AS blogi
251 subscribers
562 photos
133 videos
2 files
76 links
Akmal Srajatdinov
Kar24.uz sayti
Turtkul24news kanali
Direktori
Download Telegram
Қонликўл саҳросидаги адолат ёки "Йўқ жойдан чиққан" суд

Мана сенга сенсация, Қонликўл аҳли! Энди адолатни излаб адвокатларнинг эшигини қоқиш шарт эмас. Негаки, адолатнинг ўзи тўппа-тўғри сизнинг ҳовлига, дўконга ёки ҳатто саҳрога "сайр" қилиб келмоқда! Фақат қора кўзойнакли "Адолат посбони"ни таниб олинг, холос.
Бугунги "маданият ва маърифат" маркази бўлмиш Қонликўл туманида суд мажлиси бўлиб ўтди. Қаерда дейсизми? Ҳеч қаерда! Яъни, исталган жойда! Бир суратда саҳрода, қуёшнинг тик нурлари остида, иккинчисида эса... дўкон! Эҳтимол, айбланувчи ўғриликни айнан шу ерда содир этгандир, шунга "воқеа жойида" суд қилишга қарор қилишгандир. "Жиноят жойидан узоқлашманг!" деганлари шу бўлса керак-да.

Қора кўзойнакли судья эса, гўёки "Қора чақмоқ" фильмидан чиқиб келган суперқаҳрамон. Унга қуёш нури ҳам таъсир қилмайди, нафақат айбланувчининг кўз ёшлари. Балки, шу орқали у атрофдаги воқеаларга янада "холис" назар солаётгандир.
Ҳокимликнинг "заковатли" матбуот хизмати эса бу "театрлашган адолат"ни бутун мамлакатга намуна қилиб кўрсатишга уринмоқда. Айбланувчининг исми-шарифи, манзили билан қўшиб! Эҳтимол, уларнинг шиори шундайдир: "Халқ билсин, ким нима қилган!" Шахсий маълумотларнинг дахлсизлиги? У нимаси экан?

Бу "сайёр цирк"нинг мақсади нима ўзи? Халққа адолатнинг "қулай" ва "очиқ" эканлигини кўрсатишми? Ёки шунчаки зерикарли иш кунларини "шоу"га айлантиришми?
Хуллас, Қонликўлда адолат ҳам ўзгача йўлдан кетмоқда. Эҳтимол, эртага суд мажлисини стадионда, футбол ўйини вақтида ўтказишар. Ёки бўлмаса, тўйхонада, палов дамлаётган қозоннинг ёнида.

Муҳими, "халқ кўрсин"!
Савол фақат битта: бундай "адолат" бизга керакми? Ёки бу шунчаки арзон комедиями?

Акмал Сражатдинов Kar24.uz сайти бош муҳаррири

Каналга уланиш: @Kar24Uz
👍2😁2
Қадрли ҳамкасблар!

Бугун, 3-май – Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни. Бу сана ҳар бир виждонли журналист учун алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, кўплаб цензура ва таҳдидларга дуч келган, аммо ўз касбига содиқ қолган журналистлар учун бу куннинг маъноси янада чуқурроқдир.

Фидокорона меҳнатларингиз, холислигингиз ва ҳақиқатни ёритиш йўлидаги матонатингиз таҳсинга сазовор. Ўз фаолиятингиз давомида кўплаб тўсиқларга дуч келган бўлсангиз ҳам, жамиятнинг кўзи ва қулоғи бўлиб хизмат қилишда давом этдингиз. Жасоратингиз ва принципиаллигингиз ёш журналистлар учун ажойиб намуна бўлиб қолади.
Цензура ва таҳдидлар, афсуски, бугунги куннинг аччиқ ҳақиқати бўлиб турибди. Аммо биз, журналистлар, бу қийинчиликларга биргаликда қарши туришимиз, ўз сўзимизда собит бўлишимиз керак. Қаламимиз – ҳақиқатни ёзиш учун, овозимиз эса – адолатни талаб қилиш учун хизмат қилади. Бу муҳим вазифани бажаришда сизга сабр-тоқат, куч-қувват ва янги муваффақиятлар тилайман.

Ишонаманки, келажакда матбуот эркинлиги янада мустаҳкамланади ва ҳеч бир журналист ўз фикрини эркин ифода этгани учун тазйиққа учрамайди.
Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни муборак бўлсин!

Ҳурмат билан,
Акмал Сражатдинов

@ASBlogi
👍4
AS blogi
Қадрли ҳамкасблар! Бугун, 3-май – Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни. Бу сана ҳар бир виждонли журналист учун алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, кўплаб цензура ва таҳдидларга дуч келган, аммо ўз касбига содиқ қолган журналистлар учун бу куннинг маъноси янада…
3-Май Ўзбекистон Учун Байрам Эмас: Ҳақиқат Қачон Тантана Қилади?

Бугун, 3 май - бутун дунёда Матбуот эркинлиги куни сифатида нишонланади. Аммо Ўзбекистонда бу сана эндиликда расмий байрамлар қаторидан ўрин олмади. Ва бу, назаримда, аслида мавжуд бўлмаган нарсани нишонлашдан кўра тўғрироқ қарордир.

Афсуски, сўнгги йилларда халқаро рейтингларда Ўзбекистон матбуоти эркинлиги бўйича қуйи поғоналарда қайд этилмоқда. Бундай шароитда байрам қилиш, юмшоқ айтганда, ноўриндир. Гўёки юқоридагилар мамлакатдаги ахборот майдонининг қанчалик чекланганидан бехабар ёки буни тан олишни исташмаяпти. Агар шундай бўлса, вазиятнинг ижобий томонга ўзгаришига умид кам.

Эндиликда журналистлар учун ягона байрам сифатида фақат 27 июнь куни "Олтин қалам" мукофоти тантанали равишда топшириладиган кун қолди. Эҳтимол, бу 3 май билан боғлиқ "ортиқча" тадбирлардан воз кечишнинг бир йўлидир.

Бироқ, афсуски, "Ўзбекистонда матбуот эркин, коррупцияга қарши кураш шиддатли кетяпти" деган театр ўз пардасини туширмайди. Ва бу "саҳна"га чиқиб, ҳақиқатни гапиришга уринганлар эса, турли қаршиликларга дуч келишда давом этаверади.
3 майнинг расмий байрам сифатида нишонланмаслиги - бу мавжуд муаммоларни тан олишнинг бир белгисими ёки шунчаки эътибордан четда қолишнинг яна бир усулими? Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳақиқий ўзгаришлар амалда сезилмас экан, байрамларнинг расмийлиги ёки йўқлиги катта аҳамият касб этмайди.


@ASBlogi
👍1
"Агар айтганларимни қилмасанг, изингдан қолмайман сени" деган "ширин" ваъдаларни ҳам эшитдик. Мен кимман ўзи? "Jeyms bond"ми ёки давлатга хавф солаётган террорчими? Бундай "эътибордан" кейин ўзимни Голливуд юлдузидек ҳис қилдим, фақат "Oskar" ўрнига "қамоқ" таклиф қилишаётгандек туюлди.

@ASBlogi
👍81
Репортаж Журналист Ҳаётидан: Янги Қисм

Бугун, журналистик ҳаётимнинг навбатдаги репортажига старт бераман. Сарлавҳаси: "Яна Бир Ёшга Тўлдим!" Ушбу қисмда кутилмоқда: янги синовлар, кашфиётлар, узоқ тунлар ва ёрқин кунлар. Ҳаёт менинг энг катта муҳарририм, ҳар бир вазият эса ноёб интервью учун имконият. Олдинги қисмларда бўлгани каби, бу йили ҳам энг долзарб мавзу — ҳаётнинг ўзи бўлади. Мени табриклаган ва ҳар доим ёнимда бўлган барчага раҳмат. Сизлар менинг энг муҳим манбаларим ва энг қимматли томошабинларимсиз!

@ASBlogi
👍102👏1🎉1
Ҳокимнинг Музқаймоқхонадаги "Тунги Назорат"и

Кеча, 24-май куни, тунги соат 23:00. Шаҳар ёшлари музқаймоқхонада йиғилишган. Улар 18 ёшдан катта, яъни фуқаролик паспорти бор, овоз беришга ҳақли, ўз ҳаёти учун масъулиятли "катта" одамлар. Лекин бу "катталик" уларни бир тундан ҳимоя қила олмади.

Музқаймоқхонага "оддий" кийимда бир киши кириб келди. Унинг нигоҳлари худди рентген аппаратидек, ҳар бир музқаймоқни, ҳар бир йигит-қизнинг кулгусини "сканерлаётгандек" эди. Бир йигит одоб юзасидан "Жой керакми, амаки?" деб сўради. Жавоб эса кутилганидек "оддийликда" бўлмади: "Йўқ, сизларнинг кетишингизни кутяпман!"
Шу пайт, ҳокимнинг "тунги сояси" бўлмиш инспектор ходим пайдо бўлди. Унинг овози худди гонгдек янгради: "Ким билан гаплашаётганингни биласанми? Бу Ҳоким!" Гўё бу ёшлар ҳокимни танимаганликлари учун қандайдир "давлат сири"ни фош қилмоқчи бўлишгандек эди.

Натижада, ўша оқшом музқаймоқнинг таъми аччиқ, ёшларнинг хиёли ғижим бўлди. Улар ҳокимнинг "тунги назорат"и туфайли ўз "шаҳзодалик" тахтларидан туриб кетишга мажбур бўлишди. Кўриниб турибдики, бизнинг жамиятда оддийгина музқаймоқ еб ўтириш ҳам "юқори даражадаги назорат"га муҳтож экан. Қизиқ, ҳоким нима учун бу соатда музқаймоқхонани назорат қилиб юрган экан? Балки музқаймоқ нархлари ҳукумат даражасида тартибга солинаётгандир... ким билади.

❗️Огоҳлантириш: Ушбу матн бадиий характерга эга бўлиб, воқеа журналист томонидан тўқиб ёзилган бўлиши мумкин...

Акмал Сражатдинов

@ASBlogi
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
👍18🤔1
"Сенсация!" ёки "Уч кунлик шов-шув"?

Журналистлар доимо сенсация излайди. Шов-шув, ғийбат, каттакон "янги" хабар – мана уларнинг нони. Айтишларича, агар бирон бир янгилик бўлмаса, уни яратиш керак. Шундай эмасми? Кеча сизни ҳаяжонга солган "фалончи пировардида фиғон чекди" деган хабар, бугун "писмадончи тушликда уйқусиради" деган янгилик олдида ўз аҳамиятини йўқотади. Чунки журналистиканинг қоидаси оддий: ўқувчи эртага яна ниманидир кутади, ва агар сиз унга бермасангиз, бошқа кимдир беради. Янгиликлар оқими шунчалик тезки, баъзан кечаги ҳақиқат бугунги ёлғон бўлиб кўринади.

@ASBlogi
1👍1
Матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан самимий табриклар учун миннатдорлик!

Бугунги 27-июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан кўплаб ташкилотларнинг самимий табрикларини қабул қилиб олар эканман, қалбим чексиз мамнуниятга тўлди.

Ушбу алоҳида кунда билдирилган юксак эътироф ва эзгу тилаклар биз, журналистларнинг машаққатли, аммо шарафли меҳнатимизга берилган юксак баҳодир. Жамиятда сўз эркинлиги, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш йўлида қилаётган ишларимиз қадрланаётгани бизга янада куч ва илҳом бағишлайди.

Барча табрик йўллаган ташкилотларга, ҳамкорларимизга ва кенг жамоатчиликка чуқур миннатдорчилик билдираман. Сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз бизни ҳар доим тўғри ва холис ахборот етказишда давом этишга ундайди.

Байрамимиз муборак бўлсин, қадрли ҳамкасблар! Келгуси фаолиятимизда ҳам бир-биримизга ҳамнафас бўлиб, юртимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилишда давом этайлик.

@ASBlogi
👍71🔥1
Мансаб ўткинчи, Қалам боқий!

Таҳдид қилган "зўрлар" кўп,
Айтдилар: "Биз доим чўп!"
Аммо қаранг, вақт ўтмасдан,
Кетди неча "хон"лар босган.

Улар кетди, изсиз қолди,
Мансаблар ҳам ўзга қўлга олди.
Менчи, ҳамон шу ердаман,
Эркин қалам тутган дилдаман.

Ўйламанг ҳеч, тоғдай турармиз,
Бугун бормиз, эрта ўлармиз.
Ҳақиқатнинг бўлмас охири,
Журналистнинг қалами боқий!

@ASBlogi
👍4
БИЗГА НИШОН ЭМАС, ҲАҚИҚАТ МУҲИМ!

Яқинда бир танишимиз давлат томонидан кўкрак нишони олди. Муборак бўлсин! Лекин, негадир шундан сўнг, у "эркин" журналистлик мақомидаги каналимизнинг танқидий постларига жуда "объектив" ёндашиб, баъзида ҳатто давлат томонини оқлаётгандай фикрлар билдира бошлади.
Наҳотки, биргина нишон, ҳақиқатни кўришга тўсиқ бўлса?

Биз бу ерда кимларгадир ёқиш ёки нишон олиш учун эмас, балки халқнинг овози бўлиш, муаммоларни кўтариш ва ҳақиқатни айтиш учун фаолият юритамиз. Қаламимиз – ҳақиқатнинг қуроли, унга биронта нишон ёки соврин таъсир қила олмайди.

Кимдир "барчаси жойида", "ҳаммаси яхши", деб айтар.


Кимдир "масъуллар ишлаяпти", "фалончи айбдор эмас", деб оқлар.

Лекин биз учун муҳим бўлгани – оддий фуқаронинг дарди, кўчадаги ҳақиқий аҳвол, ечилмаётган муаммолар. Ахир, давлатнинг нуфузини унинг фуқароларининг розилиги ва ҳақиқий муаммоларнинг ечилиши белгилайди-ку, шундай эмасми?

Нишонлар келиб-кетади, мансаблар ҳам ўткинчи. Аммо халқнинг ишончи ва ҳақиқатга бўлган ташналиги доимийдир!
Биз эса ҳали ҳам эркинмиз ва халқ манфаати йўлида ёзишда давом этамиз.

Кимлардир учун нишонлар муҳим бўлса, биз учун муаммоларнинг ечилиши ва ҳақиқатнинг қарор топиши энг катта нишондир!

@ASBlogi
👍5
Журналистман, блогер эмас! Ёки… “Блогер ака”, сизни энди танидимми?!

27-июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан олган табрикларим орасида энг кулгилиси нимага десангиз, шулар бўлди:
мени блогер деб табриклаганларнинг аксарияти билан мен камида 8 йилдан бери ёнма-ён ишлайман! Нақ саккиз йил!
Ҳатто шундай ташкилотлар борки, улар билан ҳар йили камида бир марта катта анжуманларда бирга ўтирганмиз, биргаликда лойиҳалар қилганмиз, ҳатто улар менинг сайтимда йирик мақолалар эълон қилишган! Мен эса ўша мақолаларни шахсан ўзим таҳрир қилиб, баъзан уларнинг “нуқсонларини” тузатиб берганман.

Аммо бугун улар мени “ҳурматли блогер” деб табриклашяпти!
Бу ҳолат мени иккита савол билан қолдирди:

Мен шу вақтгача ўзимни қандай тутганман-ки, шунча йилдан бери бирга ишлаётган инсонлар мени блогер деб билишади? Наҳотки, менинг олий маълумотли журналист, сайт бош муҳаррири эканлигим яширин бир “давлат сири” бўлган?

Ёки улар мени умуман танимай, шунчаки рўйхатдаги исмларга қараб “табрикнома” жўнатишадими? Бу ерда ҳатто ўзимизнинг “сунъий интеллект” ҳам бунчалик янглишмаса керак!

Бир томондан, бу мени кулдиради. Балки бу уларнинг ҳозирги замон трендларидан хабардорлигини кўрсатар? "Блогер" сўзи урфда-ку! Улар шунчаки "замонавий" бўлишга уринишгандир, мени ҳам замон билан ҳамнафас деб ўйлашгандир. Лекин барибир, 8 йиллик танишувдан кейин “блогер” деган “ташхис” бироз оғир ботди. Бу худди 8 йилдан бери дўстинг бўлган одамни бугун “Вой, сиз билан танишганимдан хурсандман, исмингиз нима эди?” деб сўрагандек гап.

Яхшиямки, бир-икки ташкилотдагилар менинг асл кимлигимни билишди ва "Ҳурматли журналист, Kar24.uz бош муҳаррири" дея тўғри табриклашди. Уларга алоҳида раҳмат! Сизлар бор экансиз, умид бор! Қолганларга эса... кейинги йилгача мени “гугл”дан қидириб кўришни тавсия қиламан. Балки ўшанда ким эканлигимни билиб олишар.

Ҳазил бир тарафда турсин, аммо бу ҳолат замонавий ОАВ оламидаги баъзи тушунмовчиликларни кўрсатади. Ахир, журналист журналистлигича қолиши керак. Ва, умид қиламанки, кейинги йилларда мени табриклайдиганлар журналистни блогердан ажрата оладиган бўлишади. Акс ҳолда, келаси йилги Матбуот кунига ўзимга “Мен журналистман!” деган бейджик тақиб чиқсамми деб ўйлаб қолдим!

@ASBlogi
👍6
"Олтин Қалам" ёхуд "Пушти Кўзойнак" мукофоти? Янги "тренд" билан!

27-июнь – Матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан яна бир бор "Олтин Қалам" мукофоти масаласи кун тартибига чиқди. Хабарларга кўра, бу йил ҳам мукофот асосан "яхши хабар ёзган" журналистларга насиб этган. Аввалгидек, агар сиз мамлакатдаги қандайдир муаммони кўтарган бўлсангиз, тизимдаги камчиликларни ёритган бўлсангиз, ёки шунчаки "ҳамма жой чиройли, ҳамма жой гулзор" эмаслигини айтган бўлсангиз, "Олтин Қалам" сизга эмас, балки "Олтин Кўзойнак"ка лойиқсиз, шекилли.

Аммо, бироз кечроқ бўлса ҳам, қувонарли бир "тренд" кузатилди! Айтишларича, бу йил фақат битта журналистга танқидий материаллари учун ҳам мукофот берилган! Вой, мўжиза! Демак, бизнинг журналистика оламида янги қоида пайдо бўлган: "Яхши журналист – фақат яхши янгилик ёзадиган журналист... лекин баъзида битта истисно бўлиши мумкин!" Қолганларимиз, яъни жамиятнинг "кир" жойларига кириб, чангини артадиганлар, муаммолар ортидан югурадиганлар, адолатсизликка қарши чиққанлар... афсуски, "Олтин Қалам" дафтарида йўқ эдик, фақат битта "бахтли танқидчи"дан ташқари. Бизга балки "Олтин Тирноқ" ёки "Олтин Чангютгич" мукофоти берилиши керакдир.

Бу ҳолат менга эски бир латифани эслатиб юборади: бир одам доим қўшнисининг айвони оп-тоза эканлигидан шикоят қиларкан. Кейин билдики, унинг ўз ойнаси кир экан. Худди шундай, бизнинг жамиятдаги баъзи "ойналарни" тозалашга уринаётган журналистлар, афсуски, "ёмон хабар тарқатувчи"га чиқиб қолишмоқда. Ваҳоланки, уларнинг мақсади "айвонни" чиройли кўрсатиш эмас, балки уни ҳақиқатда тоза қилишга ёрдам бериш. Фақат энди, битта журналист бу "тозалик" учун "Олтин Қалам"ни олишга муваффақ бўлди. Бу, албатта, олға силжиш. Балки кейинги йили икки киши бўлар, ундан кейин уч киши... Ким билсин!

Хуллас, азиз ҳамкасблар! Агар кейинги йили "Олтин Қалам"га даъвогар бўлмоқчи бўлсангиз, қуйидаги тавсияларга амал қилинг:

Фақат гуллаган боғлар, очилган заводлар ва бахтли юзлар ҳақида ёзинг.

Муаммоларми? Уларни ўйлаб топасиз. Фақат, агар жудаям шошилинч бўлса, битта материал билан чекланинг, акс ҳолда "истисно" қоидалари ишламай қолади.

Танқидми? Унга вақт йўқ, чунки эртага янги очилиш маросими бор. Агар ёзсангиз ҳам, шуни ёдингизда тутингки, сиз якка ва ягона бўлишингиз шарт.

Унутманг, "Олтин Қалам" ялтироқ, аммо баъзан у билан ёзилган ҳарфлар ҳақиқатни акс эттирмаслиги мумкин. Ҳақиқий журналистика эса, ҳатто оғир бўлса ҳам, ҳақиқатни қаламга олишдан қўрқмасликдир. Ва умид қиламизки, бу "ягона истисно" тез орада қоидага айланади. Акс ҳолда, мен барибир "чангютгичим" билан ўз ишимни қиламан!

Акмал Сражатдинов журналист

@ASBlogi
👍7
Сирли "Delete" тугмаси сирлари, ёки "Қоғоз эмас, пиксел чидамас!"

Ҳурматли ўқувчилар, ҳамкасблар ва сирларга чанқоқ қалб эгалари! Бугун сизларга ўзбек интернетининг энг янги ва энг сирли "технологик ютуғи" ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Бу — сиз ёзган постларни қандай қилиб ҳавога учириш мумкинлиги ҳақидаги "ноу-ҳау"!

Яъни, бир кун олдин ёки бир неча дақиқалар олдин бор бўлган, юзлаб лайк ва коммент йиғган, ҳатто муҳим муаммоларни кўтариб чиққан мақолангиз бир зумда — "пооф!" — йўқ бўлиб қолиши мумкин. Бу оддий "ўчириш" эмас, бу — юқори даражадаги "Интернетдан халос бўлиш санъати"!

Айтайлик, бир журналист (масалан, мен) халқнинг дардини — мисол учун, оддий бир кундалик муаммони ёритибди. Кимдир ўқибди, кимдир йиғлабди, кимдир ўзини танибди... Қисқаси, пост "портлабди"! Аммо шу пайт... юқоридан "сеҳрли телефон" қўнғироғи бўлади. Бу қўнғироқнинг сеҳрини ҳеч бир илм-фан тушунтира олмайди. Унинг "вибрацияси" ҳатто сизнинг экранингиздан ўтиб, постларга етиб боради ва уларни "ўз-ўзидан" йўқ қилиб юборади!

Энг қизиғи, бу сеҳрли телефоннинг эгаси кўпинча "Юқори доиралар вакили" унвонига эга бўлади. Улар "алоқа"ни шунчалик яхши билишадики, ҳаттоки сизнинг оилавий алоқаларингиз орқали ҳам постларингизга етиб боришади. Масалан, "Юқори доиралар вакили" отангизга телефон қилса, отангиз сизга... ва воила! "Ўткир" мақола "Интернет чанги"га айланиб кетади!

Демак, хулоса шуки, биз журналистлар энди нафақат ёзишни, балки ёзганларимизни кўринмас ҳолга келтириш санъатини ҳам ўрганишимиз керак. Бу янги даврнинг журналистика курси: "Қандай қилиб хабар ёзиш ва уни ҳеч ким кўрмаслиги учун ўчириш". Ва унутманг: "Қоғоз ҳамма нарсага чидайди, лекин пиксел баъзан чидамас экан!"

Шундай экан, дўстлар, мен йўқолган постларимни излаш учун кетдим. Балки улар "гугл"нинг қайсидир ғаройиб базаларида, "эскирган хабарлар архиви"да чанг босиб ётгандир. Ким билади, балки бир куни улар яна пайдо бўлар... Ёки йўқ. 🤔


@ASBLOGI
👍4
"Ўзимизнинг 'Ақлли Қўллар' ёки 15 кунлик сирли видео"

Салом, қадрли кузатувчиларим! Бугун сизларга битта қизиқ воқеани айтиб бермоқчиман. 15 кун олдин каналларимга бир видео пост қўйгандим. Оддийгина видео эди, ҳеч кимга озор бермайдиган, ҳеч кимнинг уйқусини бузмайдиган. Ҳаттоки унда мушуклар рақсга тушмасди ёки сирли рецептлар ҳам йўқ эди.

Лекин кеча... кеча бир "кўринмас қўл" қўнғироқ қилиб, "Бу видео нима қилиб юрибди бу ерда? Ахир у жуда хавфли-ку! 15 кундан бери унинг таъсиридан... хмм... ҳаво яхши бўлиб турганига шукр қилсак бўлади!" дегандек гаплар бўлди.

Хуллас, "эски" видео постимни зудлик билан ўчириб ташладим. Энди ўйланиб қолдим: нима бўларди, бу видео яна бир неча кун туриб қолса? Балки қадимги динозаврлар тирилиб кетармиди? Ёки эски телевизорлар яна ишлай бошлармиди? Ким билади, балки бу видеода шунчалик катта куч яширинган эдики, биз ўзимиз билмаганмиз, фақат ўша "Ақлли Қўллар" билган.

Биласизми, баъзан бизнинг ҳаётимизда шунақа "катта акалар" пайдо бўладики, улар биздан кўра яхшироқ билади: бизга нима керак, нима хавфли. Улар бизнинг ўрнимизга қарор қабул қилади, бизнинг ўрнимизга фикрлайди, ҳатто бизнинг ўрнимизга видеоларимизни ўчиради. Бу худди онангизнинг "бувиси"дек, фақат улар ҳеч қачон уйга келмайди, лекин ҳамма нарсадан хабардор ва доим телефонда.

Асосийси, тинчлик бўлсин, дўстлар. Ҳар бир ўчирилган видео ортида қандайдир буюк ҳикмат ётади. Балки шу сабабли бугун қуёш янада порлоқроқ нур сочмоқдадир. Ёки бу шунчаки тасодифми? Ким билади... "

@ASBlogi
🔥4
Ақчакўлдаги фожиа: Расмий сукут қонун бузилиши ва ишончсизликка олиб келади!

Элликқалъа туманидаги Ақчакўл сув ҳавзасида 23 июнь куни юз берган фожиали воқеа нафақат чуқур қайғу, балки давлат органлари фаолиятига нисбатан ҳам жиддий саволларни туғдирмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, бир оиланинг уч нафар аъзоси — Беруний туманидан бўлган фуқаролар сувга чўкиб кетган. Қидирув-қутқарув ишлари натижасида, деярли икки кундан сўнг, учинчи фуқаронинг ҳам жасади топилгани хабар қилинмоқда.

Бу каби йирик фожиа юз берганига қарамай, расмий мутасадди ташкилотлардан ҳалигача бирорта ҳам изоҳ ёки маълумот берилмагани кўплаб саволларни пайдо қилмоқда. Нега бу ҳолат яширилмоқда? Нима учун масъуллар жим?

Қонун Нима Деяпти?

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, давлат органлари ва мансабдор шахслар аҳолини ўз фаолияти, хусусан, фавқулодда вазиятлар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар билан таъминлашга мажбурдирлар.

"Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида"ги Қонунга кўра, ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш ҳуқуқига эга. Давлат органлари эса фуқароларга ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборотни тақдим этиши шарт. Бу қонуннинг асосий принципларидан бири очиқилик ва ошкораликдир.

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонун эса фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини белгилайди. Аҳоли томонидан бундай ҳолатларда расмий маълумот талаб қилиниши табиий ҳол.

Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги қонунчилик эса, айниқса, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зиммасига аҳолини хавф-хатар ҳақида тезкор хабардор қилиш, вазиятни мониторинг қилиш ва бартараф этиш бўйича аниқ вазифаларни юклайди.

Расмий Муносабат Берилмаслиги Нималарга Олиб Келади?
Расмий маълумотларнинг яширилиши ёки кечиктирилиши бир қатор салбий оқибатларга олиб келиши мумкин:

Аҳолида ишончсизлик ва тахминлар: Расмий маълумот йўқлиги турли миш-мишлар ва нотўғри хабарларнинг тарқалишига сабаб бўлади. Бу эса аҳоли орасида давлат органларига нисбатан ишончсизликни кучайтиради.

Масъулиятсизлик туйғуси: Воқеа бўйича тезкор ва шаффоф муносабатнинг йўқлиги жавобгар шахсларнинг масъулиятсизлигини кўрсатади ва уларни жавобгарликка тортиш жараёнини қийинлаштиради.

Олдини олиш чораларининг сустлиги: Фожиа сабаблари расман ўрганилмасдан ва эълон қилинмасдан, келажакда шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўрилмаслиги мумкин.

Ҳуқуқий жавобгарлик: Юқорида қайд этилган қонунларга биноан, ахборотни беришни асоссиз рад этиш ёки маълумотларни яшириш мансабдор шахслар учун жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Бу оғир дамларда уларга сабр-тоқат тилаймиз. Биз ушбу ҳолат бўйича расмий маълумотлар тез фурсатда берилишини талаб қиламиз. Нега давлат идоралари қонуний мажбуриятларини бажармаяпти? Бу ҳолатга ким масъул ва нима учун жамоатчиликка шаффофлик таʼминланмаяпти?

Каналга уланиш: @Kar24uz