bakiroo
63.5K subscribers
1.02K photos
333 videos
5 files
6.4K links
Download Telegram
6 ёшли болаларнинг ҳаммаси тайёрлов синфларига чиқадими?

Тараққиёт Стратегиясида белгиланган, лекин эсдан чиққан вазифалардан яна бири 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олишга оид.

Стратегияга кўра, 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 2024/2025 ўқув йилида 100 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.

Яъни, 6 ёшли болаларнинг ҳаммаси бу йилдан халқ тилида "нулевой" дейиладиган синфларга чиқиши керак.

Хўш, ўзи шусиз ҳам жой етишмаёган мактабларда 6 ёшли болалар мактабга борадими? Ё топшириқни эсдан чиқариб, унутиб турамизми?
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Ноқонуний сотиб юборилган 58 та объект мактаблар балансига қайтарилди — Ҳилола Умарова

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг маълум қилишича, 2019-2022 йилларда 470 дан зиёд ҳолатда мактаблар балансидаги объектлар ноқонуний равишда сотиб юборилган.

Бу бўйича вазирлик томонидан 180 дан ортиқ ҳолатда фуқаролик ва маъмурий судларга мурожаат қилиниб, 58 та объект мактаблар балансига қайтарилган.

Ҳозирда ноқонуний бериб юборилган ёки сотилган объектларни мактаблар балансига қайтариш бўйича иш олиб борилаётгани айтилди.

Вазир айтганидек, ҳақиқатан ҳам мактабларнинг ер майдонлари ва биноларини сотиб юбориш 2023 йилгача роса авж олган.

2023-2024 йиллар давомида эса бундай ҳолатлар кузатилмагани таъкидланди. Лекин бу дегани уринишлар йўқ, қолмади дегани эмас. Эсингизда бўлса, шу йил баҳорда Юнусобод тажрибаси дея мактаб ҳудудидаги ер майдонларини сотишга ҳаракатлар юз берди. Ёки бўлмасам, хусусийлаштириш дастурига юзлаб мактаб ва боғча ҳудудлари қўшиб юборилди.

Нима учун мактаб ер майдони ва бинолари дахлсиз бўлиши керак? Бу масала шуниси билан яна долзарбки, бу кетишда 2 млн.га етадиган ўқувчи ўрни етишмовчилигини бартараф этишнинг энг арзон ва осон йўли мавжуд мактаблар ҳудудида мактаб биноларини қуриш ҳисоблайман. Айниқса, пойтахтда ва йирик шаҳарларда.

Вазирликнинг позициясини қўллаб-қувватлаган ҳолда, уни янада кучайтиришни истаган бўлардим. Хусусан, бюджет тизимидаги мактаблар ва боғчалар макони "хусусийлаштиришдан" дахлсиз бўлиши ва уларнинг ҳудудини сотишни қонун билан тақиқлаш керак бўлади.
“Трастбанк”дан байрамона туҳфани қарши олинг!

“Трастбанк” Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида байрамона совғани тақдим этади. Энди Сиз “Trastpay” мобил иловаси орқали “UzCard” ва “HUMO" карталари ўртасида бир ой ичида 10 млн сўмгача пул ўтказмаларини фоизсиз амалга оширишингиз мумкин.

Ушбу фоизсиз P2P ўтказмаларини “Трастбанк” карталарига эга бўлган мижозлар амалга ошириш имкониятига эгадирлар.

Ҳозироқ мобил иловани юклаб олинг: https://trastpay.page.link/Trastpay

Реклама
Мустақиллик байрамига мукофотдан тежаш жуда бир ёмон ишоралар беради

Бугун ойнинг охирги иш куни тугади ҳисоб. Эртанги Мустақиллигимизнинг арафаси, индинга энг улуғ, энг азиз байрамимиз. Мустақилликдан буюк неъмат йўқ.

Афсуски, бу йилги Мустақиллик байрамини қатор давлат компаниялари ва банклари, баъзи йирик хусусий компанияларнинг ўнминглаб, балки юзминглаб ходимлари байрам мукофотисиз кутиб олмоқда. Табиийки, кўпчилик уйга қуруқ қўл билан боради. Эртанга ва индинга болалар билан байрамнинг нишонланиши, кайфият ҳам шунга яраша бўлади.

Мени ҳайрон қолдирадиган, ҳаттоки энг оғир ўтган, оч-наҳор 90-йиллардаям Мустақилллик байрами учун мукофот беришдан қисилмаган. Чунки ҳамма билган, тушунган, Мустақилликнинг шукуҳини, вазнини баланд тутиш керак.

Ҳа, бу йил жуда кўп соҳалар учун оғир келди. Авввалги йиллардаги хатолар учун росмана товон тўланмоқда. Лекин шу оғир келган йилдаям бўлар-бўлмас тадбирлар, самарасиз лойиҳалар, ёлғон-яшиқ кўзбўямачиликлар тўхтагани йўқ. Миллиардлар совурилиб сарфланди ва сарфланмоқда.

Шундай экан, нега иқтисод қиладиган жойлар қолиб, иқтисод қилмайдиган ишлардан пул тежалиши керак? Бу қанақа ўлчов? Ё сизларга Мустақиллик байрамини иккинчи даражалига айлантириш топшириғи тушганми?
Қуёш ва шамол станциялари 44 кунда 1 млрд.кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарган, таннарх арзонлайдими?

Энергетика вазирлиги берган маълумотларга кўра, қуёш ва шамол станциялари томонидан 17 июлдан 30 августгача бўлган даврда 1 млрд.кВт.соат электр энергияси генерация қилинган. Аввалги 1 млрд.кВт.соат 47 кунда, энг биринчи 1 млрд.кВт.соат эса 5 ойда ишлаб чиқарилган эди.

Энергетикларга кўра, йил охиригача 5,7 млрд.кВт.соат электр энергияси генерация қилинади. Албатта, динамика ёмонмас, лекин соҳага тикилган ва тикилаётган мисли кўрилмаган маблағлар инобатга олинса, тикланадиган манбалар ҳажми ва улуши бунданам тезроқ ўсиши керак. Маълумот учун, йил бошида Давлат раҳбарига "яшил энергия"нинг улуши 15%дан (13 млрд.кВт.соат) кам бўлмайди, дея ваъда берилган.

Арзон яшил энергия улушининг ортиши электр энергия таннархини ҳам пасайтириши керак. Ўзбекгидроэнергодан 4 цент, қуёш ва шамол станцияларидан 3 цент атрофидаги нархларда электр энергияси сотиб олинади. Бу Ўзэнергосотиш сотиб олаётган электр энергиясининг таннархи пасайишда давом этиши керак дегани. Дарвоқе, ягона сотиб олувчи ва сотувчи Ўзэнергосотиш ҳали бирон марта ҳисобот бергани йўқ.
Миллернинг баёноти ўзбек статистикасига тўғри келмаяпти

Газпром раисининг ўтган кунги баёнотига ишонилса, Ўзбекистонга газ етказиб бериш қишдаги максимал даражада, кунига 9 млн.куб ҳажмида амалга оширилмоқда. Бу, масалан 7 ойда 1,9 млрд. куб, пулдаги қиймати энг шиширилган 220 долларлик нархлар ҳисобга олинса ҳам, жами 418 млн.доллар дегани.

Ўзбекистон расмий статистикасига кўра, 7 ойда 983,7 млн.долларлик газ импорт қилинган. Ўртамчилар қўшиб шиширилган 220 долларлик нархда ҳам бу 4,5 млрд.куб газ ёки кунига 21 млн.куб газ импорт қилинаётганини англатади.

Миллерга кўра, Ўзбекистонга газ етказиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ошган, бизнинг статистика эса газ импорти деярли 5 баробар ошганини кўрсатмоқда.

Бу рақамлар қандай хулосалар беради?

Ё Ўзбекистон Россиядан бошқа, айтайлик, Туркманстондан ҳам газ импорт қилмоқда (масалан, туркманлар ўрисларга сотиши керак бўлган контрактланган газни) ёки ўрис гази ҳаддан ташқари қиммат, минг кубаси 500 доллардан сотиб олинмоқда.

Учинчи эҳтимол ҳам бор, шимолдан импорт қилинаётган газ аслида Миллер айтганидан кўпроқ, ўзбек статистикаси рақамларига яқинроқ, унинг бир қисми Ўзбекистон орқали Хитойга реэкспорт қилинмоқда (7 ойда 323,1 млн.долларлик газ экспорт бўлган, ҳажмда агар шиширилган нархлар ҳисобга олинса 1,5 млрд.куб атрофида).

Бахтга қарши, газ импортига оид ҳамкорлар биздан ҳам ёпиқроқ давлатлар, уларнинг статистикаси худди Ўзбекистон статистикаси сингари умумий ва юзаки, яъни солиштириб бўлмайди.

2023 йилда Ўзбекистонда 47,5 млрд.куб газ истеъмол қилинган. 2024 йилда газ қазиб олиш 42 млрд.кубгача қисқариши, экспорт эса тўхтамаётгани ҳисобга олинса (шу кунгача 1,5 млрд.куб), ўтган йилгидек истеъмолни таъминлаш учун камида 7 млрд.куб газ импорт қилиниши керак бўлади.
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Мустақилликни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим!

Мустақилликни, демакки давлатчиликни мустаҳкамлаш иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш, фуқароларнинг ҳақ ва ҳуқуқларини кенгайтириш, барча муҳим сиёсий жараёнларда ватандошларимизнинг бевосита ва билвосита иштирокини таъминлаш, бозорларимизни дунёга очишда тўхтаб қолмаслик, айни вақтда ўзаро душман глобал марказлардан масофа сақлаш, бирон бир товар ёки хизматда бир манбага, бир мамлакатга қарам бўлиб қолмаслик ва албатта сиёсатда ҳам, бизнесда ҳам ўзбекистонпараст элитани шакллантириш орқали амалга ошади.

Энг Улуғ, энг Азиз байрам муборак!
Нефтимиз ҳам, газимиз ҳам ўзимизники бўлади!

Қарангки, сентябрнинг биринчи якшанбасида нишонланадиган нефть ва газ саноати ходимлари куни бу йил 1 сентябрга тўғри келипти.

Буям қанақадир ишора. Мен қатъий ишонаман, нефть ва газ конларимиз, труба ва омборларимиз, заводларимиз, улушларимиз ва ҳуқуқларимиз Ўзбекистон халқининг илки ва назоратига тўлиқ қайтади.
«Мустақилликнинг 25 йиллиги» конидаги ҳодиса 5,3 (2,9) млрд.долларлик лойиҳага қандай таъсир кўрсатади?

Ўзбекистондаги ўзлаштирилаётган энг йирик газ кони дейиладиган "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конидаги вазият бўйича ФВВ баёноти эълон қилинди. Лекин Лойиҳанинг оператори Surhan Gas Chemical Operating Company ёки пудратчилар томонидан ҳодисага нисбатан муносабат билдирилгани йўқ (охирги хабар 2023 йилнинг аномал қишида жойлаштирилган).

Расмий манбаларга кўра, Швейцариялик ва кипрлик дейиладиган инвесторларнинг консорциуми билан газ кони ва у билан боғлиқ мажмуа қурилиши бўйича битим 2017 йил Москвада имзоланган.

Лойиҳа амалга оширилиши бошланишида унинг қиймати 5,27 млрд.доллар деб эълон қилинган. 2018-2022 йилларга мўлжалланган биринчи босқичда йилига 5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга завод қурилиши, 2023-2025 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичда 1,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш ҳисобига йилига 500 минг тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга газ-кимё мажмуаси барпо этилиши айтилган.

Ўтган йилги ташриф вақтида Лойиҳанинг биринчи босқичи 2024 йил май ойида ишга туширилиши, 2025 йилда тўла қувватга чиқиши эълон қилинган.

Конлар блокидаги газ захирасининг миқдори 100 млрд.кубдан ортиқлиги маълум қилинган.
Энергетика вазирлиги Мустақилликнинг 25 йиллиги конида юз берган ҳодисани техноген офат деб атади

Вазирликка кўра, тегишли вазирлик ва ташкилотларни жалб этган ҳолда, Тезкор штаб ташкил қилинган. Техноген офат асоратларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, Бош вазирнинг ўринбосари A.Раматов, Фавқулодда вазиятлар вазири генерал майор Абдулла Қўлдошев, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов ҳодиса жойига етиб боришган.
Расмий статистикага кўра, августда пропан 20,2%га, гўшт эса 5,3%га қимматлаган

Статагентлик августда 0,5%лик ойлик инфляция, 10,5%лик йиллик инфляция қайд этган. Ой давомида озиқ-овқатларнинг 0,5%га, ноозиқ-овқатларнинг 0,7%га, хизматларнинг эса 0,4%га қимматлагани қайд этилган.

Расмийлар ниҳоят гўшт нархи ошганини кўришни бошлаган. Ой мобайнида мол гўштининг 5,3%га, қўй гўштининг эса 4,9%га ошгани тан олинган Агентлик мол гўштининг 1000-12000 сўм, қўй гўштининг эса 2000-14000 сўмгача қимматлаганини маълумот сифатида келтирган. Муҳим озиқ-овқатлардан яна картошканинг ойлик (5,5%) ва йиллик (15,0%) ҳисобда жуда тез қимматлаётганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон иқтисодиётининг илдизларига болта ураётган монополлашган ёқилғи нархларининг кескин ошиши ҳам ниҳоят, кечикиб бўлсада статистика рақамларида акс этган. Расмийларга ишонилса, августда пропан нархлари 20,2%га қимматлаган. Расмий кўзқарашларга кўра, пропаннинг қимматлашиши 300-1800 сўм атрофида бўлди, дейилмоқда (реалликда пропан 2000-3000 сўмгача қимматлади).

Агентлик метаннинг қимматлашишини ҳам анча камтарона баҳолаган. Ой давомида метан нархлари 4,0%га ошди дейилмоқда. 3 750 сўмлик потолок нархлар бекор қилинганидан кейин сотилаётган энг арзон шохобчалардаги нарх (3 950 сўм) инобатга олинса ҳам метаннинг 5,3%дан зиёдга ошгани маълум бўлади.

Шунингдек, бензин яна 0,2%га арзонлашган. Статистикачиларимиз қайси шохобчаларда бензин арзонлаётганини кўрсатиб берсалар савоб бўларди.

Ўзбекистонликларни талашда энергетикадан кейинги ўринда турадиган фармацевтикага алоҳида рақобат радарини тутиш вақти аллақачон етган. Дори воситалари ошиши тўхтамай давом этмоқда, августда 0,8%га қимматлашиш қайд этилган.
8-10 сентябрь кунлари Самарқанд дунёдаги иккита йирик тўқимачилик ассоциациясининг биринчи қўшма конференциясини — “ITMF Annual Conference & IAF World Fashion Convention 2024” (халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар Федерациясининг йиллик конференсияси ва халқаро кийим ишлаб чиқарувчилар ассоциациясининг жаҳон мода конвенсияси) ўтказади.

“Инновация, ҳамкорлик ва тартибга солиш — тўқимачилик саноати ва текстил соҳасини ҳаракатлантирувчи кучлари” тадбири “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Унда 500 дан ортиқ соҳа мутахассислари, йирик халқаро тўқимачилик компаниялари, брендлар, молия институтлари ва чакана савдо вакиллари иштирок этади.

8-10 сентябрь кунлари расмий бизнес дастури доирасида конференция иштирокчилари саноатнинг энг долзарб масалалари ва муаммоларини муҳокама қилади: сунъий интеллектнинг таъсири, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, халқаро тартибга солиш, барқарор ривожланиш ва таъминот занжирларини оптималлаштириш масалалари.

Конференцияга онлайн рўйхатдан ўтиш мумкин.

Реклама
Тўқаев қозоқ банкларини ислоҳ қилишга чақирди, ўзбек андозаларига ўхшаш ноталар йўқ эмас

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Қозоғистон халқига қилган йиллик мурожаатида банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича қатор вазифалар қўйилди.

Хусусан, Тўқаев банклар тўғрисидаги янги қонун қабул қилишга зарурият мавжудлигини қайд этди. Бу қонун иқтисодий фаолликни рағбатлантириш ва финтех секторнинг жадал ривожланиши вазифаларига жавоб бериши керак.

Шунингдек, Тўқаев қозоқ банклари энг даромадли эканига урғу бериб, акциядорларга тақсимланаётган дивидендлар тўланаётган солиқларга мутаносиб бўлиши кераклигига эътибор қаратган.

Тўқаевв кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш лозим даражада эмаслигини қайд этиб, банкларни иқтисодиётга кўпроқ пул тикиши учун рағбатлантириш бўйича Ҳукумат ва Миллий банкка мақбул чораларни кўриш кераклигини қайд этган.

Мутахассисларга кўра, бундан буён қозоқ банкларини базавий ва универсал лицензиялаш тартибига ўтилади. Микромолиялаш билан шуғулланадиган Базавий лицензияга эга банкларга нисбатан юмшоқроқ регуляция талаблар қўйилади. Янги типдаги банкларга нисбатан ўлчовлар агар таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистонда пайдо бўлаётган микромолиялаш банклари каби бўлади. Шунингдек, қозоқ қардошлар хорижий банкларнинг кириб келишига талабларни анча эркинлаштиришмоқчи.
Хусусийлаштирилган "Ipoteka-bank” биноларини сотиши мумкинми?

100 млн.долларга "хусусийлаштирилган" ФНҚЗнинг бир қисми 140 млн.долларга Air Products'га сотилгандан кейин Ўзбекистонда бу бўйича прецедент яратилди.

Лекин хусусийлаштирилган активларни тўлиқ ёки бир қисмини сотиш бўйича ҳеч қанақа шаффофлик ва очиқлик йўқ. Мумкин бўлса, қанақа шартларда, мумкин бўлмаса, нима учун?

Масалан, ўтаётган ойда банк ҳамжамиятида миш-миш тарқалди. "Ipoteka-bank” пойтахт марказидаги бош офис ва филиаллар жойлашган машҳур бинолар мажмуасини сотармиш, деган. Корпоратив қонунчилик нуқтаи назаридан олиб қаралса, "Ipoteka-bank” бунга ҳақли, бинолар мажмуаси 100 млн.долларга баҳоланган тақдирда ҳам, банкнинг Кенгаши бу бўйича қарор қабул қила олади (ўзи банкларнинг улкан биноларни балансда ушлаши ҳам иқтисодий маънога эга эмас).

Лекин ҳамма гап шундаки, "Ipoteka-bank” ҳам худди ФНҚЗ каби тўлиқ хусусийлаштириб бўлинмаган, жараён ниҳоясига етмаган. Яъни инвесторларнинг Ҳукумат олдида, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги олдида мажбуриятлари бор. Бу мажбуриятлар нималардан иборат, улар бажарилдими, ёпиқ қарорлар ёки кабинетлардаги келишувлар билан ўзгариб қолмадими?

Хўп, можор қардошларимиз 15 ой аввал “Ipoteka-bank”нинг 75% акцияларини сотиб олиш бўйича битим тузишганида, инвестор сифатида нималарни ваъда қилишган? Биз биламизки, "Ipoteka-bank” рақобатчилар иштирокида ва очиқ савдода эмас, музокаралар ўтказиш воситасида сотилди.

"Ipoteka-bank” акцияларининг қолган 25%и сотилишининг опцион шартлари қандай эди? Шу оралиқда ва ундан кейинги даврда инвестор бажариши керак бўлган қанақадир ковенантлар белгиланганми?

ФНҚЗ ва "Ipoteka-bank” билан юз берадиган ва юз бериши мумкин бўлган хатарлар эртага HUMO билан юз бермайдими?

Томонларнинг мажбуриятлари ва уларнинг ижросининг шаффофлиги ва очиқлиги яна шунинг учун ҳам керакки, хусусийлаштирилган активларнинг кейинги бегоналаштирилуви ёки бенефициарларининг ўзгаришини назорат қилиб бўлмайди, бу ҳатто Ўзбекистон резидентлари иштирокисиз ва ундан ташқарида ҳам юз бериши мумкинлигини биз "хусусийлаштирилган" цемент заводлари мисолида кўрдик.

Дарвоқе, очиқ маълумотларга кўра, "Ipoteka-bank”даги OTP Bank Plc улуши 79,6%га етган, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги улуши 19,1%га тушган. Бу Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўз назоратидаги қолган улушни можор қардошларга сота бошлаганини англатадими? Сотаётган бўлса, иккинчи пакет қанақа котировкаларда сотилмоқда?
bakiroo
Хусусийлаштирилган "Ipoteka-bank” биноларини сотиши мумкинми? 100 млн.долларга "хусусийлаштирилган" ФНҚЗнинг бир қисми 140 млн.долларга Air Products'га сотилгандан кейин Ўзбекистонда бу бўйича прецедент яратилди. Лекин хусусийлаштирилган активларни тўлиқ…
Ўзбекча хусусийлаштириш: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги "Ipoteka-bank”даги блокловчи пакети ювилиб кетишига рози бўлиб овоз берган

Бунақаси фақат Ўзбекистонда юз беради.

Демак, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўз назоратидаги қолган улушни можор қардошларга сотмаган. "Ipoteka-bank”даги давлат улушини тамсил этувчи Вазирлик ўзининг блокловчи улушини осонгина ва яна ўз ихтиёри билан топшириб қўя қолган.

Ўтган йили, битим амалга ошгани эълон қилинган вақтда OTP Bank "Ipoteka-bank”нинг фақат 73,71%ини қўлга киритган (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги назоратидаги 98 фоизлик улушнинг 75%и). Яъни, ўтган йил ноябргача Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (24,5-24,8%) ва миноритар акциядорлар (1,5-2,0%) қўлида блокловчи пакет бўлган.

Можор қардошларда мустақил равишда энг муҳим қарорларни амалга ошириш ҳуқуқи бўлмаган. Иқтисодиёт ва молия вазирлигини овозлари ва қўлловисиз.

Лекин "Ipoteka-bank”нинг 2023 йил 10 ноябрдаги акциядорлар умумий йиғилишида 844,6 млрд.сўмлик қўшимча акция чиқариш ва акцияларни ёпиқ обуна билан OTP Bank Nyrt.га жойлаштириш тўғрисидаги масала кун тартибига киритилган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, агарда Ўзбекистон манфаатларидан келиб чиқилса, уям майли, кейинги босқичда ўз улушини қимматроқ сотиши учун бу масалага қарши овоз бериши керак эди, вассалом.

Вазирлик нима қилган деб ўйлайсиз? Ўзининг қарийб 25%лик улушини 19,6%гача тушиб кетишига олиб келадиган, хусусийлаштириш жараёнида Ўзбекистон манфаатларига зид келадиган қарорларни олдини олиш ва блоклаш имкониятини берадиган қарорга рози бўлиб овоз берган.

Мана сизга ўзбекча хусусийлаштириш.

Можор қардошлар вазирликнинг кўз юмиб туриши ортидан юз берган бу чиқарилув орқали ўз улушини 79.6%га етказиб олишган ва энди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги назоратида қолган 19,1%лик улушни сотиб олишга умуман муҳтож ҳам эмас. Қўшимча акциялар чиқариб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги улушни ювиб юборишда давом этилаверади. Агар вазирлик қолган пакетни сув текинга ёки бошқа схемалар орқали топширмаса.

Нормал дунёда ва нормал битимларда акцияларнинг иккита пакетга бўлиб сотилишидан ягона мақсад, кейинги траншдаги блокловчи пакетни қимматроқ сотиш ҳисобланади. Узоққа бормайлик, масалан, TBC Bank Group Payme'нинг 51% улуши учун 2019 йилда 5,5 млн.доллар тўлаган бўлса, орадан 4 йил ўтиб қолган 49% улуш учун 10 баробардан зиёд, 55,7 млн.доллар тўлашга тўғри келган.
Хитойда 9,4 минг долларлик BYD Seagull Ўзбекистонда 15 минг доллардан сотиладими?

BYD'нинг расмий дилерлигини тамсил этувчи тармоқларда Seagull электромобили билан боғлиқ роликлар (1, 2) "яқинда шаҳар йўлларида" анонси билан берила бошлади.

Бу дегани, олиб-сотар чайқовчиликни ўз назоратига олаётган компания яқин орада Seagull'нинг расмий сотувларини бошлайди.

Маълумот учун Seagull нархи Хитойда 9 400 доллардан бошланади, хусусий тадбиркорлар келтириб 12 000 доллардан сотишмоқда. Расмий чайқовчи E2 моделини хусусий тадбиркорлардан кўра 3 100 доллар қимматига сота бошлаганидан келиб чиқилса, Seagull'ни ҳам камида 15 000 доллардан бошлаб сотишлари эҳтимоли юқори.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган BYD'лар чет элдан олиб келинаётган маҳсулотлардан арзон бўлади, дея интервью берганди 2 ой аввал “BYD Uzbekistan Factory” раҳбари. Лекин бундай баёнотларнинг қанчалик ёлғон ёки рост эканини, масалан, Жиззахда йиғилаётган BYD Song Plus Champion DM-i нархлари мисолида ўзингиз солиштириб кўришингиз мумкин.
Нефть нархи 73 доллардан пастга тушди, Ўзбекистонда бензин ва пропан қимматлашишда давом этадими?

Б
рент типидаги нефть нархи 10 ойлик минимумларгача арзонлаб, 73 доллардан паст нархда сотилмоқда. Лекин бу сафар ҳам импорти фақат бир манбага, шимолдаги босқинчиларга боғлиқ бўлиб қолган Ўзбекистонда бензин ва пропан арзонлашишини кутмаслик керак бўлади.

Охирги савдоларда 80 шиптир лақабли бензин 9,3 млн.сўмдан, пропан эса 8 млн.сўмдан қиммат нархда ўтказилган. Чакана савдода 80 бензин 7800 сўмгача, пропан эса 6500 сўмгача сотилмоқда.

Шимолдагилар билан чатишиб кетган олигархия чўнтагини тўлдираётган қиммат ёқилғи Ўзбекистон маҳсулотларининг нафақат узоқ бозорлардаги, Марказий Осиёнинг ўзидаёқ рақобатбардошлилигини йўққа чиқармоқда. Балки энергетикадаги шахматчиларнинг режаси ўзи шунақадир?
Мувозанат? Бюджет дефицити августда минимумгача пасайган

Август ойида Давлат бюджети даромадлари 22,1 трлн.сўм, харажатлари эса 22,3 трлн.сўмни ташкил этган. Даромадлар ва харажатлар ўртасидаги фарқ 282,3 млрд.сўмгача қисқарган. Бу 2024 йилнинг ўтган ойларида қайд этилган энг кам дефицитдир.

Августдаги мувозанатга даромадларнинг ошиши эмас, харажатларни кескин қисқартириш орқали чиқилган. Агар рақамларга ишонилса, августда давлат бюджети харажатлари июлдагидан 2,0 трлн.сўм, июндагидан эса 5,5 трлн.сўм камроқ бўлган. Қайси моддалар орқали бу натижага эришилгани, кейинроқ чораклик ҳисоботлар берилгандан сўнг маълум бўлади. Умид қиламизки, бюджетимизни ўпириб юбораётган энергетикага субсидиялар тўхтатилган ёки кескин камайтирилган.

8 ойлик дефицит 36,8 трлн.сўмдан иборат бўлган. 2023 йилнинг 8 ойида давлат бюджети дефицити 39,6 трлн.сўмни ташкил этган эди.
"3 млрд.сўм тежалади"

27 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда ишлатиладиган бюллетенларнинг шакли тасдиқлангани эълон қилинди.

Унга кўра:

Қонунчилик палатасининг бир мандатли сайлов округи бўйича сайлов бюллетени – оч кўк рангда;

ягона сайлов округи бўйича сайлов бюллетени – оч яшил рангда;

халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши сайловининг сайлов бюллетени – оч сариқ рангда;

халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши сайлови бу бўйича сайлов бюллетени – оч кулранг бўлиши белгиланди.

Шунингдек, сайлов бюллетенларининг ихчамлаштирилиши натижасида 3 млрд сўмгача маблағ тежалади.

P.S.: Аввалги сайловларда овоз бериш натижаларини ҳисоблаш учун участка сайлов комиссиялари ўртача 4 соат вақт сарфлашган бўлса, янги шаклдаги сайлов бюллетенлари жорий этилиши ушбу вақтни камида 1 соатгача қисқартириш, бутун республика бўйича эса, комиссияларнинг камида 11 минг соатгача вақтини тежаш имконини беради.