bakiroo
63.5K subscribers
1.03K photos
334 videos
5 files
6.43K links
Download Telegram
Сувалган реаллик

Корпоратив депозитлар билан боғлиқ ставкаларнинг бозорга умуман алоқаси йўқлигини хорижий валютадаги корпоратив депозитлар ставкаларидаги ўзгаришлардан ҳам кўриш мумкин.

Июль ойи давомида юридик шахсларнинг муддатли депозитлари ўртача тортилган ставкаси 5,8%дан 2,3 фоиз бандига, 3,5%гача пасайган. Ақлга сиғмайдиган бундай пасайиш, фақат бир ҳолатда — давлат назоратидаги йирик депозиторлардан бири қайсидир давлат банкига ўта паст нархда депозит жойлагандагина юз бериши мумкин. Янаям. аниқ айтсак, тахминан 700 миллион долларлик депозит 2,0% атрофидаги ставкада жойланган.

Бу қанчалик абсурд эканини солиштириб тушунишингиз учун, ўтган ойда икки энг йирик давлат банки деярли 9,0%дан еврооблигация жойлаштирди.
Адолатли хусусийлаштириш учун битта талабгор етарли эмас, ҳатто у Kaspi.kz бўлса ҳам

Kaspi.kz HUMO тўлов тизимини сотиб олишга қизиқиш билдираётгани яхши хабар, лекин бу очиқ савдоларда сотилиши ваъда қилинган HUMO адолатли тарзда хусусийлаштирилиши учун етарли шарт бўла олмайди.

Айниқса, Янги дейилган даврда "хусусийлаштириш" активларни кўз остига олган ягона асосий талабгор атрофида ташкил этилгани, барча шартлар ва мезонлар унга мослаштирилгани, қолган спарринг иштирокчилар аввалбошдан ютмаслигини билиб ёки ютмасликни истаган ҳолда жараёнга қўйилгани ҳисобга олинса.

Шундай экан, Kaspi.kz қизиқишини қувонч билан қабул қилган ҳолда, HUMO тўлов тизимини сотиб олишга яна бир нечта, керак бўлса ўнлаб бир-биридан мустақил ва глобал талабгорлар пайдо бўлиши кераклигини қайд этиб ўтиш керак. Давактивнинг бу жараёндаги самарадорлиги HUMO'га қанча кўп ва жиддий талабгорлар қўшилиши билан аниқланади.

Айни вақтда HUMO'ни сотиб олишга банкларнинг қизиқиши (Kaspi.kz ҳам Ўзбекистонда банк очмоқчи) ва эҳтимолки, банклар ё улар билан аффилланган тузилмалардан бири томонидан сотиб олиниши Марказий банк ва Рақобат қўмитаси олдида янги мезонларни ишлаб чиқиш талабини ҳам қўяди. Чунки Ўзбекистонда иккита тўлов тизимидан (иккиси ҳам барча белгилари бўйича устун мавқега эга) бирига қайсидир банк ё банк билан аффилланган тузилмаларнинг эгалиги банклар ўртасидаги рақобатга ва ўйин қоидаларига жиддий таъсир кўрсатади.
Мактаблар мажбурий овоз бериш маконига айланган

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборотига кўра, умумтаълим мактаблари мажбурий овоз беришда етакчилик қилмоқда. 1282 ишонч телефони ва тармоқларда қолдирилаётган шикоят ва мурожаатларнинг энг катта қисми — деярли ярми айнан мактаблардан.

Овоз беришга мажбурлаш бўйича кейинги ўринни тиббиёт муассасалари эгаллаган.

Ўзи айнан мактаб ўқитувчиларига мажбурий овоз бериш ҳолатларини камайтириш мақсадида, Ташаббусли бюджет иккинчи мавсумини ёзги таътил вақтида ўтказишга қарор қилинганди. Кўринаяптики, ҳатто ёзги таътил вақти ҳам ўқитувчилар учун мажбурлашдан хавфсиз ва холи пайт эмас экан. Тармоқларда ўқитувчиларга келаётган ўқув йилида камроқ дарс тақсимлаш ёки дарс бермаслик қўрқитуви билан овоз йиғишга мажбурлаш юз бераётгани ҳақида кўп ёзилмоқда.

Ҳар йили янграйдиган ўнлаб баёнотлар, ваъдалар, махсус қонунларга қарамай, Янги Ўзбекистонда ўқитувчиларни мажбурий меҳнат ва овоз йиғишдан тортиб, ҳашар учун бир кунлик маошни ўтказиш, пахтага теришга одам ёллашгача бўлган ноқонуний ишларга жалб қилиш тўхтагани йўқ.

P.S. Ҳурматли ўқитувчилар, овоз йиғишга мажбурлаш кўпга келган тўй экан, деб қўл қовуштириб ўтирманг. Шикоят қилинг. 1282 ишонч телефонига мурожаат қолдиринг.
Марказий банк даромадлилик эгри чизиғини эълон қилишни бошлади

Регулятор бугундан бошлаб бирламчи ва иккиламчи бозорларда шаклланган давлат қимматли қоғозлари (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк томонидан чиқарилган облигациялар) даромадлилиги ҳамда пул бозори овернайт ставкаси, Марказий банкнинг депозит ва РЕПО аукционлари фоиз ставкалари асосида ҳисобланадиган Даромадлилик эгри чизиғини очиқлай бошлади.

Бугун очиқланган графикка кўра, 1 кунлик қоғозларнинг фоиз ставкаси 13,30%, ҳафталик қоғозлар бўйича 13,35%, ойлик қоғозлар ставкалар 13,53%ни ташкил этган (асосий ставка атрофида).

Йиллик ва узоқ муддатли қоғозлар бўйича ставкалар юқорилигича қолмоқда:
1 йиллик 15,42%
2 йиллик 16,43%
3 йиллик 16,90%
4 йиллик 17,11%
5 йиллик 17,21%
6 йиллик 17,24%
7 йиллик 17,25%.

Даромадлилик эгри чизиғининг динамикаси пулнинг нархи ошиб ёки тушиб боришини кузатиш учун қулай индикатор ҳисобланади. Айниқса, банклар, бизнесменлар ва инвесторлар учун
Маош нисобида Ўзбекистонда энг қиммат уй-жой Самарқандда

Марказий банк 2024 йил биринчи ярим йиллиги бўйича Ипотека кредитлари шарҳида биринчи марта уй-жой нархларининг аҳоли харид қобилиятига нисбатини ҳудудлар қирқимида маълумот тақдим этган.

Мазкур маълумот Ўзбекистонда энг қиммат уй-жой мутлақ қийматда эмас, нисобда аслида қаерда энг қиммат эканини кўрсатиб беради.

Демак, маошга нисбатан энг қиммат уй-жой, сиз ўйлаганингиздек, Тошкентда эмас, Самарқандда.

С
амарқандликлар Самарқандда 1 кв.м уй-жой сотиб олиш учун ўртача ойлик иш ҳақининг 2,67 баробари қийматида тўлов қилишлари керак. Бошқача айтганда, 50 кв.метрлик камтаргина квартира сотиб олиш учун, Самарқандликлар емай, ичмай 11 йилу ва яна 1,5 ойлик йиллик маошларини беришларига тўғри келади.

Тошкентда 50 кв.м уй-жой сотиб олиш учун тошкентликлар ўртача 7 йилу 7 ойлик маошларини сарф қилиши зарур.

Маош нисобида энг арзон уйлар Қорақалпоғистонда. Шимолий минтақамизда 50 кв.м уй-жой сотиб олиш учун 4,9 йиллик маош кифоя.
Давактив HUMO учун аризалар қабул қилишни тўхтатдими?

Ўзбек тилидаги ва рус тилидаги эълон бўйича талабгорларга қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризалар 2024 йил 22 август соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар белгиланган. Яъни, HUMO'ни хусусийлаштириш бўйича ариза қабул қилиш тугади.

Лекин инглиз тилидаги эълон бўйича аризалар 2024 йил 30 август соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар этиб кўрсатилган.

Бу қанақа янги ўйин? Ё шунчаки билмаса чин, билса техник хатоми? Атайин қилинганми?

Айтайлик, HUMO'нинг хусусийлаштирилиши бўйича инглиз тилидаги эълонни ўқиган потенциал харидор ариза топширмоқчи бўлса, "бўлди, дедлайн тугади" дейиладими?

Ёки ўзбек ёки рус тилидаги ҳужжатлар, 22 августгача, инглиз тилидагиси 30 августгача қабул бўладими?

Бу қанақадир абсурд, айниқса, Ўзбекистонда исталган давлат банкидан каррасига қиммат турадиган тўлов тизимининг хусусийлаштирилаётгани ва бунга ёлланган консультантлар учун миллиардлаб тўлов қилинаётгани ҳисобга олинса.
Қуёш панеллари ва энерготежамкор қозонлар импорти учун сунъий чекловлар бекор бўладими?

Кечаги йиғилишда Давлат раҳбари муқобил энергия манбаларини ўрнатишни давлат сиёсати деб атади. Хусусан, 1 млн хонадоннинг иситиш тизимини энергия тежамкорига алмаштириш, аҳоли ва тадбиркорларга 973 МВт қувватли қайта тикланадиган энергия манбаларини ўрнатиш вазифаси қўйилди.

Агар адашмасам, охирги икки ҳафта энерготежамкорлик борасида иккинчи марта йиғилиш ўтказилди. Йиғилишдан кейин энергетикадаги раҳбарлардан бир нечтаси муаммолар айтилмайдиган Ўзбекистон 24 учун интервью ҳам берди.

Дарҳақиқат бу интервьюларда умумий гаплар ва ҳамду санолардан бошқа бирон жиддий янги гап ё таклифни эшитмайсиз.

Масалан, қуёш панелларининг божсиз импорти ёпиқ қарор билан фақат 2 та компанияга топширилгани, қолганлар бож ва нобож тўсиқлардан ўтиши лозимлиги, табиийки, сунъий монополлашган муҳитда қуёш панелларининг нархи потираб ўсишдан тўхтамаётгани, панелларни ўрнатишга рағбатни ўлдираётгани ҳақида лом-лим дейилгани йўқ. Балки қуёш панеллари импорти бўйича ёпиқ қарор билан имтиёз берилган компанияларнинг шонли энергетикларнинг ўзларига тааллуқли жойи бордир? Балки шунинг учун қуёш панелларини ўрнатишга мажбурлашнинг илдизи ва сабаблари шонли энергетикларнинг ўзларига қараб етаклар?

Шу билан бирга, 1 млн хонадоннинг иситиш тизимини энергия тежамкорига алмаштириш бўйича вазифа қўйилганида, нега шонли энергетиклар масалан, иситиш қозонлари учун аждарҳо божлари ва сертификатлашдан тортиб, мажбурий тестларгача бўлган нобож чекловлар ҳақида муаммони кўтаришмади?

Ўзи мақсад энерготежамкорликми ёки шу баҳона иситиш қозонларини "маҳаллийлаштириб олган" олигархларга 1 миллионлик буюртма яратиб беришми? Нега бу бўйича энг тўғри йўл эркин танлов яратиш экани ҳақида эслашмайди? Нега "маҳаллийлаштирилган" икки контурли қозон импорт аналогидан ҳам қиммат, ҳам сифатсиз? Энергетикларнинг олд қатордаги устозлари ёки орқа қатордаги садоқатли шогирдлари бунга нима дейди?
Йилига 2 трлн.сўм солиқ тўлайди дейилган Uzbekistan GTL йирик ишлаб чиқарувчи солиқ тўловчилар рўйхатида йўқ

4 млрд.долларгача шиширилган Uzbekistan GTL заводини маъқуллатиб олишда шонли энергетиклар тўқиган тезислардан бири завод ишга тушса, йилига 2 трлн.сўм солиқ тўлайди, деган афсона бўлган.

Хўш, нима деб ўйлайсиз, Uzbekistan GTL қанча солиқ тўлаяпти? 7 ойлик маълумотга кўра, завод ишлаб чиқариш соҳасидаги энг кўп солиқ тўлаган ТОП 20 рўйхатига кира олмаган. Рўйхатдаги энг охирги солиқ тўловчи 129,3 млрд.сўм солиқ тўлагани ҳисобга олинса, демак, GTL завод шу суммадан ҳам камроқ солиқ тўлаган (5 ойда 101,0 млрд.сўм солиқ тўланган). Солиштириш учун, ўтган йилнинг шу даврида Uzbekistan GTL 254,5 млрд.сўм солиқ тўлаган.

Тасаввур қилишингиз учун, оддий Пепси заводи ёки Корзинка тармоғи космосдан кўринадиган дейиладиган (коррупция кўлами бўйича ҳам космосдан кўринса керак) GTL заводдан анча кўп солиқ тўламоқда ва шу кетишда Uzbekistan GTL учун совурилган 4 млрд.долларни ҳеч қурса солиқлар кўринишида қайтариш учун 100 йил ҳам етмайди (бу ҳисобга қарз ва кредитларни қайтариш кирмайди).
bakiroo
Йилига 2 трлн.сўм солиқ тўлайди дейилган Uzbekistan GTL йирик ишлаб чиқарувчи солиқ тўловчилар рўйхатида йўқ 4 млрд.долларгача шиширилган Uzbekistan GTL заводини маъқуллатиб олишда шонли энергетиклар тўқиган тезислардан бири завод ишга тушса, йилига 2 трлн.сўм…
Энергетикадаги тубга қулаш солиқ тушумлари кескин пасайишида яққол акс эта бошлаган

Бошқа рақобатли соҳаларда солиқ тушумларининг барқарор ўсиши юз бераётган бўлса, тубга ботаётган энергетикада бунинг бутунлай акси юз бермоқда. Ўтган 7 ойда 2023 йилнинг 7 ойи билан солиштирганда ёқилғи-энергетикага дохил давлат компанияларида солиқ тушумлари кескин пасайган, хусусан:

Ўзбекнефтегазда 3 019,6 млрд.сўмдан 2 290,7 млрд.сўмгача (-24,2%);
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 707,8 млрд.сўмдан 410,3 млрд.сўмгача (-42,0%);
Uz-Kor Gas Chemical МЧЖда 547,6 млрд.сўмдан 170,5 млрд.сўмгача (- 3,2 карра);
Uzbekistan GTL МЧЖда 254,4 млрд.сўмдан тахминан 120 млрд.сўмгача (- 2,1 карра);
Issiqlik elektr stanstansiyalari АЖда 816,4 млрд.сўмдан 363,3 млрд.сўмгача (-2,2 карра) қисқариб кетган.

Эсингизда бўлса, 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида энергетикага бюджетдан 10,8 трлн.сўмдан ориқ субсидиялар ажратилгани маълум бўлган эди (7 ойда бу миқдор янада кўпайгани аниқ). Бошқача айтганда, шу кунга етиб келдикки, ўзбек энергетикаси бюджетга тўлаётган солиғидан кўра бюджетдан олаётган субсидиялар кўпроқни ташкил этмоқда . Яъни улар том маънода паразитга айланиб бўлишган. Шимоллик босқинчиларнинг энергетик игнасига онгли равишда ўтказилган энергетикада ишлаб чиқаришнинг аҳволи яна қанақа бўлиши мумкин эди?

Юқоридаги рақамларда яна бир яширин жиҳат бор. Бу энергетикадаги компанияларнинг солиқ имтиёзлари. Масалан, бюджетга солиқ тушумларини 3 каррадан кўпроқ камайтириб юборган Uz-Kor Gas Chemical МЧЖ 224,4 млрд.сўмлик солиқ имтиёзларига эга. Ўзи мисли кўрилмаган солиқ имтиёзларига эга, яна солиқ тўлашни каррасига қисқартирган. Зўр а? Бу қанақа компания ўзи дейдиганлар учун, эслатиб ўтаман: Uz-Kor Gas Chemical МЧЖ аввалги йилларда Ўзтрансгазни 1 млрд. долларга қарз қилиб қўйган ва бу қарз шу йил баҳорда Ўзбекнефтегаз бўйнига. яъни сиз ва бизнинг зиммамизга қайтадан осилган.

Дарвоқе, Ўзтрансгаз на ишлаб чиқарувчилар, на хизмат кўрсатувчилар қаторида йирик солиқ тўловчилар рўйхатига тушган. Яширин қарор билан ишончли бошқарувга бериб юборилган ва қачонлардир Ўзбекистоннинг энг йирик солиқ тўловчиси ва рентабелли компанияси балки энди Ўзбекистон учун эмас, олигарх чўнтаклар манфаатларига ишламоқда.
Камида учта хорижий талабгор HUMO учун ариза топшира олмаган

Давактив HUMO'нинг хусусийлаштирилиши бўйича аризалар 2024 йил 30 август соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар қабул қилиниши ҳақида инглиз тилида эълон қилганига қарамай, аризаларни қабул қилиш тўхтатилган.

Кеча Давактив сайтида жойлаштирилган эълондаги сана 22 август қилиб ўзгартириб қўйилган.

Инглиз тилидаги эълонга ишониб талабгор сифатида ариза топшириш истагидаги камида 3та хорижий инвестор энди HUMO'нинг хусусийлаштирилишида иштирок эта олмайди. Балки саналардаги чалкашлик ва орқа сана билан уни тўғирлаш мақсадли равишда, талабгорлар сонини камайтириш учун амалга оширилган бўлиши мумкин.

Нима бўлганадаям очиқ савдода сотилади дейилган HUMO'нинг хусусийлаштирилиши кейинчалик унинг натижаларига шубҳа солиши мумкин бўлган инцидент билан бошланди. Талабгорлар сонининг кескин камайиши, олдиндан белгиланган иштирокчилар орасида "савдо"нинг ўтиши, албатта HUMO'нинг нархини каррасига арзонлаштиради.
Энергосамарадорлик эмас, импортни чеклаш асосий мақсад бўлган

Ўзбек чиновниклари энергосамарадорликка ва умуман иқтисодий самарадорликка ҳам тупуриб қўйганига, энергосамарадорлик баҳонасида олигарх ва монополияларнинг боқувидаги дастёрларга айланиб қолишганига яққол мисол мана шу. Кун ўзнинг нотариф чекловларга айланган энергосамарадорлик тестлари тўғрисидаги мақоласини қарғамасдан ва лаънатламасдан ўқиш қийин.

Протекционизмни кучайтирадиган, эркин рақобатни ўлдирадиган тақиқ ва чеклов протоколларини тўқиб чиқарадиган ва суйиб имзолайдиганлар, нима қилиб қўйганларингизни бир кўриб қўйинглар.

Техник тартибга солиш агентлиги, Ўзэлтехсаноат, шуми сизларнинг кўрсатаётган кароматингиз? Исталган нормал ва қонунлар ишлайдиган давлатда сизларга қарши маҳкама очилган бўларди.

Энергосамарадорликка алоқаси бўлмаган тест талабларини киритиб, ойлаб тест ўтказмасдан бизнесни сарсон қилишдан мақсад нима бўлган? Эплай олмас экансизлар, нима учун тест талабларини киритдинглар?

Ойлаб эшикларингиз ва шотирларингиз олдида сарсон бўлган, пули ва вақтига куйган етмагандай, яна солиқдан санкция олган тадбиркорларга нима дейсиз? Сизлар хўрлаган тадбиркорлар Давлатга қанча ҚҚС ва божхона тўловлари тўлаши мумкин эди? Сизлар бизнесга қўшиб, Давлатгаям зиён келтирганингизни тасаввур қиласизларми?

Президент қарорида энергия самарадорлиги “B” ва ундан қуйи тоифадаги энергия сарфловчи маиший электр приборларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқлангани кўрсатилган. Шунинг ўзи кифоя эмасми? Президент қарори ҳарфи ва мазмуни билан айнан энергосамарадорлик учун, лекин сизларнинг ҳаракатларингиз бунинг ғирт тескариси.

"Савдо-саноат палатаси ўтказган тадбиркорлар билан учрашувда неча марта бориб шу муаммони кўтардик, лекин ижобий ҳал қилиб беришгани йўқ”, демоқда тадбиркорлардан бири. Агар палата бизнесни очиқча қоқиштираётган зараркунанда чиновникларни тўхтата олмаса, қарши тура олмаса, унда нима учун керак, яна қачон керак?
Газ ва Электр бўйича "ақлли" счетчикларни ўрнатиш ҳалигача якунланмаган

Тўғриси, бундан ҳайрон қолмадим. Каррасига қимматлаштирилган газ ва электр счетчикларини ўрнатиш якунланиб қолса, қайта ва қайта ақлли чиқмаган счетчикни бошқа ақллисига алмаштириб, фақат овқат қилиш учун газ ишлатиладиган хонадонларга қиймати ҳеч қачон оқланмаслигини била туриб пул ўзлаштириш ҳам тугаб қоладику.

Эслатиб ўтаман, ақлли счетчикларни ўрнатиш электр бўйича 2021 йил якунигача, газ бўйича эса 2021 йил 1 августгача тугалланиши керак бўлган. Каррасига қимматлаштириш орқали триллионлаб қарз маблағлари ўзлаштирилгани учун ҳам, муддатлар атайин чўзилгани ва чўзилаётгани учун ҳам ҳеч ким жазолангани йўқ. Ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп.

Газетанинг Энергетика вазирлигига таяниб ёзишича, электр энергиясини тижорий ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (ЭТҲОАТ) жорий этиш бўйича ишлар 98,9 фоизга бажарилгани, газ бўйича эса 2024 йил охиригача якунланиши режалаштирилган. Ишончим комилки, бу муддатда ҳам охирига етказишмайди (Давлат раҳбарига охирига етказамиз дея аввалги йилларда берилган ваъдаларнинг ўзи саноғи йўқ).

Қарангки, шонли энергетиклар ўзларининг мажбуриятини муддатида бажара олмагани учун энди қарздор фуқароларни электр ва газдан ўчириш бўйича қонунчиликка ҳам ўзгартириш киритишни уддалашган. Ақлли счетчиклар белгиланган муддатда ўрнатилганида ва улар ростан ҳам ақлли бўлганида бу қонунга зарурият бормиди, деган саволни парламентда беришмаган.
Микрокредитбанк ўзгармоқдами?

Давлат банклари орасида энг кўп танқид қиладиганим Микрокредитбанк ўзгаришларнинг овози бўлишга чақирмоқда.

Микрокредитбанкда нима маъқул ё номаъқул, ўзгартириш, воз кечиш, қўшиш, кенгайтириш кераклигини мижозларнинг ўзларидан бошқа яна ким билиши мумкин?

Мижозларга оқилона ёндашув қандай бўлиши кераклигини яна шу кунгача Микрокредитбанкда мижоз бўлишни истамаганлар ҳам билади.

Шундан экан, ушбу сўровномага бир неча дақиқа вақтингиз аяманг. Балки айнан сиз сабабчи бўларсиз ўзгаришларнинг бошланишига.
Ўқувчи ўрни етишмовчилиги 1,6 млн.дан ошиб, 1,7 млн.га яқинлашган

Кечаги матбуот анжуманидан янграган рақамлардан келиб чиқилса, Ўзбекистонда мактабларда ўқувчи ўрни етишмовчилиги 1,6 млн.дан ошиб, 1,7 млн.га яқинлашган. Маълумот учун, ўтган ўқув йили бошланиши арафасидаги ҳисобларда, ўқувчи ўрни етишмовчилиги 1,5 млн.дан ошган эди.

Афсуски, Давлат раҳбарининг 2024 йилда 250 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича топшириғи яна бажарилмаган. Вазирга кўра, бу йил 180 минг ўқувчи ўрни яратилади.

Аввалроқ, ҳар йили 500 минг ўқувчи ўрни яратишдек улкан режалар эълон қилинган, лекин бу режалар Стратегик вазифалар қаторига қўшилмай қолган.

Яна бир салбий тенденция бу ўқувчи ўринлари яратишнинг қимматлашиб бораётгани билан боғлиқ. Вазир ўринбосари келтирган рақамларга ишонилса. бир ўқувчи ўрни яратиш 29,5 млн сўмдан 39,3 млн.сўмгачани ташкил этади (330 ўринли мактаб 13 млрд сўмдан ортиқ суммага, 528 ўринлиги 18,5 млрд сўмга, 660 ўринли мактаб 19,5 млрд сўмга тушади).

Мен сизларга яна бир ҳисобни айтаман. Айтайлик, 4 млрд.долларгача қимматлаштирилган, бўйнигача қарз ва зиёнда бўлган GTL Uzbekistan ўрнига мактаблар қурилганида ўқувчи ўринлари ўрни етишмаслиги муаммоси узил-кесил ҳал қилинган бўларди. Шундай экан, фарзандингиз учинчи сменага бораётган бўлса ёки парта етмайдиган 40та бола ўқиётган синфда ўқиётган бўлса, кимни лаънатлашни ва қандай қарғашни жуда яхши биласиз.
2 йил ичида ўқувчи ўринлар сони 6,4 миллионга етадими?

Кўпчилик, айниқса ўзбек чиновниклари унутиб қўйган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясига кўра, 2026 йил якунига қадар ўқувчи ўринлари сонини 6,4 миллионга етказиш белгиланган.

Охирги ҳисобларга кўра, 5,3 млн.атрофида ўқувчи ўрни мавжуд, бу йил охиригача барча имкониятларни ишга солиб ўқувчи ўринлари 5,5 млнга етказилган тақдирда ҳам, келаси 2 йилда 450 мингдан ўқувчи ўрни яратиш, яъни ўртача ҳисобдаги 1000тадан мактаб қуриш керак бўлади.

Балки, Ўзбекистон 2030 Стратегияси қабул қилингач, 2026 йилгача бўлган Тараққиёт Стратегиясидаги вазифаларни бажариш шартмас, деб ўйлашаётган бўлиши мумкин айримлар, лекин Фармон ўз кучида, табиийки, сўров ҳам барибир бўлади.
6 ёшли болаларнинг ҳаммаси тайёрлов синфларига чиқадими?

Тараққиёт Стратегиясида белгиланган, лекин эсдан чиққан вазифалардан яна бири 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олишга оид.

Стратегияга кўра, 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 2024/2025 ўқув йилида 100 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.

Яъни, 6 ёшли болаларнинг ҳаммаси бу йилдан халқ тилида "нулевой" дейиладиган синфларга чиқиши керак.

Хўш, ўзи шусиз ҳам жой етишмаёган мактабларда 6 ёшли болалар мактабга борадими? Ё топшириқни эсдан чиқариб, унутиб турамизми?
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Ноқонуний сотиб юборилган 58 та объект мактаблар балансига қайтарилди — Ҳилола Умарова

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг маълум қилишича, 2019-2022 йилларда 470 дан зиёд ҳолатда мактаблар балансидаги объектлар ноқонуний равишда сотиб юборилган.

Бу бўйича вазирлик томонидан 180 дан ортиқ ҳолатда фуқаролик ва маъмурий судларга мурожаат қилиниб, 58 та объект мактаблар балансига қайтарилган.

Ҳозирда ноқонуний бериб юборилган ёки сотилган объектларни мактаблар балансига қайтариш бўйича иш олиб борилаётгани айтилди.

Вазир айтганидек, ҳақиқатан ҳам мактабларнинг ер майдонлари ва биноларини сотиб юбориш 2023 йилгача роса авж олган.

2023-2024 йиллар давомида эса бундай ҳолатлар кузатилмагани таъкидланди. Лекин бу дегани уринишлар йўқ, қолмади дегани эмас. Эсингизда бўлса, шу йил баҳорда Юнусобод тажрибаси дея мактаб ҳудудидаги ер майдонларини сотишга ҳаракатлар юз берди. Ёки бўлмасам, хусусийлаштириш дастурига юзлаб мактаб ва боғча ҳудудлари қўшиб юборилди.

Нима учун мактаб ер майдони ва бинолари дахлсиз бўлиши керак? Бу масала шуниси билан яна долзарбки, бу кетишда 2 млн.га етадиган ўқувчи ўрни етишмовчилигини бартараф этишнинг энг арзон ва осон йўли мавжуд мактаблар ҳудудида мактаб биноларини қуриш ҳисоблайман. Айниқса, пойтахтда ва йирик шаҳарларда.

Вазирликнинг позициясини қўллаб-қувватлаган ҳолда, уни янада кучайтиришни истаган бўлардим. Хусусан, бюджет тизимидаги мактаблар ва боғчалар макони "хусусийлаштиришдан" дахлсиз бўлиши ва уларнинг ҳудудини сотишни қонун билан тақиқлаш керак бўлади.
“Трастбанк”дан байрамона туҳфани қарши олинг!

“Трастбанк” Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида байрамона совғани тақдим этади. Энди Сиз “Trastpay” мобил иловаси орқали “UzCard” ва “HUMO" карталари ўртасида бир ой ичида 10 млн сўмгача пул ўтказмаларини фоизсиз амалга оширишингиз мумкин.

Ушбу фоизсиз P2P ўтказмаларини “Трастбанк” карталарига эга бўлган мижозлар амалга ошириш имкониятига эгадирлар.

Ҳозироқ мобил иловани юклаб олинг: https://trastpay.page.link/Trastpay

Реклама
Мустақиллик байрамига мукофотдан тежаш жуда бир ёмон ишоралар беради

Бугун ойнинг охирги иш куни тугади ҳисоб. Эртанги Мустақиллигимизнинг арафаси, индинга энг улуғ, энг азиз байрамимиз. Мустақилликдан буюк неъмат йўқ.

Афсуски, бу йилги Мустақиллик байрамини қатор давлат компаниялари ва банклари, баъзи йирик хусусий компанияларнинг ўнминглаб, балки юзминглаб ходимлари байрам мукофотисиз кутиб олмоқда. Табиийки, кўпчилик уйга қуруқ қўл билан боради. Эртанга ва индинга болалар билан байрамнинг нишонланиши, кайфият ҳам шунга яраша бўлади.

Мени ҳайрон қолдирадиган, ҳаттоки энг оғир ўтган, оч-наҳор 90-йиллардаям Мустақилллик байрами учун мукофот беришдан қисилмаган. Чунки ҳамма билган, тушунган, Мустақилликнинг шукуҳини, вазнини баланд тутиш керак.

Ҳа, бу йил жуда кўп соҳалар учун оғир келди. Авввалги йиллардаги хатолар учун росмана товон тўланмоқда. Лекин шу оғир келган йилдаям бўлар-бўлмас тадбирлар, самарасиз лойиҳалар, ёлғон-яшиқ кўзбўямачиликлар тўхтагани йўқ. Миллиардлар совурилиб сарфланди ва сарфланмоқда.

Шундай экан, нега иқтисод қиладиган жойлар қолиб, иқтисод қилмайдиган ишлардан пул тежалиши керак? Бу қанақа ўлчов? Ё сизларга Мустақиллик байрамини иккинчи даражалига айлантириш топшириғи тушганми?
Қуёш ва шамол станциялари 44 кунда 1 млрд.кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарган, таннарх арзонлайдими?

Энергетика вазирлиги берган маълумотларга кўра, қуёш ва шамол станциялари томонидан 17 июлдан 30 августгача бўлган даврда 1 млрд.кВт.соат электр энергияси генерация қилинган. Аввалги 1 млрд.кВт.соат 47 кунда, энг биринчи 1 млрд.кВт.соат эса 5 ойда ишлаб чиқарилган эди.

Энергетикларга кўра, йил охиригача 5,7 млрд.кВт.соат электр энергияси генерация қилинади. Албатта, динамика ёмонмас, лекин соҳага тикилган ва тикилаётган мисли кўрилмаган маблағлар инобатга олинса, тикланадиган манбалар ҳажми ва улуши бунданам тезроқ ўсиши керак. Маълумот учун, йил бошида Давлат раҳбарига "яшил энергия"нинг улуши 15%дан (13 млрд.кВт.соат) кам бўлмайди, дея ваъда берилган.

Арзон яшил энергия улушининг ортиши электр энергия таннархини ҳам пасайтириши керак. Ўзбекгидроэнергодан 4 цент, қуёш ва шамол станцияларидан 3 цент атрофидаги нархларда электр энергияси сотиб олинади. Бу Ўзэнергосотиш сотиб олаётган электр энергиясининг таннархи пасайишда давом этиши керак дегани. Дарвоқе, ягона сотиб олувчи ва сотувчи Ўзэнергосотиш ҳали бирон марта ҳисобот бергани йўқ.