Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Тумтарақай нима дегани?

Бу сўз тартибсиз, ҳар томонга тўзган ҳолда ҳаракатланишни билдиради ва асосан қочиш, кетиш, тўзишнинг ҳолатини ифодалайди:

Эшик очилиши ҳамон болалар тумтарақай қочиб кетишди...
И. Раҳим, Зангори кема капитани.

Тумтарақай бўлмоқ ибораси тумтарақай ҳолга тушмоқ, ҳар томонга қочиш, кетиш ҳолатига тушмоқ каби маъноларни англатади:

Тонг отганда кимдир: “Ёғий босди!” деб қичқирди-да, тура қочди. Уйқусираган одамлар ваҳима ичида тумтарақай бўлиб кетди.
П. Қодиров, Юлдузли тунлар.

Тумтарақай қилмоқ ибораси эса ҳар томонга тартибсиз равишда қочишга мажбур этиш, тўзитишни англатади:

– Тур ўрнингдан! – деб қолди Пошша хола Умиднинг хаёлларини... тумтарақай қилиб.
Д. Нурий, Осмон устуни.

Тумтарақай – яхлит сўз. Шу сабабли чизиқча билан ёзилмайди.

📌 Демак:

Тумтарақай
Тум-тарақай, тум тарақай

@oriftolib
Киссавур ким?

Киссавур
сўзи форсчадан олинган, аслиятда халтани, киссани кесувчи деган маънони англатади. Ўзбек тилида чўнтак ўғриси; кўча-кўй, бозор ва бошқа жойларда кишиларнинг нарсаларини ўғирловчи кишини ифодалайди:

Биров: “Собир аканинг ўғли киссавур бўлиб кетибди” деса, яна биров: “Кечалари хилват жойларда йўл тўсиб, одамларни талармиш”, деярди.
М. Исмоилий, Одамийлик қиссаси.

📌 Демак:

Киссавур
Кисовур, кисавур, киссовур

@oriftolib
Ҳаёт оғир меҳнат ва ташвишларсиз сизга ҳеч нарса ҳадя этмайди.

Гораций

@oriftolib
“Мандат”нинг маъноси нима?

Мандат ўзбекча сўз бўлиб, мандан дод ёки ман додман деган маънони англатади 😄. “Карате атамаси қараб теп деган сўздан олинган” деганга ўхшаш вариант-да бу.

Давлат тест марказининг ёруғлик тезлигидаги ҳаракати фонида бу сўз абитуриентлар ва ота-оналарнинг энг кўп қайтарган ибораси бўлди.

Магистрликка номзодлар эса ҳалиям кўзлари тўрт, қулоқлари саккиз бўлиб мандатни кутяпти.

Хуллас, мандат сўзи лотинча mandatum сўзидан олинган, топшириқ деган маънони англатади. Mandatum сўзи mandāre – қўлига бермоқ, топширмоқ сўзига, у эса manus – қўл, dare – бермоқ ўзагига бориб тақалади.

Атама сифатида бирор шахснинг ваколатини, муайян фаолият ёки нарсага ҳуқуқини тасдиқловчи расмий ҳужжатни англатади:

Депутатлик мандати. Қўлга мандат бермоқ.

Талабанинг мандати эса олий ўқув юртида ўқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатдир. Имтиҳонда йиғилган балл ўқишга киришга етишини тасдиқлаш мандатдир.

@oriftolib
Кўй ва куй: фарқи нимада?

Баъзан шу икки сўз бир-бирининг ўрнида ҳам қўлланади. Шу тўғрими? Тўғри ҳам, хато ҳам. Ҳаммаси маънога боғлиқ.

Кўй сўзи форсчадан кирган, аслиятда кўча, йўл; қишлоқ, маҳалла маъноларини ифодалайди. Ўзбек тилида икки хил мазмунда ишлатилади:

1️⃣ Кўча; йўл. Лекин бу маънода қўллаш ҳозир эскирган:

Юсуфбек ҳожи то Эскижўвага етгунча ўзининг юқоридаги сўзини кўй, гузар халқига такрорлаб келмоқда эди.
А. Қодирий, Ўтган кунлар.

2️⃣ Бирор нарса дарди, савдоси, ҳаракати. Бу маънода асосан кўйига, кўйида шаклида ишлатилади:

Ниманинг кўйида юрибсиз?

3️⃣ Аҳволда, ҳолатда. Бунда бирор аниқловчи сўз билан бирга келади ва кўйи шаклида ишлатилади:

Элмурод шу кўйи яна бирмунча юргач, тўхтади-да, йўл четидаги бир тошга ўтирди.
П. Турсун, Ўқитувчи.

Хўш, куй сўзини кўй сўзи ўрнида ишлатиш қачон тўғрию қачон хато? Кўй сўзининг иккинчи ва учинчи маъноларида куй сўзини қўллаш мумкин.

❗️ Лекин биринчи маъносида ишлатиб бўлмайди.

Аслида, юқоридаги икки маънода ҳам кўй сўзидан фойдаланган афзал, лекин талаффуз варианти сифатида куй ҳам изоҳли луғатга кирган:

Ўн қадоқ жўхори туфайли шу куйга тушаман, деб Аваз сира ўйламаган эди.
С. Сиёев, Аваз.

👉 Аҳвол, ҳолат сўзларига синоним: ўн қадоқ жўхори туфайли шу аҳволга тушаман, деб Аваз сира ўйламаган эди.

Ёр куйида адо бўлдим.
“Муродхон”.

👉 Бу мисолда мусиқа назарда тутилмаяпти: ёр савдосида (ишқида) адо бўлдим.

❗️ Қайтараман: ёзганда ҳам, таҳрир қилганда ҳам юқоридаги маъноларда кўй сўзини ишлатган яхши. Сўзнинг асли шу. Унинг ўрнига куйни қўлласангиз, изоҳли луғатга қарамаган одам сизни саводсиз ёки сўз қўллашни билмайди деб ўйлаши мумкин. Ҳаммага биттама-битта: “Изоҳли луғатга талаффуз варианти ҳам киритилган, бу хато эмас”, деб чиқа олмайсиз-ку.

📌 Демак:

Шаҳардаги кўй ва гузарларни кезди, шу кўйга тушди, ўтирган кўйи пинакка кетди, шу кўйи кетаверди, шу куйга тушди, ўтирган куйи пинакка кетди, шу куйи кетаверди

Шаҳардаги куй ва гузарларни кезди, ажойиб кўй эшитилди, ёқимли кўй овози

@oriftolib
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
50%
Росмана | Rosmana
50%
Ростмана | Rostmana
“Дориламон” нима дегани?

Дориламон
сўзи арабчадан кирган, аслиятда осойишталик уйи деган маънони англатади. Ўзбекчада тинчлик, хотиржамлик, осойишталикни билдиради:

Самарқандда инқилоб бўлганмиш. Дориламон дейишади, шу ростми?
Ш. Тошматов, Эрк қуши.

Онагинам!
Дориламон кунлар келди, шафақлари ол.
Ҳ. Худойбердиева, Дориломон кунлар келди...

Этимологик луғат сўзнинг маъноси ва қўлланишига бошқачароқ ёндашган: “ўзбек тилида бу сўз хавфсиз, осойишта маъносини англатади. Яъни сифат. Изоҳли луғатда бу сўзнинг иккинчи бўғинидаги унли и деб нотўғри ёзилган, маъноси ҳам от сифатида таърифланган”.

Кейинги нашрларда у ли вариант ҳам изоҳли луғатга киритилган: доруламон.

📌 Демак:

Дориламон, доруламон
Дориломон, доруломон

@oriftolib
👍8
Кўп гап ҳамиша ёқимсиз.

Мигель де Сервантес

@oriftolib
👍5😢2🔥1
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
37%
Вакум | Vakum
63%
Вакуум | Vakuum
Ҳаприқмоқми ё ҳапқирмоқ?

Шу сўзни ўзим ҳам хато ёзиб келардим. Дейлик, шошдим, ҳавлиқдим, сабрсизланиб кетдим деган маънода юрагим ҳапқирди деган вариантни қўллашим мумкин эди. Лекин бу хато экан. Изоҳли луғатда шундай. Ҳа, луғатларда ҳам хатолар учраб туради. Бироқ бу ўринда сўзнинг ҳаприқмоқ варианти тўғри. Нега?

Ҳаприқмоқ сўзи ҳовлиқмоқ деган маъно беради:

Юраги ҳаприқиб, ўрнидан туриб кетди.
Ў. Умарбеков, Юлдузлар.

Ҳап тақлид сўзи оғизнинг тез очилиб-ёпилишини, шунда чиқадиган товушни билдиради. Ҳапиллатмоқ сўзи шоша-пиша ошаш, ямламай еб қўйиш, ютиб юбориш маъносига эга. Ҳап-ҳап қилмоқ сўзи эса шоша-пиша ошаш, еб қўйишни англатади.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибди, ҳап ўзагида шошиш, ҳовлиқиш маъноси бор. Ҳаприқмоқ сўзи худди босириқмоқ, буриқмоқ, бўғриқмоқ, зўриқмоқ, мириқмоқ каби сўзларга ўхшаб кетади. Менимча, ўзаги ҳап сўзига бориб тақалади. Бу сўз ҳозир қисмларга ажралмайди, туб сўз.

Ҳапқирмоқ сўзи катта эҳтимол билан ҳайқирмоқ сўзига қиёсан юзага келган. Лекин у вариантдош сифатида луғатларга кирмаган ва сўзни бу шаклда қўллаш хато.

📌 Демак:

Ҳаприқмоқ, юраги ҳаприқди
Ҳапқирмоқ, юраги ҳапқирди

@oriftolib
😱3👍1
Сўзнинг ўзини ўзгартирган яхши

Ўткир танқидий-таҳлилий мақолалари билан шуҳрат қозонган журналист Шуҳрат Шокиржонов лотин ёзувида C ҳарфини кирилча Ц ҳарфи ўрнида ишлатиш ҳақида ёзибди.

Тўғри, sex сўзини ёзганда ўнғайсиз маъно чиқиб қолади. Ўзбекчада эмас, инглизчада. Аммо кўз ўрганган бу сўзга, умумий мазмун ўша маънога тортиб кетади. Бошқа томондан эса уч-тўртта сўзни деб тилга ёт бўлган бутун бошли ҳарфни алифбога киритиш тўғри эмас, менимча. Сўзни seh шаклида ёзиш, луғатларга ҳам худди шу шаклда киритиш керак, тамом – олам гулистон:

Seh uchun qizlar kerak.

Аслида ўзбек тилига битта h етади, лекин бунга, Шуҳрат ака айтмоқчи, баъзи тилчиларимиз тиш-тирноғи билан қарши.

Айтганча, мактабда болалар инглиз тили дарсида I am ... типидаги гапларни ўрганади. Ўзбек тили нуқтаи назаридан қаралса, жуда хунук кўринади. Лекин ўқувчилар шу шаклда ўрганишади. Бунга чидаган, sehга ҳам чидармиз.

Сиз бу масалада қандай фикрдасиз? Изоҳларда қолдиринг.

@oriftolib
🤣2👍1
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
61%
Ҳайф | Hayf
39%
Хайф | Xayf