Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Математикадаги “y” белгиси қандай номланади?
Anonymous Quiz
25%
Игрек | Igrek
58%
Игрик | Igrik
17%
Эгрик | Egrik
👍1
Косада шўрва, пиёлада чой ичилади

Хоразм шевасида пиёла коса дейилади. Бу бошқа шева эгаларига анчагина ғалати эшитилиши мумкин. Чунки коса пиёладан каттароқ, асосан суюқлик ва турли овқатлар солиб ичиш учун ишлатиладиган идишдир. Пиёла эса тубидан юқорига томон кенгайиб борадиган, косадан кичик, тагликли идиш. У асосан чой ичиш учун ишлатилади.

Пиёла қозоқ тилида кесе, шыны-аяқ, қирғиз тилида чыны дейилар экан. Ўзбек тилида чинни сўзи кулолчилик буюмларининг турини англатади. Пиёла, коса ва товоқлар чиннидан ишланган бўлиши мумкин.

Водий шеваларида ҳам коса сўзи ўрнида чинни сўзини ишлатиш кўп учрайди. Лекин бунда фақат чинни косалар назарда тутилади. “Чиннини узатиб юбор!” деганда фақат чинни косани узатиш керак, унинг ўрнига сопол коса олиб борган киши дакки эшитиши мумкин.

Изоҳли луғатга кўра, пиёла форс тилидан кириб келган. Илдизи юнонча phiale сўзига бориб тақалади. У сув ичиладиган ясси косачани англатган. Чинни сўзи эса Чинга – Хитойга оидликни билдиради. Олдин чинни идишлар хитойдан келтирилган, шу сабаб уларга бундай ном берилган.

@oriftolib
👍1
-у, -ю ва чизиқча

Бу қўшимчалар боғловчи ҳам, юклама ҳам бўлиб кела олади.

Боғловчи бўлиб келганда ва, ҳамда, билан сўзларига маънодош бўлади. Бундай пайтларда кирил имлосида сўзга қўшиб ёзилади:

Сену мен, Фарҳоду Ширин, яхшию ёмон, каттаю кичик, куну тун.

Лекин лотин имлосида ундан олдин чизиқча қўйиш керак:

Sen-u men, Farhod-u Shirin, yaxshi-yu yomon, katta-yu kichik, kun-u tun.

👉 Юклама бўлиб келганда эса кирилда ҳам, лотинда ҳам чизиқча билан ёзилади:

Ҳаво бироз салқинлади, лекин ҳали ҳам иссиқ.
Havo biroz salqinladi-yu, lekin hali ham issiq.

Айтай дедим, айтмадим.
Aytay dedim-u, aytmadim.

❗️ Баъзи китоблар юқоридаги жумлаларда келган -у, -ю ёрдамчиларини зидлов боғловчиси ўрнида қўлланган деб ҳисоблаган ва чизиқча қўймаслик кераклигини айтган. Айрим қўлланмалар эса чизиқча ишлатган ва уни юклама деб берган.

Мен у нима деб аталишидан қатъи назар, чизиқча ишлатиш тарафдориман. Шунда уни тенг боғловчи ўрнида келган ҳолатидан фарқлаш мумкин. Бу маънони фарқлашга ҳам хизмат қилади.

Шуни олдинроқ айтсанг бўларди!
Shuni oldinroq aytsang boʻlardi-yu!

Сенга тушунтирдим.
Senga tushuntirdim-u.

Юқоридаги икки мисолда -у, -ю юкламасини -ку юкламаси билан алмаштириш ҳам мумкин.

📌 Демак:

Сену мен, тоғу тош, кексаю ёш, ою кун
Sen-u men, togʻ-u tosh, keksa-yu yosh, oy-u kun
Сен-у мен, тоғ-у тош, senu men, togʻu tosh

Ўқиди-ю, тушунмади. Неча марталаб айтдим-у!
Oʻqidi-yu, tushunmadi. Necha martalab aytdim-u!
Ўқидию, тушунмади. Necha martalab aytdimu!

@oriftolib
👍8
Опоқи ким: бувими ёки бобо?

Опоқи Тошкент шевасида ёши катта аёлларга ҳурмат билан мурожаатда ишлатиладиган сўз. Асосан бувиларга нисбатан қўлланади. Опоғойи сўзининг қисқартма шакли. Бу сўз Фарғона водийсининг баъзи ҳудудларида бобога нисбатан ишлатилади. Унинг опоқдада варианти ҳам бор.

Опоқи сўзини бобо маъносида қўллаш тобора камайиб боряпти.

Яқин қариндошларни англатувчи сўзларни хилма-хил маъноларда қўллаш, эркакка нисбатан ишлатиладиган сўзни аёлга, аёлга хосланган сўзни эркакка нисбатан татбиқ этиш тилда бор ҳодиса.

Масалан, бугунги тилдаги ака сўзининг ока, оғача вариантлари Бобур мирзо замонида аёлларга нисбатан қўлланган. Лекин ҳозир бу сўзлар фақат эркакларга нисбатан ишлатилади.

Тошкент шевасида онани опа дейиш учрайди, Хоразм шевасида эса ака отани англатади.

Қирғиз тилида она апа, қозоқ тилида эса ота аке дейилади. Қозоқчада болалар оналарига апа деб мурожаат қилади.

Шеваларга қардош ва қўшни миллатларнинг тиллари ҳам ўз таъсирини ўтказади.

Шеваларда қайси маънони англатишидан қатъи назар, сўзнинг адабий тилдаги англамини билиб олишимиз керак. Йўқса, уни янглиш маънода қўллашимиз, натижада хатога йўл қўйишимиз аниқ.

@oriftolib
Саҳифа лотин ёзувида ҳам юритилсинми?

Алифбо ислоҳ қилинса, лотин ёзувига тўлиқ ўтиб кетмоқчи эдим. Ҳозирча ислоҳнинг аниқ санаси номаълум.

Лотинча имлода канал юритиш бўйича кўп таклифлар бўляпти.

Саҳифа ўқувчилари сони 10 000 га етса, лотинда ҳам саҳифа очаман. Кетса бойдан кетсин 😄.

Канални саводхонлик масаласини муҳим ҳисоблайдиган, она тилига ҳурмат билан қарайдиган таниш-билишларга тавсия қилинг.

Билмадим, лотин алифбоси ислоҳи олдинроқ бўладими ёки канал ўқувчилари сони ўн мингга етиши?..

Насиб қилса, ҳар иккиси ҳам тез орада амалга ошади. Мен ҳар иккисига овоз бераман 🙃.

@oriftolib
“Баковулинг бўлойин”: баковул ким?

Миллий энциклопедияда баковул сўзига шундай изоҳ берилган:

1️⃣ Чингизхон даврида ва темурийлар саройида таом ва ичимликлар тайёрловчи ошпазлар бошлиғи.

2️⃣ Олтин Ўрда хонлигида қўшинга маош-улуфа улашиш, ўлжаларни тақсимлаш сингари вазифаларни бажарувчи юқори мансабдор. Баковулнинг ҳурмат-эътибори жуда юқори бўлган, унга туманбеги ва мингбегилар ҳам бўйсўнган.

3️⃣ Бухоро амирлигида сарой дастурхончиси, ҳукмдорга таом тортишдан олдин уни аввал ўзи тотиб кўрувчи бош ошпаз.

Кейинчалик шеваларда баковулнинг янги маънолари пайдо бўлган:

1️⃣ Тўйларда таом тайёрловчи ошпаз, пазанда.

2️⃣ Тўй ва байрам (ҳайит) муносабати билан ўтказиладиган кураш, пойга, улоқ (кўпкари) каби мусобақаларни бошқарувчи.

Тайёр ошга баковул ибораси тайёрига айёр, қулай вазиятдан фойдаланиб қолувчи одамни англатади.

Баковулинг бўлойин деган ибора тўғри ёки нотўғри эканига эса ўзингиз баҳо берарсиз.

Сўзнинг буковул варианти ҳам бор.

📌 Демак:

Баковул, буковул

@oriftolib
👍3
Қўшничилик

Бир киши зарурат туфайли катта қарзга ботди. Ўйлай-ўйлай, уйини сотишга қарор қилди. Мусулмон одоби бўйича уйини биринчи бўлиб қўшнисига таклиф этди. Бу гапдан ҳайрон қолган қўшни:

– Нега сотяпсиз? – деб сўради ундан.

– Катта қарзим бор, шуни тўлашим керак, – деди у.

– Қанча нарх белгиладингиз? – деб сўради қўшниси.

Одам уйнинг асл баҳоси анча баланд эканини, лекин қадрдон қўшнисига арзонга беришини, қарзига етадиган пул кифоялигини айтди.

– Қарзингиз қанча? Кимдан олгансиз? – деб сўради қўшниси.

У бу саволларга керакли жавобларни берди.

– Майли, эртага чиқинг, гаплашамиз, – деди қўшниси.

Одам келишилган вақтда яна қўшнисининг эшигини қоқди. Салом-аликдан сўнг қўшни асосий гапга ўтди:

– Мен кеча бориб, сиз айтган одамга қарзингизни тўлаб келдим. Энди ундан қутулдингиз. Ҳеч қаерга кетманг. Ўз уйингизда бемалол яшайверинг.

– Ие, бу нима қилганингиз? – деди хижолат тортиб у. – Ахир қарзим ҳазилакам пул эмас эди. Катта зарар-ку бу сизга!

Қўшни бу гапга шундай жавоб берди:

– Мен буни зарар ҳисобламайман. Агар сиздай ҳалол, яхши қўшнимдан айрилганимда чинакамига зарар кўрган бўлардим…

@oriftolib
👍3
Игрекми ёки игрик?

Изоҳли луғат игрек сўзини шундай шарҳлаган:

1️⃣ Лотин алифбосида охирги ҳарфдан олдинги “Y” ҳарфининг номи.

2️⃣ Математикада: шу ҳарф билан ифодаланган номаълум (қидирилаётган) миқдор.

Бироқ ҳарф сифатида уни игрек деб аташ кам учрайди. Асосан математик белги бўлиб келганда, номаълум ўзгарувчини англатганда игрек деб ўқилади.

Бу белгини кўпинча игрик ёки эгрик деб янглиш ифодалаш кўп учрайди. Нега айнан игрек тўғри?

Бу сўз французча, у немис тили орқали русчага, ундан ўзбекчага ўтган. Француз тилида и товуши икки хил ҳарф билан – i ва y билан ифодаланади. Иккинчи ҳарф хорижий тилдан кирган, асосан асли грекча бўлган сўзларда, юнон алифбосидаги ипсилон ҳарфи ўрнида ишлатилади. Шу боис унга i grec, яъни грекча и деб ном берилган.

Испанлар ҳам бу ҳарфни шунга яқинроқ номлаган – i griega. Лекин инглизчада у уай (waɪ) деб аталади.

📌 Демак:

Игрек
Игрик, эгрик

@oriftolib
👍5
Эски жўва: жўва нима дегани?

Носиржон Охуновнинг “Жой номлари таъбири” китобида Эски жўвага шундай таъриф берилади:

“Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан бирининг номи.

Тарих фанлари доктори А. Муҳаммаджоновнинг ёзишича, жўва аслида жуъба, яъни бозор сўзидан олинган. Эски жўва қадимда шу жойда бозор бўлганидан далолат беради.

Дарқақиқат, Эски жўва бозори Тошкент шаҳрида энг гавжум, энг катта бозор ҳисобланган. 1800 йилги Эски жўва бозори ҳақида маълумот ёзиб қолдирган рус тадқиқотчиси А. Добромислов бу ерда 3000 та дўкон бўлганини, расталар молнинг хилига қараб ёнма-ён жойлашгани ва тўсиқлар билан ажратиб қўйилганини, бозор атрофида 16 та карвонсарой мавжудлигини қайд этган”.

Бироқ “Ўрта Осиё жой номлари тарихидан” асарида жўва сўзи бошқа маънода изоҳланган:

“Эски жўва эса хон аркининг чеккасида бўлиб, эскирган ҳарбий аслаҳалар омбори – жўвахона эди”. Эскирган совут, қалқон, қилич, найза кабилар жўба, талаффузда жўва деб юритилган. Мана шу вариант ҳақиқатга яқин. Чунки бу маълумотни миллий энциклопедияда жевачи сўзига берилган изоҳ ҳам тасдиқлайди. Жевачи, жибачи совутдор; совутли аскар; темир қурол эгаси; қурол-аслаҳа сақланадиган махсус омбор – жевахона бошқарувчиси; ҳарбий юриш вақтида подшоҳ ва хоннинг совут ва оғир қурол-аслаҳаларини олиб юрадиган кичик мансабдор – жибачигири каби маъноларни англатади. Тошкентдаги қадимги жевахона ўрни Эскижўва деб аталади. Жўва жева сўзининг бузиб талаффуз этилишидир.

Миллий энциклопедияда ёзилишича, шаҳардаги ўзаро тўқнашувларга аҳоли ҳам жалб этилган. Фақат Эски жўва бозори бетараф жой ҳисобланиб, нотинчлик вақтида ҳам савдо-сотиқ давом этган.

“Ўзбек тили топонимларининг ўқув изоҳли луғати”га кўра эса Эски жўва Эски Жўйбор номининг ўзгарган шаклидир.

Айтганча, хамир ёядиган, ўрта қисми йўғон ошхона жиҳози ҳам жўва дейилади. Лекин унинг Эски жўва топонимига алоқаси бор-йўқлиги ҳақида маълумот тополмадим. Бозор яқинида ҳозир ҳам ҳунармандчилик растаси бор ва у ерда кўплаб уй-рўзғор буюмлари қатори жўва ҳам сотилади.

@oriftolib
“Амударё”нинг маъноси нима? “Жайхун”нинг-чи?

Ўрта Осиёдаги энг йирик дарё – Амударё қадимги юнон тарихчиси Ҳеродот (милоддан аввалги V аср) асарларида Аракс деб, кейинроқ (милоддан аввалги I аср – милоднинг I асрида) ўтган юнон тарихчилари асарларида Окс (ёки Оксос) деб аталган. Олимлар ана шу Окс (баъзан Акес) Амударёнинг қадимий туркий номи – Ўкуз, яъни “дарё” сўзининг ўзгинаси деб ҳисоблайди.

Авесто ва бошқа тарихий манбааларда Амударёнинг Аранг, Раха, Ранха, Аранха деган қадимий номлари ҳам учрайди. Араблар уни Жайхун “жўшқин (дарё)” деб аташган. Жайхун Тавротда тилга олинган Жихон дарёсига нисбат бериб аталган, деган фикр ҳам бор.

Рус олими В. В. Бартолд араблар Жайхун билан Сайхун (Сирдарё) номларини Шимолий Суриядаги Жайхон ва Сайхон дарёлари номлари билан аташган бўлса керак, дейди. Ўрта аср тарихчиси Гардизий: “Жайхун ҳар қандай катта дарёни билдирадиган турдош от” деган эди...

Амударёнинг қадимий эроний номи Вахш (Вахшоб) бўлган.

Дарёнинг йирик ирмоқларидан бири ҳозир ҳам Вахш деб аталади.

Абу Райҳон Беруний Вахш хоразмликларда сув париси – малак номи, деб ёзган. Профессор Ҳ. Ҳасанов маълумотларига қараганда, Покистонда Амударёни ҳозир ҳам Вакшу-нада деб аташар экан.

Амударёнинг ҳозирги номи Ўрта асрларда мавжуд бўлган Омул (Омуй, Омуйя) шаҳри (ҳозирги Чоржўй) номидан олинган дейишади. Шаҳар дарёдан ном олган бўлиши ҳам мумкин. Академик В. В. Бартолд “Бу сўз арийлардан ҳам олдинги амард халқи номидан келиб чиққан бўлса керак” деган фаразни олдинга суради.

Маҳмуд Кошғарийда ҳар қандай сокин, барқарор, турғун нарсанинг амул дейилишини айтиб ўтиш мумкин.

Тарихий манбаларда Амударёнинг Термиз дарёси, Калиф дарёси, Аранг, Раха, Аранга, Урганч дарёси, Хоразм дарёси каби номлари учрайди.

Суюн Қораевнинг “Топонимика” қўлланмаси асосида тайёрланди.

📌 Демак:

Жайхун
Жайҳун

@oriftolib
👍2
Олимпиада ва Олимпия

Бу катта спорт мусобақаси номи ўзбек тилида икки хил вариантда ишлатилади: Олимпиада ўйинлари, Олимпия ўйинлари. Иккаласи ҳам тўғри. Изоҳли луғатда иккала шакл тўғрилиги кўрсатиб ўтилган:

Олимпиада ёки Олимпия ўйинлари

1️⃣ Юнонистонда умумхалқ байрами ва мусобақалари: икки ғилдиракли аравада тез юриш, бешкураш, муштлашиш мусобақалари, санъат танлови.

2️⃣ Юнонистоннинг Олимпиада ўйинларини эслатувчи жаҳон спорт мусобақалари.

❗️ Эътибор беринг:

👉 Олимпиада сўзи ўқувчилар, талабаларнинг бирор фан ёки санъат соҳаси бўйича мусобақаси, билимларини синаш бўйича танловга нисбатан ҳам ишлатилади. Бундай мусобақага нисбатан Олимпия сўзини ишлатиб бўлмайди.

👉 Олимпиада сўзи мустақил равишда қўлланиши мумкин. У якка ҳолда спорт мусобақаларини ҳам, фан беллашувларини ҳам ифодалай олади:

Токиода Олимпиада давом этяпти.

Лекин Олимпия сўзини мусобақа маъносида якка қўллаб бўлмайди:

Токиода Олимпия давом этяпти.

Олимпия сўзи спортга оид маъно англатганда доим қўшимча сўзлар билан келади: Олимпия ўйинлари, Олимпия хартияси, Халқаро олимпия қўмитаси, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси, миллий олимпия ҳаракати, олимпия спорт тури, олимпия музейи, Республика олимпия захиралари коллежи, олимпия музейи каби.

📌 Демак:

Олимпиада ўйинлари, Олимпия ўйинлари, олимпия ғоялари, олимпия музейи

олимпиада ўйинлари, олимпия ўйинлари, Олимпия ғоялари, Олимпия музейи

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
👍1
Хартия нима?

Олимпиада ҳақидаги мақолада келган хартия сўзининг маъносига қизиққанлар кўп бўлди.

Хартия ижтимоий-сиёсий аҳамият ва мазмунга эга бўлган айрим ҳужжат ва декларацияларнинг номи. Масалан:

Англия ҳурриятпарварларининг улуғ хартияси.

Ўрта асрларда ва ундан кейинги даврларда оммавий-ҳуқуқий ва сиёсий тусдаги ҳужжатни англаган. Бу сўзнинг эски қўлёзма, ҳужжат, қўлёзма қоғози деган маънолари ҳам бор.

Халқаро ҳуқуқда одатда декларация сўзининг синоними сифатида қўлланади. У мажбурий кучга эга бўлмайди, халқаро актнинг умумий қоидалари ва мақсадини ифодалайди.

Хартия сўзи лотинча charta сўзидан, унинг илдизи юнонча chartiaга бориб тақалади. Chartia эса chartēs сўзининг кичрайтириш-эркалаш шакли бўлиб, папирус қоғози, варақ деган маънони англатади. Харита, карта, қарта ва картон сўзлари ҳам шу лотинча charta сўзидан ҳосил бўлган.

Олимпия хартияси олимпия ҳаракатининг асосий принциплари, қоидаларини акс эттирувчи ҳужжат. У Олимпия ўйинларини ташкиллаштириш ва олимпия ҳаракатини бошқариш учун қоида ва кўрсатмалар тўпламидан иборат. Сўнгги таҳрири 2020 йил 17 июл куни Халқаро олимпия қўмитасининг 136-сессиясида қабул қилинган.

@oriftolib
👍1
Эмландим

Moderna эмдорисининг биринчи дозасини олдим. Аллоҳ хайрли қилсин. Ҳозирча ҳаммаси жойида.

Туманимиздаги поликлиникада навбат катта экан деб ишхонага яқин поликлиникага борсам, у ерда ҳам тумонат одам. Ярим соат-қирқ дақиқаларда галим келди.

Эмдорилар ҳақида ҳар хил миш-мишлар юрибди. Яқин орада американча талаффузда гапирворсам, ҳайрон қолмайсизлар 😄.

Вакцина деган сўзга чидаса бўлади, ҳар ҳолда тиббий атама. Лекин телефонимга Minzdravдан келган хабар калка таржима экан, таҳрирталаб:

“Hurmatli _______________, COVID-19ga qarshi vaksinaning 1-dozasini 2021-08-03 10:52:00da qabul qildingiz. Vaksina 2-dozasini 2021-08-31 10:52:00da qabul qilishingizni so'raymiz. (Nojo'ya holat sezsangiz, hududiy oilaviy poliklinikaga murojaat qiling)”

Minzdrav давлат тилини ҳурмат қилгиси келиб қолса, номини SSV деб ёзиши мумкин. Мабодо.

Дори эшигимда навбат кутиб турган одам эмас, уни қабул қилмайман. Олишим мумкин. Ўзбекчани тузукроқ биладиган бирортасига кўрсатиб олишмабди.

Хабарнинг таҳрирланган кўриниши:

“Hurmatli _______________, COVID-19 ga qarshi vaksinaning 1-dozasini 2021-08-03 10:52:00 da oldingiz. Vaksinaning 2-dozasini 2021-08-31 10:52:00 da olishingizni soʻraymiz (Nojoʻya taʼsirini sezsangiz, hududiy oilaviy poliklinikaga murojaat qiling)”.

📌 Дарвоқе:

Доза юнонча dosis – бўлак, улуш сўзидан олинган бўлиб, тиббиётда бемор бир бор ёки бир кеча-кундузда олиши учун белгиланган дори-дармон миқдорини англатади.

Балки, луғатлар, эски манбалардан чиқиб қолар. Бу сўзни ифодаловчи ўзбекча муқобилни ҳозирча тополмадим. Билсангиз, изоҳларда ёзинг.

@oriftolib
👍2
Шама қиласизми ё шаъма?

Шама деганда нима хаёлга келади? Тўғри, чой эсга келади. Чой баргларининг дамлаб ичилгандаги ҳолати шама дейилади. Чой ичиб битирилгач, чойнак остида қолган қисм шама бўлади.

Бу сўзнинг омоними ҳам бор. Уни кўпинча шаъма тарзида янглиш айтамиз ва ёзамиз.

Бирор нарсага ишора тарзидаги сўз ёки гап, замирида бирор маъно бўладиган гап ҳам шама дейилади:

Йигит шамани тушунди. Юзига сезилар-сезилмас қизил югурди.
М. Исмоилий, Одамийлик қиссаси.

Шама қилиш ибораси шама тарзидаги, тагмазмунли гап айтишни англатади.

Йўлдош аввалига бепарвогина тинглади. Кейин диққат қилса, Мурзин нимагадир шама қиляпти.
Шуҳрат, Шинелли йиллар.

📌 Демак:

Чойнинг шамаси. Нимага шама қилаётганини тушунди

Чойнинг шаъмаси. Нимага шаъма қилаётганини тушунди

@oriftolib
👍2
#Дарё

“Чин-Мочин”, “тўрт муча”, “жуфтакни ростлади” – биз билган сўзларнинг биз билмаган маъноси

Айрим сўз ва ибораларни бот-бот эшитамиз, ўзимиз ҳам қўллаймиз, лекин уларнинг асл маъно-мазмуни қандай эканига кўп ҳам аҳамият бермаймиз.

“Тилимизни биламизми?” рукнининг бу галги сонида ана шундай сўзлардан баъзилари ҳақида маълумот бердим.

Чин-Мочин. Чин – Хитой. Мочин қаер?
Тўрт мучага нималар киради?
“Жуфтакни ростлади”: жуфтак нима?
Дарранда – йиртқич ҳайвон

Қизиққанлар сайтда мақоланинг тўлиқ варианти билан танишиб чиқиши мумкин:

👉 https://daryo.uz/2021/08/04/tilimizni-bilamizmi-chin-mochin-tort-mucha-juftakni-rostladi-biz-bilgan-sozlarning-biz-bilmagan-manosi/

@oriftolib
Аслида: вергул керакми ёки йўқ?

Имлоси жуда чалкаштирадиган сўзлардан бири ана шу аслида сўзи бўлади. Изоҳли луғатда берилган мисолларда ҳам бир ўринда вергул ишлатилган, бошқа жойда эса йўқ 😬.

Хўш, ўзи вергул керакми ёки йўқ?

Буни аниқлаш учун олдин сўзнинг маънолари билан танишиб чиқамиз. Аслида уч хил маънони ифодалайди:

1️⃣ Ҳақиқат эътибори билан; асли.

Молларни биз сотаётганимиз билан дўкон аслида бошқа кишиники.

2️⃣ Одатга кўра, табиатан; асли.

Отахон аслида телевизорни кам кўради.

3️⃣ Модал сўз вазифасида келади. Бунда фикрнинг тўғрилигини билдиради.

Аслида, бу масалага чуқур ёндашиш керак эди...

📌 Демак, муаллиф ўз гапига муносабат билдиргандагина аслида сўзи билан вергул ишлатиш керак. Модал сўз сўзловчининг ўз фикрига муносабатини англатганда кириш сўз ҳисобланади. Кириш сўз гап бошида ўзидан кейин, гап ичида икки томондан, гап охирида ўзидан олдин вергул талаб қилади:

Бу масалага, аслида, чуқур ёндашиш керак эди...
Бу масалага чуқур ёндашиш керак эди, аслида...

Қолган ўринларда вергул ишлатмаслик зарур.

Аслида сўзи кириш сўз бўлиб келганда уни аслини олганда бирикмаси билан алмашириш мумкин. Юқорида биринчи ва иккинчи шарҳда келтирилган мисолларда ҳам аслида сўзини шу маънода ишлатмоқчи бўлсангиз, вергул қўйишингиз мумкин. Бу вергул ишқибозлари учун, албатта 😏. Мен вергул ишлатмаслик тарафдориман.

Аслида сўзи ҳақиқат эътибори билан, одатга кўра, табиатан, асли маъноларини ифодаласа, шу сўзларни унинг ўрнига қўйиб кўрганда маъно йўқолмаса, вергул ишлатманг.

@oriftolib
👍7🔥3😢1