Беҳзод Қобулов | Расмий
182 subscribers
94 photos
29 videos
1 file
46 links
Эркин каналча

Телефон: 99 370 66 01
Download Telegram
#Мансура

ЁШЛИК БИЛАН ХАЙРЛАШИШ
. КЕТДИ УМР БАҲОРИ.

Бугун баҳорнинг охирги куни. Недир романтик, недир дилхун кайфият босади. Мен шу йил 40 ёшга кирдим. Ўзимга ишонмайман. Наҳотки, қирқни урдим?

Ўлим дарвозаси олислардан кўрингандай туюлади, тунлари уйқум ўчади, абадият, жаннат ва дўзах ҳақида чалкаш хаёллар сураман. Мен сира ҳазм қилолмайдиган, очиқроқ айтганда, қўрқувга соладиган туйғу бу – абадият тушунчаси. Мантиққа кўра, коинотда чексизлик бўлиши мумкин эмас, аммо бизда иррационал қарашлардан бошқа танлов йўқ.

Хуллас, умрим баҳори билан шу алпозда хайрлашдим. Озмас-кўпмас 40 ёшгача ўзимни йигит чоғлаб, вақтни менсимай яшадим. Маза қилиб яшадим. Аммо, нима қилиб қўйди бу йиллар!..

Буёғига вужуддан ёшлик нуқси кетди, ўрта яшар, кап-катта кишиман (афсусларим). Энг юмшоқ ҳолатда, энди завқим келиб, шаштим қайнаб, ғиринг десанг, кетсанг, шартта бошқасига.., дегандек пўписа, похол дўқ ҳам қилолмайман хотин акага. Ўйласам, уям "терговчилик" функциясини қўйиб, бир мушфиқ, меҳрибон аёлга айланиб қолибди.

Ҳа-я, умидбахш гаплар ҳам бор. Айтайлик, ўша Мопассан 40 ёшгача ёзувчиликни тан олмаган, фалончи етмишга кирганда президент бўлган, сен энди қирчиллама ёшдасан ва ҳоказо. Лекин умр баҳори билан хайрлашиш ажиб бир фасл экан, ўйлаб қарасам.

Мен учун бу баҳор билан хайрлашиш шунчаки навбатдаги фасллар алмашиши эмас, умрим баҳори билан хайрлашишдир. Йўқ, ёшлик 30-35 ёшларгача эмас, 40 ёшгача давом этади. Шу ёшга келиб қалбинг ва жисмингдан навқиронлик файзи кетади. Кетаркан...

Хайр, ёшлигим! Осмонларда учиб-қўниб юрган йигитча, сен зўрсан. Шунчаки 40 ёшли гўдак эдинг. Гўёки тасаввурингда коинот арзандаси, битмас-тугунмас завқ-шавқ манбаи, осмон фуқароси эдинг. Энди эса жуда ёш чол бўлдинг, оғайни.

Салом, фуқародан баттар фуқаро! Энди босиб-босиб тўйлар қиласан; данғиллама саройлар ишқи кўнглингни қитиқлайди; ҳарислик билан бойлик тўплаш ҳақида ўйлай бошлайсан; қилдек истеъдодингни филдек капиталга айлантиргинг келади; осмонлардан ерга тушиб, маиший ҳаётни ташкил қилишга чоғланасан.

Ҳорманглар, қирқ ёшлилар!


@Behzod_Qobulov