Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
“Менинг орзуларим кўп” рукнидан

Лотин алифбосининг янги таҳрири учун таклиф

Тилшунос олим ва амалиётчи ўқитувчи дўстларим билан лотин алифбосининг ўзбек тили табиатига анчагина мос, интернетга ва матн теришга қулай вариантини ишлаб чиққан эдик. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқлангани ҳақидаги хабарни ўқигандан сўнг шу лойиҳани эълон қилишга қарор қилдим.

Мабодо маъқул келса, ислоҳ учун шу версиядан ҳам фойдаланиш мумкин. Балки, айнан олинмас. Лекин кўрсатилган далил ва асослар билан холис танишиб чиқилса, фақат хурсанд бўламиз.

Айтганча, бу мутлақо шахсий таклиф.

Алифбода нима ўзгаришлар бўлади?

1️⃣ Ч лотинчада С белгиси билан ифодаланади.

2️⃣ Ğ ğ, Ŏ ŏ, Ş ş ҳарфлари киритилади.

3️⃣ X ва H яхлитланади.

4️⃣ Ng ҳарфи алифбо таркибидан чиқарилади.

5️⃣ Тутуқ белгиси алифбодан ҳам, фойдаланишдан ҳам чиқарилади.

Изоҳ, далил ва асослар билан сайтда тўлиқ танишишингиз мумкин.

Алифбо варианти қуйида расм кўринишида илова қилинган.

Таклиф ва мулоҳазаларингизни изоҳларда қолдиришингиз мумкин.

@oriftolib
🤣1
Лотин алифбосида X ва H нега яхлитланиши керак?

Бизнингча, X ва H нинг алоҳида белгилар билан ифодаланиши ҳар бир ўзбекнинг ёки ўзбек тилини иккинчи тил сифатида ўрганувчиларнинг энг оғриқли муаммоси. Чунки бу икки товуш оғзаки нутқда фарқланмайди.

Кимдир Ҳ ни Х деб талаффуз қилади ва ёзади. Кимдир Х ни ҳам Ҳ деб талаффуз қилади ва ёзади. Бу борада савод чиқариш учун бу икки ҳарф қатнашган сўзларни ёдлашдан бошқа йўл йўқ. Араблар 3 хил Х ёки Ҳ товушини фарқлайди, улар учун ҳар бири алоҳида товуш. Худди биз Қ ва К ни аниқ ва осон фарқлагандай. Форс-тожик тилида ҳам бўғиз товоши Ҳ ва тил орқа товуши Х фарқланади. Ўзбек тилида эса бундай ҳолат кузатилмайди.

Консерватив қарашдаги киши учун бу ўзгаришни қабул қилиш осон бўлмайди. Ўзим ҳам буни қабул қилишга бироз қийналдим. Лекин дўппини бир четга қўйиб, ўйлаб кўрилса, бу ҳақиқатан ҳам савод борасида катта енгиллик беришини англаш мумкин.

Агар икки ҳарф бирлашса, имлодаги хатоликларнинг салмоқли қисми йўқолади. Бу эса саводхонлик даражаси ўсишига хизмат қилади. Ҳозир имлодаги тахминан 40-50 фоиз хато айнан Ҳ ва Х ҳарфларини янглиш қўллашдан иборат.

Кирилл ёзувидаги бу икки ҳарф учун лотинчада H h ҳарфи ишлатилади. Чунки бу ҳарф лотин ёзувини ишлатадиган аксарият тилларнинг алифболарида Ҳ товушини ифода этади.

@oriftolib
“Асфаласофилинга кетди”: асфаласофилин нима?

Тилимиздаги баъзи ибораларнинг умумий мазмунини биламиз, лекин таркибидаги сўзларнинг луғавий маъносини ҳар доим ҳам аниқ-тиниқ тушунмаймиз.

Асфаласофилин бўлмоқ ёки асфаласофилинга кетмоқ иборалари шундай иборалардан.

Асфаласофилин арабчадан кирган, аслиятда тубанларнинг тубани, энг ярамас, энг тубан маъноларини англатади. Ўзбек тилида алоҳида ҳолда дўзахнинг энг таги, жаҳаннам маъносида қўлланади. Иборалар ичида эса маъно ўзгаришларга учрайди.

Асфаласофилин бўлмоқ ёки асфаласофилинга кетмоқ:

1️⃣ Чуқурликка, жарликка тушиб кетмоқ.
2️⃣ Кўчма маънода: ҳалок бўлмоқ, ҳалокатга учрамоқ.

Асфаласофилин сўзлашув тилида аспаласофин шаклида ҳам ишлатилади.

📖 “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” асосида тайёрланди.

@oriftolib
Qofiya nima?

Oxiri. Boshlanishi bu yerda.

Aruz vazni arab tiliga xos xususiyatlarga ega, shu sababli u arabcha va forscha soʻzlarni koʻp qoʻllashni talab etadi. Lekin mumtoz adiblarimiz shu holatda ham yangicha qofiyalarni topa olgan. Atoiy, Lutfiy, Alisher Navoiy, Bobur kabi mumtoz adiblarimizning sheʼrlarini shu nuqtayi nazardan oʻrganib koʻring. Oʻzingiz ham bunga amin boʻlasiz.

Mening nazarimda, keyingi davr turkiy sheʼriyatida Maxtumquli qofiyalarni yangilashga eng koʻp muvaffaq boʻlgan shoirlardan. XX asr oʻzbek sheʼriyatida esa Shavkat Rahmon bu borada tub burilish yasay olgan deyish mumkin.

Xalq ogʻzaki ijodida, jumladan, dostonlarda ham favqulodda va goʻzal qofiyalarga duch kelasiz.

Albatta, boshqa shoirlar ijodida ham qofiya yangilanishlari bor. Qofiya tanlash sheʼriyatning darajasini koʻrsatadigan jihat ham emas. Lekin eʼtibor qaratishga, oʻrganishga arziydigan mavzu.

👉 1-qism
👉 2-qism
👉 3-qism
👉 4-qism

👉 Toʻliq oʻqish

@oriftolib
👍1
Расул Ҳамзатов

ТЎРТЛИКЛАР

***
Сочим оқартириб ўтди куз-қишлар,
Куйларим тобора кўмилар дардга.
Болаларим каби ўсди ташвишлар,
Улар аллақачон ўзимдан катта.

***
Саҳройи Кабирдан тоғли ўлкамга
Шоирлар келдилар, айладим меҳмон.
Астойдил ачиниб, тушдилар ғамга:
“Наҳот қумингиз йўқ, наҳот йўқ бархан?!”

***
Иштонлари ямоқ тилло болалик,
Завқларингга яна тўлсам қанийди.
Ўсмирликка қайтиб шодон, беҳадик,
Уятчан, содда, ғўр бўлсам қанийди.

***
Акам уйланганди урушдан бурун,
Тўйда мақтаганди этигин мамнун.
Меҳмонлар ҳам олқиш ёғдирган эди...
Ундан шу этиклар ёдгордир энди.

Рус тилидан
Ориф Толиб
таржималари

@oriftolib
#Ёш_ижодкорларга_маслаҳат

Рей Бредбери:

Буюк ёзувчиларга меҳр қўйинг, аммо улардай бўла олмайсиз. Уларга атай ёки беихтиёр тақлид қилишингиз аниқ. Ўша пайтларда шу гапларимни эсга олинг.

Кимгадир ўхшаш учун тиришиш керак эмас. Ўзингизни кашф этинг.

Ёш Бредбери Ҳерберт Уэлс, Жюл Верн, Артур Конан Дойл, Лаймен Френк Баум сингари адибларнинг асарларини севиб ўқиган. Лекин адабиётда ўз йўлини, услубини яратган.

@oriftolib
Мана бу ва манави

Бу, шу, у, ўша, мана бу, мана шу, ана шу, ана у сўзлари кўрсатиш олмошларидир. Охирги тўртта олмош “соф” кўрсатиш олмошларига мана ва ана сўзларини қўшиш орқали ясалган. Мана, ана сўзлари кўрсатиш маъносини якка ҳолда ҳам билдириши мумкин.

Мана бу, мана шу, ана шу каби олмошлар яқин масофадаги нарсани ажратиб кўрсатади, ана у, ана ўша олмошлари эса анча узоқда турган ёки олдиндан маълум нарсаларни ажратиб кўрсатади.

Мана бу ва ана у олмошлари сўзлашув услубида манави ва анави шаклида ҳам қўлланади. Бу шакл китобларга, луғатларга, масалан, изоҳли луғатга кирган. Олмошларни гапнинг мазмун-мундарижасига кўра ҳар икки кўринишда ишлатиш мумкин.

📌 Демак,

Мана бу, манави, ана у, анави

@oriftolib
👍1
Болта

Кесиш, ёриш каби ишларда ишлатиладиган тахта сопли темир асбоб.

Болта сўзи туркий халқларда жуда қадимдан бери ишлатилиб келинади. Эски туркий шакли “балду”. Баъзи олимлар бу сўзни тубини кесмоқ маъносидаги бал – феълига олиб боришади. Албатта, бу ҳам бир фараз.

“Девон”да балту шаклида келади. Ундан ташқари, бу сўз туркий ва у билан айни оилада бўлган тилларда:

ўзбекчада: бâлта,
туркчада: балта,
қозоқча, нўғайча ва татарчада: бâлта,
туркманчада: палта,
бошқуртчада: бâлта,
уйғурчада: балту,
тувачада: балди,
олтойча: малта каби талаффуз қилинади.

Бу сўзнинг этимонини “қўш бошли болта” маъносидаги эски аккадча пâлту сўзига боғлаган олимлар ҳам йўқ эмас. Албатта, бу кўп ҳам мантиқли эмас. Чунки барча туркий тилларда бу сўз айни шаклда ишлатилади.

“Шевашунос”дан.

@oriftolib
👍4
#Кундаликдан

Фаросат ишлатилса, эскириб қолмайди. Қўрқмай ишлатавериш керак.

@oriftolib
👍9
#Кечки_мутолаа

Балта

Одам ўн беш-йигирма йил кўришмаса, таниган-билганларининг, ҳатто синфдошларининг ҳам юз тузилишини унутиб юборар экан. Ҳа, одамзот унутувчан. Лекин бу қоида доим ҳам ишлайвермайди. Уста Золтанни кўрмаганимга, мана, ўттиз йилдан ошди, аммо унинг нурли сиймоси шундоқ кўз ўнгимда, ўша воқеани эсласам, юрагим илийди, қондош-жондош бир туйғунинг тафтини ҳис этаман...

Соғинч ва тил муҳаббати ҳақида қисқагина ҳикоя.

👉 Тўлиқ ўқиш

Фикр-мулоҳазаларингизни изоҳларда қолдиришингиз мумкин.

@oriftolib
👍1
👍1
#Ёш_ижодкорларга_маслаҳат

“Ҳам санга ташвиш озроқ бўлур ва ҳам ўқуғучиға”

Заҳириддин Муҳаммад Бобур:

...Бу хатларингни битибсен ва ўқумайсен, не учунким, агар ўқур хаёл қилсанг эди, ўқуйолмас эдинг. Ўқуйолмагандин сўнг албатта тағйир берур эдинг. Хатингни худ ташвиш била ўқуса бўладур, вале асру муғлақтур. Насри муаммо ҳеч киши кўрган эмас.

Имлонг ёмон эмас. Агарчи хили рост эмас, илтифотни “то” била битибсен. Қулунжни “ё” била битибсен. Хатингни худ ҳар тавр қилиб ўқуса бўладур, вале бу муғлақ алфозингдин мақсуд тамом мафҳум бўлмайдур.

Ғолибо хат битирда қоҳиллиғинг ҳам ушбу жиҳаттиндур. Такаллуф қилай дейсен, ул жиҳаттин муғлақ бўладур. Бундин нари бетакаллуф ва равшан ва пок алфоз била бити; ҳам санга ташвиш озроқ бўлур ва ҳам ўқуғучиға.

Бобур бу кўрсатмаларни ўғли Ҳумоюнга ёзган хатида айтиб ўтган. Гарчи ўғлига хоссатан айтган бўлса-да, улуғ адибнинг тавсиялари ижод ва фикр аҳли учун бирдай фойдали. Имлога эътиборли бўлиш, фикрни равон ифода эта олиш ўқимишли кишининг ажралмас сифати бўлиши керак.

Юқорида айтилган тартиб-қоидаларга Бобурнинг ўзи биринчи галда амал қилган. “Бобурнома”ни ўқиган киши бунга албатта амин бўлади.

Маслаҳатнинг табдили:

Ёзган хатларингни ўзинг ўқимайсан, ўқимоқчи бўлганингда ҳам ўқиёлмас эдинг. Ўқиёлмагандан кейин эса ўзгартирардинг. Хатингни ўқиш қийин, чунки жуда чалкаш. Одам насрни ўқиганда бундай машаққат чекмаслиги керак.

Имлонг ёмон эмас. Лекин хатолари бор, “илтифот” сўзини “то” билан, “қулунж” сўзини “ё” билан ёзибсан. Хатингни бир илож қилиб ўқиса бўлади, лекин чалкаш сўзларингдан мақсадингни англаш қийин.

Мактубларни ора-сира, кам ёзишинг ҳам шундан бўлса керак. Такаллуф қилай дейсан-у, гапинг тушунарсиз чиқади. Бундан кейин такаллуфсиз, содда ва самимий сўзлар билан ёз. Ҳам сенга ташвиш кам бўлади, ҳам хатингни ўқувчига.


@oriftolib
👍4
Қайтага ва қайтанга

Қайтага
сўзи ўзбек тилида икки хил маънода ишлатилади:

1️⃣ Аксинча, билъакс.
2️⃣ Яхшиси, ундан кўра.

Қайтага сўзи сўзлашув тилида қайтанга шаклида ҳам ишлатилади. Бу шакл луғатларга киритилган. Демак, бу шаклда қўллаш тўғри.

Баъзан қайтага сўзи ўрнида қайта сўзи ҳам ишлатилиши мумкин.

📌 Демак,

Қайтага, қайтанга

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
Қай бири тўғри?

(Масалан: мактаб ... қурилди.)
Anonymous Quiz
38%
Янгидан | Yangidan
17%
Янгитдан | Yangitdan
45%
Иккови ҳам тўғри.
👍4
Луғат бойлигини қандай ошириш мумкин?

🔹 Китоблар, мақолалар ва бадиий адабиётларни кўп ўқинг. Энг муҳими, уларнинг маъно-мазмунига жиддий назар ташланг. Ўқиганларингизни касбдошларингиз ёки қизиққанларга айтиб беринг.

🔹 Матнда тушунарсиз сўзга дуч келсангиз, гапнинг умумий мазмунидан маъносини чақиб оламан деманг. Изоҳли луғатни очиб, сўзнинг асл маъносини ўрганинг. Хаёлингизда шу сўз қатнашган гаплар тузинг.

🔹 Ўзингизни қизиқтирган соҳага оид сўзларни луғатдан кўчириб, қайд қоғозларга ёзиб чиқинг. Қайдварақчани ҳамиша ўзингиз билан олиб юринг. Чунки бўш вақтларда унга қараб, сўзларни эсга олиш, ёдлаш мумкин.

🔹 Янги ўрганилган сўзларни қофияга солиб кўринг, улар иштирокида гаплар тузинг. У англатадиган маънони тасаввурингизда шакллантиришга ҳаракат қилинг.

🔹 Бирор-бир сўзни ўзлаштиргандан кейин қайдқоғозни янгисига алмаштиринг. Янги сўзни ўрганишга киришинг.

🔹 Ишингиз самарали бўлишини истасангиз, бирданига кўп сўзни ёдлашга киришманг. Бошида кунига 7-8 та сўз кифоя. Кейинроқ қанча сўзни ўзлаштиришга қурбингиз етиши ўз-ўзидан ойдинлашади.

🔹 Ўрганилган сўзларни амалда қўллаб кўринг. Шунда улар хотирада мустаҳкам ўрнашиб қолади.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
Словен халқ мақолларидан

Словенлар – жанубий славян гуруҳига мансуб халқ. Словениянинг асосий аҳолиси. АҚШ, Италия, Канада, Аргентина, Австрия, Германия ва бошқа мамлакатларда ҳам яшайди. Словен тилида сўзлашади. Умумий адади – 2,5 миллион атрофида.

🔹 Асраб қолинган тухум еб юборилган ҳўкиздан афзал.
🔹 Бориш ва ўрганишдан кўра ишониб қўя қолган осон.
🔹 Керагича меҳнат қилмаган одам ишининг мевасини тотишга ҳақсиз.
🔹 Тез қурилган нарса тез бузилади.
🔹 Ўз тилини ерга урган одам онасини ҳам ерга уради.
🔹 Ҳақиқатни айтмай туришдан оғирроқ юк йўқ.
🔹 Энг катта тоғ – уйингнинг остонаси.

@oriftolib
👍3
Қонун ҳужжатлари тили: “ўзгартиш”ми ёки “ўзгартириш”

Қонун, қарор, фармон, буйруқ ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда сўз қўллаш ва имло билан боғлиқ турличаликлар, чалкашликлар учраб туради. Улар қанча тез тузатилиб, чалкашликларга аниқлик киритилса, фақат фойда бўлади.

Бугун замонавий ўзбек тилида меъёрий ҳужжатлар сабабли оммалашган сўз – ўзгартиш ҳақида кичик изланиш ўтказамиз.

-тир ва орттирма нисбат қўшимчаларидир. Улар баъзан ўринма-ўрин, маънодош ҳолатда ҳам ишлатилиши мумкин. Жумладан, ўзгармоқ феълида. Ушбу сўзнинг орттирма нисбати ўзгартир ёки ўзгарт бўлади. Тўғри, “ўзгарт” шакли замонавий ўзбек тилида ишлатилмайди ҳисоб. Лекин хато эмас.

“Ўзгартиш” сўзи ана шу ўзгарт шаклидан ясалган ҳаракат номидир. У қонунчилик матнларида тамоман отлашган ҳолатда қўлланяпти, алоҳида сўзга айланиб улгурди. Уни изоҳли луғатга алоҳида сўз сифатида киритса ҳам бўлади.

Юридик тилда хилмахилликдан қочган афзал. Қонун ва қарорлар матнида ҳам биттасини: ёки ўзгартириш, ёки ўзгартиш вариантини танлаган афзал. Баъзида ҳатто битта қарор доирасида ҳам бир ўринда ўзгартириш, бошқа ўринда ўзгартиш қўлланган ҳолатлар бор.

Албатта, қонунлар ишлаб чиқилиш жараёнида бир неча чиғириқлардан ўтади, муҳокамалар қилинади. Аммо депутатлар орасида тилшунослар, муҳаррир ва мусаҳҳиҳлар ҳамиша ҳам топилавермаса керак. Менимча, қонунлар ва бошқа муҳим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан олдин тажрибали муҳаррирлар назаридан ўтказилса, тил ва имло билан боғлиқ саволли ўринлар анчагина камаяди.

📌 Демак, сўзнинг ўзгартириш шакли ҳам, ўзгартиш шакли ҳам тўғри. Бироқ расмий-ҳуқуқий матнларда – ҳеч бўлмаса битта ҳужжат доирасида – ҳархилликка йўл қўймаслик, улардан фақат биттасини ишлатиш афзалдир.

@oriftolib
👍2
Қай бири тўғри?

(Масалан: сочлари ... )
Anonymous Quiz
28%
Сунбул | Sunbul
33%
Сумбул | Sumbul
39%
Иккови ҳам тўғри.
👍1