Шойим ШЕРНАЗАР
45 subscribers
4 photos
1 video
7 links
Сен кимгадир керак бўл!
Сени кимдир тушунсин...
Download Telegram
Channel photo updated
***
Инсон туғилибди излар нимадир,
То тирик эканки, билмас ҳаловат.
Қидирар, ковлайди, топар жавоҳир,
Бунинг ҳаммасида матонат, меҳнат.

Туғилиш бор экан — улим бор албат,
Ҳар битта ҳилқатнинг бордир поёни.
Ахир, чекимизга ёзмаган ҳеч вақт,
Мукаммал кўрмоқлик кўҳна дунёни.

Биров юз ёшида ёнбош чўзилиб,
Овозин тинглайди булбул, қумрини.
Биров ярим йўлда дунё яратиб,
Чинорларга бериб кетар умрини.

Шойим ШЕРНАЗАР
2🔥2👍1
***
Отамнинг кулбаси қолди ҳувуллаб,
Мен-чи бир девона шеър излаб кетдим.
Уша эркак тутим боқар жавдираб,
Қадирдон жийдалар кузатади жим.

Ортда қолди тошлоқ, қумли сўқмоқлар,
Изларим устида кўклади майса.
Руҳим макон этди ширин қийноқлар,
Мени фақат суйди туйғулар суйса...

Шўхликлар ёд бўлди, тортаман юввош,
Бетон хоналарда ёзаяпман шеър.
Соғинчлар бағримга ботар санчиқтош,
Армонлар, армонлар юрагимни ер.

Тувакгуллар мени кўзим қувнатар,
Қуёшни бегона қилар дераза.
Қишлоқни соғиндим, бу шаҳар севмас,
Мени фақат суйди туйғулар суйса...

Отам излаб бордим, отам эса йуқ,
Жийдалар мотамда, азадор тутим.
Бўридай увладим, отам энди йўқ,
Қабрнинг бошида йиғлади шеърим.

Таскин берган билан энди не фойда,
Қачон тўйибдики, шу тупроқ тўйса.
Қисматми, жазоми жавоби қайда,
Мени фақат суйди туйғулар суйса...

Шойим ШЕРНАЗАР
🔥4👍31
*Асранг.*

Овчи тўхта,
Милтиғингни қўй,
Яйраб чопсин эркин кийиклар,
Кўзига боқ,
Қалбга меҳр туй,
Ҳаёт гўзал,
Борки тириклар.

Отма!..
Қандай кўзинг қияди,
Сайраб қолса бунда какликлар,
Бир пат учса дилим куяди,
Тирикларни асранг тириклар!..

Шойим ШЕРНАЗАР.
Она меҳри.
Оналар меҳрининг йўқдир қиёси,
Қуёшнинг тафти ҳам бу улчовда кам.
Баҳолаб бўлмайди, йўқдир баҳоси,
Оналар улуғдир, она мукаррам.

Бу ўтли меҳрнинг ошёни бешик,
Алпомиш, Гўрўғли бунда улғайди.
Дунё тамаддуни очганда эшик,
Унинг алласидан борлиқ гуллайди.

"Онажон" деганда Абдулло Ориф,
Қайси бефарқ қалбни босмади титроқ.
Айтаман овозим баралла олиб,
Мушфиқ онам азизлардан азизроқ.

Она бор - тиргакдир, она бор - қўрғон,
Уммон қадар меҳри - ҳаёт риштаси.
Фарзанд учун унинг минг жони қалқон,
Оналар бор уйнинг бор фариштаси...

📝 Шойим ШЕРНАЗАР