Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
👍1
Тестнинг “инжиғи”

Ўқувчилар билимини қаттиқ синаб юборадиган тест экан. Бунақа саволларга жавоб топадиган боланинг IQ даражаси ҳам бирдан кўтарилиб кетса керак.

Бундан ўн беш йиллар олдин абитуриентларни синдиришга қаратилган шунақа саволлар кўп бўларди. “Лекин охирги пайтларда тестлар енгиллашган” деган гапларни эшитгандим.

Ҳар ҳолда, бу ДТМ тести эмас деган гумондаман. Лотинча биртирноқларда, тиниш белгиларини қўллашда ва имлода хатолар бор. Давлат тест марказидан бундай даражадаги тест чиқмаса керак. Яна билмадим.

@oriftolib
Ислоҳталаб қоидалар: -ганда ва вергул

Нашрларда тез-тез кўзга ташланадиган, ҳатто пунктация ҳақидаги қўлланмаларга қоида сифатида кирган бир ҳолатга эътибор қаратамиз. Мавжуд тартибга кўра, гапда -ган қўшимчаси билан ясалган ва ўрин-пайт келишиги қўшимчасини олган сифатдошлар ўзига тобе сўзлар билан кенгайиб келганда улардан кейин вергул қўйилади:

Ёз келганда, синфдошлар билан бирга тоққа саёҳатга чиқмоқчимиз.

Мен шу ўринда вергул мутлақо ортиқча деб ҳисоблайман. Нега? Вергул феъллар билан одатда иш-ҳаракат кетма-кетлигида, бир ҳаракат иккинчисидан кейин рўй бериши англашилган ҳолатларда ишлатилади:

Ёз келгач, синфдошлар билан бирга тоққа саёҳатга чиқмоқчимиз.

Ёз келиб, таътил бошланса, синфдошлар билан бирга тоққа саёҳатга чиқмоқчимиз.

Юқоридаги икки гапда бир ҳаракатдан сўнг бошқаси амалга ошяпти. -ганда қўшимчали гап қурилишларида бу ҳолат кузатилмайди. Бунда бир пайтдаги иш-ҳаракат англашилади. Солиштиринг:

Ёзда синфдошлар билан бирга тоққа саёҳатга чиқмоқчимиз.

Ёз келганда синфдошлар билан бирга тоққа саёҳатга чиқмоқчимиз.

Тепадаги икки гапнинг мазмун-моҳияти бир хил. Ёзда ва ёз келганда қачон? сўроғига жавоб бўляпти. Иш-ҳаракат биринма-кетин эмас. Энди -ганда қўшимчаси ўрнига шу маънони ифода этувчи сўзни қўйиб кўрамиз:

Ёз келган пайт синфдошлар билан бирга тоққа саёҳатга чиқмоқчимиз.

Бу гапда вергул керак эмаслиги яққол кўриниб турибди. Унинг қўшимчали шаклида ҳам вергул ортиқча.

-ганда қўшимчали феълдан кейин умуман вергул ишлатмаслик керакми? Йўқ, вергул қўйиладиган битта ҳолат бор. Феъл шарт мазмунини ифодалганда вергул талаб қилади:

Агар ҳозир ёз бўлганида, тоққа саёҳатга чиқардик.

Нега бу ўринда вергул керак? Чунки бу ерда бир ҳаракат бажарилиши учун бошқа ҳаракат шарт қилиб қўйиляпти. Гапнинг ҳозирги замон шаклида ҳам вергул ишлатамиз:

Агар ҳаволар исиб кетиб, ёз эрта келса, тоққа саёҳатга чиқамиз.

Пунктуация қоидаларига кўра, шарт маъносидаги қўшма гаплар вергул билан ажратилади.

Биз ўрганган мисолдагига ўхшаш ҳолатларда вергул ишлатилиши қатъий қоидага айланмаган. Жуда кўп нашриётлар, газета-журналлар, электрон нашрлар шундай баҳсли ўринларда ўз қоидаларига амал қилади. Бундай тартиб кўпинча муҳаррирларнинг шахсий танлови, қарашларига кўра ўрнатилади. Бу эса қоидалар ислоҳга муҳтож эканининг яна бир белгисидир.

Мўъжиза рўй бериб, лотин алифбоси ислоҳи тез орада якунига етса, имло ва пунктуация қоидаларини, луғатларни ҳам жиддий кўриб чиқиш керак. Бу жараёнда жамоатчилик, айниқса, мутахассисларнинг фикри инобатга олиниши зарур.

📌 Тилшунослар, муҳаррир ва мусаҳҳиҳлар, бошқа соҳа мутахассислари бу борада ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирса, нур устига нур бўларди. Мутасаддилар ва ҳурматли олимларимиз бундай фикрларга хайриҳоҳлик билан ёндашадилар деган умиддаман.

@oriftolib
👍3
Чигиртканинг товуши

Ню йорклик бир киши ҳинду дўсти билан шаҳар кўчаларини айланиб юрарди. Ҳинду бирданига тўхтади.

– Чигиртканинг товушини эшитяпман! – деди у ҳайратланиб.

– Жинни бўлганмисан, – деди бунга жавобан ошнаси теварак атрофга ишора қилиб.

Уларнинг ёнгинасидан гувиллаб уловлар ўтар, нарироқда қурувчилар ишлар, кўчани тўлдирган одамлар қайларгадир шошар эди.

– Лекин мен эшитяпман, – фикрида қатъий туриб олди ҳинду.

У тўғри банк биноси ёнидаги гулзорга қараб кетди. Гулларнинг остида ҳақиқатан ҳам бир чириллоқ чигиртка бор экан.

– Қойил-е! – деб ҳайратланди шаҳарлик. – Эшитиш қобилиятинг даҳшат-ку!

– Э, йўқ, оғайни, – деб кулди ҳинду, – гап бунда эмас. Қараб тур...

У шундай деди-да, йўлакка бир ҳовуч танга сочиб юборди. Йўлда кетаётганлар дарров ҳар ёққа аланглаб, пуллари тушиб қолмаганини текшириш учун чўнтакларини тита бошладилар.

– Кўрдингми, – деди ҳинду ошнасига, – сезгиларинг нимага мосланган бўлса, ўшани албатта эшитасан.

Баъзида ахборотларнинг шиддатли оқимидан керакли фикрни, ёрқин ғояни ажратиб олиш қийин кечади. Бошида аҳмоқонароқ, ишончсизроқ кўринган ғоялар охир-оқибат катта натижаларга сабаб бўлади. Бунинг учун сезгиларимизни тўғри мослай олишимиз ва керакли товушларни эшита билишимиз керак. Биринчи қарашда бажариб бўлмайдигандай кўринаётган ғоя – ҳинду эшитиб, шаҳарлик умуман сезмаган чигиртка товушининг худди ўзи. Одатий фикрлаш, қабул қилиш усулини ёриб ўтиш ҳамиша ҳам осон кечмайди. Лекин бу катта мақсадларни кўзлаганлар учун жуда фойдали ва ўта-ўта кераклидир.

@oriftolib
💯1
Нақд пул фойдалироқ

Нақд пул орқали тўлов қилиш ҳамиша тежамкорликни келтириб чиқаради. Харидор бу борада қанча пул сарфлаганини аниқ билиб туради ва ақчаларга эътиборсиз бўлмайди. Пластик карточка орқали қилинган тўловга одатда инсонлар унчалик ҳам аҳамият бермайди ва пулларни шу даражада осон сарфлаб юборилганини ҳам сезмайди.

Лана Жарвис,
блогер

Ҳақиқатан ҳам шундай. Кўп пул топишингиз мумкин, лекин сарфлашни билмасангиз, яна пул муаммосига дуч келаверасиз. Кам пул топадиганлар учун эса тежамкорлик қатъий қоида бўлиши керак.

@oriftolib
Қитъа ва материк: фарқи нимада?

Қитъа – Ер юзидаги қуруқликларнинг атрофидаги ороллар билан бирга шартли равишда ажратилган қисмлари. Қуруқликнинг қитъаларга бўлинишини материкларга бўлинишидан фарқлаш керак. Қитъаларнинг баъзилари материкларга тўғри келади. Европа ва Осиё қитъалари 1 та материк, Америка қитъаси эса 2 та материкдан иборат.

Миллий энциклопедияга кўра, айрим олимлар Тинч океаннинг жануби-ғарбида жойлашган барча оролларни – Океанияни ҳам баъзан 7-қитъа ҳисоблайди.

Гоҳида Арктикани ҳам алоҳида қитъа деб санашади.

Материклар эса Ер шарининг денгиз ва океанлар билан қуршаб олинган энг йирик қуруқликларидир. 6 материк бор: Евросиё, Шимолий Америка, Жанубий Америка, Африка, Австралия ва Антарктида.

Дунёни қисмларга бўлиш анча баҳсли мавзу. Турли маданиятлар ва анъаналарга кўра, бир нечта вариантлар бор. Кимдир жаҳонда 4 та материк бор деса, кимдир 7 та материк бор деган фикрда. Масалан, Хитой, Ҳиндистон, Ғарбий Европа ва инглиз тилли мамлакатларда 7 та материк бор деб ҳисоблашади.

Демак, материклар – сув билан ўралган катта қуруқлик, қитъалар эса шартли равишда бўлинган йирик қуруқликлардир.

@oriftolib
“Бир бахяда бойиди” – хато гап

Бахя сўзи вақт маъносини билдирмайди. У масофани англатади. Шу сабабли уни вақт маъносида қўллаш хато.

Мисоллар орқали ўрганамиз:

Бир бахяда етиб келди.
Бир бахя кутганида, машмашадан қутуларди.
Бир бахяда бойиди.

Юқоридаги мисолларда бахя сўзи вақт маъносида қўлланяпти. Шу сабабли хато. Бахя сўзи чокни билдиради. Бир бахя ибораси эса кичкина, озгина маъносини билдиради ва бунда масофа, узунлик назарда тутилади:

Урилиб кетишига бир бахя қолди.
Бир бахя ҳам жой бўш қолмасин!
Ишончим яна бир бахя ортди.

@oriftolib
👍6
Ирмоқ ҳақида масал

Ирмоқ ўрмондан кетиб борарди. Оқаркан, ўзидан ғурурланар, қандай тез, қандай тиниқман-а, деб ўйларди ичида.

Бошқа ҳеч бир ирмоқ билан қўшилишни истамас, ўзини энг кучли ҳисоблар ва ўрмонни ёлғиз ўзи кесиб ўтишни ўйларди. Тўсатдан йўлида далага дуч келди-ю, уни енгиб ўтишга кучи етмади, ёйилиб, тупроққа сингиб кетди.

Ирмоқ ерости сув йўлига тушиб, лойқаланди, балчиқларга аралашиб оқди. Ниҳоят дарёга етиб борди ва унга нолишни бошлади: “Агар анави дала йўлимга тўғаноқ бўлмаганида, мен ўзим аллақачон улкан дарёга айланган бўлардим!”

Бу гапни эшитган дарё оғир чайқалди ва деди: “Эҳ, аҳмоқ ирмоқча-я! Сенинг ерга шимилиб, бундай лойқа ҳолга келишингда даланинг нима айби бор? Билиб қўй, бировларни менсимайдиган, бошқаларга айб юклайдиганлар ҳеч қачон дарёга айлана олмайди!”

@oriftolib
👍3
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
27%
Зулайхо | Zulayxo
73%
Зулайҳо | Zulayho
#Soʻragan_edingiz

Tashriflar va ularning bir-biridan farqi

Davlatning yuqori martabali shaxslari tashrifi bilan bogʻliq maʼlumotlarni na milliy ensiklopediyadan, na izohli lugʻatdan topa oldim. Hatto yuridik ensiklopediyada ham yoʻq ekan. Chet tilidagi manbalardan topib, oʻrganganlarim boʻyicha maʼlumot berishga harakat qilaman.

Xorijiy martabali mehmonlarni kutib olish protokoli umum qabul qilingan normalarga ega.

Amaliyotda tashriflarning quyidagi turlari uchraydi:

1️⃣ Davlat tashrifi.

2️⃣ Rasmiy tashrif.

3️⃣ Amaliy tashrif.

4️⃣ Norasmiy tashrif.

5️⃣ Yoʻl-yoʻlakay tashrif.

6️⃣ “Galstuklarsiz” uchrashuv.

7️⃣ Davlat va jamoat namoyandalari yoki delegatsiyaning tadbirlarga tashrifi.

Yuqorida sanalgan har bir tashrif oʻziga xos xususiyatlarga ega.

👉 Davomi bor...

@oriftolib
Оқибат ришталари

Брайан чўл йўлидан кетиб борарди. Тўсатдан кўзи йўл четидаги машинага тушди. Унда бир қария аёл ўтирар, атрофга чорасиз ва умидсиз боқарди. Йигит машина ёнига келиб, эски “Понтиак”ини тўхтатди. Аёл қўрқиб кетди, чунки шунча вақтдан буён ҳеч ким унга эътибор бермаган, ёрдам қўлини чўзмаган эди. Бу одам бирор ёмонликни кўзламаганмикан?

– Менинг исмим Брайан Андерсон, – деб ўзини таништирди йигит. – Сизга ёрдам бераман, мадам. Унгача менинг машинамда ўтириб туринг, озроқ исиниб оласиз.

Йигит машинанинг у ёқ-бу ёғини текширган бўлди. Йўқ, унақа ваҳимали нарсанинг ўзи йўқ экан. Ғилдирак дарз ебди, холос. Бироқ қария аёл буни қандай тўғрилашни билмай анча азоб чеккан кўринади. Брайан чўккалаб, машина остига қаради. Қулай жой топиб, кўтармани қўйди. Сўнг қўлларини куҳлаб, иситгач, ишга киришди. Ғилдиракни алмаштириб бўлгач, юзига табассум инди.

Муаммо ҳал бўлганини кўрган аёл:

– Сизга неча пул беришим керак? – деб сўради, сўнг шоша-пиша қўшиб қўйди. – Тортинмай айтаверинг, қанчалигининг аҳамияти йўқ.

Брайан шундай жавоб берди:

– Хижолат бўлманг, ҳеч нарсанинг кераги йўқ. Мен бир ёрдамга муҳтож одамга кўмаклашдим, холос. Менинг ўзимга шу пайтгача қанча одам ёрдам қўлини чўзган – биргина Худога аён. Агар миннатдорчилик билдиришни жудаям хоҳлаётган бўлсангиз, ёрдамга муҳтож бирорта одамга дуч келганингизда унга ёрдам беринг ва мени эсланг.

Аёл қайта-қайта раҳмат айтди ва машинасига ўтирди. Бир неча чақирим юргач, бир ресторанга кўзи тушди. Йўл олдидан бироз исиниб, тамадди қилиб олиш ниятида ресторанга кирди. Унга хизмат қилган жувон жуда истарали экан. Бутун кун давомида оёқда тик турган бўлса-да, табассум билан муомала қилди. Иши ҳам, ҳомиладорлиги ҳам, кундалик ташвишлар ҳам ундаги мулойимликни йўқота олмагани шундоқ кўриниб турар эди.

Аёл овқатланиб бўлгач, ҳақини ортиғи билан тўлади. Қайтим олиб келингунича эса ресторанни тарк этди. Унинг кетиб қолганидан хабардор бўлган жувон ҳайрон қолди. Шу пайт кўзи стол устидаги қайд қоғозга тушди. Варақдаги сўзларни ўқиган жувоннинг кўзларидан шашқатор ёш қуйилиб келди: “Ҳайрон ҳам, хижолат ҳам бўлманг. Мен шунчаки, йўл усти кирган эдим. Бугун менга бир инсон самимий ёрдам қилди ва мен ҳам сизга беғараз ёрдам қўлини чўздим. Агар чиндан ҳам менга миннатдорчилик билдирмоқчи бўлсангиз, ушбу оқибат риштасини узиб қўйманг. Вақти келиб бирорта муҳтож кишига кўмак беринг”. Жувон хатни ўқиб бўлгач, сочиқ остида бир даста пул турганини кўрди. Юраги тўлқинланиб, ҳайрат-ҳаяжонга тушди. Бу нотаниш аёл у ва эри анчадан буён пулга зориқиб юрганини қандай сезди экан-а?

Жувон уйига келгач, эрини қучди ва ички бир ишонч билан деди:

Ҳаммаси яхши бўлади! Мен сени яхши кўраман, Брайан Андерсон!

@oriftolib
👍6
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
96%
Албатта | Albatta
4%
Албатда | Albatda
😎2
Давлат ташрифи

Давлат раҳбарларининг энг юқори даражадаги ташрифи. Тадбирлар протоколи ва кутиб олиш маросимлари сони жиҳатидан энг тўлиқ ташриф тури. Делегация таркиби одатда чекланмайди. Хавфсизлик, жойлашув, овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва меҳмонларни кузатиб борувчилар олдиндан келишилади. Тантанали кутиб олиш маросимларига катта эътибор қаратилади. Бундай маросимлар орқали икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар қай даражада эканига урғу берилади.

Протоколда учрашувларнинг вақти ва жойи, қатнашувчилар қатъий белгилаб қўйилади. Меҳмон ёки унинг турмуш ўртоғи истагига кўра, диққатга сазовор жойларга саёҳат ҳам уюштирилиши мумкин.

Давлат ташрифини фақат давлат раҳбарлари амалга оширади.

@oriftolib
👍2
Эй: вергул керакми ёки йўқ?

Эй ундов сўзи билан вергул ишлатишда кўп хато қилинади. Бу асосан сўз ундалма билан бирга келганда кузатилади.

Ундов сўз ва ундалма орасига вергул қўйиш хатодир:

Эй инсон, нега шу оддий нарсани тушунмайсиз?

Юқоридаги каби гапларда эй сўзидан кейин вергул ишлатиш писандсизроқ муносабат ёки овозни кўтариб қилинаётган муомала маъносини ҳосил қилади:

Эй, инсон, нега шу оддий нарсани тушунмайсиз?!

Сўзловчи мурожаат қилинаётган шахсга бармоғини нуқиб гапирса, шу хилдаги пунктуация ўзини оқлайди. Лекин аксарият ҳолатларда гапларда бунақа қўпол маъно ифодаланмайди. Шу сабабли эй ундалма билан бирга келганда улар орасига вергул қўймаслик керак.

Эй сўзи ўзбек тилида икки хил маънога эга. Бу сўз ёлғиз ишлатиладиган ўринларда вергул билан ажратилиши зарур:

1️⃣ Мурожаат, чақириқ маъносини билдиради.

Тўхта, эй, тўхта дейман!
П. Турсун, Ўқитувчи.

2️⃣ Ачиниш, эътироз, қўшилмаслик маъноларини ифодалайди.

Эй, ҳаммаси баҳона...
Ойбек, Танланган асарлар.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
👍4🤣1
Расмий ташриф

Хорижий делегациялар ва расмий меҳмонларни кутиб олишнинг юқори даражали турларидан бири.

Давлат раҳбарининг бир давлатга иккинчи ёки ундан кейинги юқори даражадаги ташрифи ҳам шундай аталади. Расмий ташрифда давлат ташрифидаги каби тадбирлар ўтказилади, бироқ тантаналар ва кутиб олиш-кузатиш билан боғлиқ маросимлар нисбатан камтарроқ бўлади.

Расмий ташриф билан Бош вазир ёки ташқи ишлар вазири раҳбарлигидаги делегация ҳам келиши мумкин.

@oriftolib
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
22%
Қоравул | Qoravul
78%
Қоровул | Qorovul
👍3🔥3💯1🤨1