Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Навлар номи қандай ёзилади?

Савол:
Қишлоқ хўжалиги экинлари, мева ва сабзавотларнинг навлари қандай ёзилади?

Жавоб:
Бу саволга манбаларда аниқ ечим йўқ. Лекин қоида яратиб олишимиз мумкин.

Имло қоидаларининг “Кўчириш қоидалари” бўлимида келтирилган мисолда ғўза навлари бош ҳарфларда ва қўштирноқда берилган: “Андижон–9”, “Термиз–16”. Бу навларнинг номи жонли тилда ишлатилмайди ҳисоб, асосан илмий адабиётларда ва хос мавзудаги мақолаларда қўлланади. Ҳусайни, қора кишмиш, жоноқи каби навларни ҳам қўштирноқда ва катта ҳарф билан ёзиш керакми? Улар одатда кичик ҳарфда ёзилади-ку!

Масалага мантиқан ва қиёс йўли билан ечим топамиз.

Пунктуация қоидаларига кўра, маҳсулотларнинг шартли номлари қўштирноққа олинади: “Қорақум” конфети, “Пахта” торти, “Самарқанд” совиткичи, “Нексия” автомашинаси. Навлар эса маҳсулот эмас, маҳсулотнинг тури. Шу сабабли уни қўштирноққа олиш шарт эмас. Мен агар белгиларни ишлатмаслик имкони бўлса, фойдаланмасликни маъқул кўраман.

Махсус адабиётларда ва мақолаларда навларнинг номини бош ҳарфда берган яхши. Бунда одатда номдан сўнг нав сўзи ишлатилади. Қолган ҳолатларда кичик ҳарфларда ёзиш керак.

Қиёсланг:

Субҳоний, қандак, исфарак, кўрсодиқ, руҳи жуванон, хурмои ўриклари халқимиз дастурхонига туҳфа этилди.

Аҳоли томорқа хўжаликларида Субҳоний, Қандак, Исфарак, Кўрсодиқ, Руҳи Жуванон, Хурмои каби ўрик навлари етиштириш бўйича йўриқнома.


Хилмахиллик ва чалкашликлар бўлмаслиги учун ягона тартиб ўрнатиш керак, дейилса, навларнинг номини кичик ҳарфларда ва қўштирноқсиз ёзиш вариантини таклиф қилган бўлардим.

Пунктуация ва имло қоидалари янгиланганда бу ҳолатга ҳам аниқ-тиниқ ечим кўрсатиб ўтилиши керак.

👉 Тўлиқ ўқиш

Сиз навлар номини қай тарзда ёзиш тарафдорисиз? Фикр ва далилларингизни изоҳларда қолдиринг.

@oriftolib
#Дарё

Пашшами ё чивин: турли ҳудудларда турлича маъно билдирадиган сўзлар

Шевалар – тилнинг бойлиги. Адабий тилда бир нечта сўз орқали бериладиган тушунча баъзан шеваларда биттагина сўз билан ифодаланади. Бироқ шевалар тилда хилмахиллик, тушунарсизлик пайдо бўлишига ҳам озми-кўпми ҳисса қўшади. Бир жойда бир маънони англатган сўз ўзга бир ҳудуд шевасида тамоман бошқа маънони билдириши мумкин.

“Дарё” нашрининг “Тилимизни биламизми?” рукнида бу гал шеваларда турлича мазмун ташийдиган, шу боис гоҳида шева эгалари ўртасида баҳс-мунозара қўзғайдиган сўзларнинг айримлари ҳақида сўз юритдим:

Пашша ва чивин: фарқи нимада?
“Олмани олма дерлар”. Олчани-чи?
Косада шўрва, пиёлада чой ичилади
Опоқи ким: бувими ёки бобо?

Қизиққанлар сайтда мақоланинг тўлиқ варианти билан танишиб чиқиши мумкин:

👉 https://daryo.uz/2021/07/28/tilimizni-bilamizmi-pashshami-yo-chivin-turli-hududlarda-turlicha-mano-bildiradigan-sozlar/

@oriftolib
👍1
Саналардан сўнг чизиқча қўйиш керак

Oktyabr
деб ёзишга асос бор. Лекин саналардан сўнг чизиқча қўйиш ҳақидаги қоида ҳали ўзгаргани йўқ. Бу ерда имловий хатога йўл қўйилгани аниқ.

Ҳа, кирил ёзувида чизиқча қўйилмайди. Лекин лотинчада керак:

👉 2021 йил 24 октябр
👉 2021-yil 24-oktyabr

Тўғри, нишонда 24 дан кейин чизиқча қўйилса, сал ўнғайсиз кўриниши мумкин. Лекин 2021 дан кейин дефис туришига дизайн нуқтаи назаридан ҳам монелик йўқ.

Мутасаддилар эътибор бериб, тез орада тузатиб қўяди деган умиддаман. Ҳар ҳолда, шундай катта тадбирнинг нишонида имловий хато кетиши уятли ҳолат.

Уч ойда тайёрланган логотипнинг дизайнига эса ўзингиз баҳо берарсиз.

@oriftolib
Тартиб сонлардан сўнг қачон чизиқча қўйиш керак?

Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларига кўра, тартиб сон араб рақамлари, яъни биз одатда фойдаланадиган рақамлар билан ёзилса, -nchi қўшимчаси ўрнига чизиқча (-) қўйилади:

7-sinf, 5-”A” sinfi, 3-, 7-, 8-sinf oʻquvchilari, 60-yillar, 1991-yilning 1-sentabri.

Тартиб сонни кўрсатувчи рим рақамларидан кейин чизиқча ёзилмайди:

XX asr, X sinf, XXXII Olimpiada oʻyinlari.

Кирил ёзуви имлосида қандай фарқ бор?

Кирилда йил, ой ва кунни билдирувчи тартиб сонлардан кейин чизиқча қўйилмайди. Лекин бир неча йиллар умумлаштириб ифодаланганда кирилда ҳам чизиқча қўйилади:

XX асрнинг 90-йиллари, 2010-йилларнинг боши, 50-йиллар каби.

Агар сана фақат сонлар билан, қисқартма кўринишда ифодаланса, лотинда ҳам, кирилда ҳам рақамлардан кейин чизиқча қўйиш керак эмас:

28.07.2021, 28.07.21, 28.7.21, 28/07/2021
2021.07.28, 2021.28.07 (бу ностандарт кўриниш)

@oriftolib
Маош тўланмайдиган касб

Аввалига ҳикоялар ёздим, кейин “Галактикада бир кун” асарига қўл урдим. Болалар журналида олти йилга яқин ишлаб, астрономия, физика, кимё, биология, география, тарих каби фанлар йўналишида болалар учун етти юзга яқин кичик мақолалар ёзибман. Бу мен учун катта ижодий хазина бўлиб қолди. Энди болаларга нима ёзсам ўша мақолалар эсга келади. Ёзилажак асарим ана шу илмий мўъжизалар атрофига қурилади. “Галактикада бир кун” ҳам шундай яралганди. Асарда тилга олинган коинот ажойиботлари аввало ўзимни ҳайратга солган. Сўнг бу ҳайратни асар орқали бошқаларга ҳам улашгим келган. Хуллас, бу асар дунёга келишига “Жажжи академик” сабабчи.

***

Насрий асар ёзиш учун ижодкор ҳамма ишини қўйиб ўқиши, изланиши лозим. Асосий вақтини ёзишга сарфлаши керак! Мана, хориж ёзувчиларнинг фаолияти билан қизиқиб кўринг. Уларнинг касби – ёзувчи. Яъни бир вақтнинг ўзида ҳам муҳандис, ҳам ёзувчи эмас (профессионал ёзувчиларни назарда тутяпман). Ёзувчилик фаолияти уларнинг тирикчилик манбаига айланган. Ижодий агентликлар, ноширлик фаолиятлари, китобнинг савдо ишлари яхши йўлга қўйилган. Афсуски, юқорида айтганимдек, бизда бу фаолиятдан моддий фойда йўқ. Қолаверса, ҳозир давлат муассасаларида фаолият юритаётган ишчилар баъзан оиласига ҳам вақт тополмай қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айтмоқчиманки, бу шароитда ёзувчиликни хоббига айлантириб олиш ҳам мушкул. Шу ўринда ғалати парадокс бор: ёзувчилик ҳам аслида касб – жамият учун керакли касб. Аммо маош тўланмайдиган касб. Лекин, дейлик, спортчилар спорт билан шуғулланаётгани учун маош олиб туришади-ку! Нега ёзувчиликда бундай эмас? Гапнинг қисқаси, даромад келтириб турган ишини четга суриб, ижод билан шуғулланишга журъат қилиш ҳазилакам гап эмас.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
“Олмани олма дерлар”. Олчани-чи?

Шеваларда бири ўрнида бошқаси қўлланадиган ва шу сабабли баҳсларга сабаб бўладиган сўзлардан бири олча ва гилосдир. Бир жойда олча ўрнида гилос, бошқа жойда гилос ўрнида олча ишлатилади. Яна бир ҳудудда эса икки сўз ўрнида умуман бўлак сўз қўлланиши мумкин.

Олча ва гилос бир оилага мансуб, яқин қариндош мевалар. Адабий тилда улар қуйидагича фарқланади:

Олча майда, думалоқ, данакли, сувли, нордон, ранги оч қизилдан тўқ қизилгача бўладиган мева. Уни инглизлар sour cherry, руслар вишня деб атайди.

Гилос шакли думалоқ, юраксимон, эти ширали, сирти текис мева. У энг эртапишар данакли мева. Май ойидаёқ пишадиган гилос навлари бор. Уни инглизлар sweet cherry, руслар черешня деб атайди.

Олча сўзи оливоли шаклида ҳам ишлатилади. “Бобурнома”да олу-болу дейилган.

Гилос сўзи ўрнида эса тошкент гилос, қўқон гилос сўзлари ҳам ишлатилади.

Тоғолча деган мева тури ҳам бор. Уни баъзи ҳудудларда олча деб ҳам аташади. Тоғолча русчада алыча, инглизчада cherry plum дейилади. Шакли думалоқ, чўзинчоқ, ранги эса сариқ, қизил, бинафшаранг ёки қора бўлади.

Демак, олча сал нордон ва майдароқ мева. Гилос эса йирикроқ ва ширинроқ. Адабий тилдаги маънога кўра, мана бу суратда гилос акс этган.

@oriftolib
👍2
Математикадаги “y” белгиси қандай номланади?
Anonymous Quiz
25%
Игрек | Igrek
58%
Игрик | Igrik
17%
Эгрик | Egrik
👍1
Косада шўрва, пиёлада чой ичилади

Хоразм шевасида пиёла коса дейилади. Бу бошқа шева эгаларига анчагина ғалати эшитилиши мумкин. Чунки коса пиёладан каттароқ, асосан суюқлик ва турли овқатлар солиб ичиш учун ишлатиладиган идишдир. Пиёла эса тубидан юқорига томон кенгайиб борадиган, косадан кичик, тагликли идиш. У асосан чой ичиш учун ишлатилади.

Пиёла қозоқ тилида кесе, шыны-аяқ, қирғиз тилида чыны дейилар экан. Ўзбек тилида чинни сўзи кулолчилик буюмларининг турини англатади. Пиёла, коса ва товоқлар чиннидан ишланган бўлиши мумкин.

Водий шеваларида ҳам коса сўзи ўрнида чинни сўзини ишлатиш кўп учрайди. Лекин бунда фақат чинни косалар назарда тутилади. “Чиннини узатиб юбор!” деганда фақат чинни косани узатиш керак, унинг ўрнига сопол коса олиб борган киши дакки эшитиши мумкин.

Изоҳли луғатга кўра, пиёла форс тилидан кириб келган. Илдизи юнонча phiale сўзига бориб тақалади. У сув ичиладиган ясси косачани англатган. Чинни сўзи эса Чинга – Хитойга оидликни билдиради. Олдин чинни идишлар хитойдан келтирилган, шу сабаб уларга бундай ном берилган.

@oriftolib
👍1
-у, -ю ва чизиқча

Бу қўшимчалар боғловчи ҳам, юклама ҳам бўлиб кела олади.

Боғловчи бўлиб келганда ва, ҳамда, билан сўзларига маънодош бўлади. Бундай пайтларда кирил имлосида сўзга қўшиб ёзилади:

Сену мен, Фарҳоду Ширин, яхшию ёмон, каттаю кичик, куну тун.

Лекин лотин имлосида ундан олдин чизиқча қўйиш керак:

Sen-u men, Farhod-u Shirin, yaxshi-yu yomon, katta-yu kichik, kun-u tun.

👉 Юклама бўлиб келганда эса кирилда ҳам, лотинда ҳам чизиқча билан ёзилади:

Ҳаво бироз салқинлади, лекин ҳали ҳам иссиқ.
Havo biroz salqinladi-yu, lekin hali ham issiq.

Айтай дедим, айтмадим.
Aytay dedim-u, aytmadim.

❗️ Баъзи китоблар юқоридаги жумлаларда келган -у, -ю ёрдамчиларини зидлов боғловчиси ўрнида қўлланган деб ҳисоблаган ва чизиқча қўймаслик кераклигини айтган. Айрим қўлланмалар эса чизиқча ишлатган ва уни юклама деб берган.

Мен у нима деб аталишидан қатъи назар, чизиқча ишлатиш тарафдориман. Шунда уни тенг боғловчи ўрнида келган ҳолатидан фарқлаш мумкин. Бу маънони фарқлашга ҳам хизмат қилади.

Шуни олдинроқ айтсанг бўларди!
Shuni oldinroq aytsang boʻlardi-yu!

Сенга тушунтирдим.
Senga tushuntirdim-u.

Юқоридаги икки мисолда -у, -ю юкламасини -ку юкламаси билан алмаштириш ҳам мумкин.

📌 Демак:

Сену мен, тоғу тош, кексаю ёш, ою кун
Sen-u men, togʻ-u tosh, keksa-yu yosh, oy-u kun
Сен-у мен, тоғ-у тош, senu men, togʻu tosh

Ўқиди-ю, тушунмади. Неча марталаб айтдим-у!
Oʻqidi-yu, tushunmadi. Necha martalab aytdim-u!
Ўқидию, тушунмади. Necha martalab aytdimu!

@oriftolib
👍8
Опоқи ким: бувими ёки бобо?

Опоқи Тошкент шевасида ёши катта аёлларга ҳурмат билан мурожаатда ишлатиладиган сўз. Асосан бувиларга нисбатан қўлланади. Опоғойи сўзининг қисқартма шакли. Бу сўз Фарғона водийсининг баъзи ҳудудларида бобога нисбатан ишлатилади. Унинг опоқдада варианти ҳам бор.

Опоқи сўзини бобо маъносида қўллаш тобора камайиб боряпти.

Яқин қариндошларни англатувчи сўзларни хилма-хил маъноларда қўллаш, эркакка нисбатан ишлатиладиган сўзни аёлга, аёлга хосланган сўзни эркакка нисбатан татбиқ этиш тилда бор ҳодиса.

Масалан, бугунги тилдаги ака сўзининг ока, оғача вариантлари Бобур мирзо замонида аёлларга нисбатан қўлланган. Лекин ҳозир бу сўзлар фақат эркакларга нисбатан ишлатилади.

Тошкент шевасида онани опа дейиш учрайди, Хоразм шевасида эса ака отани англатади.

Қирғиз тилида она апа, қозоқ тилида эса ота аке дейилади. Қозоқчада болалар оналарига апа деб мурожаат қилади.

Шеваларга қардош ва қўшни миллатларнинг тиллари ҳам ўз таъсирини ўтказади.

Шеваларда қайси маънони англатишидан қатъи назар, сўзнинг адабий тилдаги англамини билиб олишимиз керак. Йўқса, уни янглиш маънода қўллашимиз, натижада хатога йўл қўйишимиз аниқ.

@oriftolib
Саҳифа лотин ёзувида ҳам юритилсинми?

Алифбо ислоҳ қилинса, лотин ёзувига тўлиқ ўтиб кетмоқчи эдим. Ҳозирча ислоҳнинг аниқ санаси номаълум.

Лотинча имлода канал юритиш бўйича кўп таклифлар бўляпти.

Саҳифа ўқувчилари сони 10 000 га етса, лотинда ҳам саҳифа очаман. Кетса бойдан кетсин 😄.

Канални саводхонлик масаласини муҳим ҳисоблайдиган, она тилига ҳурмат билан қарайдиган таниш-билишларга тавсия қилинг.

Билмадим, лотин алифбоси ислоҳи олдинроқ бўладими ёки канал ўқувчилари сони ўн мингга етиши?..

Насиб қилса, ҳар иккиси ҳам тез орада амалга ошади. Мен ҳар иккисига овоз бераман 🙃.

@oriftolib
“Баковулинг бўлойин”: баковул ким?

Миллий энциклопедияда баковул сўзига шундай изоҳ берилган:

1️⃣ Чингизхон даврида ва темурийлар саройида таом ва ичимликлар тайёрловчи ошпазлар бошлиғи.

2️⃣ Олтин Ўрда хонлигида қўшинга маош-улуфа улашиш, ўлжаларни тақсимлаш сингари вазифаларни бажарувчи юқори мансабдор. Баковулнинг ҳурмат-эътибори жуда юқори бўлган, унга туманбеги ва мингбегилар ҳам бўйсўнган.

3️⃣ Бухоро амирлигида сарой дастурхончиси, ҳукмдорга таом тортишдан олдин уни аввал ўзи тотиб кўрувчи бош ошпаз.

Кейинчалик шеваларда баковулнинг янги маънолари пайдо бўлган:

1️⃣ Тўйларда таом тайёрловчи ошпаз, пазанда.

2️⃣ Тўй ва байрам (ҳайит) муносабати билан ўтказиладиган кураш, пойга, улоқ (кўпкари) каби мусобақаларни бошқарувчи.

Тайёр ошга баковул ибораси тайёрига айёр, қулай вазиятдан фойдаланиб қолувчи одамни англатади.

Баковулинг бўлойин деган ибора тўғри ёки нотўғри эканига эса ўзингиз баҳо берарсиз.

Сўзнинг буковул варианти ҳам бор.

📌 Демак:

Баковул, буковул

@oriftolib
👍3
Қўшничилик

Бир киши зарурат туфайли катта қарзга ботди. Ўйлай-ўйлай, уйини сотишга қарор қилди. Мусулмон одоби бўйича уйини биринчи бўлиб қўшнисига таклиф этди. Бу гапдан ҳайрон қолган қўшни:

– Нега сотяпсиз? – деб сўради ундан.

– Катта қарзим бор, шуни тўлашим керак, – деди у.

– Қанча нарх белгиладингиз? – деб сўради қўшниси.

Одам уйнинг асл баҳоси анча баланд эканини, лекин қадрдон қўшнисига арзонга беришини, қарзига етадиган пул кифоялигини айтди.

– Қарзингиз қанча? Кимдан олгансиз? – деб сўради қўшниси.

У бу саволларга керакли жавобларни берди.

– Майли, эртага чиқинг, гаплашамиз, – деди қўшниси.

Одам келишилган вақтда яна қўшнисининг эшигини қоқди. Салом-аликдан сўнг қўшни асосий гапга ўтди:

– Мен кеча бориб, сиз айтган одамга қарзингизни тўлаб келдим. Энди ундан қутулдингиз. Ҳеч қаерга кетманг. Ўз уйингизда бемалол яшайверинг.

– Ие, бу нима қилганингиз? – деди хижолат тортиб у. – Ахир қарзим ҳазилакам пул эмас эди. Катта зарар-ку бу сизга!

Қўшни бу гапга шундай жавоб берди:

– Мен буни зарар ҳисобламайман. Агар сиздай ҳалол, яхши қўшнимдан айрилганимда чинакамига зарар кўрган бўлардим…

@oriftolib
👍3
Игрекми ёки игрик?

Изоҳли луғат игрек сўзини шундай шарҳлаган:

1️⃣ Лотин алифбосида охирги ҳарфдан олдинги “Y” ҳарфининг номи.

2️⃣ Математикада: шу ҳарф билан ифодаланган номаълум (қидирилаётган) миқдор.

Бироқ ҳарф сифатида уни игрек деб аташ кам учрайди. Асосан математик белги бўлиб келганда, номаълум ўзгарувчини англатганда игрек деб ўқилади.

Бу белгини кўпинча игрик ёки эгрик деб янглиш ифодалаш кўп учрайди. Нега айнан игрек тўғри?

Бу сўз французча, у немис тили орқали русчага, ундан ўзбекчага ўтган. Француз тилида и товуши икки хил ҳарф билан – i ва y билан ифодаланади. Иккинчи ҳарф хорижий тилдан кирган, асосан асли грекча бўлган сўзларда, юнон алифбосидаги ипсилон ҳарфи ўрнида ишлатилади. Шу боис унга i grec, яъни грекча и деб ном берилган.

Испанлар ҳам бу ҳарфни шунга яқинроқ номлаган – i griega. Лекин инглизчада у уай (waɪ) деб аталади.

📌 Демак:

Игрек
Игрик, эгрик

@oriftolib
👍5
Эски жўва: жўва нима дегани?

Носиржон Охуновнинг “Жой номлари таъбири” китобида Эски жўвага шундай таъриф берилади:

“Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан бирининг номи.

Тарих фанлари доктори А. Муҳаммаджоновнинг ёзишича, жўва аслида жуъба, яъни бозор сўзидан олинган. Эски жўва қадимда шу жойда бозор бўлганидан далолат беради.

Дарқақиқат, Эски жўва бозори Тошкент шаҳрида энг гавжум, энг катта бозор ҳисобланган. 1800 йилги Эски жўва бозори ҳақида маълумот ёзиб қолдирган рус тадқиқотчиси А. Добромислов бу ерда 3000 та дўкон бўлганини, расталар молнинг хилига қараб ёнма-ён жойлашгани ва тўсиқлар билан ажратиб қўйилганини, бозор атрофида 16 та карвонсарой мавжудлигини қайд этган”.

Бироқ “Ўрта Осиё жой номлари тарихидан” асарида жўва сўзи бошқа маънода изоҳланган:

“Эски жўва эса хон аркининг чеккасида бўлиб, эскирган ҳарбий аслаҳалар омбори – жўвахона эди”. Эскирган совут, қалқон, қилич, найза кабилар жўба, талаффузда жўва деб юритилган. Мана шу вариант ҳақиқатга яқин. Чунки бу маълумотни миллий энциклопедияда жевачи сўзига берилган изоҳ ҳам тасдиқлайди. Жевачи, жибачи совутдор; совутли аскар; темир қурол эгаси; қурол-аслаҳа сақланадиган махсус омбор – жевахона бошқарувчиси; ҳарбий юриш вақтида подшоҳ ва хоннинг совут ва оғир қурол-аслаҳаларини олиб юрадиган кичик мансабдор – жибачигири каби маъноларни англатади. Тошкентдаги қадимги жевахона ўрни Эскижўва деб аталади. Жўва жева сўзининг бузиб талаффуз этилишидир.

Миллий энциклопедияда ёзилишича, шаҳардаги ўзаро тўқнашувларга аҳоли ҳам жалб этилган. Фақат Эски жўва бозори бетараф жой ҳисобланиб, нотинчлик вақтида ҳам савдо-сотиқ давом этган.

“Ўзбек тили топонимларининг ўқув изоҳли луғати”га кўра эса Эски жўва Эски Жўйбор номининг ўзгарган шаклидир.

Айтганча, хамир ёядиган, ўрта қисми йўғон ошхона жиҳози ҳам жўва дейилади. Лекин унинг Эски жўва топонимига алоқаси бор-йўқлиги ҳақида маълумот тополмадим. Бозор яқинида ҳозир ҳам ҳунармандчилик растаси бор ва у ерда кўплаб уй-рўзғор буюмлари қатори жўва ҳам сотилади.

@oriftolib
“Амударё”нинг маъноси нима? “Жайхун”нинг-чи?

Ўрта Осиёдаги энг йирик дарё – Амударё қадимги юнон тарихчиси Ҳеродот (милоддан аввалги V аср) асарларида Аракс деб, кейинроқ (милоддан аввалги I аср – милоднинг I асрида) ўтган юнон тарихчилари асарларида Окс (ёки Оксос) деб аталган. Олимлар ана шу Окс (баъзан Акес) Амударёнинг қадимий туркий номи – Ўкуз, яъни “дарё” сўзининг ўзгинаси деб ҳисоблайди.

Авесто ва бошқа тарихий манбааларда Амударёнинг Аранг, Раха, Ранха, Аранха деган қадимий номлари ҳам учрайди. Араблар уни Жайхун “жўшқин (дарё)” деб аташган. Жайхун Тавротда тилга олинган Жихон дарёсига нисбат бериб аталган, деган фикр ҳам бор.

Рус олими В. В. Бартолд араблар Жайхун билан Сайхун (Сирдарё) номларини Шимолий Суриядаги Жайхон ва Сайхон дарёлари номлари билан аташган бўлса керак, дейди. Ўрта аср тарихчиси Гардизий: “Жайхун ҳар қандай катта дарёни билдирадиган турдош от” деган эди...

Амударёнинг қадимий эроний номи Вахш (Вахшоб) бўлган.

Дарёнинг йирик ирмоқларидан бири ҳозир ҳам Вахш деб аталади.

Абу Райҳон Беруний Вахш хоразмликларда сув париси – малак номи, деб ёзган. Профессор Ҳ. Ҳасанов маълумотларига қараганда, Покистонда Амударёни ҳозир ҳам Вакшу-нада деб аташар экан.

Амударёнинг ҳозирги номи Ўрта асрларда мавжуд бўлган Омул (Омуй, Омуйя) шаҳри (ҳозирги Чоржўй) номидан олинган дейишади. Шаҳар дарёдан ном олган бўлиши ҳам мумкин. Академик В. В. Бартолд “Бу сўз арийлардан ҳам олдинги амард халқи номидан келиб чиққан бўлса керак” деган фаразни олдинга суради.

Маҳмуд Кошғарийда ҳар қандай сокин, барқарор, турғун нарсанинг амул дейилишини айтиб ўтиш мумкин.

Тарихий манбаларда Амударёнинг Термиз дарёси, Калиф дарёси, Аранг, Раха, Аранга, Урганч дарёси, Хоразм дарёси каби номлари учрайди.

Суюн Қораевнинг “Топонимика” қўлланмаси асосида тайёрланди.

📌 Демак:

Жайхун
Жайҳун

@oriftolib
👍2