Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
“Учта қурбақа” жумбоғининг жавоби

Ушбу мантиқий савол соддароқ эди. Жавобини кўпчилик тўғри топди. Мана, жавоби:

Кўпчилик бу саволга иккита деб жавоб беради. Тўғри жавоб эса – учта. Қарор қилиш – бажариш дегани эмас. Учинчи қурбақа сакрамоқчи бўлди, сакради эмас.
Қанча бола ўқийди?

Анваржон мактабда энг чопағон болалар ўртасида 50-ўринни эгаллайди. Энг секин югурадиганлар орасида ҳам 50-ўринда. Ҳар бир бола турли тезликда югуради.

Хўш, Анваржон ўқийдиган мактабда нечта ўқувчи бор?

✍️ Жавобларни изоҳларда қолдиришингиз мумкин.

@oriftolib
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт” туркуми 21-жузи

Тошкент, “Hilol-nashr” нашриёти, 2016 йил. 432 бет. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хулосаси асосида чоп этилган. Китобни 2017 йил 28 декабр куни сотиб олган эканман. 2020 йил 10-17 апрел кунлари ўқиб чиқдим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қаламига мансуб “Ҳадис ва Ҳаёт” туркумининг 21-жузи “Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо” деб номланган.

“Ҳадис ва Ҳаёт” туркуми турли мавзулардаги ҳадислар шарҳидан иборат. Ушбу жилдда мусулмон оламининг икки буюк шахси тўғрисида сўз юритилади. Улар ҳақидаги ҳадислар шарҳланади, тарихий факт ва маълумотлар берилади. Китоб ишончли манбалар, ривоятларга асосланган.

Одатда бирор бадиий асарни ўқисангиз, муаллифнинг тасвир маҳорати, ифодага усталиги, туйғуларни ёрқин рангларда акс эттира олиши сизда ҳис-ҳаяжон уйғотади, қалбингизни жунбушга келтиради. “Ҳадис ва ҳаёт” туркуми эса илмий тилда ёзилган. Аммо ушбу жузда баён қилинган нодир воқеалар, ривоятлар, маълумотларни ўқиб, кўнглингиз ўз-ўзидан ҳароратга тўлади, кўзларингизга ёш қуйилади.

Абу Бакр Сиддиқ ва Умари Одил розияллоҳу анҳумонинг ҳаёт йўли ибратларга, ўрнакларга тўла. Бевосита Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сабоқ олган, Ислом таълимотларини ҳаётига тўкис татбиқ этган улуғларимиз ясама қаҳрамонлар, хаёлий идеаллар эмас, реал шахслардир.

Китобни ўқир экансиз, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримизга муҳаббатлари, фидойиликлари, тадбиркорлиги, қўли очиқлиги, юксак ақлига гувоҳ бўлиб борасиз. Шубҳали луқма еганини билгач, уни қайт қилиб ташлаган улуғ саҳобийнинг парҳезкорлигини кўриб, ҳайрат ва ҳавасга бериласиз.

Ҳазрати Умарнинг ҳаёт йўли эса адолат, тенглик, мардликнинг беқиёс намунасидир. Душманларга, аҳдини бузган, ўзига нисбатан номардлик қилган кишиларга ҳам адолат ва бағрикенглик кўрсатиш, уларни кечириш ва тўғри йўлга солиш учун Умар розияллоҳу анҳу бўлиш керак. Мутолаа жараёнида воқеалар шундоқ кўз ўнгингизда содир бўлади гўё. Бир оиланинг муҳтожлигини билгач, елкасида ун орқалаб ўша манзилга кетаётган, ҳақдорга ҳаққини етказиш учун кечалари ухлолмай чиқаётган, шиддат-салобатли, лекин қалби ўта таъсирчанлигидан кўп кўзёш тўкаётган бу улуғ сиймо билан бир ҳаводан нафас олгандай бўласиз.

Яхши асар шунчаки завқ ва ҳаяжон бериш билан чекланмайди, у сизни таъсирлантиради, ибратлантиради, тарбиялайди. Ушбу жузни ўқиб тугатган кишида ҳам улуғларнинг юксак фазилатларига эргашиш, адолат, тўғрисўзлик, камтарлик ва хокисорликка интилиш ҳисси жонланади, иншааллоҳ.


Ориф Толиб
Мени йиғлатган ҳикоя

Константин Паустовский асарларини севиб мутолаа қиламан. Олдинроқ унинг “Тилла атиргул” китобидан парча таржима қилган эдим.

“Телеграмма” ҳикоясини ўтган йили ўқидим. Қаттиқ таъсир қилди, кўзимга ёш келди. Орадан бироз вақт ўтиб, ўзбекчага ўгирдим. Таржима жараёнида ҳам худди шундай оғриқли ҳисларни, мунгни туйдим.

Ушбу ҳикоя она ҳақида. Меҳри, қадри, қалби кўпинча қадрланмайдиган онаизор ҳақида. Турмуш ташвишларига кўмилган, ўзи ҳам, юраги ҳам йироқларга кетган қиз ва унинг йўлига илҳақ-интизор она қиссаси ўқувчини уйғоқликка чақиради. Ғанимат дунёда эътибор ва меҳрга кимлар кўпроқ муносиб эканини эслатиб ўтади.

Ҳикояни сайтда ёки телеграфда ўқишингиз мумкин.
Русчасини ўқиш


@oriftolib
Анвар Обиджон оламдан ўтди

Халқимизнинг бетакрор адибларидан бири, болаларнинг севимли ёзувчиси, устоз Анвар Обиджон оламдан ўтибдилар. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун.

Ўзбек адабиёти яна бир улуғ вакилидан айрилди.

Юртпарвар, элпарвар, одампарвар инсон эдилар. Аллоҳ раҳмат қилсин.

Анвар акани таниганимдан бери ҳалол-пок, самимий, тўғрисўз инсон сифатида биламан. Ҳақларига дуо қиламан, сиз ҳам дуо қилинг. Аллоҳ таоло гуноҳларини кечирсин, эзгу амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Омин.

Охират сафарингиз бехатар бўлсин, устоз!
– Сиз катталарга ҳам, болаларга ҳам ёзиб келяпсиз. Лекин ўзингизни болалар шоири деб атайсиз. Кўпроқ болаларга ёзасиз. Сабаби нимада?

– Ирмоқларнинг бошданоқ топ-тоза бўлишини истайман. Тоза ирмоқлардан тоза дарё ҳосил бўлади.

***

– Болаларни аввало нимадан асраш керак?

– Ёмон муҳитдан, хулқи ёмон кимсалардан.

– Катталарни-чи?

– Катталар манфаатни деб ётларга кўр-кўрона эргашишдан, ўзлигига хиёнат қилиб қўйишдан асраниши керак.


Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон билан суҳбатдан,
2010 йил

@oriftolib
“Қанча бола ўқийди?” жумбоғининг жавоби

99 та.

Агар Анваржон энг тез югурадиганлар орасида 50-ўринда бўлса, у 1,2, 3... тартибида 50-ўқувчи бўлади.

Энг секин югуррадиганлар орасида 50-ўринни эгаллаши учун 50,51,52,..., 99 тартибида дастлабки ўқувчи бўлади.

50 билан 99 орасида 50 та рақам бор. Демак, мактабда 99 нафар ўқувчи таҳсил олади.

@oriftolib
Ғалати тенглик

Қайси ҳолатда 23+2 = 1 тенгламаси тўғри бўлади?

✍️ Жавобларингизни изоҳларда қолдиришингиз мумкин.

@oriftolib
Ғалат дунё

Кеча kun.uz да бир хабарга кўзим тушди. Анчагача шу хабар таъсирида юрдим. Юз билан юзлашаётган отахон ўзининг 4 нафар ўғлини судга берибди. 7 нафар фарзанднинг 90 ёшли отаси бирор фарзанди унга ғамхўрлик қилмаётгани сабабли судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Йиғлагинг келади. Ёшини яшаб, мункиллаб қолган ота кўчада қолиб кетса, ўғилларнинг бирортаси одам бўлиб ёрдам бермаса.

Даъвогар ота судда ғамхўрликка ўта муҳтож экани, 4 нафар ўғлидан бирортаси бирор марта хабар олмагани, қизларининг уйига ҳадеб боравериш эса куёвларига ёқмаслигини маълум қилган.

Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида бир неча марта хабар қилинган бўлса-да, ўғиллардан бирортаси келмагач, иш сиртдан кўриб чиқилган. Даъво қаноатлантирилиб, дарҳол ижрога қаратилган. Ўғиллардан отага белгиланган миқдорда пул ундириш белгиланган.

Судья катта ёрдамчиси нашрга маълум қилишича, сўнгги йилларда ота-онанинг фарзандлар устидан даъво аризалари киритиши кўпроқ учрамоқда.

Нима дейишгаям ҳайронсан.

Тўғри, танганинг иккинчи тарафи ҳам бор. Балки бундай даъво киритаётганларнинг баъзилари вақтида фарзандларини қаровсиз ташлаб қўйгандир, уларга зулм қилгандир, ялло қилиб юргандир ва ҳоказо. Лекин ҳозир улар ғарибу нотавон, бошқанинг қўлига қараб қолган. Бундай пайтда ўтган ишларга кўз юмиш, ота-она яхшилик қилмаган бўлса ҳам бағрикенглик кўрсатиш керак, менимча. Ким бўлишидан қатъи назар, улар – ота-она. Ота-онани рози қилишнинг савоби эса жуда-жуда улкан.

Бунақа хабарларни ўқигандан кейин, хаёлга “ҳеч кимни бировга муҳтож қилмасин” деган гап келади.

Ота-оналик ва фарзандлик бурчини тўла-тўкис адо этиш барчамизга насиб этсин.


Ориф Толиб
“Ғалати тенглик” жумбоғининг жавоби

Тенглик вақтни ифодалаганда маъно касб этади. Агар тунги соат 23 дан сўнг яна 2 соат ўтса, тунги 1 бўлади.

@oriftolib
Расул ҲАМЗАТОВ

Минглар ичра

Минглар ичра эмасман аъло,
Аммо мени учратганинг чоғ
Ўйладингки, бу олам аро
Ҳаммасидан менман яхшироқ.

Минглар ичра эмасман расво,
Аммо энди бир айбим сабаб
Ғазабдасан. Наздингда гўё
Мен энг ёмон, мен энг беадаб.

Рус тилидан
Ориф Толиб
таржимаси


*** *** ***


Под луною

Не лучший я из тысячи других,
Но ты, когда-то встретившись со мною,
Вообразила, будто под луною
Из тысячи я лучше остальных.

Не худший я из тысячи, поверь,
Но ты моей ослеплена виною,
И потому из тысячи теперь
Кажусь тебе я худшим под луною.

Перевод
Якова Козловского

@oriftolib
Расул ҲАМЗАТОВ

***
Улкан бир китобга ўхшайди дунё,
Унга қадам қўйган ҳар битта одам
Ёзмоғи керакдир дилдан, бериё
Ҳамма-ҳаммасини қадам-бақадам.

Бу дунё мисоли катта бир ўчоқ:
Аждодлари каби ҳар битта эркак
Унга ўтин қалаб озроқ ё кўпроқ,
Ёниб турган ўтни асраши керак.

Қўлимда қаттиқроқ сиқилар қалам,
Юрагимга эса умид тўлади:
Ҳаёт китобида битта бўлса ҳам
Ҳалол ва самимий сатрим қолади.

Ой – чироғи ёниқ дунёга фақат
Ёғилсин меҳр ва муҳаббат нури.
Бу кўҳна ўчоққа қўшсин ҳарорат
Менинг битикларим – қалбимнинг қўри.

Рус тилидан
Ориф Толиб
таржимаси

=========================

***
Мир кажется мне книгой бесконечной,
В которой посетители его
Обязаны,
оставив след сердечный,
Расписываться все до одного.

Мир очагом мне кажется огромном,
И каждый, предкам собственным под стать,
Дров возложеньем,
щедрым или скромным,
Жар в очаге обязан поддержать.

Перо сжимаю трепетной рукою
И одержим надеждою, что я
Единственной, но честною строкою
Останусь в этой книге бытия.

Пускай на мир под желтою луною
Всегда любви нисходить благодать.
И все стихи, написанные мною
Кладу в очаг, чтоб пламя поддержать.

Перевод
Якова Козловского
“Ёнингиздагина чинакам ҳаловатни туяман...”

“Кичкина шаҳзода” асарининг муаллифи, машҳур ёзувчи Антуан де Сент Экзюпери бу мактубни ёзган пайтда ҳали ёш учувчи эди, уйидан узоқда хизмат қиларди. Машаққатлардан чалғиш, бироз овуниш учун яқинларига хат ёзарди. Бундай мактублар орасида онаси Мари Буаэ де Фонколомбга ёзган бир номаси эътиборга молик.


“1922 йил.

Аяжон,

Меҳрга лиммо-лим кечаги хатингизни қайта ўқиб чиқдим. Аяжон, ҳозир сизнинг ёнингизда бўлишни қанчалар истаётганимни, кундан-кун сизни янада қаттиқроқ яхши кўриб бораётганимни билсангиз эди. Сўнги кунларда сизга хат ёзолмадим, иш-ташвишларимиз кўпайиб кетди.

Кеча сокин, осойишта. Менинг эса, билмадим негадир, юрагим маҳзун тортган. Аворадаги хизмат ҳам зерикарли даражада чўзилди. Сен Морисда дам олиб-даволанишга ва сизнинг парваришингизга жуда-жуда муҳтожман.

Қачонлардир мен сабаб кўзларингиздан маржон-маржон ёшлар тўкилганди. Шуларни ўйласам, юракларим эзилиб кетади.

Нималар қиляпсиз, ая? Расмлар чизяпсизми?.. Шулар ҳақида ёзинг. Хатларингиз яшашимга кўмак беради, улар билан бирга сарин ҳаловат кириб келади. Аяжон, бунақа ширин сўзларни қаердан топасиз-а? Кун бўйи шу сўзларнинг таъсирида юраман.

Худди болалигимдаги каби ҳозир менга жуда-жуда зарурсиз. Қатъий тартиб, ҳарбий интизом, машғулотлар – бир қолипдаги, рангсиз ҳаёт. Хаёлимда меҳмонхонадаги гулларга ишлов бераётганингиз гавдаланади. Ҳозирги туриш-турмушимни ёмон кўриб кетаман.

Мен сизни самимиятимга шубҳа билан қарашга мажбур қилдим. Лекин ҳозир кўнглимдаги ҳисларни англата олсам эди...

Ҳаётимдаги энг эзгу, ёруғ нур – сизсиз. Айни дам уйимизни худди гўдакдай орзиқиб соғиняпман. Тасаввуримда жонланасиз: мана, у ёқдан-бу ёққа юрибсиз, нималар ҳақидадир гапиряпсиз. Биз ҳозир бирга бўлишимиз мумкин эди, афсуски, қайноқ меҳрингиздан олисдаман, ўғил бўлиб хизматингизни ҳам қилолганим йўқ.

Тўғриси, бу кеча йиғлагудай алпоздаман. Бундай дамларда менга ягона юпанч сиз эканингиз ҳам айни ҳақиқат. Болалик пайтим катта халтамни кўтарганча, ҳўнграб келганим эсимда. Ёдингиздами, Мансда бўлганди бу. Мени жазолашганидан хўрлигим келиб йиғлардим. Ўшанда пешонамдан майингина ўпиб қўйдингиз – мен ҳамма нарсани паққос унутдим. Сиз ўқитувчилару мураббийлардан беқиёс ҳимоя қўрғоним эдингиз. Уйда ўзимни мутлақо хавфсиз сезардим. У ерда сиздан бошқа ҳеч ким бўлмасди. Қандай дамлар эди-я!..

Ҳозир ҳам ҳаммаси ўша-ўша – сизнинг ёнингиздагина чинакам ҳаловатни туяман. Фақатгина сиз ҳамма нарсани биласиз, фақатгина сиз бор ташвишу ўйларимни унутишга, боихтиёр ва беихтиёр ўзимни ёш бола деб ҳис этишга мажбур қила оласиз.

Кўришгунча, ая. Ишим бошимдан ошиб-тошиб ётибди... Бу ерда ҳам Сен Морисдаги каби бақалар вақиллайди. Лекин булар жуда ёқимсиз!

Эртага сиз томонга, Сен Морисга қараб эллик километр учаман. Бироз бўлса-да, ҳақиқатан ҳам ёнингизга кетаётгандай завқланаман, яйрайман.

Қўлларингизни ўпиб, кўзимга суриб хайрлашаман.

Катта бўлиб қолган ўғлингиз Антуан”.


Ориф Толиб
таржимаси