Bekobod tumani hokimligi Axborot xizmati
3.8K subscribers
28K photos
3.22K videos
133 files
8.98K links
Bekobod tumani hokimligining rasmiy Telegram kanali
Расмий сахифаларимиз:👇🏻

Telegram: https://t.iss.one/Bekobodtumanihokimligi
Facebook: https://www.facebook.com/Bekobodtumanhokimligi/
Instagram: https://Instagram.com/Bekobodtumanhokimligi
Download Telegram
#Қишлоқларимиз_тарихидан

ТОМОРҚАЧИЛИКДА ИБРАТ "МАЛЛАБОЙ"

👨‍👩‍👧‍👦Маллабой қишлоғи Бекобод тумани марказидан 7-8 чақирим олисда жойлашган. Бу ерда 3092 нафар аҳоли истиқомат қилади, 860 нафари 16-30 ёшдагилар.

📌Ўтган асрнинг 30-йилларида водийлик Маллабой исмли киши оиласи билан қамишзор, чўл бўлиб ётган бу қишлоққа келиб, деҳқончилик қилади. Қўриқ ерлар ўзлаштирилаётган у пайтларда катта майдонларда атиги 3-4 оила деҳқончилик қилган.

🔺Уддабурон Маллабой ердан унумли фойдаланишни биладиган асл деҳқон бўлгани учун қўл остидагилар билан қийинчиликларни енгиб ўтиб, йилдан-йилга мўл ҳосил ола бошлайди. Шу тариқа одамлар кўчиб келиб, аҳоли яшаш пункти пайдо бўлади. Қишлоққа унинг асосчиси номи берилади. Маълумотларга кўра, ҳозирда машҳур Маллабойнинг авлодлари тумандаги "Жумабозор" МФЙда истиқомат қилишади.

Айни дамда маҳалланинг ер майдони 744 гектарни ташкил этади.

📁"Маллабой" қишлоқ фуқаролар йиғини тугатилгунга қадар "Гулистон" ҚФЙ таркибида бўлган. 2016 йилда Маллабой расман маҳалла фуқаролар йиғини сифатида ташкил этилган.

🏢Қишлоқда 1 та мактаб, 3 та мактабгача таълим ташкилоти ва оилавий поликлиника филиали фаолият юритади.

🍅🍆Ушбу маҳалла томорқачиликда нафақат Тошкент вилояти, балки бутун Республикага ибрат бўлиб, хонадонларнинг барчаси томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланади. Ҳудуддаги 535 та хонадоннинг 502 тасида иссиқхона мавжуд. Иссиқхоналарда бир йилда 3 маротаба ҳосил олинади.

💵Ҳосил ўртача 6,6 тоннани ташкил этиб, йилига 33 миллиард сўм даромад дегани. Шунда битта хонадон йилига ўртача 60-70 миллион сўм соф даромад олади.

‼️Маълумот учун: Ўтган 6 ойда маллабойликлар Россия ва Тожикистонга 1900 т помидор, бодринг ва бақлажон экспорт қилишган.

🔰Маҳаллада ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик,
ажримлар кузатилмайди. Сабаби, етти ёшдан етмиш ёшгача барча томорқада банд.

Айни пайтда:

🔹Маҳалла раиси – Абдуллажон Сирожиддинов
🔹Ҳоким ёрдамчиси – Жавлон Мусаев
🔹Ёшлар етакчиси – Фирдавс Дадабоев
🔹Хотин-қизлар фаоли – Қундузхон Олимова

Каналга уланиш:
https://t.iss.one/+tcc8Accr_k80OGNi
Forwarded from BEKOBODLIK YOSHLAR OVOZI (Baxrom Soxibovich (Bekobod Tumani))
#Қишлоқларимиз_тарихидан #Бекобод

ТАҚАЧИДАГИ МАҚБАРАНИ БОБУР ҚУРДИРГАНМИ?

Бекобод туманида жойлашган Тақачи қишлоғи Сирдарё соҳили бўйида жойлашган бўлиб,авваллари аҳоли асосан темирчилик билан шуғулланган.

Қадимда бу ҳудуддан йирик савдо йўли ўтган. Бу йўл Фарғона водийси, Хўжанд, Ўратепа, қадимги Чоч (Тошкент)ни бир-бири билан боғлаган. Савдо карвонлари кечувдан ўтиб, айнан шу ерда дам олганлар ва отларини тақаларини шу қишлоқдаги темирчи усталарга таъмирлатганлар. Шу сабабли бу қишлоқ тақачилар қишлоғи деб номланган.

Қишлоқда қадимий "Қизилмозор" қабристони ва қизил рангли ғиштлардан барпо қилинган мақбара мавжуд. Маҳаллий тилда "Қизилгумбаз" деб аталади. Афсоналарга кўра, бу мақбара буюк шоҳ ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан бир кечада бунёд этилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Қобулга чиқиб кетишида кечувдан ўтгач, шу ерда дам олиш вақтида сипоҳларидан биридан айрилади. Унинг қабри қаровсиз қолмаслиги учун ушбу мақбарани бунёд этган, деган тахминлар мавжуд. Бобурнома китобида ҳам шунга яқин сўзлар келтириб ўтилган.

Қишлоқдан бир неча зиёли инсонлар етишиб чиққан. Фан номзоди Қурвонжон Абдураззақова, фан номзоди, доцент Рўзимат Ҳамроқулов, профессор, физика фанлари доктори, академик Абдужаббор Абдураззоқов, машҳур шифокор бир қатор, орден ва медаллар соҳибаси Меҳринисо Абдураззоқовалар шулар жумласидан.

Қишлоқ ёшлари орасидаям иқтидорлилари сероб. Мирзоҳид Юсуфалиев Италиядаги Sapienza университетининг Европа иттифоқи ҳуқуқи факультетига грант асосида магистрлик ўқишга қабул қилинган, Ифтихор Абдужалилов сузиш бўйича Ўзбекистон чемпиони, Диёрбек Тўхлибоев Karate WT президенти кубоги кумуш медали соҳиби, Ўзбекистон чемпиони, жаҳон чемпионати иштирокчиси.

Аҳолининг асосий даромади деҳқончилик ва чорвачиликдан. Ҳозирда бу ерда аҳоли сони 3780 нафар, 0-30-ёшлилар 1739 нафарни ташкил этади. Қишлоқ ер майдони - 1082 гектар.

Айни дамда:
🔹Маҳалла раиси - Фурқат Мамаюсупов
🔹Ҳоким ёрдамчиси - Ғайбулла Абдураззақов
🔹Ёшлар етакчиси - Дилшод Усманов
🔹Хотин-қизлар фаоли - Лутфинисо Нурматова

Каналга уланиш:
https://t.iss.one/+tcc8Accr_k80OGNi
#Қишлоқларимиз_тарихидан

Бузруклар қишлоғини эшитганмисиз?

📍Бекобод туманида ўнлаб қадимий қишлоқлар бор. Ҳар бирининг ўз тарихи, турмуш-тарзи мавжуд. Тумандан бир неча чақирим нарида Ҳамза қишлоғи жойлашган. Ривоятларга кўра, Х аср бошларида Саид Неъматулло Мағрибий исмли бу одам Мағрибдан, яъни Ғарбий Африкадан келган. У олим киши бўлиб, маҳаллий халққа араб ёзувини ўргатишга жалб этилганди.

🌱Аммо тақдир тақозоси билан у деҳқончиликка ҳам қўл уриб, ерга ишлов бериш ва экин-тикин билан шуғуллана бошлайди. Одамларни унинг бошқа бир хислати – у эккан дарахтлар сувсиз ҳам тутиб, барқ уриб ўсиши кўпроқ ҳайратга солади.

❗️Бир куни унинг ёнига маҳаллий бир одам келиб, ундан бу маҳоратини ўргатишни илтимос қилади. Саид Неъматулло шундай жавоб берди: “Мен сенга маҳорат эмас, ихлос, яъни агар инсон астойдил Аллоҳга ишонса, ерни, тупроқни қалбдан севса, меҳр-муҳаббатнинг кучига ишонса, кўп нарсаларга қодир бўлишини ўргатаман".

🎋У ўша одамга қамиш таёқчасини узатиб, бир учидан ушлашни буюради, ўзи иккинчи учидан тутади. Улар шу зайлда ортга ўгирилмай, олға қараб юришади.

😀Охири у одам чидолмай, ортга ўгирилганда, Мағрибий томондан ўз оёқлари остига қамиш таёқчаси бўйлаб сув оқаётганини кўрди-ю, сеҳрлангандек туриб қолади. Сув биринчи деҳқоннинг оёқлари остида тўпланиб, кейин кўл ҳосил бўлади. Одамлар унга Қоронкўл деб ном беришади. Кейинчалик бу жой у инъом этган буюк неъмат сув учун Саид Неъматулло Мағрибий шарафига Бузрукбобо деб аталади. Шу кунларда ҳам Саид Неъматуллонинг кийик терисига ёзилган Насабномаси (шажара китоби) ва ҳассаси сақланган.

Бузрукбобо боқий қўним топган қишлоқ рамзий маънода Деҳқонобод дея аталган. Кейинчалик бу қишлоқ Ҳамза номи билан аталган.

👨‍🦳Нуронийларнинг айтишича, неча асрлар олдин туб аҳоли ҳозирги Жиззах вилоятининг Зомин туманидан кўчиб келган.

🚜1928 йилдан то 1935 йилгача Андижон ва Фарғона вилояти фуқаролари деҳқончилик билан шуғулланиш учун кўчириб келтирилган.

😀Мазкур ҳудудда 1936 йилда Будённый, 1960 йилдан "Машъал"номли колхоз ташкил этилган.1984 йилдан эса Ҳамза оилавий пудрат хўжалиги, 1998 йилдан Деҳқонобод ширкат хўжалиги деб юритилган ҳамда "Жумабозор" ҚФЙ ташкил этилган. 2004 йил унинг таркиби Ҳамза, "Қушчи", "Ўзбекобод", "Бунёдкор", "Оқтепа" маҳаллаларига ажралади.

🔰Бугунги кунда қишлоқ марказида "Ҳамза" маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритади.

❗️Ушбу ҳудудда ўз даврининг миришкор пахтакор ва пиллакорлари етишиб чиққан. Улардан Абубашар Усмонов, Адолат Рўзматова меҳнат қаҳрамонлари Ҳайдарали Ҳамрақулов, Акбарали Мамадалиев, номдор бригадир Боймат Каримов, иқтисодчи Алижон Ҳожимирзаев, фан номзодлари Абдусалом Аҳмедов, Бахтиёр Эгамқулов ва туман маориф бўлими мудири Райимқул Худайбердиев шу қишлоқдан.

💰Аҳолининг даромади - чорвачилик ва деҳқончиликдан.

🏢Ҳозирда ҳудудда 1 та ҚОП, 1 та умумтаълим мактаби, 2 та хусусий МТМ, 6 та хусусий дўкон ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари мавжуд.

❗️Аҳоли сони - 3781 нафар, 0-30 ёшлилар - 1220 нафарни ташкил этади. Қишлоқ ер майдони – 85 гектар.

Айни дамда:
🔹Маҳалла раиси –Юсубали Усмонов
🔹Ҳоким ёрдамчиси – Абдуваҳоб Худайбердиев
🔹Ёшлар етакчиси – Ҳусанбой Анорқулов
🔹Хотин-қизлар фаоли – Дилшода Эргашалиева

✈️Telegram 📷Instagram 📒Facebook 🖤YouTube
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
​​#Қишлоқларимиз_тарихидан

Қолғансирда қандай “сир” қолган?

Бекобод туманидаги “Қолғансир” маҳалласи ҳақида эшитганмисиз? Тарихшуносларнинг маълумотларига қараганда, қишлоқ XVI асрда шаклланган.

У ердан карвон йўли ўтган бўлиб, карвонсарой жойлашган. Айни пайтда қабристонга айланган бу манзилдан турли хилдаги хумдон синиқлари чиқади. Тарихчиларнинг аниқлашича, бу топилмалар XVII-XVIII асрларга тўғри келади. Шу ердаги тепалик карвон йўли учун хабар бериш “пости” бўлган. Номаълум сабабларга кўра, ушбу қишлоқ тупроқ остида қолиб кетган.

🌊Ҳудуддан аввал Сирдарё оқиб ўтган. Ўша вақтлари дарё суви кўплигидан тўлиб-тошган. Ҳатто қирғоғи қир-адирга туташган. Асосан кўчманчи чорвадорлар яшаган. Кейинчалик собиқ шўро ҳукумати топшириғи билан қўшни ҳудудлардан, ҳатто Тожикистон Республикасидан аҳоли кўчириб келтирилган. Улар бу жойни сўраганларга тожик тилида “кўли сиёҳ” яъни “қора кўл”, маҳаллий аҳоли эса "Сирдарёдан қолган кўл атрофида яшаймиз", деб жавоб берган. Шу-шу сирдан қолган, яъни Қолғансир деб айтилади.

Ҳудудни обод қилиш мақсадида Самарқанд вилоятининг Қўшробод тумани Нурота тоғ ён-бағирларидаги "Устук" ва "Саврак" қишлоқларидан аҳоли кўчириб келинган. Устук қишлоғининг фарзанди ёзувчи Баҳром Фирузнинг кундалик дафтаридаги манбаларда ёзилишича, 1950 йил апрель ойда Қолғансир қишлоғига кўчиб келган устукликлар тожик тилида сўзлашган. Ҳозиргача тожик тилида сўзлашадилар.

❇️Қишлоқ 1996 йилга қадар “Чаноқ” ҚФЙ таркибида бўлган, Кейинчалик “Қолғансир маҳалласи ташкил этилган. Яна бир гап. Қишлоқдан машҳур инсонлар кўплаб етишиб чиққан.

❗️Маҳаллий аҳоли профессор Омон Турсунов, Республика бош прокуратураси тергов бўлими бошлиғи Обид Ҳамраев, Тошкент шаҳар (собиқ) прокурори Тошмурод Амонов, Республика ЖИЭК бош бошқармаси назоратчи бош прокурори Алиқул Ҳамраев, ёзувчи, шоир Баҳром Фируз, Хушвақт Умриллаевни шу ернинг фарзанди сифатида фахр билан тилга олади.

🎖Ёшлардан "Маънавият фидойиси" кўкрак-нишони соҳиби Зулхумор Мирзаева, спорт мураббийлари Кенжа Мирзаев, Эсан Қурбоновлар йигит-қизларга ибрат бўлмоқда.

🔰Ҳудудда 2 та мактаб, 1 та МТМ, 1 та ОШП, 2 та савдо дўкони, 4 та балиқчилик фермер хўжалиги фаолият юритади.

💰Аҳолининг асосий даромади чорвачилик, деҳончилик асаларичилик ва боғдорчиликдан.

🔍Қишлоқ ер майдони - 92.02 гектар. Аҳоли сони - 1978 нафар.
0-30 ёшгача бўлганлар 926 нафар.

Ҳозирда:
🔹 Маҳалла раиси – Нурали Шодмонов
🔹 Ҳоким ёрдамчиси – Зуфарбек Мирзакаримов
🔹 Ёшлар етакчиси – Далержон Дўстбоев
🔹 Хотин-қизлар фаоли – Фотимахон Бердиева

Нигора Ўролова,
"Ёшлар кундалиги" мухбири

✉️ Telegram 🌐Instagram 🌐Facebook 🌐YouTube
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM