Yoshlar kundaligi | Rasmiy
114K subscribers
12K photos
6.97K videos
51 files
16.2K links
Муаммо борми, шу ерга ёзинг👉: @yoshlar_kundaligi_bot

Тижорий ҳамкорлик учун: @Marketolog_YK

Видео ва овозли хабарлар юбориш учун👉:
@Yoshlar_aloqada_bot

Расмий веб сайт: yokun.uz
Download Telegram
#Фикр

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ОИЛАСИГА ТАЪЗИЯ БИЛДИРДИ

Давлат раҳбарларининг обрўли, нуфузли шахслар оламдан ўтганда расмий таъзия билдириши бу мавжуд таомил эди. Шавкат Мирзиёев фаолиятининг илк йилларидаёқ бу таомил фақат матбуотда расмий таъзия билдириш билан чекланмай, расмий қобиқлардан чиқиб кетган эди.

Эсланг, Эркин Воҳид, Абдулла Ориф сингари ойдинларимиз вафот этганида уйларига бориб, фотиҳа ўқиб қайтганди. Ёки Президент қачон Самарқандга борса, устози, биринчи президент Ислом Каримов қабрига фотиҳага боради.

Кеча машҳур физик олим академик Беҳзод Йўлдошев вафот этган эди. Бугун Президент, Бош вазир биргаликда унинг хонадонига бориб, марҳумнинг оиласига таъзия билдиришибди. Ўзбекнинг катта олими вафотига ўзбекнинг йўлбошчиси шундай таъзия билдирди. Бу қадар куюнчаклик тасодифий эмас, Шавкат Мирзиёев аввал ҳам доим шундай бўлган.

Фаолиятимнинг маълум бир қисми Ўзбекистон Фанлар академиясида ўтган. Устозим академик Саид Шермуҳамедов оламдан ўтганида Шавкат Мирзиёев ўша вақтда бош вазир эди. Вафот этган кунларида домламнинг уйларига келиб, оила аъзоларига таъзия билдирган, хатми Қуръон худойисига ҳам келиб, ҳассакашлар сафида анча турган эди.

Давлат раҳбарлари олимларни қадрлаши, уларга эътиборли бўлиши жуда-жуда муҳим. Кундалик ҳаётимизнинг, қолаверса, жамият ижтимоий-сиёсий тафаккурининг том маънода ўзгариши ва янгиланиши фақат ўзимизнинг олимларга, уларнинг илмий ишларига боғлиқ. Айниқса, Ўзбекистон Фанлар академияси бу – ўзини академия деб ҳисоблайдиган қандайдир ўқув маскани эмас, биздаги ростмана ягона илмий академия мана шу! Академия ва ундаги заҳматкаш, улуғ олимлар миллий ғуруримиз, номусимиздир.

Олимнинг ўлими – катта мусибат. Айниқса, марҳум Беҳзод Йўлдошевдек йирик фан ташкилотчиси, ядро физикаси бўйича ноёб олим мамлакатимизнинг миллий бойлиги эди. Асл ҳақиқат шуки, асл олимлар ўлмайди. Улар ёзган асарлари, илмий ишланмалари, шогирдлари тимсолида яшашда давом этади. Қадрдон Фанлар академияси халқимизга яна чинорлар, улуғ олимлар етказиб бераверади.

Беҳзод Қобулов,
ЎзФА собиқ аспиранти


Yoshlar kundaligi
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
#Фикр

Унутмайсизми?

💠 Кумушбиби Ташкентга кетаётган севиклиси Отабекка қараб: "Унутмайсизми?", деган титраб-қалтираб. Романнинг шу жойи ҳаяжон билан ўқилади, тўйғуларингиз жўш уради.

🤚 Дейлик, солиқчи шўрлик сизга учрашиб, "Ер ва мулк солиғини вақтида тўлашни унутмайсизми?" деса тўрсайиб "Ҳа" дейсиз. Лекин, унутасиз, тез унутасиз. Эсламасликка тиришасиз.

🥺 Кейин шўрлик солиқчилар мактабга боради, болаларга айтади: шундоқ-шундоқ, жужуқлар, уйдагиларга солиқчи амакидан салом денг, солиқларни тўлаворишсин... Тепадаги видеода ҳам шунақа воқеа содир бўлган.

Ҳа, ҳурматли Болалар омбудсмани айтганидек, “Мактаб ўқув жараёни иштирокчиси бўлмаган бегона шахсларнинг болаларга нисбатан ноқонуний талаблар қўйиши тақиқланади". Лекин, онлайн савдо чиқиб, солиқ тушуми кескин камайиб кетган шароитда мол-мулк солиғи ҳам ундирилмаса, бюджет баттар танг бўлишини ҳаммамиз деярли тушуниб қолдик.

😐 Алам қиладигани, бечора солиқчиларимизда мана шу тарқатма материалдан бошқа самаралироқ усул йўқ. Ташқарида эса 21 аср.

Yoshlar kundaligi
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
#Фикр

Хусусий мактабнинг муаммоси хусусий эмас – умумий!


⛔️ Бухоро мактаби йўқ!

Кейинги вақтда "Бухоро мактаби", "Қоракўл мактаби", деб номланган хусусий таълим ташкилотлари кўпайди. Тушунган одам учун мактабларнинг бундай номланишиёқ савия ҳаминқадар эканлигини билдиради. Чунки Бухоройи Шарифнинг илмий шуҳрати оламга маълум-у машҳур. Бироқ гап айнан қандай мактаб ҳақида кетаётгани баён этилиши керак. Ҳатто ўша Тўхтамурод Жумаев асос солган машҳур мактабнинг номи ҳам "Математика фанини ўргатишга ихтисослашган Қоракўл махсус мактаби"дир. Бундан кўринадики, мақсад – Қоракўлдаги ҳақиқий мактабнинг оламшумул шуҳратига шерик бўлиш, вассалом.
Ахир Олмалиқ мактаби, Тошкент мактаби, Бўка мактаби бўлиши мумкинмас, бу оддий аксиома.

💠 Методика

Гап хусусий мактаблар ҳақида кетар экан, унинг оддий мактабдан фарқи нимада эканлигини тушуниб олишимиз керак. Дарсликлар, турли фанлардаги билимлар мажмуи ўша-ўша. Қонунлар, қоидалар, теоремалар бир хил. Унда фарқ нимада?
Фарқ иккита жиҳатда бўлади: методика ва қўшимча воситалар билан жиҳозланганлик. Методика – ўқитувчининг ноёб қуроли. Педагогик олийгоҳларда тўрт йил асосан таълим методикаси ўргатилади. Яъни билимни болаларга етказишнинг турли усуллари ўргатилади. Ва педагогнинг асосий иш қуроли унинг методикасида бўлади. Қўшимча жиҳозлар эса: лаборатория, замонавий хариталар ва бошқалар бўлиши мумкин. Хўш, хусусий мактабларда, педагогика институтларини ҳали битирмаган, методика ҳақида тасаввури йўқ ёшлар дарс бериши мумкинми? Йўқ ва яна бир марта йўқ. Бундай муаллимларнинг болани такрорлаш, руҳан эзиш эвазига мавзуни ёд олдиришга қурби етади холос. Бундайлар болада билимга муҳаббатни уйғота олмайди. Хусусий таълимда бола билан шуғулланишга вақт кўпроқ бўлгани учун такрорлаш усулидан кўп фойдаланилади. Бу натижа беради, аммо узоқ истиқболда болада безиллаш кайфиятини ўстиради.

🫂 Непотизм (қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик)

Хусусий таълимнинг энг ёқимсиз жиҳати – непотизм. Мактабдор кўп ҳолларда ўз атрофига қариндошлари, дўстлари, шогирдларини йиғиб олади. Давлат мактабларида қаттиқ қораланадиган бу иллатлар нима учун хусусий мактабларда оддий ҳол бўлиши керак? Ходимларни ишга олиш тартиби ҳақида ота-оналар олдида ижтимоий масъулият йўқ. Яна бир машҳур хронология: мактаб иши сал оёққа туриши билан таъсисчи ишдан ўзини четлатади, ўрнига ўзига қарашли битта "шолғом"ни директор этиб тайинлайди ва ўзи асосий вақтини саёҳатларда, дам олишларда ўтказади. Чунки "результат" бор, мактабга талаб катта, таълим бизнеси даромадли соҳа, хуллас, ҳаммаси бир қарашда – окей. Бундай мактаблар молиявий шаффофлик, очиқликка ўз рейтинги, обрўси учун ҳам амал қилиши керак, шунингдек, бериладиган чеклари қатъий солиқ реестрида турадиган чек бўлиши шарт.

📚 Кузатганларим. Математика ва адабиёт.

Математика ва адабиёт бир-биридан узоқ туюлса ҳам, аслида жуда яқинлик бор. Шунинг учун ҳам дунёнинг энг машҳур математиклари айни пайтда адабиётчи бўлишган. Масалан, Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Али Қушчи, Умар Ҳайём, Улуғбек, Ломоносов, Да Винчи ва ҳоказо. Чунки математика ва адабиёт битта нарса – абстракт тафаккур устига қурилган. Яъни киши ўзи кўрмаган, муқобили бўлмаган нарсани тасаввур қилади. Шу жиҳатдан мен фарзандимга хусусий мактабда ўқитилаётган адабиёт дарсини мунтазам кузатдим, аҳволни ўнглашга интилдим. Бироқ "Бухоро мактаби" номли Олмалиқдаги хусусий мактабдан фарзандларимни қайтариб олиб, қизиқишларига кўра, бирини Тошкент шаҳридаги хусусий мактабга, қизимни эса оддий давлат мактабига қайтардим. Бу – менинг танловим.

🫥 Хулоса

Бугун Тошкент вилоятида "Бухоро мактаби", "Қоракўл мактаби" деб номланган ўндан ортиқ таълим даргоҳлари бор. Илтимос, аввало, мактаб номини тўғри ёзинглар. Қолаверса, фарзандига юқори таълим беришга орзуманд халқимизга сифатли таълим беринглар. Боланинг олий ўқув юртига ўқишга кириши эмас, билимли кадр бўлиши муҳимроқ. Бугун меҳнат бозорида дипломли қоқбошлар жуда кўп. Ташкилотингизни непотизмдан тозаланг, молиявий шаффофликка интилинг. Илтимос. Ахир ниятингиз яхшику.

✍️ Беҳзод Қобулов,
журналист
.

Yoshlar kundaligi
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
#Фикр

Кимга якун, кимгадир старт


Сентябр келди. Ёз пишиқчилиги тугаб, мезон учар маҳалга яқин яна бир палла йиғим-терим бошланади. Ҳа, бу мавсум аксар ишларда якуний, баъзиларида эса бошланиш пайтидир.

Гапни чўзиб нима қилдим, Республикадаги барча босма нашриётлар "...кейинги йили яна миллатимга, халқимга зиё улашай" илинжида янги йиллик обуналарни бошлаб юборади. Аксига олиб, бизникилар ҳа, деганда обуна бўлавермайди, жа бир аччиқ ютум билан айтганда жуда кўп одам газет ва журналларга обунани тўхтатиб қўйди.

"Кўча журналист"лари

Охирги йилларда сўз эркинлиги юмшаб, одамлар истаган ерида истаганича гапириб бошлаганидан буён сал гапни гапга улайдиган шоввоз "блогер" бўлиб оляпти. Энг қизиғини биласизми, улар ўзларини "журналист" атаб, кўча-кўйда одамларнинг муаммоларини "ёритиш", "ҳал қилиш"ни маълум бир сумма (алоҳида прейскурант билан) эвазига бажаряпти. (Тўғри-да, уларники ҳам тирикчилик, бола-чақа дегандек).
Бу типдаги блогерлар шу қадар кўпайиб кетдики, айримлари фирибгарлик қилиб, одамларни чув тушириб, қамалиб ҳам кетяпти.

Босма нашрлар обунаси

Масалан, бирорта босма нашрнинг йиллик бюджетини 200 млн сўм, деб олсак, "кўча журналисти"га зиёдаси билан бераётган ҳам ўзимиз-да, тағин кўча-кўйда ўзингни журналист дейишга ҳам қўрқасан, "нега фалон муаммони ёзмайсан?", деб маломат қилишларидан чўчиймиз-да.

Журналистика халқники бўлиши керак. Хулоса

Босма нашрлар, ўзи умуман журналистикани халқ таъминлаши — обуна бўлиши керак, шундагина улар халқ учун кўпроқ хизмат қила олади, юқорида айтган блогерлар олиб чиқаётган масалани профессионалроқ қилиб кўрсатиб беради эгаларига. Шундай экан, журналист қолиб, "шантаж" блогерларга пул сарфламанг. Ундан кўра йилда иккита ё учта газета-журналга обуна бўлсангиз, бу жамият ва оилангиз маънавий ривожига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди, муҳтарам ўқувчи.

Yoshlar kundaligi
#Фикр

🧮 Ментал арифметика бу – математика эмас, шунчаки тез ҳисоб-китоб қилиш усули.

🧠 Телевизорда баъзи болаларнинг сонларни тез қўшиб-айираётганини кўрамиз. Бу ҳам инсон миясининг имкониятларидан бири. Худди компьютерда тез ҳисоблагандай гап. Бунда асосан алгоритмнинг элементар бир усули ўргатилади.

‼️ Бироқ бу ўқувчининг математикани яхши билишини кўрсатмайди. Улар теоремаларни яхши тушунмайди. Мантиқий масалани ечишда ҳам ментал арифметикани қўллаб бўлмайди.

Мияни чархлаш учун бироз шуғулланиб кўрилса зиёни йўқ. Ўйлашимча, ҳаммани ментал арифметикага жалб қилиш мақсадга мувофиқ эмас.

✍️ Шавкат Аюпов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, академик


📖 "Жадид" газетасининг 2024 йилдаги 25-сонидан

Yoshlar kundaligi
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
#Фикр

Сайлов 2024: кимлардан эҳтиёт бўлиш керак?


📣 Сайловга оз қолди. Депутатликка номзодлар сараланмоқда, бугун партиялар офисларида иш қизғин, ўтган йиллардан сабоқ чиқариб, Олий Мажлисга, Халқ депутатлари вилоят, туман ёки шаҳар кенгашларига номзодларни рўйхатга олиш ишлари якунига етказилмоқда.

Хўш, бу сайловда кимлардан эҳтиёт бўлиш керак? Келинг, шу ҳақида четдан қараб, мулоҳаза юритиб кўрамиз.

1️⃣ Энг аввало, давлатнинг камчиликларини кўрсатиш, унинг олдини олиш учун ваколати доирасидаги таъсирчан механизмлар, адекват дискусс йўли билан эмас, оммани чалғитиш билан ҳаракат қиладиган сохта реформаторлардан чарчадик. Депутатнинг асосий минбари ижтимоий тармоқ эмас, парламент ёки маҳаллий Кенгаш минбаридир.

2️⃣— Депутатликка номзодларнинг руҳий соғломлиги, жинни эмаслиги ҳақида аниқ-тиниқ хулоса олиш керак. Чунки, сайловдан амаллаб ўтиб олган жиннилар YouTube'да томоша кўрсатиб юрибди, баъзилари эса кейинчалик мияси айниб, ҳар турли гаплар айтиши, ўзбек халқини, давлатимизни обрўсизлантириши катта зиён бўлди.

3️⃣— Давлатчилик асослари, ҳуқуқ назарияси ва мантиқдан оз-моз хабардор инсонлар депутат бўлсин, илтимос. Минбарлардан туриб янграётган тутуриқсиз таклифлар халқни ҳолдан тойдиради, депутатлик мандатини мансабдорлар билан курашиш воситаси қилиб олган лўттивозларнинг томошасидан тўйдик.

4️⃣Қариндош-уруғ, ошна-оғайнилардан иборат тўданинг бирон шаҳар ёки туман маҳаллий Кенгашини эгаллаб олиши бу ерда ижро ҳокимияти ишини орқага тортади холос. Сайловдан кейин де факто шаҳарда иккита ҳокимият вужудга келади, шайка ўз манфаатидан келиб чиқиб, раҳбарларни чилдирма чалиб ўйнатади. Шу шартмас бу сафар. Тўйдик "уже".

5️⃣— Маҳаллий кенгашларнинг йиғилишларини ҳам жонли эфирда намойиш қилиб бориш тартибини йўлга қўйсангиз, илтимос. Чунки депутатнинг ҳақиқий савияси сессияда билинади, кўринади. Кўчада сайраб, сессияда пусиб ўтирадиганларни халқ кўрсин.

Yoshlar kundaligi
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
#Фикр

СЕН КИМСАН?


Эрталаб

Эрталаб турасан ва телефонингни хотининг текширмаганига шукр қилиб, ҳожатга кириб кетасан. Сассиқ хонада ярим соат ўтириб, телефон ковлайсан, футбол сайтларидан тортиб инстаграмгача кўрасан. Кейин опош бўлиб, дастурхонга ўтирасан ва яна иккала кўзинг телефонда. Кичкина ўғлинг телефоннингни сўраса, уришиб берасан. Ақллисан.

Иш. Ўйин. Ютуб


Ҳаммани ўзингга қаратиб ишга жўнайсан. Иш соатинг ютубдан бошланади. Кириш қисмига қизиқарли видео кўрасан, орада телефондан ўйнашингга жимжимадор хатлар ёзасан. Қўшиқ эшитасан, ишлагиси келаётган одамдек ўзингни тутиб, бир нималар қиласан, эски расмларни кўрасан, Украина, Ғазодаги урушлар ҳақидаги охирги янгиликларни ўқийсан. Қорин таталаб кетдику, серрайиб тушликка чиқасан.

Тушлик. Ишга қайтиш


Официантдан маданият кутасан. Буюртмангни тўлиқ эслаб қололмаганидан жаҳлинг чиқади. Эсноқ босади. Сипо тортиб, костюмингни елкага ташлаб, яна ишхонага қайтасан. Вақт имиллаб ўтаяпти. Оқшом масаласини ҳал қилиш керак.

Соат тўрт ярим


Иш вақти тугашига бир соатдан кўпроқ вақт қолди. Ютуб кўриб чарчадинг. Ёғли овқат ҳазм бўлиб, уйқунгни келтиришни бошлади. Дераза олдидаги ётоқхонанг, ўрин-кўрпанг нимагадир эсингга келаверади, мудрайсан. Гоҳ телефонда, гоҳ компьютерда ўйин ўйнайсан, қизиқарли кўринган видеоларни бепарво томоша қиласан.

Соат олти


Кетиш олдидан бир-икки ташқарига чиқиб, бошқаларга кўриниб қўясан. Хоналарни айланиб, ҳамкасбларинг билан салом-алик қилиб, янгиликларни сўраб оласан, дўстона гурунглашасан тиржайиб. Раҳбар ишхонада бўлса, бирон ўлмас ёлғонни ишга солиб, мундай бир ташаббус билан бирровга шефни олдига кириб чиқасан. Унинг сенга муомаласидан мўлжал оласан, одатдагидек муомала қилса, демак мустаҳкамсан, ишларинг жойида. Кайфиятинг турғунлашади, ҳаётдан завқланишни истайсан. Яна хонангга кириб ютубда бирон кино ёки подкаст кўришни бошлайсан.

Соат саккиз. Оқшом


Уйга қайтишми керак? Ютуб кўраётганингда оёқларинг букланиб, ҳаракатсиз ўтираверганидан увишади. Телеграмда эса янги-янги хабарлар келаверади, спортчиларимиз сени хурсанд қилади. Боксчиларимиздан фахрланасан. Ҳаммадан фахрланасан. Уйга қайтасан ноаниқ кайфиятда. Хаёлингда фақат ухлаш. Кун ботиб тонг отиб, кунлар ўтаверади. Сен эса шундай илмилиқ бўлиб судралиб юраверасан. Шодланасан. Қувонасан. Йиғлайсан. Куласан.

Эртасига эрталаб


Кўзингни очиб, телефонга ёпишасан. Кўрпага ўраниб осмонга қараб ё-ёё-тасан хаёл сурииб. Ҳаёт қандайдир зерикарли. Ўйлаб қарасанг ҳаётингдаги энг ёқимли пайт тонгда уйғониб, янгича одам бўлиб ишга жўнаш. Шу ўрталиқда яшайсан. Уйдан ишхонага боргунча сен одамсан. Умуман эса воқеалар оқимига ўзини ташлаб юборган, ҳаётдан лаззатланишни севадиган, қўлидан бошқа иш келмайдиган ландовур эканлигингни сезмайсан. Сен кимсан ўзи, бадбахт?

Қўтир кўнгилнинг
ўртанишларини
Ҳорун Шоший
оққа кўчирди.


Yoshlar kundaligi
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
#Фикр

Шу туриб-туриб бу ғайир кўнгул бир қизиқ нарсаларни ўйлаяпти. Масалан, Париж олимпиадасида Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларини бир силкитиб қўйди. Спортдаги ғалабалар мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини, халқнинг кайфиятини белгилайди.

Хўш, кейин нима бўлди? Ижтимоий тармоқларда қирғиз ва қозоқ тилли ресурслар Остонада ўтган ўйиндан интрига чиқариб, кўпкари бўйича иккита йўналишда ким ғолиб бўлгани ва ҳоказо гаплар билан тармоқни тўлдириб ташлашди.

Эътибор беринг, шу оралиқда турнирнинг якуний жадвали тез-тез эслатиб турилибди. У ерда Ўзбекистон учинчи ўринда. Шунда нима бўлди? Йилнинг асосий ва катта мусобақасидаги ёрқин ғалабамизнинг қўшниларимиз орасидаги қизғин муҳокамасига нуқта қўйилдими? Ўҳ, Ўрта Осиё давлатларининг медиа майдонидаги киши билмас кураши, енг учидаги ўйинлари... барибир қизиқ-да! 

Аслида, кўчманчилар ўйинлари бу Олимпиададан анча паст савиядаги, чекланган турнир. Назаримда улар бизнинг тўйимизни бузишди, ўз халқини чалғитиш учун бошқа мавзу топиб олишди. Чунки, қирғиз ва қозоқ бовурлар интернетда спорт бўйича Ўзбекистоннинг ютуқларини мақтаб, ўзларининг раҳбарларига жиддий саволлар бериб туришганди.

Ҳай, булар бир гап бўлар. Мен айтдим-қўйдимда. Медиани яхшилаб кузатинглар. Жиддийроқ бўнглар, хўппа?))

Yoshlar kundaligi