Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Аллоҳ раҳмат қилсин

Севимли ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоевнинг вафоти ҳақида сафардалигимда хабар топдим. Ҳақларига дуо қилдим.

Домла билан 2010 йили бафуржа суҳбатлашган эдим. Тошкентнинг “Гулзор” маҳалласидаги уйларида меҳмон бўлганман. Олдин ўзи кўрмаган-билмаган бир мухбир йигитча билан қадрдондай, яқинидай суҳбатлашганди. Менимча, бу шинавандалик Худойберди Тўхтабоевнинг ажралмас сифатларидан бири эди.

Умрини ўзбек болаларига бағишлаган заҳматкаш адибимизни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

____________________

Лекин болаларга ёзиш қийин деган гапга қўшилмайман. Лев Толстойдай буюк ёзувчи болалар учун ёзган-ку! Ғафур Ғулом, Зулфия каби шоирларимиз болаларга бағишлаб шеърлар ёзган. Қийинлигини улар ҳам билган, лекин ички хоҳиш-истак уларга туртки берган. Битта аччиқ гапни айтиш жоиз: бугунги ёзувчилар болалар олдидаги масъулиятни унча ҳис қилмаяпти. Шу ўсаётган болалар эртага катта ёшдаги китобхонга айланади-ку! Ўқимасдан улғайган бола катта бўлгандан кейин ҳам ўқимай қўя қолади.

Яхши китобхонни болалигидан тайёрлаш керак.


Худойберди Тўхтабоев билан суҳбатдан, 2010
____________________

Суҳбатни мана бу манзилда ўқишингиз мумкин: https://oriftolib.uz/?p=174

@oriftolib
👍2
#Кундаликдан

– Манави машинада узоққа бориб бўлмайди. Тўртала баллонида ҳам дам кам экан. Дамлаб олиш керак.

– Шунча муаммо турганда ҳозир бунга бало борми?! Ундан кўра йўлларни таъмирлайлик, ҳайдовчиларнинг маданиятини оширишни ўйлайлик!

– Иккита баллонини дамлай қолайлик. Ўрганиб қолдик, юраверамиз.

– Ие, дамлашга пул кетади-ку, мутлақо керакмас!

– Бешта одам кетиши шартмас, иккита одам кетса етади. Шу кунгача шундай юриб келдик. Қолганлар бошқа машинада кетаверсин.

Моҳиятни англаш ҳам катта нарса.

@oriftolib
Алифбо ислоҳи: дам бу дамдир...

Олдинроқ шу мавзуда ёзилган фикр-мулоҳазалар жамланиб, бир кичикроқ мақолага жойланди.

Ҳозирги ҳолатда энг тўғри йўл – алифбодан фойдаланишнинг техник ва амалий жиҳатларини чуқур биладиган мутахассисларнинг фикр ва таклифларини, асосларини эшитиш-ўрганиш, бугунги ва эртанги кун учун энг тўғри, мантиқли, мустаҳкам қарорга келиш. Мақолада шуни ифодалашга ҳаракат қилдим.

Мақолани тўлиқ ушбу манзилда ўқишингиз мумкин:

👉 kun.uz/01556143

@oriftolib
Ўзбекча луғат кимнинг масаласи?

“Қурилиш соҳасида ўзбекча техник луғат йўқлиги вазирлик масаласи ҳисобланмайди”.

Kun.uz ёзишича, Қурилиш вазирлиги расмийси иштирокидаги матбуот анжуманида қурилиш соҳаси смета-лойиҳаларидаги барча атамалар рус тилида юритилиши, қурилиш соҳаси қачон ўзбек тилига ўтиши тўғрисида савол берилибди.

Вазирлик вакили қурилишга оид техник луғат собиқ Иттифоқ даврида яратилганини, қолаверса, бугунги кунда бундай русча атамалар ишлатилиши соҳа одамлари учун қийинчилик туғдирмаслигини, қурилиш соҳасида ўзбекча техник луғат йўқлиги вазирлик масаласи ҳисобланмаслигини таъкидлаган. “Шу билан бирга қурилиш соҳасида бажарилган ишлар ҳисоб-китоби ўзбек тилида олиб борилади”, деган Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи.

Агар давлат тилига шундай нуқтаи назардан муносабатда бўлинса, ҳар қандай соҳада ўзбек тилининг аҳволи абгорлашиб бораверади. Тўғри, нафақат қурилиш, балки бошқа соҳалардаги луғатлар ҳам русча луғатлар асосида яратилгани сабабли биз кўп атамаларнинг русчасини ёки русчада қандай қўлланса, шу вариантини қабул қилганмиз. Лекин буни имкон қадар ўзгартириш мумкин. Ҳеч қурса, янги кириб келаётган атамаларни ўзбекчалаштириш ёки тил табиатига мос шаклда ўзлаштириш керак.

Русча сўзлар қийинчилик туғдирмаслиги масаласига келсак, ҳа, шундай. Баъзида ўзбекча сўзлар ва ўзбек тили қийинчилик туғдиради. Шунинг учун қийинчилик туғдирмайдиган рус тилига бирйўла ўтиб қўя қолинади ва русча гапирилади. Бизга ўзбекча ёзиш, ўзбек тилида луғат чиқариш қийин ва ортиқча масала.

Хўш, маълум бир соҳада луғат йўқлиги кимнинг масаласи? Бунга ким бош қотириши керак? Тил-адабиётга ихтисослашган институтларми ёки Давлат тилини ривожлантириш департаментими? Менимча, фақат қурилиш эмас, тиббиёт, математика, ахборот технологиялари, деҳқончилик, сув хўжалиги, биология, банк, бухгалтерия, умуман, ҳар қандай соҳада ўзбекча луғат ёки адабиёт йўқлиги, камлиги учун айни шу соҳанинг юқори ташкилоти қайғуриши керак. Ўзбек тилида керакли қўлланмалар, китоблар ёки луғатлар йўқ бўлса ёки етарли даражада бўлмаса, тил ва таржима билан шуғулланувчи ташкилотларга ёки малакали мутахассисларга буюртма бериб, шу бўшлиқни тўлдириши керак.

Ўзи, Давлат тилини ривожлантириш департаменти лотин алифбоси ислоҳи якунига етгач, бу борада бир ўрганиш олиб борса, камчиликларни аниқлаб, тегишли кўрсатмалар берса, ёмон бўлмасди.

@oriftolib
Расмий муносабат эълон қилинди

Давлат тилини ривожлантириш департаменти сайтида “Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси юзасидан расмий муносабат эълон қилинди.

Муносабатда киритилаётган ўзгаришлар асослаб берилган. Жумладан, Sh ва Сh ҳарфлари ислоҳи ҳақида шундай дейилади:

«Туркий тилли оилага мансуб ўзбек тилида битта товушни англатувчи Sh ва Сh ҳарфлари учун иккита ҳарф белгиланган. Бу ҳеч бир туркий давлатлар амалиётида йўқ. Халқимиз тарихда фойдаланган араб, лотин, кирилл ёзувлари ҳам “бир товушга – бир ҳарф” тамойилига асосланган.

Натижада, биринчидан, алифбодаги ушбу ҳарфлар сабабли каттароқ ҳажмдаги матнни ўқиш ва ёзиш қийинлигича қолмоқда. Бу ўз навбатида, мамлакатимизда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг оммалашишига салбий таъсир қилмоқда;

иккинчидан, лотин ёзувида ўқиган ёшлар орасида саводсизлик кучайиб, ёзма нутқда соддароқ белги (“oʻ” нинг ўрнига “6”, “ch” нинг ўрнига “4”, “sh” нинг ўрнига “w”) дан фойдаланиш авж олган;

учинчидан, миллий алифбодаги мураккабликлар туфайли кўпчилик битирувчи ёшлар меҳнат фаолиятларини кирилл алифбосида давом эттиришга мажбур бўлмоқда;

тўртинчидан, алифбодаги мураккаб ҳарфлар туфайли ўзбек тилини “рақамлаштириш”, интернет тилига айлантириш имкони бўлмаяпти ва ҳ.к».

Танишиб чиқишни тавсия этаман. Ўзгаришлар билан боғлиқ саволларга асосли жавоблар бор:

👉 https://til.gov.uz/uz/news-and-announcements/news/230

@oriftolib
👍1
Шовулламоқ

“Шов-шов” этган товуш чиқармоқ.

Шалоланинг шовуллаган овози келди.

Ўрмон аллақандай бир хил овоз билан елпиниб шовулларди.

З. Фатхуллин, Сўнмас юлдуз.

Бирдан ёмғир ёғиб, тарновлардан шовуллаб сув оқа бошлади.
Ж. Шарипов, Хоразм.

📌 Демак:

Шовулламоқ
Шовилламоқ

📖 “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” асосида тайёрланди.

@oriftolib
😎1
Уринмоқ

1️⃣ Ўзини ҳар томонга урмоқ, ҳар ёққа талпинмоқ; ҳаракат қилмоқ, интилмоқ.

2️⃣ Бирор ишни бажаришга киришмоқ; уннамоқ, тутинмоқ; бирор иш билан банд, овора бўлмоқ.

3️⃣ Бирор ишни бажариш, бирор нарсага эришиш ва ш.к. учун ҳаракат қилмоқ, ҳаракатида бўлмоқ.

4️⃣ Ҳолдан тоймоқ; чарчамоқ; қийналмоқ.

5️⃣ Кўчма маънода: асл ҳолатини, сифатини йўқотмоқ: эскирмоқ.

📌 Демак:

Уринмоқ
Урунмоқ

📖 “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” асосида тайёрланди.

@oriftolib
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
75%
Жонзот | Jonzot
25%
Жонзод | Jonzod
👍2
Казо-казолар ва ҳоказолар

Бу икки сўз тилимизда тез-тез қўлланиб туради. Лекин уларнинг асл маъноси нималиги ҳақида кўпчилик билавермаса керак.

Казо сўзи арабчада шундай, шу каби маъноларини англатади. Ўзбекчада жуфт ҳолда ишлатилади. Казо-казолар ибораси илм, амал, бойлик, донолик каби хислатлари билан танилган юқори мартабали кишиларни англатади.

Бу сўз асосан оғзаки тилда ва бадиий матнларда учрайди.

Ҳоказо сўзи ҳам араб тилидан кирган, аслиятда шунақа, худди шундай; шундай қилиб, шу тарзда маъноларини англатади. Ўзбек тилида одатда “ва” боғловчиси билан бирга бирликда ёки кўпликда қўлланади ва шу сингари, шунга ўхшаган(лар), бошқалар маъноларини англатади.

Бу сўз илмий ва публицистик матнларда ҳам ишлатилиши мумкин.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
Фикрлаш оғир, шунинг учун кўпчилик муҳокама қилади.

Михаил Жванецкий
🔥2
Gazeta.uz’да Комил Жалилов муаллифлигидаги “Баҳс ва муроса алифбоси” (“Альфавит спора и альфавит примирения”) мақоласини ўқиб қолдим. Мақола ўзбекча таржимада ҳам берилган. Муаллифнинг баъзи фикрларига қўшиламан, баъзиларига эса йўқ. Албатта, ҳар ким фикр айтиш ҳуқуқига эга ва шу ҳуқуқдан фойдаланиб, ўз муносабатимни билдирдим.

Мақола daryo.uz нашрида эълон қилинди. Қизиққанлар танишиб чиқиши мумкин:

👉 https://dy.uz/31BSK
👉 https://dy.uz/d8mHb

@oriftolib
Қиз фарзанд – шараф

Ўғил туғмагани юзига солинаверганидан ўзи ва уч нафар қизининг жонига суиқасд қилган аёл ҳақидаги хабарни ўқиганимдан бери томоғимга нимадир тиқилади. Воқеа бот-бот ёдимга тушаверади ва оғир тош бўлиб юрагимга чуқурроқ ботади. Ҳеч бўлмаса, қизлар омон қопти-ку, дейман ўзимга ўзим. Бу билан қалбимда безовталик уйғотаётган муаллақ ҳисни нари қувмоқчи бўламан.

Ўзи, нимага ўғилга бунча талпинамиз? Тинимсиз гап-сўзлар, ғийбатлар, мазахлардан қутулиш, “бошни баланд кўтариб юриш” учунми? Ё қариганимизда оч-наҳор қолмайлик, боқувчимиз бўлсин, наслимиз биздан кейин давом этсин дермиз?

Ўғил фарзанди бўлмагани учун бировни айблаш қанчалик аҳмоқлик бўлса, фақат қиз кўргани учун хижолат бўлиш ҳам шу даражадаги жоҳилликдир. Қаранг, бировнинг гапи билан ҳисоблашади, лекин Яратганнинг ваъдасига эътиборсиз. Қиз фарзандни муносиб тарбиялаганлик учун жаннат ваъдаси бериляпти! Дўппингни осмонга отмайсанми, инсон?!

Қариганда боқувчимиз бўлсин, қизни узатворсак, ўзимиз оч қоламиз деган хаёлнинг ҳам кўпикча салмоғи йўқ. Ўртача етмиш йиллик умрни тасаввур қилайлик. Аёллар эллик беш, эркаклар олтмиш ёшгача ишлаб, пенсияга чиқади. Олтмиш ва етмиш орасида ўн йилгина муддат бор, холос. Ҳар ой пенсия олиб турадиган одам қандай очдан ўлиши мумкин? Озгина таваккул ҳам керак-да. Олтмиш йил келиб турган ризқ қолган ўн йил учун узилиб қолармиди? Қизига яхши тарбия, меҳр берган, ҳалол топган пулидан уларга сарфлаган одам кексайганда ҳам қаровсиз қолмаслигига шахсан менинг ишончим комил. Бунга ҳаётий мисоллар ҳам кўп.

Насл қиз билан ҳам давом этади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насли ҳам қизлари орқали давом этган. Балки, ўғил неваранинг фамилиясига бобонинг исми берилар, лекин кейинги авлодларда бу исм унутилади. Ҳаёт шундай. Ўғли бор дегани номи дунёда абадий қолади дегани эмас.

Албатта, ўғил керак. Ўғил бўлса, нур устига нур. Лекин йўқлиги ҳам фожиа эмас. Қиз фарзандли бўлишни шараф деб билган, уларга қалб қўрини берган ота-онага Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Бундай одам шу дунёнинг ўзидаёқ чинакам бахтга эришади. Менинг ишончим шундай.

@oriftolib
👍7🔥1😢1💯1
Лўттибоз: “лўтти” нима?

Лўттибоз сўзи арабча ва форсча сўзлар бирикмасидан ҳосил бўлган. Биринчи қисмидаги лутий сўзи Лут алайҳиссаломга тегишли деган маънони англатади. Лут алайҳиссалом ҳақида гап кетганда эса турли ахлоқсиз ишлари туфайли балога йўлиққан қавм эсланади. Бу ўринда лутий сўзи турли ярамас ишлар билан шуғулланувчи кишини билдиради.

Боз сўзи форс тилида ўйновчи; ахлоқсиз; шум, айёр каби маъноларга эга.

Лўттибоз бир бутун сўз ҳолида ўзбек тилида икки хил маънода ишлатилади:

1️⃣ Қўғирчоқлар ўйнатиб, ўйин кўрсатувчи; фокусчи. Лекин бу маънода қўллаш ҳозир эскирган.

2️⃣ Кўчма маънода: фирибгар, ҳийлагар, алдоқчи, найрангбоз.

Шу мўъжаз ҳаётимда кўрдим гоҳо лўттибоз,
Кўрдим гоҳо шеърфуруш, гоҳо сур, мансабфуруш.

А. Орипов.

Охирги пайтларда лўттибоз сўзини аслиятдаги каби маънода қўллаш ҳам кузатиляпти.

@oriftolib
Гарчи: вергул керакми ёки йўқ?

Кўп кузатиладиган хатолардан бири гарчи сўзидан сўнг вергул ишлатишдир.

Гарчи асли форсча бўлиб, агарчи сўзининг қисқа шаклидир. Бу боғловчи эргаш гапдаги иш-ҳаракатнинг бош гапдаги иш-ҳаракат амалга ошишига тўсиқ бўла олмаслигини таъкидлаш учун хизмат қилади:

Шайхзода домла, гарчи мени ўқитмаган бўлса ҳам, мен ўқиган институтда дарс берарди.
Шукрулло, Жавоҳирлар сандиғи.

Юқоридаги жумлада гарчи сўзи қатнашган қисм кириш гап бўлиб келяпти ва икки томондан вергул билан ажратиляпти. Кириш гап ҳисобланмаган ўринларда гарчи сўзидан олдин вергул қўйилмайди:

У гарчи бундан хабардор бўлса ҳам, ўзини билмаганга солди.

Гап бошида келганда эса умуман вергулсиз ишлатилади:

Гарчи сўзимга тушунмаса-да, бош ирғаб қўйди.

Гарчи
сўзи гап бошида ёки ичида келишидан қатъи назар, ўзидан кейин вергул талаб қилмайди.

📌 Демак:

Гарчи фойдалигини билса-да, бу ишга қўл урмади
Гарчи, фойдалигини билса-да, бу ишга қўл урмади

Умаржон, гарчи ҳақлигини билса-да, ортиқ тортишмади.
Умаржон гарчи ҳақлигини билса-да, ортиқ тортишмади.

Умаржон гарчи, ҳақлигини билса-да, ортиқ тортишмади.
Умаржон, гарчи, ҳақлигини билса-да, ортиқ тортишмади.

@oriftolib
👍5
Китоб ўқиган ўғирламайди

Ироқдаги китоб дўконларида китоблар кечаси кўчада қолдириб кетилаверади экан. Ироқликларнинг ишончига кўра, китоб ўқийдиган киши ўғирликка қўл урмайди, ўғри эса китоб ўқимайди.

@oriftolib
👍6