Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
“Лом-мим демаслик” нима дегани?

Тилимизда лом ва мим сўзлари қатнашган иборалар бор. Бу сўзлар арабча ل (лом) ва م (мим) ҳарфларининг номини билдиради.

Лом демаслик ибораси ҳеч нарса демаслик, индамасликни англатади:

Ишнинг енгил кўчишига севинган она Отабекнинг бу шартига лом демасдан кўнди.
А. Қодирий, Ўткан кунлар.

Лом дея олмай қолмоқ эса жавоб қайтара олмай, гапиролмай, индамай қолишдир:

Дўстининг эътирозларидан сўнг лом дея олмай қолди.

Лом-мим демаслик ибораси лом демаслик ибораси билан бир хил маънога эга:

Мударрис домла ҳам менинг кетишимга лом-мим демай рози бўлибдилар.
М. Муҳаммаджонов, Турмуш уринишлари.

Баъзида лом-мим сўзи лом-лим шаклида хато ишлатилади. Бу – оғзаки нутқдаги товуш ўзгариши, сўзни бу шаклда қўлламаслик керак.

@oriftolib
“Вакуум” нима дегани?

Вакуум
сўзи лотинча vacuus – бўшлиқ сўзидан. Атама сифатида идишга қамалган, босими атмосфера босимидан анча паст бўлган газнинг ҳолатини англатади.

Вакуумда эритиш усулидан нозик буюмлар учун металлар ишлаб чиқаришда муваффақиятли фойдаланиш мумкин.
Политехника луғати”.

Вакуум сўзига асос бўлган vacuus лотинча vacare – бўш бўлмоқ сўзига бориб тақалади. Бугунги тилда фаол ишлатиладиган ва бўш иш ўрнини англатадиган вакант, вакансия сўзлари ҳам ана шу сўздан ҳосил бўлган. Улар вакуум сўзи билан ўзакдош.

📌 Демак:

Вакуум
Вакум

@oriftolib
👍3
“Ҳадис” сўзининг бошқа бир маъноси

Кўпчилигимиз ҳадис сўзининг маъносини биламиз – Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг фаолияти ва кўрсатмалари ҳақида ривоятлар мажмуи, у кишининг турли шароитларда шариат аҳкомларига оид айтган сўзлари ҳадисдир.

Лекин ўзбек тилида юқоридаги сўзга омоним бўлган бошқа бир ҳадис сўзи ҳам бор. У ўзбекчада қуйидаги маъноларни ифода этади:

1️⃣ Кураш, беллашув кабиларда қўлланадиган ўзига хос усул.

Полвонларнинг кураш ҳадисларининг ўз номи бор.
Ш. Холмирзаев, Тоғларга қор тушди.

2️⃣ Бирор ишни уддалашга бўлган эп; малака, маҳорат. Бу маънода қўллаш асосан сўзлашув тилига хос.

Қозоғистонлик полвоннинг ҳадиси анча зўр экан, – деди Тўламат мўйлов.
С. Анорбоев, Оқсой.

Ҳадисини олмоқ ибораси бирор иш, касб-ҳунарни, унинг йўл-йўриғи, усулини яхши эгаллаш, машқини олишни англатади.

Ўз касбининг ҳадисини олган ҳайдовчи қий-чувга парво қилмай, танга-чақа санайди.
Қ. Кенжа, Нотаниш гул.

У йўлига ғов бўлганларни турли йўллар билан тинчитишнинг ҳадисини олган.
Н. Қобил, Унутилган соҳиллар.

Этимологик луғатга кўра, бу сўз арабча ҳадс(ун) сўзидан. У ўйлади, эҳтимол қилди маъносини англатувчи hadasa феълидан ясалган ва аслиятда фаҳмлаш деган маънони англатади. Ўзбек тилига ҳадс сўзи дс ундошлари орасига и унлисини қўшиб қабул қилинган.

@oriftolib
Бордонкўл, Бордончи, Бордонқишлоқ – “бордон” нима?

#Жой_номлари

Бордон сўзи қатнашган жой номлари сизнинг ҳам қулоғингизга чалинган бўлса керак. Бу сўз форсчадан олинган, аслиятда катта хуржун деган маънони англатади. Ўзбек тилида умуман бошқа маънони англатади:

1️⃣ Қобиғи олинмаган қамишдан бўйрага ўхшатиб тўқилган қалин, дағал тўшама.

Қамишдан уй-рўзғор учун бордон ва бўйра тўқишади: меваларни қуритишда фойдаланилади.
М. Тўйчиев, Қамиш.

2️⃣ Шундай тўқимадан тайёрланган махсус қоп, идиш.

Бир бордон буғдой.

Миллий энциклопедияга кўра, бордон иморатлар қуришда вacca, тоқи устидан солинади. Илгари ундан бошқа мақсадларда ҳам фойдаланилган. Масалан, супа устига солинадиган намат, гилам, палос тагига тупроқ ва захдан сақланиш учун бордон тўшалган. У ҳовли атрофини девор қилиб ўраш учун ишлатилган. Ҳозир ҳам якка уй-жойлар, бостирмалар қуришда бордондан фойдаланилади.

Эътибор берган бўлсангиз, ёзги кафе, ошхоналарнинг атрофи бордон билан қўра қилиб қўйилади.

Демак, Бордонкўл – атрофида бордон капалар бор кўл ёки бордон қилинадиган қамишлари кўп кўл, Бордончи ва Бордонқишлоқ – бордончилар қишлоғи маъносини беради.

@oriftolib
Ибрат оламизми ё ўрнак?

#Бисотдан

Кўпинча ибрат ва ўрнак сўзларини бир-бирининг ўрнида бемалол қўллаб кетаверамиз. Аслида, уларнинг нозик маъно фарқлари бор. Маълумот излаб “Изоҳли луғат”га қарадим. Лекин унда ҳам маъно фарқланмаган. “Ибрат” сўзи араб тилидан олингани, аслиятда ўгит, панд-насиҳат; намуна, ўрнак маъноларига эгалиги таъкидланган.

Ўзбек тилида ҳам ибрат олиш асосан хулоса ясаш, фикр қилиб, тўғри тўхтамга келиш маъносида қўлланади. Ўрнак эса тўласича эргашиш керак бўлган, намунали кишилар, ҳолатларга нисбатан ишлатилади. “Изоҳли луғат”да унга “Бошқалар эргашса, тақлид қилса арзийдиган иш ёки ҳаракат намунаси” дея таъриф берилган. Лекин ибратли кишилар ёки ишларга эргашиш, тақлид қилиш кўп ҳолларда хато.

“Қутлуғ қон”дан парча:

– Мен кўрдим театрни, – ҳовлиқиб, пихиллаб сўзга киришди пахтачи Жамолбой, – Абдишукур қизиқтирган эди, борсам борай, дедим... Сиз уни мактаб дейсиз, Абдишукур, қандай қилиб мактаб бўлади у? Домла қани, шогирд қани? Мен борганимда бир илмсиз боланинг безори бўлиб кетганини кўрсатишди, холос.

– Мактаб эмас, ибрат денг, – кимдир изоҳ берди.

Ойбек домла сўзни жуда ўрнида қўллаганини шу мисол кўрсатиб турибди. “Бир илмсиз боланинг безори бўлиб кетгани” ўрнак эмас, ибратдир. Чунки бировнинг хатоси ёки айбидан намуна олинмайди, кўриб, эшитиб, хулоса қилинади, бир тўхтам ёки қарорга келинади.

Яхши ишлардан ҳам ибрат олиниши мумкин. Шу ишни қилиш ёки унинг зиддини қилмаслик ибратдир. Лекин намуна бўладиган ҳолатларда ё тўла ижобий маъно кўзланганда ибрат сўзини эмас, ўрнак сўзини ишлатган афзал.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
👍7🔥1😱1💯1
Тиланчи ва тиламчи

Тиланчи
сўзи садақа тилаб тирикчилик қилувчи кишини, гадойни англатади:

Очлар, юпунлар кўп. Тиланчилар орқангиздан эргашгани эргашган.
Ҳ. Fyлом, Ҳамкасблар гурунгида.

Сўзнинг тиламчи варианти ҳам бор, у сўзлашув тилига хос:

1949 йилнинг 8 августида “Тиламчилар” сарлавҳаси билан ёзилган очерким эълон қилинди.
Н. Сафаров, Оловли излар.

Гарчи иккала шаклини ҳам қўллаш мумкин бўлса-да, тиланчи вариантини ишлатган афзал. Сўзлашув тилига хос сўзлардан фойдаланиш бадиий асарлардагина ўзини оқлайди.

📌 Демак:

Тиланчи, тиламчи

@oriftolib
👍1
👍1
Ақл солиғидан озод бўлди

Очкўз бир вазир подшога хушомад қилибди:

– Шоҳим, ақл солиғи олишни ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Дунёда кимса йўқки, тентакман, деб даъво қилса! Ҳамма бир-биридан ошириб солиқ тўлашга тушади!

Шоҳ ёзилиб кулибди:

– Дарвоқе, оқилона тадбир. “Топағон”лигинг эвазига сени ақл солиғидан озод қиламан!

“Ҳикматли латифалар ва нишонга урилган сўзлар” китобидан

@oriftolib
Forwarded from Orif Tolib
Балиқдан балчиққа, балчиқдан Балхашга

Этимология жуда қизиқарли соҳа. Сўзларнинг бошидан кечирганлари, саргузаштлари ҳақидаги фан дейиш мумкин. Бирор сўзнинг тарихини ўрганиб, қизиқ ҳикоя ўқигандай бўласиз. Бал ўзакли сўзлар ҳам ана шундайлар сирасига киради.

Шавкат Раҳматуллаев қаламига мансуб “Ўзбек тилининг этимологик луғати” китобида айтилишича, бал қадимги туркий тилда намлик, сув маъносини англатган. Балиқ сўзи бал сўзига -ы (қисқа и) қўшимчасини қўшиб феъл ясаш, сўнг унга -қ қўшимчасини қўшиш орқали ҳосил қилинган ва сувда яшайдиган жонивор маъносини англатган.

Балиқ сўзи турли фонетик ўзгаришларга учраб, бир қанча славян ва болқон тилларига ўтган. Жумладан, болгар, серб, румин, рус, украин каби тилларда балиқ ва унинг тури маъносини беради. Волга ва Дон дарёлари ҳавзаларида Балиқли номли бир нечта дарё ва ирмоқлар бор.

Балчиқ сўзи ҳам худди шу ўзакдан. “Тупроқнинг суюқ лой ҳолати” маъносини ифодаловчи бу от бал сўзига кучайтириш маъносини ифодаловчи -чы ва -қ қўшимчаларини қўшиш орқали ясалган.

Эски Москвада Балчук номли туман бор экан. Балки, бу ҳудуд бир пайтлар доим лой-балчиқ бўлиб ётгандир. Олимлар бу топоним этимологиясини туркий балчиқ сўзи билан боғлашади.

Балхаш – Қозоғистондаги кўл номи. Балхаш сўзининг илдизи ҳам бал ўзагига боради. Машҳур тилшунос Макс Фасмерга кўра бу кўлнинг номи йўсин билан қопланган ботқоқ жой, ботқоқдаги йўсин, балчиқ, лой маъноларини беради. Йўсин бу – зах ерларда, ҳатто тош ва дарахтлар устида ҳам пайдо бўлиб қоладиган, юзани қоплаб оладиган майда яшил ўсимлик.

Қардош туркий тилларда бал ўзакли бошқа сўзлар ҳам бор.

Қадимий туркий тилда шаҳар, кент маъносидаги балиқ сўзи кенг қўлланган. Лекин у шаклдош, холос, аслида умуман бошқа сўз. Хонбалиқ, Бўрбалиқ, Бешбалиқ каби топонимларда айнан ана шу балиқ ишлатилган.

@oriftolib
Қўлларни шу ҳолатда тутиш нима деб аталади?

Вариантингизни изоҳларда қолдиринг.
“Мўр-малахдай бостириб келди”.

Малах бу – ...
Anonymous Quiz
30%
Чумоли | Chumoli
22%
Қушлар галаси | Qushlar galasi
48%
Чигиртка | Chigirtka
👍3🔥3