Orif Tolib
12K subscribers
1.09K photos
101 videos
8 files
1.89K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 is.gd/elonlar

Murojaat uchun:
👉 @oriftolib_xatlar_bot

Boshqa sahifalarimiz:
👉 taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
#Сўраган_эдингиз

“Таҳаккум” нима дегани?

Таҳаккум бугунги тилимизда ишлатилмайди. Лекин Навоий ва Бобур асарларида ишлатилган.

“Навоий асарлари луғати” таҳаккум сўзини икки маънода шарҳлаган:

1️⃣ Ҳукм юритиш, зўрлик билан ҳукмронлик қилиш; устун чиқиш;

2️⃣ Бировнинг ҳукмини, амрини истар-истамас қабул этиш.

“Бобурнома” луғати эса ҳукм қилиш йўли, устун чиқиш йўли деб изоҳлабди.

“... Эл қочиб ул вилоятқа борди, таҳаккум тариқи била тамаъ қиладур, агар бурунроқ бу сўз арода бўлса эди, филжумла важҳи бор эди, аларнинг таҳаккумини ким тортор бўлғай?”

Шу парча “Бобурнома” табдилида бундай берилибди:

“Яна бири буки, эл қочиб у вилоятларга борган шундай бир пайтда буйруқ йўсинида бу талаб қўйилди. Агар бу таклиф бурунроқ орага тушса, балки ўринли бўлар эди. Уларнинг ҳукмига ким ҳам рози бўларди?!”

Юқоридаги жумлаларда таҳаккум бир ўринда буйруқ, ҳукм юритиш, кейингисида ҳукм қилиш маъносида келяпти.

@oriftolib
yoshlardaftari.uz сайти экан.

Бир саҳифада икки хил алифбода ёзмаслик керак. Имло хатосини ҳам тўғрилаб қўйиш зарур.

Yoshlar va ayollar daftari
Masʼul xodimlar uchun kirish

Холат | Xolat
Ҳолат | Holat

@oriftolib
Қора олтин

Қора олтин иборасига тез-тез дуч келамиз. Лекин уни кўпинча нефт маъносида тушунамиз, холос.

Изоҳли луғатга кўра, бу ибора нефт ва кўмирга нисбатан ишлатилади. Кўмир маъноси англашилган мисолни интернетдан топа олмадим. Изоҳли луғат ҳам мисол бермаган.

Оммавий ахборот воситалари бу сўзни асосан нефт маъносида қўллаган.

Қора олтин ибораси рус тилида нефт ва кўмирга, инглиз тилида эса нефт, мурч ва юксак технологиялар воситасида олинадиган қора рангли олтинга нисбатан ишлатилар экан.

@oriftolib
Қиймат ва белги ўртасида бўш жой қолдирилади

📌 Ўлчам бирликларининг белгилари ўлчамларнинг сонли қийматларидан кейин улар билан бир қаторда, кейинги сатрга кўчирмасдан жойлаштирилади. Ўлчам бирлигининг сонли қиймати ва белгиси ўртасида бўш жой қолдирилади:

100 kW
100kW

20 °С
20°С

10 kg
10kg

❗️ Сатр устида жойлаштирилган ясси бурчак ўлчам бирликларининг градус, минут, секунд белгилари бундан мустасно бўлиб, улар олдида бўш жой қолдирилмайди:

20º
20 º

Бошланиши ва давоми:
👉 Ўлчам бирликлари қандай ёзилади?
👉 Ҳосила бирликлар: ё қисқартма билан, ё тўлиқ
👉 Оралиқдаги қиймат қандай ифодаланади?
👉 Ахборот миқдори ўлчамлари

@oriftolib
“U” bilanmi yoki “i” bilan?

Shovullamoq, guvullamoq, huvullamoq kabi soʻzlarni shovillamoq, guvillamoq, huvillamoq shaklida xato yozish koʻp uchraydi. Shunga oʻxshash soʻzlarda yanglishish hatto lugʻatlarni ham chetlab oʻtmagan.

Eʼtiborlisi, soʻlqillamoq, takillamoq, tapillamoq, tarillamoq, chapillamoq kabi soʻzlarda u oʻrnida i ishlatilgan. Bu yerda u yozish xato. Sezgan boʻlsangiz, bu feʼllar taqlid soʻzlardan hosil boʻlyapti.

Xoʻsh, xato qilmaslik uchun nima qilish kerak? Soʻzlarni birma-bir yodlab chiqish kerakmi? Yoʻq, osongina yoʻli bor. Qoidasini bilib olsangiz boʻldi:

👉 Taqlid soʻzlardan feʼl yasovchi -illa (chirilla, taqilla) qoʻshimchasi soʻz tarkibida v yoki u tovushi boʻlganda -ulla aytiladi va shunday yoziladi: shovulla, lovulla, gurulla kabi.

Ana, boʻldi. Oʻzagida u yoki v qatnashgan, taqlid soʻzdan yasalgan feʼllarni qoʻrqmay -ulla bilan yozavering.

❗️ Faqat bitta holatda istisno bor. Oʻzagida v qatnashgan soʻzda bu tovushdan oldin i kelgan boʻlsa, -ulla emas, -illa yoziladi: jivillamoq, gʻivillamoq, shivillamoq. Bunday soʻzlar oʻzi juda kam – 4–5 ta xolos va tilda koʻp qoʻllanmaydi:

Suv shivillab, qandaydir sirli, vahimali koʻrinish bilan oqadi.
Oybek, “Tanlangan asarlar”.

📌 Demak:

Vovullamoq, gursullamoq, duvullamoq, uvullamoq, xurullamoq, churullamoq, qultullamoq, gʻuvullamoq, jivillamoq

Vovillamoq, gursillamoq, duvillamoq, uvillamoq, xurillamoq, churillamoq, qultillamoq, gʻuvillamoq, juvullamoq

@oriftolib
Бошлаб: вергул керакми ёки йўқ?

-б, -иб билан тугаган феъллардан сўнг кўпинча вергул қўйилади, лекин ҳар доим ҳам эмас. Чалкаштирадиган ҳолатлардан бири бошлаб сўзи билан боғлиқ.

Бошлаб сўзидан кейин фақат бир ўринда вергул қўйилади. Агар икки ва ундан ортиқ, кетма-кет ҳаракат ҳақида гап кетса:

У ишни бошлаб, охирига етказмади.
👉 Яъни у ишни бошлади, лекин охирига етказмади. Жумлада иккита ҳаракат ифодаланяпти.

У гап бошлаб, бирданига тўхтади.
👉 Бу ерда ҳам иккита, кетма-кет ҳаракат бор.

Қолган ҳолатларда вергул қўйилмайди:

Бир лаҳзадан кейин Муяссарни бошлаб орқага қайтишди.
👉 Бир пайтдаги ҳаракат. Улар Муяссар билан бирга қайтишди.

Буни бошлаб Отабек, ундан кейин Ўзбек ойим сезди.
👉 Бу ерда бошлаб сўзи равишга айланган ва энг олдин, ҳаммадан олдин, дастлаб сўзиларига синоним бўлиб келяпти. Равиш одатда вергул талаб қилмайди. Демак, бу ўринда вергул ишлатиш ортиқча.

Бугундан бошлаб шу тартибга амал қиламан.
👉 Бошлаб сўзи кўмакчи вазифасида келганда бери, буён, эътиборан сўзларига маънодош бўлади. Ундан олдинги сўз эса чиқиш келишиги қўшимчасини олади. Бу ҳолатда ҳам вергул керак эмас.

Демак, вергул қўлланадиган биттагина ҳолатни фарқлаб олсак бўлди. Қолган пайтларда сўзни вергулсиз ишлатаверамиз.

@oriftolib
#Дарё

Ғалати машҳурлар: тўғриси – хато, хатоси – тўғри

“Тилимизни биламизми?” рукнининг бу сафарги сони ғалати машҳурлар ҳақида бўлди. Унда аслида хато, лекин тўғри деб қабул қилинадиган, тўғрисини ишлатсангиз, хато саналадиган баъзи сўз ва ибораларни шарҳладим.

Қизиққанлар “Дарё”да мақоланинг тўлиқ шакли билан танишишлари мумкин:

👉 https://daryo.uz/2021/06/23/tilimizni-bilamizmi-togrisi-xato-xatosi-togri-galati-mashhur-soz-jumlalar-haqida

@oriftolib
Ҳосила бирликлар: ё қисқартма билан, ё тўлиқ

📌 Икки ва ундан кўп бирликдан ташкил топган ҳосила бирлик кўрсатилганда ҳарфли белгилар ва бирлик номлари бирга қўшиб қўлланмайди. Яъни айрим бирликлар учун белгиларни, бошқалари учун эса номларини кўрсатиш мумкин эмас.

Ё ҳар икки бирлик ҳарфли белги билан, ё иккаласи ҳам тўлиқ сўз билан берилиши керак:

80 km/h
80 km/соат

соатига 80 километр
соатига 80 km

Бошланиши ва давоми:
👉 Ўлчам бирликлари қандай ёзилади?
👉 Қиймат ва белги ўртасида бўш жой қолдирилади
👉 Оралиқдаги қиймат қандай ифодаланади?
👉 Ахборот миқдори ўлчамлари

@oriftolib
Ғалати машҳурлар: тўғриси – хато, хатоси – тўғри

Ҳар нарсага кўникилади, хатога ҳам

Психологларнинг айтишича, бирор одат шаклланиши ёки йўқолиши учун ўртача бир ой вақт керак экан. Муттасил қилинадиган янглиш ишга тана ўрганиб қолади. Тилда ҳам шунга ўхшаш ҳолат.

Эркин Воҳидов бир мақоласида ёзади: “Эскидан қолган ғалати машҳур деган гап бор. Бу машҳур бўлган хато демакдир. Ғалат сўзининг ўзбек тилида ғалати шаклида қизиқ, ажойиб деган маъно касб этгани ўзи ғалати машҳурдир”. Чунки ғалат сўзи арабчада хато, нуқсон, адашиш каби маъноларни англатади. Унга форсча изофаси қўшилган ва ўзбек тилида аслиятдагидан бошқа мазмунни билдиради.

Бирор сўз ёки иборани хато ишлатиш оммалашиб кетса ва у табиий қабул қилинадиган бўлиб қолса, энди бошқа йўл йўқ, ноилож рози бўласиз. Ғалати машҳур ана шу.

👉 Ўртамиёна – “ўртаўрта” дегани
👉 Кўчанинг боши эмас, охири берк бўлади
👉 Олдин чиқасиз, кейин келасиз
👉 Оммалашган хато ғалати машҳур бўлавермайди

@oriftolib
“Реза-реза тер қоплади”: реза нима?

Баъзи ибораларни тез-тез қўллаб турамиз, лекин унинг таркибидаги сўзлар қандай маъно англатишига кўп ҳам эътибор беравермаймиз. Реза сўзи ҳам шундайлардан.

Реза форсчадан кирган, аслиятда ушоқ, парча; ёғоч қириндиси маъноларини англатади. Ўзбек тилида икки хил маънода ишлатилади:

1️⃣ Унча катта бўлмаган; майда, кичик.

Ёноқларини реза тер қоплаган қизлар жимгина қўшиққа қулоқ солар... эди.
С. Аҳмад, Қадрдон далалар.

2️⃣ Майда нарса. Бу маънода сув ёки тер томчиларини билдиради.

Мавжларидан резалар учиб, чайқалади муққадас дарё.
Газетадан.

Баъзида реза такрор ҳолатда ҳам келади. Бунда кўпинча тер томчисини сифатлайди:

Ҳаво димлигидан пешона ва бўйнини реза-реза тер қоплади.

@oriftolib
Нимани излашга боғлиқ

Устоз шогирдига шундай топшириқ берди:

– Турган хонамизга яхшилаб разм сол ва жигарранг нарсаларни яхшилаб эслаб қол.

Хонада бу рангдаги буюмлар кўп эди, шогирд вазифани бажаришга унча қийналмади. Лекин устоз унга бошқа бир ишни буюрди:

– Кўзларингни юм-да... хонадаги ҳаворанг рангли нарсаларни санаб бер!

Шогирд бундан ранжиди:

– Ахир сиз жигарранг нарсаларни эслаб қол, дегандингиз. Шунга амал қилиб, ҳаворанг нарсаларга эътибор бермадим.

Устози жавоб берди:

– Кўзларингни оч ва сарасоб сол. Хонада ҳаворанг буюмлар жуда кўп.

Ҳақиқатан ҳам шундай эди. Устоз сўзида давом этди:

– Бу мисол билан сенга ҳаётий бир ҳақиқатни уқтирмоқчи эдим: агар сен хонадан фақат жигарранг буюмларни излаганинг каби ҳаётдан ҳам нуқул ёмон нарсаларни излайдиган бўлсанг, уларнигина топасан, уларнигина илғайсан. Улар фикру ёдингни эгаллаб, доимий ҳамроҳингга айланади.

Ёдингда бўлсин: агар сен нуқул ёмон нарсаларни изласанг, уларни албатта топасан ва ҳеч бир яхшиликни кўрмайсан. Кутганинг, руҳан тайёр бўлганингга албатта дуч келасан. Агар яхшиликдан умид қиладиган бўлсанг, энг камида ёмон нарсаларни ҳаётингга тортмайсан. Тўғри, баъзида ният қилганинг амалга ошмаслиги ҳам мумкин. Ҳаёт қоидаси шундай. Лекин руҳинг баланд бўлсин. Шунда ҳатто қайғули ва оғир вазиятларни ҳам бемалол енгиб ўтасан.

@oriftolib
Мавзу номлари қандай ёзилади?

Мавзу номини ёзишда хилмахилликлар, чалкашликлар учраб туради. Баъзида бир ўқитувчи қўллаган имлони бошқа ўқитувчи ишлатмайди. Натижада ўқувчиларда иккиланишлар пайдо бўлади.

Хўш, мавзу номини қандай ёзиш тўғри?

Агар абзац мавзу сўзи билан бошланса, ундан кейин икки нуқта қўйилади ва ном бош ҳарф билан қўштирноқ ичида ёзилади:

Мавзу: “Ўсимликларнинг хилмахиллиги”

Мавзу номлари кўпинча дарак гап шаклида бўлади. Дарак гаплар охиридаги нуқта мавзу номида тушириб қолдирилади. Мабодо ном сўроқ ёки ундов гап шаклида бўлса, тегишли белги қўштирноқ ичига қўйилади:

Мавзу: “Ўсимликлар ўсиши учун нималар зарур?”

❗️ Агар мавзу номида мавзу сўзи ишлатилмаса, ном қўштирноқсиз ёзилади. Бунда ҳам дарак гапларда нуқта ишлатилмайди:

Ўсимликларнинг хилмахиллиги

Ўсимликлар ўсиши учун нималар зарур?

👉 Мабодо ном бирдан ортиқ дарак гапдан ёки алоҳида бирикмалардан иборат бўлса, охирги жумлага нуқта қўйилмайди, холос:

Мавзу: “Иссиқлик ва ёруғлик. Иссиқлик ва ёруғлик манбаларини фарқлаш”

Иссиқлик ва ёруғлик. Иссиқлик ва ёруғлик манбаларини фарқлаш

@oriftolib
Оралиқдаги қиймат қандай ифодаланади?

📌 Ўлчамнинг рақамли қийматлари диапазони бир турдаги ўлчам бирликларида ифодаланган бўлса, ўлчам бирлигининг белгиси диапазоннинг охирги рақамли қийматидан кейин кўрсатилади. Махсус белгилар кўринишидаги ўлчамлар – °, ', '' ҳар бир диапозон рақамли қийматидан кейин қўйилади.

Демак, оралиқ қийматни кўрсатганда бирлик ҳарфли белгилар билан ифодаланса, уни энг охирида келтириш зарур. Бирлик махсус белгилар билан ифодаланганда эса ҳар бир қийматдан сўнг ёзилиши керак:

1 дан 1000 g гача
1 g дан 1000 g гача

110 дан 380 V гача
110 V дан 380 V гача

45° дан 90° гача
45 дан 90° гача

1' дан 60' гача
1 дан 60' гача

Бошланиши ва давоми:
👉 Ўлчам бирликлари қандай ёзилади?
👉 Қиймат ва белги ўртасида бўш жой қолдирилади
👉 Ҳосила бирликлар: ё қисқартма билан, ё тўлиқ
👉 Ахборот миқдори ўлчамлари

@oriftolib
Ўртамиёна – “ўртаўрта” дегани

Давоми. Бошланиши бу ерда.

Ғалати машҳур тушунчасини таҳрир илмининг устаси, раҳматли Маҳмуд Саъдий домла ўртамиёна сўзи ёрдамида тушунтириб берганди. Ўзбекчадаги ўрта сўзи форсчада миёна бўлади. Лекин биз иккаласини қўшиб ишлатамиз. Сўзма-сўз ўртаўрта дегани. Бу хато-ку, битта сўзни икки марта такрорлаб нима ҳожат, деб бақир-чақир қилгандан эса фойда йўқ.

Ўртамиёна ўрта даражадаги; ўртача маъносида ишлатилади. Баъзи ўринларда бу сўздаги маъно нозикликликларини унинг маънодошлари ифодалай олмайди. Масалан:

Ўртамиёна асар – ўртача даражадаги, эътиборга унча арзимайдиган, илиқ-милиқ асар. Бу ўринда ўртамиёна сўзида бироз назарга илмаслик, менсимаслик ёки тавсия этмаслик мазмуни ҳам яширинган. Унинг ўрнига ўртача ёки ўрта даражадаги сўзларини қўйиш бу маъно қирраларини акс эттирмайди.

Ўртамиёна уй – бунда юқоридаги каби маънолар йўқ. Уйнинг ҳажми, кўриниши, жиҳозланиши ўртача даражадалиги англашиляпти.

Айрим ғалати машҳурлар бор, тўғрисини ишлатсангиз, хато қилган бўласиз. Иккита мисол келтираман.

@oriftolib
-да юкламаси ва вергул

-да юкламаси жумлага кучайтирув ва таъкид маъносини қўшади. У сўздан чизиқча билан ажратиб ёзилади. Ана шу юклама билан вергул қўллашда кўп хато қилинади.

Қачон вергул ишлатилади?

Вергул ишлатишнинг 7 та асосий қоидасида икки ва ундан ортиқ ёки кетма-кет ҳаракатни ифодаловчи феъллар, бирдан ортиқ кесимлар орасига вергул қўйилиши ҳақида айтгандим. Бу ўринда ҳам худди шу қоида ишлайди:

У китобни қўлига олди-да, ўқишга тушди. Ваъда берса-да, бажармади.

Ўзи докторлар ҳам ваҳимачи бўлади-да, сал нарсага касалхона...

Э. Раимов, Ажаб қишлоқ.

Бир нечта ёки кетма-кет ҳаракат ифодаланмаса, вергул керак эмас:

Бахт билан бахтсизлик етаклашиб юраркан-да доим.
Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол.

Юклама бошқа сўз туркумларига қўшилганда ҳам вергул ишлатилмайди:

Бундан-да кўпроқ ўқи. Ойдан-да гўзал.

Лекин юклама олган сўз уюшиқ бўлак таркибида ёки ундалма билан келса вергулдан фойдаланилади. Албатта, бу ҳолатда вергул юклама туфайли эмас, уюшиқ бўлак ва ундалма сабабли қўлланади:

Ойдан-да, кундан-да гўзал. Мендан-да, сендан-да ишбилармон.

Шунда иш тез битади-да, оғайни.


📌 Демак:

Шарт ўрнидан турди-да, кетворди.
Дарров ваҳима қиласан-да, ҳали ҳеч гап йўқ-ку!
Ёш бола-да у.

Шарт ўрнидан турдида, кетворди.
Шарт ўрнидан турди-да кетворди.
Дарров ваҳима қиласан-да ҳали ҳеч гап йўқ-ку!
Ёш бола-да, у.

@oriftolib
Ахборот миқдори ўлчамлари

Бошланиши бу ерда.

📌 Ахборот миқдорининг байт каррали бирликларини ҳосил қилиш учун Кило, Мега, Гига олд қўшимчалари қўлланади:

1 Кбайт = 1024 байт, 1 Мбайт = 1024 Кбайт, 1 Гбайт = 1024 Мбайт.

Қарорда бу бирликларни Кб, Мб, Гб ёки Kb, Gb, Mb шаклида тўла қисқартириб ёзиш масаласига аниқлик киритилмаган. Одатда бу бирликлар kb, mb, gb тарзида кичик ҳарфларда ҳам ифодаланади. Бундан ташқари, интернет тезлигини кўрсатишда кўпинча байт эмас, битдан фойдаланилади: 5 Mbit/s – секундига 5 мегабит.

Технологиялар борган сари ривожланяпти. Ахборот миқдорини ўлчовчи янги бирликлар пайдо бўляпти. Масалан, 1024 гигабайт = 1 терабайт ўлчами аллақачон истеъмолда. Терабайт тушунчаси ушбу қарор иловаларига кирмаган. Киритиб қўйиш керак.

❗️ Қўшимча:
Халқаро ўлчамлар тизими (СИ)га кўра, кило-, мега-, гига- каби олдқўшимчалар ўнга каррали қийматларни ифодалайди. Шу сабабли уни иккилик саноқ тизими қийматларига қўлламаслик тавсия этилади.

@oriftolib