Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Қисқартмалар имлоси: лотин ёзувидаги хатолар

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиб кетмаганимиз, сўзларни ёзишга кирил нуқтаи назаридан ёндашаётганимиз сабаб турли хатоликларга йўл қўйяпмиз. Жумладан, қисқартма сўзларда.

Кирил ёзувида ё, я, ю, е ёлашган унлилари билан бошланган сўзлар қисқартмага айланса, бу ҳарфлар қисқартма сўз таркибида иштирок этади: АЁҚШ, ЯТТ, ОЎЮ, ЕХҲТ каби. Лекин бу қисқартмалар лотин ёзувида ифодаланганда кирил ҳарфларини жуфт ҳарф кўринишида ўгириш – хато. Чунки лотин алифбосида ё, я, ю, е ҳарфларига муқобил ҳарф йўқ, улар иккита ҳарф ёрдамида ифодаланади.

АЁҚШ – автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси, лотинча имлода – avtomobillarga yonilgʻi quyish shoxobchasi. Сўзнинг бош ҳарфларини олиб, қисқартма ясаймиз: AYQSH. Sh ҳарф бирикмаси барча ҳарфлари катта ёзиладиган сўзларда, қисқартмаларда SH шаклида берилгани яхши.

ЯТТ – якка тартибдаги тадбиркор, лотин ёзувида – yakka tartibdagi tadbirkor. Бош ҳарфлардан қисқартма – YTT.

ОЎЮ – олий ўқув юрти, лотин ёзувида – oliy oʻquv yurti. Бош ҳарфлардан қисқартма – OOʻY.

ЕХҲТ – Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, лотин ёзувида – Yevropada Xavfsizlik va Hamkorlik Tashkiloti. Бош ҳарфлардан қисқартма – YXHT.

Бир гал собиқ “Камолот” ЁИҲ номини лотинчада “Kamolot” YoIH эмас, “Kamolot” YIH шаклида ёзиш кераклигини бутун бошли таҳририятга тушунтира олмаган эдим. “Кирилчада бор-ку, нега лотинчада йўқ бўлиб қолиши керак?! Лотинчада ҳам Ё бор, Yo деб ёзамиз, холос”, деган далил келтиришганди. Шунга ўхшаш эътирозларга жавоб шу: қисқартмаларда одатда сўздаги биринчи ҳарф олинади. Кирилчада ёлашган унлилар билан бошланган сўзлар лотинчада y ҳарфи билан ёзилади ва қисқартмада ана шу ҳарфдан фойдаланилади.

❗️ Лекин UNICEF, UNESCO, USAID каби халқаро ташкилотлар номини ўзбекча имлода бермоқчи бўлсак, YUNISEF, YUNESKO, YUSAID деб ёзамиз. Чунки бу сўзлар ўзбекчада қисқартмага айлантирилмаяпти. Улар ўзи қисқартма, инглиз тилида қисқартмага айлантирилган. Биз ўзбекча имлода қисқартманинг талаффуз вариантини ёзамиз.

Масалан, UNICEFнинг инглизча кенгайтмаси – United Nations International Children's Emergency Fund, ўзбекчада Birlashgan Millatlar Tashkilotining Bolalar Jamgʻarmasi бўлади. UNICEF “юнисеф” деб ўқилгани учун уни ўзбекча имлода ЮНИСЕФ – YUNISEF шаклида ёзамиз.

Бу каби номларни ўзбекча матн ичида аслидагидай – UNICEF, UNESCO, USAID шаклида бериш ҳам хато эмас. Халқаро брендлар номини ёзишда ҳам одатда шу таомилга амал қилинади.

Хатолар оммалашиши ёки тузатилишида нуфузли сайтлар, расмий манбаларнинг ўрни катта. Юқоридаги каби қисқартмаларни лотин ёзувида тўғри ифодалашга энг биринчи галда йирик оммавий ахборот воситалари эътибор қаратса, нур устига нур бўларди.

📌 Демак:

FHDY, AYQSH, YTT, OOʻY, YXHT, YUNISEF, UNICEF

FHDYO, FHDYo, AYOQSH, AYoQSH, YATT, YaTT, OOʻYU, OOʻYu,YEXHT, YeXHT, YuNISEF, YUNICEF

@oriftolib
👍5😱1
Сабр қиласизми ёки тоқат?

Телеграмда тил мавзусига оид каналлар кўпайиб боряпти. “Сўздин сўз” саҳифаси ўхшаш тушунчаларнинг фарқи ҳақида баҳс юритар экан. Қуйида ушбу каналдан олинган мақола билан танишасиз.

Ҳеч бир сўз бошқа бир сўз ифодалаган маънони ўзида тўлақонли ифодалай олмайди. Маъно жиҳатдан бир-бирига жуда яқин келиши мумкин, лекин улар орасида қандайдир фарқлар мавжуд бўлади. Сабр ва тоқат сўзлари ҳам шундай сўзлар сирасига киради. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бу сўзларга қуйидагича изоҳ берилган:

Сабр – [арабча – чидам, бардош, ирода, қатъият] 1) Бирор ҳолат ёки ҳодисани бардош билан кутиш, қаноат қилиш; ўзини тийиш. 2) Ғам-кулфат, азоб-мусибатларга чидаш, тоқат қилиш, бардош бериш.

Тоқат – [арабча – куч, қувват]; чидам, бардош, сабр; чидаш, бардош бериш қобилияти; сабр-бардош, чидам, тўзим.

Маъно жиҳатдан бу сўзлар деярли бир хил. Уларнинг бир-биридан фарқи эса қуйидагича:

Сабр тоқатга нисбатан кучлироқ тушунчани ифодалайди. Сабр қилган инсон охирини (яъни қачон содир бўлишини) билмасдан, барчасига рози бўлиб, ҳаммаси яхши бўлишини ўйлаб кутади. Тоқат қилган одам эса охирини билиб кутади, яъни маълум бир вақтгача. Ўша вақт келса ёки кутилган пайтдан ўтса, тоқат қилганнинг тоқати тоқ бўлади. Шунингдек, сабр – бардош билан кутиш, тоқат эса бардош бериш қобилиятидир.

👉 @farqi_bormi

@oriftolib
Тўрт сабаб. Биз нега илмда кундан кунга орқада қоляпмиз?

Зангиотадаги коронавирусга ихтисослашган 2-клиник шифохонанинг радиология бўлими мудири, Буюк Британиянинг Абердин университети магистри Маъруфжон Салоҳиддинов Kun.uz'га тақдим этган мақоласида олий таълим ва илмий соҳадаги муаммолар ҳақида сўз юритиб, қатор ечимларни таклиф қилибди.

Муаллифнинг таҳлиллари, муаммоларга таклиф қилган ечимлари менга жуда маъқул келди. Ривожланган мамлакатларда илм-фан қай даражада ўсаётганини ичидан билган мутахассиснинг мулоҳазалари сизни ҳам бефарқ қолдирмайди деб ўйлайман.

Мақола билан бу ерда танишишингиз мумкин.

@oriftolib
Қудуқ

Бир фермернинг эшаги қудуққа тушиб кетди. Бечора жонивор зорланиб бақира бошлади. Ҳовлиқиб югуриб келган фермер ҳолатни кўриб, боши қотди. “Эшагим қариб қолганди, барибир кўпга бормайди. Ёшроғини сотиб олишни ўйлаб юргандим. Қудуқ эса қуриб қолган. Бу жойни кўмиб ташлаб, бошқа ердан қазимоқчи эдим. Ҳозир кўмиб ташласам, ҳаром қотган эшакнинг ҳиди ташқарига чиқмайди, чуқурдан ҳам қутуламан”, деб ўйлади у.

Фермер қўшниларини ёрдамга чақирди. Келганлар қўлига кетмон, куракларни олиб, енг шимариб ишга киришди. Эшак гап нимадалигини тушуниб, жони борича ҳанграшга тушди. Лекин бироз ўтиб, овози тинди. Ҳамма ҳайрон. Яна бироз тупроқ ташлангач, фермер қудуқ ичига разм солиб, нима бўлганини билишга қарор қилди.

У кўрганларидан ҳайратда эди. Эшак елкасига тушган тупроқ уюмларини силкиниб қоқиб ташлар, оёғи остини тепкилаб-текислаб турарди. Шундай қилиб, эшак бироз вақтдан сўнг юқорига чиқиб олди!..

Бу воқеа ҳаётда бўлганига ишонгиси келмайди одамнинг. Ахир эшак фаросатсизлиги билан машҳур. Ҳикояни зарбулмасал сифатида қабул қилган маъқул. Шунда унинг ҳикмати осонроқ англашилади.

Кунда ёки
кунора бошимизга турли ташвишлар уюми ёғилади, елкамизга қийинчиликлар юки тушади. Ана шундай пайтларда нолиб, зорланиб, ҳаракатсиз турганлар ғам-ташвишлар остида эзилиб-кўмилиб кетади. Доим олға интилиб, оғир ўй-хаёлларга бўй бермаганлар эса мақсадга эришаверади.

@oriftolib
👍4
Шошмасдан шошилинг

Малакали муҳаррир фақат босма ёки электрон нашрларга эмас, телеканалларга ҳам керак.

Бир устоз ёзувчининг “Шошмасдан шошилинг” деган гапи бўларди. Хабар ва репортажлар тайёрлашда тез ишлашга тўғри келади. Лекин шунда ҳам шошилмай, керак бўлса, тўрт-беш марта яхшилаб қараб олиш керак.

Электрон нашрлар ёки каналлардаги хатони тузатса бўлади. Ўзимда ҳам хатолар ўтади, обуначилар айтса ё кўзим тушиб қолса, таҳрирлаб қўяман. Бироқ телевидениеда бунинг иложи йўқ. Қайта эфир бўлсагина, ўзгартириш мумкин, холос.

Хабар изоҳининг тўғри варианти:
Andijon ishsizlikdan xoli hududga aylanadi.

Сарлавҳа ва тагсарлавҳаларда жумладаги нуқта тушиб қолади.

* Расм обуначилардан.

@oriftolib
#Сўраган_эдингиз

Ҳисобрақамми ё ҳисоб рақам?

Ҳозирги замонда банкка иши тушмайдиган одам топилмаса керак. Пластик картангиз борми, демак, банкда ҳисоб рақамингиз ҳам бор.

Ҳисобрақам, ҳисобварақ сўзлари кўп ишлатилади. Лекин бу сўзларнинг ҳеч бири на изоҳли луғатга, на имло луғатга киритилибди. Миллий энциклопедияда ҳам изоҳланмаган.

Балки бунга банк тизимида иш юритиш ҳали-ҳамон тўлиқ давлат тилида йўлга қўйилмагани сабабдир.

Луғатда йўқ бўлса-да, сўз ёки бирикма бор. Уни қандай ёзиш масаласини ҳал қилиш керак. Одатда луғатлардан жавоб тополмаган пайтларим қиёс ва мантиққа мурожаат этаман. Ҳозир ҳам шу йўлдан борамиз.

Тилимизда иккала қисми от сўз туркумига мансуб қўшма сўзлар бор. Улар битта тушунчани ифода этади ва қўшиб ёзилади. Масалан, молбозор сўзи. Лекин бу сўзга эгалик қўшимчаси қўшилса, ажратиб ёзилади:

Молбозорга бордим ➡️ Мол бозорига бордим.

Лекин ҳар қандай от+от шаклидаги қўшма отлар эгалик қўшимчаси қўшилса, ажратиб ёзилавермайди. Масалан, билагузук, кўзойнак, томорқа сўзларига эгалик қўшимчаси қўшилса-да, ажратиб ёзилмайди: билагузугинг, кўзойнагим, томорқаси.

Ажратиб ёзиш ҳали яхлит сўз сифатида жуда урфга кирмаган қўшма сўзларда кузатилади. Ҳисобрақам, ҳисобварақ сўзлари билан ҳам шу ҳолат. Улар эгалик қўшимчасисиз бўлса – қўшиб, эгалик қўшимчаси олса – ажратиб ёзиш керак:

Банкдаги ҳисобрақам, ҳисобварақни тўлдиринг ➡️ Банк ҳисоб рақами, ҳисоб варағини тўлдиринг.

Гарчи алоҳида сўз сифатида шарҳланмаган бўлса-да, миллий энциклопедияда шу сўзлар иштирок этган жумлалар бор. Уларда сўзлар баъзан қўшиб, баъзан ажратиб ёзилган. Лекин аниқ принцип йўқ. Бир хил ҳолатда икки хил имло танланган ўринлар бор.

Изоҳли луғатда ҳисоб варақаси деган бирикмага кўзим тушди, холос. Бирикма ажратиб ёзилган.

Турли иккиланишлар, тушунмовчиликлар пайдо бўлмаслиги учун бу сўзлар луғатларга киритилиши, луғатга киритилган қўшма отлар эгалик қўшимчасини олса-да, қўшиб ёзилиши имло қоидаларида аниқ кўрсатиб қўйилиши керак. Шунда турли луғатлар ва энциклопедияларнинг ўзида ҳам чалкашликларга йўл қўйилмайди.

Ҳозирча бундай қоида йўқ. Одатга ва шахсий танловга кўра, хулоса қилиб турамиз.

📌 Демак:

Ҳисобрақамлар рўйхати, ҳисобварақларни жўнатиш, ҳисоб рақамлари рўйхати, мижозларнинг ҳисоб варақларини жўнатиш

Ҳисобрақамлари рўйхати, ҳисобварақларини жўнатиш

@oriftolib
👍2
Ўлчам бирликлари қандай ёзилади?

2018 йил 10 январда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ўлчам бирликларини қўллаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унда ўлчам бирликларининг номи қандай ёзилиши белгилаб берилган. Кўпчилик бу қарордан бехабар ва шу сабаб хатоларга йўл қўяди.

Қарорда кўрсатилишича, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда, илмий-техник ва бошқа нашрларда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида эълон қилишда, ўқув, ўқув-методик ва турли маълумотлар берадиган ёрдамчи адабиётларда ушбу қарор билан тасдиқланган ўлчам бирликлари, уларнинг номи ва белгиланиши қўлланади.

Ҳаётда энг кўп дуч келадиган ўлчам бирликларини мисоллар билан тушунтираман:

Метр – m, сантимент – cm, дециметр – dm, килограмм – kg, секунд – s, гектар – ha, тонна – t, центнер – q, литр – l, сутка – d, соат – h, минут – min, киловатт-соат – kW·h.

Дейлик, сиз 1 соат сўзини қисқартма шаклда бермоқчисиз. Уни 1 с ёки 1 s тарзида ёзсангиз, хатога йўл қўйган бўласиз. Тўғриси – 1 h. Ёки метрни олайлик. 1 метрни кирилча имлода ҳам 1 m шаклида ёзишингиз керак, 1 м деб ёзиш хато.

❗️ Эътибор беринг, сиғим ҳажмининг бирлиги литрни (ҳарфли белгиси lэл) L белгиси билан ҳам ифодалаш мумкин.

Давоми:
👉 Қиймат ва белги ўртасида бўш жой қолдирилади
👉 Ҳосила бирликлар: ё қисқартма билан, ё тўлиқ
👉 Оралиқдаги қиймат қандай ифодаланади?
👉 Ахборот миқдори ўлчамлари

@oriftolib
👍1
“Дилгир” нима дегани?

Шу сўзни кўпинча хато мазмунда қўллаймиз. Масалан, баъзи жойларда дилгирни тийрак, ҳаракатчан, ғайрати ичига сиғмайдиган деган маънода ёш болаларга нисбатан ишлатишади. Аслида бу сўзнинг маъноси бошқа.

Дилгир форс тилидан олинган, аслиятда нохуш, хафа, маҳзун; жаҳли чиққан каби маъноларга эга. Ўзбек тилида икки хил маъно билдиради:

1️⃣ Кўнгли ғаш, кўнгли олинган, юраги сиқилган.

Абдусалом дилгир бўлиб, отасини кутиб ўтирган эди.

С. Сиёев, Аваз.

Лекин мезбоннинг дилгир кайфияти уларнинг очилиб-сочилиб ўтиришига монелик қиларди.

Н. Аминов, Қаҳқаҳа.

2️⃣ Юрагини олдириб қўйган, қўрқиб қолган.

Ўша даҳшатли воқеадан кейин у жуда дилгир бўлиб қолган.

@oriftolib
#Сўраган_эдингиз

“Таҳаккум” нима дегани?

Таҳаккум бугунги тилимизда ишлатилмайди. Лекин Навоий ва Бобур асарларида ишлатилган.

“Навоий асарлари луғати” таҳаккум сўзини икки маънода шарҳлаган:

1️⃣ Ҳукм юритиш, зўрлик билан ҳукмронлик қилиш; устун чиқиш;

2️⃣ Бировнинг ҳукмини, амрини истар-истамас қабул этиш.

“Бобурнома” луғати эса ҳукм қилиш йўли, устун чиқиш йўли деб изоҳлабди.

“... Эл қочиб ул вилоятқа борди, таҳаккум тариқи била тамаъ қиладур, агар бурунроқ бу сўз арода бўлса эди, филжумла важҳи бор эди, аларнинг таҳаккумини ким тортор бўлғай?”

Шу парча “Бобурнома” табдилида бундай берилибди:

“Яна бири буки, эл қочиб у вилоятларга борган шундай бир пайтда буйруқ йўсинида бу талаб қўйилди. Агар бу таклиф бурунроқ орага тушса, балки ўринли бўлар эди. Уларнинг ҳукмига ким ҳам рози бўларди?!”

Юқоридаги жумлаларда таҳаккум бир ўринда буйруқ, ҳукм юритиш, кейингисида ҳукм қилиш маъносида келяпти.

@oriftolib
👍2
yoshlardaftari.uz сайти экан.

Бир саҳифада икки хил алифбода ёзмаслик керак. Имло хатосини ҳам тўғрилаб қўйиш зарур.

Yoshlar va ayollar daftari
Masʼul xodimlar uchun kirish

Холат | Xolat
Ҳолат | Holat

@oriftolib
👍2
Қора олтин

Қора олтин иборасига тез-тез дуч келамиз. Лекин уни кўпинча нефт маъносида тушунамиз, холос.

Изоҳли луғатга кўра, бу ибора нефт ва кўмирга нисбатан ишлатилади. Кўмир маъноси англашилган мисолни интернетдан топа олмадим. Изоҳли луғат ҳам мисол бермаган.

Оммавий ахборот воситалари бу сўзни асосан нефт маъносида қўллаган.

Қора олтин ибораси рус тилида нефт ва кўмирга, инглиз тилида эса нефт, мурч ва юксак технологиялар воситасида олинадиган қора рангли олтинга нисбатан ишлатилар экан.

@oriftolib
👍1
Қиймат ва белги ўртасида бўш жой қолдирилади

📌 Ўлчам бирликларининг белгилари ўлчамларнинг сонли қийматларидан кейин улар билан бир қаторда, кейинги сатрга кўчирмасдан жойлаштирилади. Ўлчам бирлигининг сонли қиймати ва белгиси ўртасида бўш жой қолдирилади:

100 kW
100kW

20 °С
20°С

10 kg
10kg

❗️ Сатр устида жойлаштирилган ясси бурчак ўлчам бирликларининг градус, минут, секунд белгилари бундан мустасно бўлиб, улар олдида бўш жой қолдирилмайди:

20º
20 º

Бошланиши ва давоми:
👉 Ўлчам бирликлари қандай ёзилади?
👉 Ҳосила бирликлар: ё қисқартма билан, ё тўлиқ
👉 Оралиқдаги қиймат қандай ифодаланади?
👉 Ахборот миқдори ўлчамлари

@oriftolib
👍1
“U” bilanmi yoki “i” bilan?

Shovullamoq, guvullamoq, huvullamoq kabi soʻzlarni shovillamoq, guvillamoq, huvillamoq shaklida xato yozish koʻp uchraydi. Shunga oʻxshash soʻzlarda yanglishish hatto lugʻatlarni ham chetlab oʻtmagan.

Eʼtiborlisi, soʻlqillamoq, takillamoq, tapillamoq, tarillamoq, chapillamoq kabi soʻzlarda u oʻrnida i ishlatilgan. Bu yerda u yozish xato. Sezgan boʻlsangiz, bu feʼllar taqlid soʻzlardan hosil boʻlyapti.

Xoʻsh, xato qilmaslik uchun nima qilish kerak? Soʻzlarni birma-bir yodlab chiqish kerakmi? Yoʻq, osongina yoʻli bor. Qoidasini bilib olsangiz boʻldi:

👉 Taqlid soʻzlardan feʼl yasovchi -illa (chirilla, taqilla) qoʻshimchasi soʻz tarkibida v yoki u tovushi boʻlganda -ulla aytiladi va shunday yoziladi: shovulla, lovulla, gurulla kabi.

Ana, boʻldi. Oʻzagida u yoki v qatnashgan, taqlid soʻzdan yasalgan feʼllarni qoʻrqmay -ulla bilan yozavering.

❗️ Faqat bitta holatda istisno bor. Oʻzagida v qatnashgan soʻzda bu tovushdan oldin i kelgan boʻlsa, -ulla emas, -illa yoziladi: jivillamoq, gʻivillamoq, shivillamoq. Bunday soʻzlar oʻzi juda kam – 4–5 ta xolos va tilda koʻp qoʻllanmaydi:

Suv shivillab, qandaydir sirli, vahimali koʻrinish bilan oqadi.
Oybek, “Tanlangan asarlar”.

📌 Demak:

Vovullamoq, gursullamoq, duvullamoq, uvullamoq, xurullamoq, churullamoq, qultullamoq, gʻuvullamoq, jivillamoq

Vovillamoq, gursillamoq, duvillamoq, uvillamoq, xurillamoq, churillamoq, qultillamoq, gʻuvillamoq, juvullamoq

@oriftolib
👍5
Бошлаб: вергул керакми ёки йўқ?

-б, -иб билан тугаган феъллардан сўнг кўпинча вергул қўйилади, лекин ҳар доим ҳам эмас. Чалкаштирадиган ҳолатлардан бири бошлаб сўзи билан боғлиқ.

Бошлаб сўзидан кейин фақат бир ўринда вергул қўйилади. Агар икки ва ундан ортиқ, кетма-кет ҳаракат ҳақида гап кетса:

У ишни бошлаб, охирига етказмади.
👉 Яъни у ишни бошлади, лекин охирига етказмади. Жумлада иккита ҳаракат ифодаланяпти.

У гап бошлаб, бирданига тўхтади.
👉 Бу ерда ҳам иккита, кетма-кет ҳаракат бор.

Қолган ҳолатларда вергул қўйилмайди:

Бир лаҳзадан кейин Муяссарни бошлаб орқага қайтишди.
👉 Бир пайтдаги ҳаракат. Улар Муяссар билан бирга қайтишди.

Буни бошлаб Отабек, ундан кейин Ўзбек ойим сезди.
👉 Бу ерда бошлаб сўзи равишга айланган ва энг олдин, ҳаммадан олдин, дастлаб сўзиларига синоним бўлиб келяпти. Равиш одатда вергул талаб қилмайди. Демак, бу ўринда вергул ишлатиш ортиқча.

Бугундан бошлаб шу тартибга амал қиламан.
👉 Бошлаб сўзи кўмакчи вазифасида келганда бери, буён, эътиборан сўзларига маънодош бўлади. Ундан олдинги сўз эса чиқиш келишиги қўшимчасини олади. Бу ҳолатда ҳам вергул керак эмас.

Демак, вергул қўлланадиган биттагина ҳолатни фарқлаб олсак бўлди. Қолган пайтларда сўзни вергулсиз ишлатаверамиз.

@oriftolib
#Дарё

Ғалати машҳурлар: тўғриси – хато, хатоси – тўғри

“Тилимизни биламизми?” рукнининг бу сафарги сони ғалати машҳурлар ҳақида бўлди. Унда аслида хато, лекин тўғри деб қабул қилинадиган, тўғрисини ишлатсангиз, хато саналадиган баъзи сўз ва ибораларни шарҳладим.

Қизиққанлар “Дарё”да мақоланинг тўлиқ шакли билан танишишлари мумкин:

👉 https://daryo.uz/2021/06/23/tilimizni-bilamizmi-togrisi-xato-xatosi-togri-galati-mashhur-soz-jumlalar-haqida

@oriftolib
Ҳосила бирликлар: ё қисқартма билан, ё тўлиқ

📌 Икки ва ундан кўп бирликдан ташкил топган ҳосила бирлик кўрсатилганда ҳарфли белгилар ва бирлик номлари бирга қўшиб қўлланмайди. Яъни айрим бирликлар учун белгиларни, бошқалари учун эса номларини кўрсатиш мумкин эмас.

Ё ҳар икки бирлик ҳарфли белги билан, ё иккаласи ҳам тўлиқ сўз билан берилиши керак:

80 km/h
80 km/соат

соатига 80 километр
соатига 80 km

Бошланиши ва давоми:
👉 Ўлчам бирликлари қандай ёзилади?
👉 Қиймат ва белги ўртасида бўш жой қолдирилади
👉 Оралиқдаги қиймат қандай ифодаланади?
👉 Ахборот миқдори ўлчамлари

@oriftolib