Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Оралиқдаги қиймат қандай ифодаланади?

📌 Ўлчамнинг рақамли қийматлари диапазони бир турдаги ўлчам бирликларида ифодаланган бўлса, ўлчам бирлигининг белгиси диапазоннинг охирги рақамли қийматидан кейин кўрсатилади. Махсус белгилар кўринишидаги ўлчамлар – °, ', '' ҳар бир диапозон рақамли қийматидан кейин қўйилади.

Демак, оралиқ қийматни кўрсатганда бирлик ҳарфли белгилар билан ифодаланса, уни энг охирида келтириш зарур. Бирлик махсус белгилар билан ифодаланганда эса ҳар бир қийматдан сўнг ёзилиши керак:

1 дан 1000 g гача
1 g дан 1000 g гача

110 дан 380 V гача
110 V дан 380 V гача

45° дан 90° гача
45 дан 90° гача

1' дан 60' гача
1 дан 60' гача

Бошланиши ва давоми:
👉 Ўлчам бирликлари қандай ёзилади?
👉 Қиймат ва белги ўртасида бўш жой қолдирилади
👉 Ҳосила бирликлар: ё қисқартма билан, ё тўлиқ
👉 Ахборот миқдори ўлчамлари

@oriftolib
👍2
Ўртамиёна – “ўртаўрта” дегани

Давоми. Бошланиши бу ерда.

Ғалати машҳур тушунчасини таҳрир илмининг устаси, раҳматли Маҳмуд Саъдий домла ўртамиёна сўзи ёрдамида тушунтириб берганди. Ўзбекчадаги ўрта сўзи форсчада миёна бўлади. Лекин биз иккаласини қўшиб ишлатамиз. Сўзма-сўз ўртаўрта дегани. Бу хато-ку, битта сўзни икки марта такрорлаб нима ҳожат, деб бақир-чақир қилгандан эса фойда йўқ.

Ўртамиёна ўрта даражадаги; ўртача маъносида ишлатилади. Баъзи ўринларда бу сўздаги маъно нозикликликларини унинг маънодошлари ифодалай олмайди. Масалан:

Ўртамиёна асар – ўртача даражадаги, эътиборга унча арзимайдиган, илиқ-милиқ асар. Бу ўринда ўртамиёна сўзида бироз назарга илмаслик, менсимаслик ёки тавсия этмаслик мазмуни ҳам яширинган. Унинг ўрнига ўртача ёки ўрта даражадаги сўзларини қўйиш бу маъно қирраларини акс эттирмайди.

Ўртамиёна уй – бунда юқоридаги каби маънолар йўқ. Уйнинг ҳажми, кўриниши, жиҳозланиши ўртача даражадалиги англашиляпти.

Айрим ғалати машҳурлар бор, тўғрисини ишлатсангиз, хато қилган бўласиз. Иккита мисол келтираман.

@oriftolib
👍1
-да юкламаси ва вергул

-да юкламаси жумлага кучайтирув ва таъкид маъносини қўшади. У сўздан чизиқча билан ажратиб ёзилади. Ана шу юклама билан вергул қўллашда кўп хато қилинади.

Қачон вергул ишлатилади?

Вергул ишлатишнинг 7 та асосий қоидасида икки ва ундан ортиқ ёки кетма-кет ҳаракатни ифодаловчи феъллар, бирдан ортиқ кесимлар орасига вергул қўйилиши ҳақида айтгандим. Бу ўринда ҳам худди шу қоида ишлайди:

У китобни қўлига олди-да, ўқишга тушди. Ваъда берса-да, бажармади.

Ўзи докторлар ҳам ваҳимачи бўлади-да, сал нарсага касалхона...

Э. Раимов, Ажаб қишлоқ.

Бир нечта ёки кетма-кет ҳаракат ифодаланмаса, вергул керак эмас:

Бахт билан бахтсизлик етаклашиб юраркан-да доим.
Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол.

Юклама бошқа сўз туркумларига қўшилганда ҳам вергул ишлатилмайди:

Бундан-да кўпроқ ўқи. Ойдан-да гўзал.

Лекин юклама олган сўз уюшиқ бўлак таркибида ёки ундалма билан келса вергулдан фойдаланилади. Албатта, бу ҳолатда вергул юклама туфайли эмас, уюшиқ бўлак ва ундалма сабабли қўлланади:

Ойдан-да, кундан-да гўзал. Мендан-да, сендан-да ишбилармон.

Шунда иш тез битади-да, оғайни.


📌 Демак:

Шарт ўрнидан турди-да, кетворди.
Дарров ваҳима қиласан-да, ҳали ҳеч гап йўқ-ку!
Ёш бола-да у.

Шарт ўрнидан турдида, кетворди.
Шарт ўрнидан турди-да кетворди.
Дарров ваҳима қиласан-да ҳали ҳеч гап йўқ-ку!
Ёш бола-да, у.

@oriftolib
👍3
Ахборот миқдори ўлчамлари

Бошланиши бу ерда.

📌 Ахборот миқдорининг байт каррали бирликларини ҳосил қилиш учун Кило, Мега, Гига олд қўшимчалари қўлланади:

1 Кбайт = 1024 байт, 1 Мбайт = 1024 Кбайт, 1 Гбайт = 1024 Мбайт.

Қарорда бу бирликларни Кб, Мб, Гб ёки Kb, Gb, Mb шаклида тўла қисқартириб ёзиш масаласига аниқлик киритилмаган. Одатда бу бирликлар kb, mb, gb тарзида кичик ҳарфларда ҳам ифодаланади. Бундан ташқари, интернет тезлигини кўрсатишда кўпинча байт эмас, битдан фойдаланилади: 5 Mbit/s – секундига 5 мегабит.

Технологиялар борган сари ривожланяпти. Ахборот миқдорини ўлчовчи янги бирликлар пайдо бўляпти. Масалан, 1024 гигабайт = 1 терабайт ўлчами аллақачон истеъмолда. Терабайт тушунчаси ушбу қарор иловаларига кирмаган. Киритиб қўйиш керак.

❗️ Қўшимча:
Халқаро ўлчамлар тизими (СИ)га кўра, кило-, мега-, гига- каби олдқўшимчалар ўнга каррали қийматларни ифодалайди. Шу сабабли уни иккилик саноқ тизими қийматларига қўлламаслик тавсия этилади.

@oriftolib
Кўчанинг боши эмас, охири берк бўлади

Боши берк кўча
ибораси йўлини, иложини топиш қийин бўлган, мушкул аҳволни англатади:

Илмсиз тажриба – боши берк кўча.
П. Турсун, “Ўқитувчи”.

Отабек боши берк кўчада қолгандек бўлди, жавобига қийналди.
А. Қодирий, “Ўтган кунлар”.

👉 Аслида кўчанинг боши эмас, охири берк бўлади. Берккўчанинг сўнгига, тугашига борган киши ундан қандай чиқишни билмай қийналади, орқага қайтишини, овора бўлишини ўйлаб асабийлашади. Кўчанинг боши берк бўлса (ўзи одатда бундай бўлмайди), шунчаки кирмай қўя қолади, қийинчилик ҳам йўқ. Бироқ тилда иборанинг айни шу шакли – боши берк кўча урф бўлган. Унинг ўрнига охири берк кўча деб қўллаш хато бўлади. Абдулла Қаҳҳор айтганидек, “Шаҳардаги ҳамма соатлар беш минут илгари – нотўғри бўлса ва ҳамма шунга амал қилса, сенинг соатинг беш минут кейин – тўғри бўлганидан нима фойда?!”

👉 Ҳар нарсага кўникилади, хатога ҳам
👉 Ўртамиёна – “ўртаўрта” дегани

@oriftolib
👍1
Юҳо

Изоҳли луғатга кўра, бу сўз ўзбек тилида икки хил маънода ишлатилади:

1️⃣ Барча жониворларни аралаш еб, ютиб юборадиган афсонавий махлуқ.

2️⃣ Кўчма маънода: ебтўймас, очофат.

Мавжуд қонун-қоидаларни топташ эвазига бўлса ҳам, кўпроқ бойлик орттириш пайига тушган юҳолар ҳам йўқ эмас.
А. Ибодинов, “Латофат” дўконидаги қатл.

Болта кўпас Миркомилдан қолишмайдиган юҳо чиқиб қолди: пахтани пахтада ютади, мевани – мевада.
М. Исмоилий, Фарғона т.о.

Бугунги тилда сўзнинг асосан кўчма маъноси ишлатилади. Кўпчиликнинг ёки бошқаларнинг ҳаққи бўлган нарсаларни тийиқсиз иштаҳа билан еб-ютиб юборадиган касларга нисбатан ҳам юҳо сўзи қўлланади.

@oriftolib
👍3
Милодийми ё мелодий?

#Сўраган_эдингиз

Милодий сўзини мелодий шаклида хато ёзиш кўп учрайди.

Милодий сўзининг ўзаги милод арабчадан олинган, аслиятда туғилиш деган маънони англатади. Ўзбек тилида икки хил маънода қўлланади:

1️⃣ Исо пайғамбарнинг туғилган куни.

Милоддан бурун. Милоддан кейин.

Асалари оиласини биринчи бўлиб милоддан илгари яшаган юнон файласуфи Арасту текширган.
"Фан ва турмуш".

2️⃣ Милодий йил ҳисоби.

Милоднинг бешинчи асри.

Танга Ўзганда ҳижрий 397 йилда, милоднинг 1006-1007 йилларида зарб этилган.
"Фан ва турмуш".

Милодий сўзи милод сўзидан ясалган сифатдир. У милоддан бошланган йил ҳисобини англатиш учун ишлатилади:

Милодий йил ҳисоби. Ҳижрийни милодийга айлантириш. Милодий 1494 йилнинг ёзи.

📌 Демак:

Милод, милоддан олдинги, милоддан кейинги, милодий
Мелод, мелоддан олдинги, мелоддан кейинги, мелодий

@oriftolib
👍2😎1
Олдин чиқасиз, кейин келасиз

Келиб чиқмоқ
– юзага келмоқ, юзага чиқмоқ, пайдо бўлмоқ. Бу иборанинг шарҳини изоҳли луғатдан топа олмадим. Лекин у тилимизда кенг қўлланади:

Ичкилик, безорилик, бузилиш, одобсизлик – ҳаммаси бекорчиликдан келиб чиқади.
А. Мухтор, “Чинор”.

Бешиктерватар хавф-хатар сезиши билан олдинги оёқларини юқори кўтариб, тебраниб туради. Номи ҳам шундан келиб чиққан.
“ЎзМЭ”.

👉 Аслида келиб чиқмоқ эмас, чиқиб келмоқ бўлиши керак. Чунки одатда ичкаридан дастлаб чиқилади, сўнг келинади. Олдин келиб, кейин чиқилмайди. Лекин нимагадир доим аксини айтамиз ва бу меъёрга айланган. Юқоридаги мисолларда келиб чиқмоқ ўрнида чиқиб келмоқ иборасини ишлатиш хато бўлади. Фақат жисмоний ҳаракат маъносидагина шу шаклда ишлатиш мумкин ва бунда у ибора саналмайди:

Сўйлоқ киши чиқиб келиб, юкни қабул қилиб олгач, чой-пойга шама қилиб ўтирмай, дарҳол эшикни ёпди.
А. Обиджон, “Аканг қарағай Гулмат”.

Мен маҳаллага бир чиқиб келай-чи, нима янгилик бор экан.

Ичкаридан ўттиз беш-қирқ ёшлардаги бир киши чиқиб келди.

👉 Ҳар нарсага кўникилади, хатога ҳам
👉 Ўртамиёна – “ўртаўрта” дегани
👉 Кўчанинг боши эмас, охири берк бўлади

@oriftolib
👍2
Маълумотлар интернетдан юклаб олиниши ва интернетга юкланиши мумкин. Икки атамани ифодалаш учун инглиз тилида upload ва download сўзлари ишлатилади.

Ўзбек тилида бу сўзлар ўрнида қайси сўзлар қўлланиши керак? Ўз вариантингизни изоҳларда қолдиринг.
Anonymous Poll
67%
Юклаш // Юклаб олиш | Yuklash // Yuklab olish
17%
Юклаш // Тортиш | Yuklash // Tortish
10%
Ортиш // Юклаш | Ortish // Yuklash
6%
Бошқа вариант.
😎2
Нечта дўстим бўлиши керак?

Бир киши машҳур донишманднинг ҳузурига келиб, ундан сўрабди:

– Устоз, сиздан бир нарсани билиб олмоқчи эдим. Одамнинг нечта дўсти бўлиши керак? “Юз тилланг бўлмасин, юзта дўстинг бўлсин” деган мақолни эшитиб қолдим. Лекин агар атайлаб дўст қидирадиган бўлсам, ишларим ўнгидан келишига ишонмайман. Ахир қаршингдаги одам аслида қанақалигини билиб бўлмайди.

Бундан ташқари, у чинакам дўст бўлишга лойиқми-йўқми – буни ҳам олдиндан айтиш қийин. Унинг устига, ўзимнинг ҳам бошқаларга қай даражада дўст бўла олишим аниқ эмас…

– Саволингга жавоб бераман, тўғрироғи, жавобни ўзинг топасан, – дебди донишманд. – Ҳув анави олма дарахтини кўряпсанми? У дунёдаги энг баланд олма оғочларидан бири. Бориб ўша дарахтнинг энг учидаги мевалардан менга териб кел.

Одам ўша тарафга қараб, дарахтнинг юксак шохларида товланиб турган олмаларни кўрибди ва:

– Лекин, тақсир, дарахт ҳақиқатан ҳам жуда баланд экан. Меваларни қандай қилиб уза оламан? – дебди.

– Бирорта дўстингни чақир, биргалашиб оларсизлар, – деб йўл-йўриқ кўрсатибди донишманд.

Ҳалиги киши бир дўстини топиб келибди. Ўртоғи унинг елкасига чиқибди, лекин меваларга қўли етмабди. Орада ҳали анчагина масофа бор экан.

– Йўқ, бунақада ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, – дебди асабийлашиб дўст изловчи.

– Нима бало, бошқа умуман дўстинг йўқми? – дебди кулиб донишманд.

Бояқиш бошқа дўстларини ҳам чақириб, анча-мунча одам йиғибди. Улар бир-бирларининг елкаларига минганча, терлаб-пишиб юқорига интилишибди… Бироқ бу жонли ҳавоза олмагача етиб бормабди, ҳолдан тойган одамларнинг оёқлари ҳам тойибди, ҳамма ерга гурсиллаб тушибди.

Бу ишларни кузатиб турган донишманд ҳалиги кишини ёнига чақирибди ва сўрабди:

– Одамга нечта ҳақиқий дўст кераклигини тушунгандирсан?

– Ҳа, тақсир, тушундим, – дебди у лат еган елкасини уқалаганча. – Жуда кўп дўст керак экан. Кўпдан қуён қочиб қутулмайди. Ҳар қандай муаммони кўплашиб ҳал қилиш мумкин.

Донишманд афсус билан бош чайқабди:

– Тўғри, дўстларнинг кўп бўлгани яхши. Лекин миясига нарвон олиб келиш фикри келадиган биттагина фаросатли дўстинг бўлса, ундан-да яхши.

@oriftolib
👍4
Кеча “Таҳсин–2021” миллий мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги таъсис этган ушбу мукофотга 28 та номинация бўйича 500 нафардан ортиқ номзод тавсия этилган.

Ёзувчи ва адабиётшунос, саҳифамиз ҳамкори Саъдулло Қуронов “Таҳсин” мукофоти билан тақдирланди. Тақдирланганлар орасида Азиза Қурбонова, Илёс Сафаров, Тилланисо Эшбоева, Жавлон Жовлиев каби ижодкорлар ҳам бор.

Совриндорларни самимий қутлаймиз. Ижодий ишларига ривож ва барака тилаймиз.

@oriftolib
Жумладан: вергул керакми ёки йўқ?

Жумладан сўзи билан вергул ишлатишда кўп хато қилинади. Бу ҳолат ҳатто нуфузли нашрлар, китоблар, қонун ҳужжатларида ҳам тез-тез кўзга ташланади.

Хўш, қачон вергул керак?

Жумладан сўзи кириш сўз бўлиб келса. Бунда у айтилганлар ёки кўзда тутилганлар ичидан деган маънони англатади, унинг ўрнида хусусан сўзини бемалол қўллаш мумкин бўлади. Кириш сўзлар гап бошида келганда ўзидан кейин, гап ўртасида икки томондан, гап сўнгида эса ўзидан олдин вергул талаб қилади. Жумладан сўзи одатда гап охирида келмайди:

Жумладан, антик давр олимлари Геродот, Аристотель... ва бошқаларнинг асарларини келтирди.
Газетадан.

Ҳамма, жумладан, ўзим ҳам қотиб-қотиб кулдим.
М. Хайруллаев, Тилла маржон.

Шу жумладан бирикмаси ҳам кириш бирикма бўлиб келганда вергул қўйилиши керак:

Ҳамма, шу жумладан, ўзим ҳам қотиб-қотиб кулдим.

Лекин юқоридаги сўз ва бирикмалар киритма бўлиб келмаган ўринларда вергул керак эмас:

Жумладан ориқча сўзларни олиб ташланг.

Бу ўринда жумла сўзи гап маъносида келяпти. Қиёсланг:

Матндан ортиқча сўзларни, жумладан, сифатларни олиб ташланг.

Бу ерда жумладан сўзи гапдан деган маънода эмас. Кўзда тутилганлар ичидан, хусусан деган маънода.

Шулар жумласидан бирикмаси шулар қаторига киради деган маънода келса ва гапда кесим вазифасини бажарса, вергул керак эмас:

Китобни нашрга тайёрлаш бир неча босқичлардан иборат. Таҳрир, дизайн, саҳифалаш, корректура шулар жумласидан.

@oriftolib
👍4😱2
Оммалашган хато ғалати машҳур бўлавермайди

❗️ Лекин бир нарсани ёдда тутиш керак: янглиш қўлланган ва оммалашган ҳар қандай сўз ёки ибора ғалати машҳур бўлавермайди.

Дейлик, бугун қўлланади сўзини кўпчилик қўлланилади деб ишлатаётган, бу хато ҳатто нуфузли нашрлар, илмий адабиётлар, қонун ҳужжатлари матнларида жуда ўп кўзга ташланаётган бўлса-да, ғалати машҳур эмас. Хато.

Ғалати машҳурни фарқлашнинг оддий усули бор: сўз ёки ибора асли хато экани сезилмайдиган даражага келиши, худди шу шаклда луғатларга кириши керак.

👉 Ҳар нарсага кўникилади, хатога ҳам
👉 Ўртамиёна – “ўртаўрта” дегани
👉 Кўчанинг боши эмас, охири берк бўлади
👉 Олдин чиқасиз, кейин келасиз

@oriftolib
👍1
Ўзлашма сўзлар: мотивация

Мотивация
сўзини қўллаш охирги пайтлар жуда урф бўлди. Лекин бу сўз изоҳли луғатга ҳам, миллий энциклопедияга ҳам, ҳатто имло луғатларига ҳам киритилмаган.

Мотивация лотинча movēre сўзидан, аслиятда ҳаракатга келтирмоқ деган маънони англатади. Атама сифатида эса қуйидаги маъноларга эга:

1️⃣ Ҳаракатга хоҳиш уйғотиш.

2️⃣ Инсоннинг хатти-ҳаракатини бошқарувчи, унга йўналиш, ташкилотчилик, фаоллик ва сабот берувчи руҳий-физиологик жараён.

3️⃣ Одамнинг ўз эҳтиёжларини амалий фаолият ёрдамида қондира олиш қобилияти.

Модерн сўзлар чиройли кўринади. Лекин уларни ҳадеб ёки бўлар-бўлмасга қўллайвериш тўғри эмас. Хўш, мотивацияни ўзбекчада қайси сўзлар билан ифодаласа бўлади? Вариантлар:

1️⃣ Руҳлантириш.

2️⃣ Ғайратлантириш.

3️⃣ Юрагига чўғ солиш.

Албатта, бу сўзлар баъзи ўринларда айнан мотивация сўзи англатган маънони тўлиқ қамрамаслиги мумкин. Лекин жуда кўп ҳолатларда унинг ўрнини боса олади. Такрорлардан қочиш, маънони ҳам, сўзларни ҳам қайталамаслик, зарур бўлганда синонимларни ишлатиш матннинг оҳорини оширади.

Мотивацияни яна қандай сўз ва иборалар билан ифодалаш мумкин? Ўз вариантингизни изоҳларда қолдиринг.

@oriftolib