Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Аномал иссиқ: “аномал” нима дегани?

Аномал сўзи изоҳли луғатда йўқ. Лекин у билан ўзакдош аномалия сўзи шарҳланган. Аномал ана шу аномалиянинг сифат шакли.

Аномалия юнонча anomalia сўзидан, аслиятда нотекислик; меъёрдан четлашиш маъноларига эга. Атама сифатида меъёрдан, умумий қонуниятдан четга чиқиш; нормага, умумий қонуниятга хилофлик маъносини англатади.

Ўсишдаги аномалия.
Жисмоний ривожланишдаги аномалия.


Аномал иссиқ бирикмаси меъёрдан, нормадан ўтиб кетган иссиқ деган маънони англатади.

@oriftolib
👍2
“Чикора” нима дегани?

“Дарё” нашри мақолаларидан бирига шундай сарлавҳа қўйибди:

Тошкентликлар тўсатдан икки кун коронавирусни енголмади, лекин бу чикора – ҳар куни ўртача 100 кишида COVID-19 аниқланса-да, 30 июнь куни пойтахтда 300 нафар ҳам бемор йўқ эди

Ҳа, сарлавҳа жонивор ярим бетни эгаллаган, лекин бу интернет журналистикада нормал ҳолат. Чунки ўқувчи эътиборини тортиш, материални ўқишга ундаш учун мана шунақа ястаниб ётадиган 🙃 сарлавҳалар қўйса бўлади. Аммо ҳозир гап бу тўғрисида эмас. Гап шу сарлавҳада ишлатилган чикора сўзи ҳақида.

Изоҳли луғатга кўра, чикора сўзи форсадан олинган, аслиятда нима иш қиласан? касб-коринг нима? деган маънони англатади. Этимологик луғат аслиятдаги маъносини ҳеч кераги, зарурияти йўқ деб берибди.

Ўзбекчада қуйидаги маъноларда қўлланади:

1️⃣ Нима даркор; ҳеч гап эмас.

Ортиқча гап чикора, тўғри унинг сўзлари!
“Муштум”.

2️⃣ Ким қўйибди: йўл бўлсин.

Э, ўқиш – тўқларнинг иши, мактабни уларга чиқарган Худойим, камбағалларга чикора!
Ойбек, Болалик.

Сиз билан мен бир ишни мувофиқ кўрганимиздан кейин Зайнабга чикора!
А. Қодирий, Ўтган кунлар.

Сўзимиз бошида келтирган сарлавҳада чикора ҳеч гап эмас деган маънода келяпти:

Тошкентликлар тўсатдан икки кун коронавирусни енголмади, лекин бу ҳеч гап эмас – ҳар куни ўртача 100 кишида COVID-19 аниқланса-да, 30 июнь куни пойтахтда 300 нафар ҳам бемор йўқ эди.

@oriftolib
👍6
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
66%
Виртуал | Virtual
34%
Вертуал | Vertual
Байконурми ё Бойқўнғир?

Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятидаги Бойқўнғир шаҳри ва космодром номи ўзбекча матнларда ҳам кўпинча русча вариантда Байконур деб ёзилади. Аслида тўғриси – Бойқўнғир. Унинг номи қозоқча-туркийча, демак, уни ўзбекча талаффузда ёзиш керак.

Википедия бойқўнғир сўзининг маъносини бой водий деб изоҳлабди.

Бойқўнғир космодроми дунёдаги биринчи ва энг катта космодром саналади. 1957 йил 15 майда фойдаланишга топширилган. Умумий майдони 6717 квадрат километр.

Маълумотларга кўра, Россия Бойқўнғир мажмуасини 2050 йилгача ижарага олган ва ҳар йили ижара ҳақи тўлайди.

📌 Демак:

Бойқўнғир
Байконур

@oriftolib
👍1
“Бардавомий бўлсин!”

Кимдир бирор муваффақиятга эришса, ҳар хил табрик сўзлари айтилади. Шулардан бири – ана шу ютуқлар давомли бўлишини тилаш. Лекин бу мазмун баъзида хато ифодаланади: бардавомий бўлсин.

Бу жумла нега хато?

1️⃣ Ўзбек тилида бардавомий деган сўз йўқ.

2️⃣ Бир хил маънодаги қўшимча бир сўзга икки марта қўшилмайди. бар- ва -ий моҳиятан бир хил мазмунни ҳосил қилади. Худди шу каби бардавомли сўзи ҳам янглишдир.

Ўзбекчада бардавом ва давомли сўзлари ишлатилади.

Бардавом сўзи доимий, пайдарпай, бир-бирига уланиб кетган деган маънони англатади.

Давомли сўзи эса узоқ давом этган ёки этадиган; давоми бор мазмунини беради.

Демак, юқоридаги табрик сўзини икки хил шаклда ифодалаш тўғри бўлади:

Давомли бўлсин!
Бардавом бўлсин!


Жумла бошига ютуқлар ёки муваффақиятлар сўзини ҳам қўшиб қўйиш мумкин.

Бу жумлада давомий сўзини ишлатиш ҳам таҳрир нуқтаи назаридан хато. Ғализлик пайдо қиладиган сўздан қочиш керак. Энг яхши вариант давомли сўзини қўллашдир.

@oriftolib
👍4
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
19%
Машҳар | Mashhar
81%
Маҳшар | Mahshar
Шубҳасиз: вергул керакми ёки йўқ?

Шубҳасиз сўзи билан вергул ишлатишда кўп хато қилинади. Хўш, ўзи вергул керакми ёки йўқ?

Агар шубҳасиз модал сўз бўлиб келса ва кириш сўз вазифасини бажарса, вергул керак. Бунда у муқаррар равишда, албатта, сўзсиз каби маъноларни англатади:

Шубҳасиз, у ҳақ.

Мен биринчи навбатда тарбияни улардан
[ота-онамдан] олганман ва уларнинг хислат ва хусусиятлари, шубҳасиз, менга таъсир қилган.
С. Айний, Эсдаликлар.

Шубҳасиз ҳеч қандай шубҳа туғдирмайдиган; аниқ деган маънони англатса, вергул керак эмас:

Дангасалик қилган одам ютқазиши шубҳасиз. ➡️ Дангасалик қилган одам ютқазиши аниқ.

@oriftolib
👍2
Афкори омма ва афкор омма

#Сўраган_эдингиз

Шу кунгача бу иборанинг фақат афкор омма шаклини билардим, холос. Лекин изоҳли луғат форсий изофа билан афкори омма кўринишида берибди, маъносини бутун омма деб изоҳлабди:

Жаҳон афкори оммасини даҳшатга солган зилзила 1988 йил 7 декабрда Арманистонда юз берди.
“Фан ва турмуш”.

Афкор сўзи арабчадан олинган, фикрлар дегани. Омма сўзи эса умум, кўпчилик, халқ маъноларига эга. Шу маъноларга таянадиган бўлсак, афкори омма – кўпчиликнинг фикри деган маънони англатади.

Ўзбекча-русча луғат сўзнинг афкор омма, афкори омма ва афкори умумия шаклларини келтирган ва жамоатчилик фикри деган маънода изоҳлаган. Шу луғатга таянадиган бўлсак, иборанинг афкор омма шакли ҳам тўғри.

Бугун бу иборанинг маъноси ўзгариб кетган. Оммавий ахборот воситаларида у фикр билдирувчи қатлам, жамоатчилик маъносида ва изофасиз шаклда ишлатиляпти:

Бу воқеа жаҳон афкор оммаси эътиборини тортди.

Дунё афкор оммаси бунга кескин норозилик билдирди.


@oriftolib
👍1
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
95%
Раҳмат | Rahmat
5%
Раҳмад | Rahmad
“Чироқ” деса, маъно чиқмайдими?

Бугун ҳамма жойда, ҳатто нуфузли оммавий ахборот воситаларида ҳам свет сўзини қўллаш урф бўлди. Баъзида гўё хижолат бўлгандай сўзни қўштирноққа олиб қўйишади, бошқа пайт эса шу ҳам хаёлга келмайди. Нима, шу сўз ўрнига чироқ дейилса, маъно чиқмай қоладими? Чиқади. Кўп ўринларда шундай қўлланган, ҳозир ҳам қўлланади. Эсдан чиқаряпмиз, эътибордан қолдиряпмиз, холос.

Шу кетишда давом этилса, кўз ҳам, қулоқ ҳам ўрганиб қолади. Бу эса ташвишланарли ҳолат.

Мисоллар:

Тошкент метросининг бир нечта бекатларида свет ўчди.
Тошкент метросининг бир нечта бекатларида чироқ ўчди.

Свет ёнса, сизга хабар бераман.
Чироқ ёнса, сизга хабар бераман.

Свет, газ, сув муаммоси аҳолини қийнаб келяпти.
Чироқ, газ, сув муаммоси аҳолини қийнаб келяпти.

Баъзилар чироқ сўзи лампа маъносида, свет маъносини бермайди, деб эътироз билдириши мумкин. Нима бўпти? Бу нуқтаи назардан қаралса, свет сўзи ҳам хато, у русчада ёруғлик, нур деган маънони англатади. Бу ўринда аслида электр токи ибораси ишлатилиши керак. Свет ҳам, чироқ ҳам кўчма маънода электр токини англатяпти. Ҳар бир тилнинг ўз табиати бор. Бир тилдаги сўз ёки ибора бошқа бир тилда айнан ифодаланиши шарт эмас. Баъзан истиснолар бўлиб туради ва бу – табиий. Бирхиллаштиришга уринган киши хато қилиши аниқ.

Барибир русчага мослаш керак, деган фикр тарафдорлари битта жумлани русчага таржима қилиб кўрсин, кейин гаплашамиз:

Бу – мен учун армон.

Эслатма: рус тилида армон маъносини ифодаловчи сўз йўқ.

@oriftolib
👍4
Ўзбек тили от қўйишдан ожизми: тилимизнинг тўрини эгаллаётган чет сўзлар

Тилнинг куч-қудрати, салоҳияти янги тушунча ва атамаларга от қўя олишида ҳам кўринади. “Дарё”даги мақолада ўзлашма сўзларни қабул қилишдаги муаммолар ҳақида сўз юритдим.

Мақола “Ўзбек тили от қўйишдан “ожиз” қолганда тўнни бошқага кийдирамизми?” сарлавҳаси билан эълон қилинибди:

👉 https://dy.uz/5zBcI

@oriftolib
👍4😢1
Ўзлашма сўзлар: краудфандинг

Краудфандинг инглизча сrowd funding сўзидан, сrowd – “омма”, funding – “молиялаштириш”. Бир нечта киши ўз маблағи ёки бошқа воситаларини бошқа кишилар, лойиҳалар ёки ташкилотларни қўллаб-қувватлаш учун ихтиёрий жамлашини англатади. Маблағ кўпинча интернет орқали йиғилади.

Маблағ ва воситалар турли мақсадларда тўпланиши мумкин. Табиий офатлардан жабр чекканларга ёрдам бериш, мухлислар қўллаб-қувватлови, сиёсий партияларни қўллаб-қувватлаш, ишни янги бошлаган фирмалар ва кичик корхоналарни молиялаштириш, бепул дастурларни яратиш, биргаликда сармоя киритишдан фойда олиш кабилар шулар жумласидан.

Жамовий молиялаштиришни олган лойиҳа одатда стартап, бу лойиҳага молиявий кўмак изловчи киши эса фаундер дейилади. Сармоя киритувчи кишилар инглизчада бекер деб аталади.

Ўзбек тилида краудфандингни жамоавий молиялаштириш ёки ҳашар қўллов дейиш мумкин. Фаундерни ташкилотчи ё тарғиботчи, бекерни сармоячи ёки қўлловчи деса бўлади.

Стартап-чи? Ё уни фақат ўзлашма шаклида қабул қилган яхшими?

Фикрингизни изоҳларда қолдиринг.

@oriftolib
👍2
Самовий китоблар номи қандай ёзилади?

Дунё динларининг китоблари, жумладан, самовий китоблар номи бош ҳарфларда ва қўштирноқсиз ёзилади: Қуръони карим, Инжил, Таврот, Забур.

Одатда китоблар номи қўштирноққа олинади. Лекин бу ерда қўштирноқ керак эмас. Нега? Бу бир мантиққа асосланади: самовий китоблар ягона, айни шу номдаги бошқа китоблар йўқлиги учун уларнинг номини қўштирноққа олиш керак эмас.

Қуръони карим жуз (пора)лари ва суралари номи ҳам одатда бош ҳарфда, қўштирноқларсиз берилади: Амма пораси, Фотиҳа сураси, Ихлос сураси.

@oriftolib
👍3
Жалюза ва жалюзи

Жалюза
французча jalousie сўзидан. Аслиятда рашк деган маънони билдиради. Очилиб-ёпиладиган параллел пластиналардан тузилган пардани англатади. Ўзбекчада ёғоч дарпарда, чийпарда дейиш мумкин.

Бу сўз имло луғатлари, изоҳли луғат ва русча-ўзбекча луғатга жалюза шаклида киритилган. Миллий энциклопедияда эса жалюзи деб берилган. Шу вариант аслиятга мос. Унда нега бошқа луғатларда жалюза шакли танланган?

Иккита тахминим бор. Бу сўз ўзбек тилига кириб келганда одамлар шундай талаффуз қилган ва ўзгаришга учраган оғзаки вариант олинган. Ёки бунга жалюзи сўзи рус тили орқали кириб келгани сабаб. Сўз кўплик шаклида турибди, бирлиги жалюза бўлади деган янглиш қараш туфайли шу шакл танланган бўлиши мумкин. Лекин бу эҳтимолдан анча йироқроқ.

Хуллас, ҳозир ҳар икки шаклни ҳам тўғри деб қабул қиламиз.

Бу сўз ўрнида ўзимизнинг чийпарда оммалашиб кетса-ку, зўр бўларди. Бироқ оммалашмаса керак. Майли, орзуга айб йўқ.

📌 Демак:

Жалюза, жалюзи

@oriftolib
👍1
“Парол” сўзининг ўзбекчаси

Бу сўзни бугун ҳам ишлатамиз. Лекин парол маъносида қўлламаймиз.

Гап имо, имо-ишора, имламоқ, им қилмоқ, им қоқмоқ сўзлари таркибидаги им ҳақида кетяпти.

Маҳмуд Кошғарий “Девону луғатит турк”да им сўзини шундай шарҳлайди: шоҳ аскарларига қўйилган, тайинланган яширин белги, парол. Бу белги қуш ёки қурол номи, ёки бирор сўздан иборат бўлиши мумкин. Тўқнашганда уни айтиб ўзларини танитадилар. Мақолда шундай келган: “Им билса, эр ўлмас”. Яъни киши яширин белгини билса, ноҳақ ўлмайди.

Бу изоҳдан им сўзи парол маъносини тўла-тўкис ифодалашини англаш мумкин.

Им сўзи ишора маъносида қадимда ҳам қўлланган. Жумладан, “Девон”да имламоқ имлаш, кўз ёки қўл билан ишора қилиш деб шарҳланган.

Бугун парол сўзи кўп ишлатилади. Айниқса, интернет ва технологиялар билан боғлиқ матнларда, дастур ва иловаларда унга албатта йўлиқасиз. Мана шу жойларда им сўзини парол сўзи ўрнида бемалол қўллаш мумкин.

Лекин уни асл эгалари, яъни биз қабул қила оламизми-йўқми – шудир масала.

@oriftolib
👍2