Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Кеча “Таҳсин–2021” миллий мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги таъсис этган ушбу мукофотга 28 та номинация бўйича 500 нафардан ортиқ номзод тавсия этилган.

Ёзувчи ва адабиётшунос, саҳифамиз ҳамкори Саъдулло Қуронов “Таҳсин” мукофоти билан тақдирланди. Тақдирланганлар орасида Азиза Қурбонова, Илёс Сафаров, Тилланисо Эшбоева, Жавлон Жовлиев каби ижодкорлар ҳам бор.

Совриндорларни самимий қутлаймиз. Ижодий ишларига ривож ва барака тилаймиз.

@oriftolib
Жумладан: вергул керакми ёки йўқ?

Жумладан сўзи билан вергул ишлатишда кўп хато қилинади. Бу ҳолат ҳатто нуфузли нашрлар, китоблар, қонун ҳужжатларида ҳам тез-тез кўзга ташланади.

Хўш, қачон вергул керак?

Жумладан сўзи кириш сўз бўлиб келса. Бунда у айтилганлар ёки кўзда тутилганлар ичидан деган маънони англатади, унинг ўрнида хусусан сўзини бемалол қўллаш мумкин бўлади. Кириш сўзлар гап бошида келганда ўзидан кейин, гап ўртасида икки томондан, гап сўнгида эса ўзидан олдин вергул талаб қилади. Жумладан сўзи одатда гап охирида келмайди:

Жумладан, антик давр олимлари Геродот, Аристотель... ва бошқаларнинг асарларини келтирди.
Газетадан.

Ҳамма, жумладан, ўзим ҳам қотиб-қотиб кулдим.
М. Хайруллаев, Тилла маржон.

Шу жумладан бирикмаси ҳам кириш бирикма бўлиб келганда вергул қўйилиши керак:

Ҳамма, шу жумладан, ўзим ҳам қотиб-қотиб кулдим.

Лекин юқоридаги сўз ва бирикмалар киритма бўлиб келмаган ўринларда вергул керак эмас:

Жумладан ориқча сўзларни олиб ташланг.

Бу ўринда жумла сўзи гап маъносида келяпти. Қиёсланг:

Матндан ортиқча сўзларни, жумладан, сифатларни олиб ташланг.

Бу ерда жумладан сўзи гапдан деган маънода эмас. Кўзда тутилганлар ичидан, хусусан деган маънода.

Шулар жумласидан бирикмаси шулар қаторига киради деган маънода келса ва гапда кесим вазифасини бажарса, вергул керак эмас:

Китобни нашрга тайёрлаш бир неча босқичлардан иборат. Таҳрир, дизайн, саҳифалаш, корректура шулар жумласидан.

@oriftolib
👍4😱2
Оммалашган хато ғалати машҳур бўлавермайди

❗️ Лекин бир нарсани ёдда тутиш керак: янглиш қўлланган ва оммалашган ҳар қандай сўз ёки ибора ғалати машҳур бўлавермайди.

Дейлик, бугун қўлланади сўзини кўпчилик қўлланилади деб ишлатаётган, бу хато ҳатто нуфузли нашрлар, илмий адабиётлар, қонун ҳужжатлари матнларида жуда ўп кўзга ташланаётган бўлса-да, ғалати машҳур эмас. Хато.

Ғалати машҳурни фарқлашнинг оддий усули бор: сўз ёки ибора асли хато экани сезилмайдиган даражага келиши, худди шу шаклда луғатларга кириши керак.

👉 Ҳар нарсага кўникилади, хатога ҳам
👉 Ўртамиёна – “ўртаўрта” дегани
👉 Кўчанинг боши эмас, охири берк бўлади
👉 Олдин чиқасиз, кейин келасиз

@oriftolib
👍1
Ўзлашма сўзлар: мотивация

Мотивация
сўзини қўллаш охирги пайтлар жуда урф бўлди. Лекин бу сўз изоҳли луғатга ҳам, миллий энциклопедияга ҳам, ҳатто имло луғатларига ҳам киритилмаган.

Мотивация лотинча movēre сўзидан, аслиятда ҳаракатга келтирмоқ деган маънони англатади. Атама сифатида эса қуйидаги маъноларга эга:

1️⃣ Ҳаракатга хоҳиш уйғотиш.

2️⃣ Инсоннинг хатти-ҳаракатини бошқарувчи, унга йўналиш, ташкилотчилик, фаоллик ва сабот берувчи руҳий-физиологик жараён.

3️⃣ Одамнинг ўз эҳтиёжларини амалий фаолият ёрдамида қондира олиш қобилияти.

Модерн сўзлар чиройли кўринади. Лекин уларни ҳадеб ёки бўлар-бўлмасга қўллайвериш тўғри эмас. Хўш, мотивацияни ўзбекчада қайси сўзлар билан ифодаласа бўлади? Вариантлар:

1️⃣ Руҳлантириш.

2️⃣ Ғайратлантириш.

3️⃣ Юрагига чўғ солиш.

Албатта, бу сўзлар баъзи ўринларда айнан мотивация сўзи англатган маънони тўлиқ қамрамаслиги мумкин. Лекин жуда кўп ҳолатларда унинг ўрнини боса олади. Такрорлардан қочиш, маънони ҳам, сўзларни ҳам қайталамаслик, зарур бўлганда синонимларни ишлатиш матннинг оҳорини оширади.

Мотивацияни яна қандай сўз ва иборалар билан ифодалаш мумкин? Ўз вариантингизни изоҳларда қолдиринг.

@oriftolib
Ўқиганим китоб ва ўқиган китобим

Баъзан сифатдошли сўз бирикмаларида эгалик қўшимчаси отга эмас, сифатдошга қўшилади. Масалан: ўқиганим китоб. Одатга кўра, ўзбекчада ўқиган китобим бўлиши керак.

Бу ҳол кўпроқ туркчадан таржималарда тез-тез кўзга ташланади. Туркча асарларни кўп ўқиган ёки таржима қилганлар ҳам ўзбекча ёзишда шу ифодадан нисбатан кўпроқ фойдаланади.

Эгалик қўшимчасини отга эмас, сифатдошга қўшиш аслида тўғри. Масалан:

1️⃣ Ўқиган китобим ҳақида гапирдим.
2️⃣ Ўқиганим китоб ҳақида гапирдим.

Биринчи жумлада китоб менга тегишли бўлиб қоляпти, иккинчисида эса ўқиш (ҳаракат ё ҳолат) менга тегишли.

Турклар бундай гап қурилишини ўз вақтида тилига сингдира олган.

Ҳозир ўзбекчада ҳадеб шунақа усулни ишлатиш энса қотириши мумкин. Чунки тил табиатини қоидалар эмас, аксинча, қоидаларни тил табиати шакллантиради. Бизга ўқиганим китоб дейишдан кўра ўқиган китобим дейиш ўнғайроқ. Бунда китоб меники деган даъво йўқ. Китоб кутубхонадан ёки бирор танишдан олинган ҳам бўлиши мумкин. Гап ўқилган китоб ҳақида кетаётганини ўзбек тилли киши қийналмай тушунади.

Лекин матнда эгалик маъноси аниқ фарқланиши керак бўлган жумлалар ҳам учраб туради. Бундай пайтда эгалик қўшимчасини сифатдошга қўшган афзал.

📌 Демак, ўқиган китобим дейиш ҳам, ўқиганим китоб дейиш ҳам хато эмас. Аммо иложи борича халқ тилига яқинроқ ифодадан фойдаланиш керак.

@oriftolib
👍7
Кобейджинг ва Гёте

Бу икки сўзнинг нима алоқаси бор, демоқчимисиз? Астойдил ҳаракат қилган одам боғлиқлик топа олади 🙃.

Сўровномада кўпчилик кобейжинг вариантини тўғри деб белгилабди. Лекин ундай эмас. Нега?

Кобейджинг русча талаффуз варианти эмас. Рус тили алифбосида жўжа, жўра, жаҳон сўзларидаги ж товушини ифодаловчи ҳарф йўқ. Шунинг учун улар бу товушни дж ҳарф бирикмаси билан ифодалайди: Джурабек, Джордан, меджнун, колледж.

Кобейджинг сўзи аслиятда ҳам д ва ж билан ёзилади: co-badging. Бунда d – д товушини, g эса – ж товушини билдиради. Демак, бу сўзни ўзбекчада кобейджинг деб берган тўғри.

Биз бу сўзни барибир кобейджинг эмас, кобейжинг деб талаффуз қиламиз-ку, деган мулоҳаза ҳам бўлиши мумкин. Тўғри, шундай. Вақти келиб бу сўз луғатларга кобейжинг шаклида киритилса, шу тарзда ёзган маъқул. Лекин ҳозирча бу шаклни тўғри дея олмаймиз.

Хўш, кобейджингнинг Гёте билан боғлиқлигига келсак. Охирги саксон йилда хорижий сўзларни рус тили орқали олганимиз учун Ҳейнени Гейне, Ҳаррини Гарри, Ҳолландияни Голландия, Ҳамбургни Гамбург, ҳидрони гидро, ҳибридни гибрид деб ўзлаштирдик.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида сўзларни аслиятга мос ҳолда ёзишга киришилди. Лекин баъзи ўринларда хатолар ҳам кузатилди. Жумладан, Гётени Ҳёте деб ёзиш ҳозиргача учраб туради. Гёте немисчада Goethe деб ёзилади. Демак, ўзбекчада ҳам Гёте шаклида бериш керак.

Г билан бошланувчи ҳар қандай исм аслиятда H билан ёзилган бўлавермайди. Ўзлашма сўзлар имлосини жорий этишда аслиятга бир қараб қўйиш керак.

👉 Тўлиқ ўқиш

Янглиш ёзиш одат бўлиб қолган ёки одатга айланаётган яна шундай сўзларни биласизми? Изоҳларда қолдиринг.

@oriftolib
Айюҳаннос ва аюҳаннос

Айюҳаннос сўзи араб тилидан кирган, аслиятда эй одамлар деган маънони англатади. “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да кўрсатилишича, арабчада эй ундовини ифодаловчи ъаййуҳа сўзи, ал- аниқлик артикли ва одамлар маъносини билдирувчи нас сўзидан таркиб топган.

Бу сўз ўзбек тилида икки хил маънода қўлланади:

1️⃣ Оломонга, тўдага қарата қилинадиган хитоб, нидо.

Ўрда жарчиси бозор ва уруниш жойларда тўхтаб: “Айюҳаннос! Билмаган билсин, эшитмаган эшитсин..” манзумаси билан жар солиб юрар эди.

А. Қодирий, Меҳробдан чаён.

2️⃣ Шовқин-сурон, ҳайқириқ; дод-фарёд.

Исбот қилинмаган даъво! Мунча айюҳаннос!

Ойбек, Танланган асарлар.

Айюҳаннос солмоқ ибораси бақириқ-чақириқ, дод-фарёд билан бошига кўтариш маъносини англатади.

Э, одамлар, эримнинг дастидан дод! Бу олим эмас, золим-ку! – дея у баттар айюҳаннос солди.
Газетадан.

Биринчи мисолда келтирилган парчадан билиш мумкин: қадимда жарчилар одамларга айюҳаннос сўзи билан мурожаат қилган. Жарчи баланд овозда, бақириб гапиришга мажбур, чунки сўзларини кўпчиликка етказиши керак. У биринчи бўлиб ишлатадиган айюҳаннос сўзи кейинчалик бақир-чақир қилиш, шовқин кўтариш ҳолатларига нисбатан ҳам қўллана бошлаган.

Имло луғатларида фақатгина айюҳаннос шакли келтирилган. Лекин изоҳли луғатга аюҳаннос ҳам шу сўзнинг варианти сифатида киритилган.

📌 Демак:

Айюҳаннос, аюҳаннос

@oriftolib
👍2
Инглизча “body camera” атамасини ўзбекчада қандай номлаш керак?

Ўз вариантингизни изоҳларда қолдиринг.
Anonymous Poll
33%
Тана камераси | Tana kamerasi
14%
Танкамера | Tankamera
14%
Елка камераси | Yelka kamerasi
26%
Қистирма камера | Qistirma kamera
14%
Бошқа вариант.
“Шукрона кунингиз муборак бўлсин!”

Сўнгги пайтларда шу ибора жуда машҳур бўлди. Магазинчи Ғайбуллаям, маҳалладаги хотинлар ҳам, иккичи Ёшвой ҳам, аълочи Тошвой ҳам – ҳамма қўллаяпти.

Бирор сўз ёки иборани қўллашда унинг асл мазмуни нима, бошқа маънода ишлатса, тўғри бўладими-йўқми – ўйлаб кўриш керак, албатта.

Шимолий Америкада, жумладан, Америка Қўшма Штатлари ва Канадада кенг нишонланадиган байрам бор – Шукрона куни. Маросим номи ўзбекчада Шукроналик куни шаклида ҳам ишлатилади. У Янги йилгача давом этадиган байрам мавсумини очиб беради.

Маросимнинг ўзига хос тарихи бор.

Қозоғистонда ҳам Шукроналик куни нишонланади. У Шимолий Америкадагидан фарқли байрам.

Сўзни янглиш ишлатмаслик керак. Айниқса, моҳият буткул ўзгариб кетадиган, одамни чалкаштирадиган ўринларда. Ҳар нарсани ўзининг номи билан аташ зарур. Шу нуқтаи назардан, “Шукрона кунингиз муборак бўлсин!” жумласини туғилган кунга нисбатан ишлатиш хато. Чунки Шукрона куни иборасининг умум қабул қилинган маъноси бошқа.

Юқоридаги жумла асосан туғилган кун табриги сифатида ишлатиляпти. У нимага тез шуҳрат қозонди? Аниқ бир сабабини билмайман. Тахминларим бор. Менимча, бунинг биринчи сабаби туғилган кун сўзини ишлатишдан қочиш бўлса керак. Динимизда туғилган кунни нишонлаш тарғиб этилмагани учун шу ибора қўлланяпти, дейлик. Лекин сўзи бошқача бўлгани билан туғилган кун туғилган кунлигича қолади-ку. Демак, бу унчалик асосли сабаб эмас.

Бошқа бир тахминга кўра, бу ибора орқали шу ёшга етгани учун Яратганга шукр қилиш маъносини ифодалаш мақсади бор. Ундай дейдиган бўлсак, инсон ҳаётида шукр қилиши керак бўлган воқеалар, саналар кўп. Нега шукроналик куни таърифи уларга нисбатан ишлатилмайди?

Сизнингча, туғилган кунга нисбатан шу ибора қўлланаётганига сабаб нима?

@oriftolib
👍24
Жаҳон чемпионати: бош ҳарф биланми ёки кичик?

Жаҳон чемпионати иборасини жумла ичида бош ҳарф билан ёзиш ҳолатлари учраб туради. Аслида бу бирикма кичик ҳарф билан ёзилиши керак. Нега?

Атоқли от бўлмагани учун. Агар чемпионат ёки ҳар қандай бошқа турли мусобақага атаб қўйилган ном берилса, бош ҳарф ишлатилади:

“Марди майдонлар” номли мусобақада марди майдонлар беллашди.
Бу марди майдонлар мусобақаси, унда марди майдонлар беллашади.


Футбол бўйича жаҳон чемпионати тобора қизғин паллага киряпти.
Ўсмирлар ўртасида “Футбол–2020” чемпионати ўтказилди.


Футбол бўйича “Пахтакор–79” хотира турнири ўтказилди.
Футбол бўйича вазирлик ва идораларнинг турнирлари ташкил этилади.


📌 Жаҳон чемпионати ибораси миллий энциклопедия ва изоҳли луғатдаги мисолларда ҳам кичик ҳарфлар билан берилган.

Лекин жаҳон чемпионати қисқартма от бўлса, катта ҳарфларда ёзилади: ЖЧ–2018, ЖЧ–2022 каби.

@oriftolib
👍1
Ҳалок бўлдими, вафот этдими?

Синоним сўзлар маъно қирралари билан фарқланиб туриши ҳақида олдин ҳам айтган эдим. Ҳалок бўлмоқ ва вафот этмоқ сўзларида ҳам шу ҳолат кузатилади. Уларни алмашлаб ишлатиш мазмун-моҳият ўзгаришига олиб келади.

Катта-катта ахборот сайтлари, телеканаллар ҳам бу икки иборани хато ишлатаётган ўринлар бор. Нимаси янглишлигини билиш учун ибораларнинг маъносини билиб олиш керак.

Вафот этмоқ ибораси ўлмоқ, оламдан ўтмоқ деган маънони билдиради. Ҳалок бўлмоқ ибораси эса фожиали равишда ўлмоқ; бахтсиз ҳодисага, ҳалокатга учраб нобуд бўлмоқ маъносига эга.

Энди мисоллар билан танишамиз:

Қашқадарёдаги заводда ёнғин чиқди. Бир киши вафот этди, беш киши тан жароҳати олди.

Бу гапда вафот этди иборасини ишлатиш таҳрир нуқтаи назаридан хато. Чунки ёнғин бахтсиз ҳодиса, ундаги ўлим ҳолати ҳалок бўлиш сўзи билан ифодаланади:

Қашқадарёдаги заводда ёнғин чиқди. Бир киши ҳалок бўлди, беш киши тан жароҳати олди.

@oriftolib
👍4
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
39%
Дахмаза | Daxmaza
61%
Даҳмаза | Dahmaza
🔥2
Ҳужжатни олувчи қандай акс эттирилиши керак?

#Сўраган_эдингиз

Савол:

Бирор ташкилотга мурожаат қилинганда ёки жавоб хати ёзишда ҳужжатни олувчи қандай расмийлаштирилиши керак? Масалан:

Давлат солиқ қўмитаси
ёки
Давлат солиқ қўмитасига

Қай бирини қўллаган афзал?

Жавоб:

Ҳужжатни олувчи ташкилот ёки мансабдор шахс номи хатнинг ўнг бурчаги юқори қисмига ёзилади. Ҳужжат ташкилот, унинг бўлинмаси ёки аниқ мансабдор шахсга йўналтирилади. Бунда ташкилот номи, таркибий бўлинма ва мансабдор шахс лавозими бош келишикда, фамилияси эса жўналиш келишигида кўрсатилади. Мансабдор шахс кўрсатилмай, фақат ташкилот ёки бўлинма номи берилганда эса жўналиш келишиги қўшимчаси номдаги охирги сўзга қўшилади:

Масалан:

Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазирлигига


Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазирлиги
Таълим сифати мониторинги бошқармасига


Республика таълим маркази
директори Ш. Сатторовга


Ҳужжат жисмоний шахсга жўнатилаётганда олдин почта манзили, кейин исми ва отаисмининг бош ҳарфлари ва фамилияси ёзилади. Исм ва отаисмни тўлиқ ёзиш ҳам мумкин.

👉 Манзил қандай ёзилади: биринчи мақола, иккинчи мақола, учинчи мақола.

@oriftolib
👍3
Қуюшқон нима?

Қуюшқон ўзбек тилида икки хил маънода ишлатилади:

1️⃣ Эгар олдинга силжимаслиги учун от ёки эшакнинг думи остидан айлантириб, эгарга бириктириладиган, кўпинча турли безаклар қадаладиган қайиш.

Отнинг эгар қоши тилладан, ёлига кумуш тангалар, қуюшқонига эса садафлар тақилган.
Ж. Шарипов, Хоразм.

2️⃣ Кўчма маънода: бирор иш, хатти-ҳаракат, муомала ва шу кабилардаги меъёр.

Қуюшқондан ташқари иш.

Энди ўйлаб-ўйлаб, ўзининг қуюшқондан ташқари ҳаракат қилганини сеза бошлади.

Ҳ. Назир, Сув гадоси – оқпадар...

Қуюшқондан чиқмоқ ибораси чегарадан, меъёрдан чиқмоқ; ҳаддан ошмоқ маъноларини англатади:

Ёш раҳбарсиз-да, хомроқсиз... қуюшқондан чиққан бошлиқ одамларга ёқавермайди.
С. Сиёев, Отлиқ аёл.

Кулдираман, деб қуюшқондан чиқиб, меъёрдан ошиб кетаётган актёрларнинг ижросидан ранжимай иложингиз йўқ.
Газетадан.

@oriftolib
👍4