Muslim.uz
92.3K subscribers
18.2K photos
5.08K videos
114 files
16.7K links
O'zbekiston musulmonlari idorasi
muslim.uz portali.

🔹Murojaat uchun:
@MuslimUzAdmin2Bot

🔹Diniy savollar uchun:
@SavollarMuslimUzBot | https://savollar.muslim.uz/

🔹Batafsil:
https://telegra.ph/MUSLIMUZ-06-19
Download Telegram
ҚУДДУСДАГИ ВАЗИЯТ БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ МУНОСАБАТИ
#МУНОСАБАТ #ҚУДДУС

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга
беҳисоб салавоту саломларимиз бўлсин.

Тинчлик буюк неъмат, инсон ҳаётининг бирламчи шарти. Шунинг учун ҳам қадимдан барча халқлар тинчликни асраш учун моли-ю жони билан курашиб келган. Аммо воқелик тинчликни кўплаб мамлакатлар учун ҳали ҳануз орзу бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Ҳозирда мамлакатлар осойишталигига рахна солувчи омиллар турлича, давлатлар ўртасидаги низоли вазиятлар, миллий ва этник қарама-қашиликлар ва ҳакозо.

Бугунги кунда дунёнинг айрим давлатлари амалга ошираётган турли ниқоблар остидаги зўравонлик, қўпорувчилик ва босқинчиликка асосланган ҳатти-ҳаракатлар ҳеч бир меъёрга тўғри келмайди. Давлатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг умумэътироф этилган умуминсоний қоидалар ва халқаро ҳуқуқий нормалар асосида ташкил этилиши тинчлик ва барқарорликнинг энг муҳим шартидир.

Бугунги таҳликали даврдаги шундай ҳолатлар ҳар бир ақли расо кишидан доимо огоҳлик ва хушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз билан қарашни талаб этади.

Тинчлик, омонлик ва хотиржамлик шунчалик улуғ неъматки, унинг қадрини фақатгина шу неъматдан, Худо сақласинки, маҳрум бўлганларгина тўлиқ англайди.

Ким ўлур ҳолатга етса, ул билур жон қадрини.

Йўқса, шинам кўчаларда бамайлихотир юриш қаёқда? Она-Ватан бўйлаб ҳатто ярим кечада бўладими, ўз қишлоғидами, юртининг хоҳлаган гўшасида бўладими ҳадиксиз юриш қаёқда эди?

Бу бебаҳо неъматнинг улуғлигиданки, ҳазрат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида қайта-қайта таъкидлаганлар. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб:

‒ Эй, Аллоҳнинг Расули, дуоларнинг қай бири афзалроқ? – деб сўради.

– Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўра, – жавоб бердилар жаноб Сарвари коинот саллалоҳу алайҳи ва саллам.

Иккинчи куни келиб яна:

– Эй, Аллоҳнинг Расули, дуоларнинг қай бири афзалроқ? – деб сўради.

– Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўра, – жавоб бердилар яна.

Учинчи куни келиб яна:

– Эй, Аллоҳнинг пайғамбари, дуоларнинг қай бири афзалроқ? – деб сўради.

– Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўрайвер. Бас қачонки сенга дунё ва охиратда афв ва офият берилса, батаҳқиқ нажот топибсан – жавоб бердилар жаноб Сарвари коинот саллалоҳу алайҳи ва саллам
(Имом Термизий ривояти).

Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Шарқий Қуддусдаги мўмин-мусулмонлар учун энг табаррук минтақада нотинчликлар давом этаётганидан жиддий ташвишдадир.

Жаҳон ҳамжамияти Фаластин-Исроил муаммосини халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, тинч йўл билан ҳал этилиши зарурлигини бот-бот таъкидламоқда. Зеро, Ислом дини – аввало, тинчлик ва дўстликка, аҳиллик ва бирдамликка ҳамда бағрикенгликка даъват этади.

Ал-Ақсо масжиди Ислом дини манбаларида келтирилган уч муқаддас масжиддан биридир. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: “Уловлар фақат учта масжид томонгагина жиҳозланади: Масжиди Ҳаром, менинг ушбу масжидим ва Масжиди Ақсо”.

Қуддус шаҳрида жойлашган муқаддас макон – Масжиди Ақсо ёхуд Байтул Мақдис Маккадаги Масжидул Ҳаромдан кейин қурилган энг қадимги масжид. Ушбу табаррук масканлар мўмин-мусулмонлар учун доимо азизу мукаррамдир.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни аввал Масжидул Ақсо томонга юзланиб ўқидилар. Ўн уч йиллик Макка даври тўлиқ шундай ўтди. Мадина шаҳрига ҳижрат қилганларидан кейин ҳам мазкур масжид қиблаликда давом этди. Фақат ўн олти ой ўтибгина қибла Макка шаҳридаги Ҳарам томон ўзгарди.

Манбаларда қайд этилишига кўра, уни Одам алайҳиссалом барпо этган. Замонлар ўтиб эса Иброҳим алайҳиссалом уни қайта тиклаган. Кейин Исҳоқ ва Ёқуб алайҳиссаломлар унга масъул бўлдилар. Сўнг Сулаймон алайҳиссалом томонидан масжид янгидан қад ростлаб ҳозирги кўринишга келди.

№1
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar