қўйилган? Келинг, дунё тажрибасига назар соламиз.

🇪🇬Миср


Мисрда агар суд ажралиш учун жиддий сабаб йўқлигини аниқласа, эр собиқ хотинини яна 2 йил боқишга мажбурдир. Айтганча, бу мамлакатда ажрашгандан кейин аёл ўз мулкини талаб қила олмайди. Мол-мулкнинг ҳаммаси йигитники ҳисобланади. Шунинг учун ажрашгандан сўнг аёл том маънода кўчада қолиши мумкин.

🇮🇩Индонезия

Ажрашмоқчи бўлган турмуш ўртоқлар миллий ўрмонларни қайта тиклаш дастурини қўллаб-қувватлашлари керак. У ерда қонунга кўра, эр-хотинлар никоҳдан ажралишдан олдин камида битта, никоҳдан ўтаётганда эса 10 тагача дарахт экишлари шарт.

🇦🇺Австралия

Жуфтликлар ажралишдан олдин бир йил давомида алоҳида яшашлари керак. Агар бу вақт оралиғида эркак ва аёл қисқа муддатга ярашиб, кейин барибир ажрашиш учун ариза беришга қарор қилсалар, ажрим учун берилган муддат яна  нолдан бошланади.

🇲🇿Мозамбик

Мурожаат қилиш муддати - 1 ой. Агар ажралиш тўғрисидаги қарор ўзаро бўлса, унда ҳамма нарса бир неча ҳафта ичида ҳал қилинади. Агар томонлардан бири рози бўлмаса, ажралиш жараёни олти ойгача давом этиши мумкин. Бу ерда болалар билан ҳам алоҳида суҳбат қурилади. Одатда бола она билан қолади. Шунингдек, отаси вафот этган тақдирда мерос болаларига ўтади.

🇸🇪Швеция


Агарда ўртада фарзанд бўлмаса, ажрашиш жараёнлари узоқ муддатга чўзилмайди. Бироқ уларнинг 16 ёшгача бўлган болалари бўлса, унда суд икки йилгача муҳлат бериши мумкин. Швецияда ажрашгандан кейин деярли ҳеч ким фарзандини онасига ташлаб қўймайди, балки алмашган ҳолда уларни бирга тарбиялайди, харажатларни баҳам кўради ва алимент ундиришга ҳожат йўқ.

🇹🇷Туркия

Ўзаро келишув ва низолар бўлмаган тақдирда, собиқ турмуш ўртоқлар ажрим хатини 2-3 ой ичида олишади. Агар низолар бўлса, шунингдек, турмуш ўртоқлардан бири ажралишга рози бўлмаса, жараён 4 йилгача давом этиши мумкин. Кўп ҳолларда ёш болалар онаси билан қоладилар. Мулкни бўлиш формуласи "50/50" дир.

P/s. Сизнингча, ажрим ҳолатларининг олдини олиш учун нима қилиш керак?

Анора Абдурашидова тайёрлади.

Yoshlar kundaligi
#таҳлил

ДУНЁ ТАЖРИБАСИ: ДАРАХТ КЕСДИНГМИ? 10 ЙИЛ КЎЧАТ ПАРВАРИШЛАЙСАН!

Маълумотларга кўра, инсоният томонидан ҳар йили 15-18 миллион гектар ўрмон йўқ қилинар экан. Бу ўз-ўзидан экологиянинг сезиларли даражада ёмонлашувига олиб келади. Хусусан дарахтларнинг тартибсиз ва ноқонуний равишда кесилаётгани сабаб Тошкент дунёдаги ҳавоси ифлосланган шаҳарлар ўнталигига киритилди. Хўш, бугун дунё мамлакатлари "дарахт қотиллари"га қарши қандай курашмоқда? Келинг, уларнинг тажрибасига назар соламиз.

🌳Франция. Мамлакат ҳудудининг 28,6%  ўрмонлардир. Дарахтларни кесиш учта Кодекс билан қатъий тартибга солинади: атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва ўрмон хўжалиги. Дарахтни рухсатсиз кесиш учун минимал жарима миқдори 1200 еврони ташкил қилади. Шаҳарсозлик кодексига кўра, бино қурилиши вақтида дарахтлар кесилган тақдирда ҳуқуқбузарлар ҳар бир квадрат метр майдон учун 6000 евро тўлашлари шарт. Такрорий ҳуқуқбузарлик учун жаримадан ташқари 6 ойгача қамоқ жазоси ҳам бор. Ўрмонда диаметри камида 20 сантиметр бўлган дарахтни рухсатсиз кесиш уч йил қамоқ ва 45 минг евро миқдорида жарима билан жазоланади.

🌳АҚШ. Мамлакат ҳудудининг 33,9% ни ўрмонлар ташкил этади. Бу ердаги ҳар бир шаҳар ва туманда “Дарахтларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Низом қабул қилинган. Жиноят кодексига кўра, дарахтни ноқонуний кесиш ёки қасддан шикастлаш жаримадан ташқари бир йилгача қамоқ жазоси билан ҳам жазоланади. Рухсатсиз дарахтларни кесиш учун жарималар 500 дан 10 000 долларгача, баъзи штатларда 100 000 долларгача етиши мумкин.

🌴Буюк Британия. Ўрмон майдони мамлакат ҳудудининг 13,2% ни ташкил қилади. 2023 йил 1 январдан кучга кирган “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, дарахтни ноқонуний кесган шахс 10 йил давомида кўчат ўтқазиб, парвариш қилиши шарт. Буюк Британияда суд қарорини бажаришдан бош тортиш қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Ноқонуний кесилган ёғочни сотиш катта жаримага олиб келади.

🌴Саудия Арабистони. Ўрмонлар мамлакат умумий майдонининг атиги 0,5 фоизини эгаллагани сабабли, бу ерда дарахтларни ноқонуний кесиш жиддий жарима ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилади. Қонунга кўра, бундай ҳаракат 30 миллион риалгача (салкам 8 миллион АҚШ доллари) жарима ёки 10 йилгача озодликдан маҳрум этишга сабаб бўлади. Баъзи ҳолларда бир вақтнинг ўзида ҳам жарима, ҳам қамоқ жазоси белгиланиши мумкин. Бир йил ичида бу ҳолат такрорланса, жарима икки бараварга оширилади.

🌱Германия. Қонунчиликка кўра, ўрмонларни муҳофаза қилиш давлат ва ҳар бир фуқаронинг зиммасидаги мажбуриятдир. Дарахтга зиён етказиш амалдаги қонунчиликка ва кесилган дарахт турига қараб 50 дан 100 минг еврогача жаримага тортилади.Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги федерал қонун мартдан октябргача дарахтларни кесишни тақиқлайди. Шунингдек, шохларида қушлар ёки бошқа ҳайвонлар яшайдиган дарахтларга зарар етказиш қатъиян ман этилади.

🌴Россия. Ўрмонлар умумий ҳудуднинг 49,8% ни ташкил қилади. Россия Федерацияси қонунчилиги - камдан-кам истиснолардан ташқари - дарахтларни ўзбошимчалик билан кесишни, кесилмаган тақдирда ҳам унинг ўсишини тўхтатувчи ҳар қандай ҳаракатни тақиқлайди ва бунинг учун 300 мингдан 3 миллион рублгача жарима мавжуд. Жазонинг оғирлиги етказилган зарар миқдори ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларига, масалан, оддий фуқаро, юридик шахс, бир гуруҳ шахслар томонидан ёки мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилганлигига боғлиқ. Қонунчиликка кўра, жаримага қўшимча равишда 480 соатдан икки йилгача мажбурий меҳнат, муайян лавозимни эгаллашни тақиқлаш, 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш каби жазо турларидан бири тайинланиши мумкин.

Малоҳат Каримова тайёрлади.

Yoshlar kundaligi
#Таҳлил

ҲАРБИЙ ХИЗМАТ ФАҚАТ ЭРКАКЛАР УЧУН(МИ?)

Ҳарбий мажбурият аёлларга ҳам тегишли бўлган мамлакатлар ҳақида эшитганмисиз? Қуйида шулар тўғрисида сўз юритамиз.

🇮🇱Исроил

Бу мамлакатда аёллар ҳарбий хизматга боришлари шарт ва мажбур. Бироқ ҳамма ҳам армияга қабул қилинмайди. Ҳарбий хизматга чақирилганлар тиббий кўрикдан, психологик тестдан ва суҳбатдан ўтади. Ҳарбийлар сафига кирган хонимлар икки йил хизмат қилишади (эркакларникидан бир йил кам).

🇰🇵Шимолий Корея

Мамлакатда 17 ёшдан 23 ёшгача бўлган ҳар қандай қизга чақирув қоғози юборилади. Бу ерда хизмат муддати жуда узоқ. Аёллар учун етти йил, эркаклар учун эса ўн йил этиб белгиланган. Аёллар ва эркаклар турли бригадаларда хизмат қилишади.

🇳🇴Норвегия

Бу давлатда  2014 йил аёллар учун мажбурий хизмат жорий қилишган. Норвегия аёлларни ҳарбий хизматга жалб қилган биринчи Европа давлати ҳисобланади. Бу ерда чақирув ёши 19 ёшдан 45 ёшгача (эркаклар бир йил олдин чақирилади), хизмат муддати — 19 ойгача. Казармалар жинс бўйича бўлинмайди.

🇸🇪Швеция

2017 йилдан бери Швецияда эркаклар ва аёллар ҳарбий хизматга боришлари шарт.  Аёлларга 18 ёшдан бошлаб чақирув қоғози жўнатилади.  Швецияда номзодларни кўриб чиқадиган жиддий комиссия мавжуд. Ҳарбий хизматга судланган, оғир касал ва университет талабалари қабул қилинмайди. Хизмат муддати етти ойдан ўн беш ойгача.

🇹🇱Шарқий Африка

Аёллар эркаклар билан бир қаторда хизмат қиладиган бу мамлакптда хизмат муддати Исроилга қараганда бир оз камроқ - 1,5 йилни ташкил қилади. Хизматни ўташ олдидан улар тиббий кўрикдан ўтишлари шарт.

🇨🇳Хитой

Бу давлатда ҳам универсал чақирув мавжуд. Бироқ бу ерда ҳарбий хизмат мажбурий эмас, ихтиёрий ҳисобланади. Хитой армиясини асосан кўнгиллилар ташкил этади ва уларнинг сони Қуролли кучларнинг эҳтиёжларини қондиради.

🇩🇪Германия

Германияда қизларни ҳарбий хизматга жалб қилиш  2001 йилдан бошланган. Шу пайтгача аёллар асосан соғлиқни сақлаш ва ҳарбий оркестрларда ишлаб келган. Бугунги кунда ҳарбий хизматни ўтаётган аёллар сони 23 мингга яқин.

Анора Абдурашидова тайёрлади.

Yoshlar kundaligi
#Таҳлил #Шоу_бизнес

ШОУБИЗНЕСДА НИМА ГАП?

🎙 Кўклам нафаси ёшлардан ҳам аввал шоу-бизнес вакилларига таъсир қилди. Уларнинг сўнгги вақтлардаги ажаб савдоларига қисқача шарҳ ёздик, овора бўлманг деб, манбасини ҳам йиғиб чиқдик. Сизга эса баҳо бериш қолди, холос. Марҳамат!

1. ОЛТМИШНИ САҲНАДА УРГАН ПРИМАДОННАДАН "НОСТАЛЖИ"


Халқ артисти Юлдуз Усмонова ўзининг "Халқлар дўстлиги"да қўйган "Носталжи" номли концертини интернетга сиздирди. Дастурда асосан ретро ва юракка яқин қўшиқларга урғу берилган. Опаям умрини сарҳисоб қилибди, дейишга шошилманг. Янги қўшиқлар ҳам етарли. Қолаверса, примадоннамиз бу сафар ҳам ижтимоий тармоқларга шов-шув топиб берган. "Юлдузий" маърузалар ҳамон репертуарда. Хуллас, айтиб қўйсак концертнинг оҳори тўкилади. Яхшиси ўзингиз кўринг.

2. "ЕНГИЛ"ГИНА КОНЦЕРТНИНГ ОҒИР ҲАЗИЛЛАРИ

Саҳнага Отабек Муҳаммадзоҳид қўшиқларига тақлид билан кириб келган Элмурод Ҳақназаров бир муддат "Дизайн" жамоасида малака оширди. Кейин "рўзғорини бўлак қилиб" яккахон концерт беришга ўтди. Уч ҳафта олдин ютубга жойланган янги чиқиш 10 миллион марта томоша қилинган. Шоу-бизнес оламида уни Эрик Ҳайдар тахаллуси билан яхши танишади. Эрикжоннинг ҳазилларига ҳамма кулади, аммо тагидаги ним косани кимдир пайқайди, кимдир йўқ. Дарвоқе, ҳозирда унинг Instagram тармоғида 2 миллион, YouTube да эса 1 миллион кузатувчиси бор.

3. "МИЛЛИОН"НИНГ ЮЛДУЗЛИ ЮБИЛЕЙИ

Илк концертлариданоқ "запрет" таъмини тотиб кўрган "Миллион" жамоаси 2023 йилда ўн йиллигини нишонлади. Шоҳона концерт ҳам бердики, унча-мунча жамоаларнинг дами ичига тушиб кетди. "Миллион"чилар ўн йил фақат ўзини ўйламади. Бир бўлагидан "Браво"ни ясади, қолган "деталлар"идан "Космос", "Гап йўқ триоси" каби гуруҳчалар чиқариб, элга танитди. Жамоанинг ҳар бир аъзоси шоу-бизнес оламида яхшигина аудиторияга эга фигурага айланиб улгурди. Ютубга жойланган концерт дастури ҳам чаканамас. Ҳатто, Юлдузни саҳнага чиқариб қўйиб, кулдими энди тасаввур қилаверинг буёғини. Баракалла, "Миллион"ерлар!

4. ОЗОДА ҲАМДАМГА ЖОЙИНИ КЎРСАТИБ ҚЎЙДИ

Сўнгги вақтда миллий эстрадада Ҳамдам Собиров чиқишларига тақлид қилиш одат тусига кириб қолаётганди. Аммо биронта тақлид Ҳамдамчалик машҳур бўлолмади. Бундан таъсирланган қўшиқчи шу йўналишни маҳкам ушлаб инкубатор жўжаларидай бир хил клипларни қалаштириб ташлади. Аммо санъатнинг эгалари ҳали тирик. Озода опа шундай чиқди-да, потенциалининг ўндан бирини ҳам ишлатмай бамайлихотир "Кўк жигули" деган қўшиқ айтиб юборди. Натижа: клип икки ҳафтада 50 миллионга яқин кўрилиб, бутун дунё YouTube рейтингида 2-ўринга чиқиб олди. Нурсаидова хоним бундан аввал Лил Ҳуррамов, Элёрбек Мелибоевларга ҳам жойини кўрсатиб қўйганди. Устаси барибир уста экан. Бориям шу-да ўзи.

5. ПАРИЖНИ ЛОЛ ҚОЛДИРГАН ИЛЁС АРАБОВ

Диний-тасаввуфий руҳдаги қўшиқлари билан дунёга танилган британиялик хонанда Сами Юсуф Париж филармониясида концерт берди. Бутун дунё санъаткорлари оғзидаги овқатини ташлаб бўлса ҳам киприк қоқмай кузатди бу чиқишни. Ана шу катта саҳнада Сами Юсуф ўзимизнинг Илёс Арабов билан Навоий ғазалини куйлади. Буюк шоирнинг сўз сеҳри, юзлаб созларнинг жонли ноласи, икки санъаткорнинг булбулдай овози яратган атмосферани фақат санъатни қалб билан ҳис қиладиганлар тушунади.

6. СИЗ КАМ ЭДИНГИЗ ЎЗИ ЯХШИ АКТЁР ЯНГИ ВАЙНЕРГА АЙЛАНДИ

Муҳаммадисо Абдулхайиров инстаграмда ўзининг вайнерлик фаолиятини бошлаганини маълум қилди. Бу видео 10 кун давомида 6 миллион марта томоша қилинган. Лекин изоҳларнинг аксари "Сиз кам эдингиз ўзи, энди биз қайси актёрларни ҳурмат қиламиз" қабилида. Энди халқ фикри-да бу. Биз эса яхшиси индамаймиз. Ҳар холда ҳар кимнинг ўз ҳаёти бор ва у дахлсиздир. Аммо Муҳаммадисо ака аллақачон 750 минг кузатувчи йиғиб олганини айтиб ўтиш керак.

✍️ Сиз билан МИРЗО ОЗОД бўлди.

Yoshlar kundaligi