Muslim.uz
91.2K subscribers
18.2K photos
5.06K videos
114 files
16.7K links
O'zbekiston musulmonlari idorasi
muslim.uz portali.

🔹Murojaat uchun:
@MuslimUzAdmin2Bot

🔹Diniy savollar uchun:
@SavollarMuslimUzBot | https://savollar.muslim.uz/

🔹Batafsil:
https://telegra.ph/MUSLIMUZ-06-19
Download Telegram
ЗАНЖИРЛИ ЯЪНИ ТАРМОҚЛИ МАРКЕТИНГ ЖОИЗМИ?
#ҳалол_ҳаром

912-CАВОЛ: Айрим фирмалар уларнинг маҳсулотини сотиб олганингиз учун сизга бошқа харидор олиб келиш ҳуқуқини тақдим этади. Улар қўйган шартларга кўра ва улар айтган миқдорда харидор олиб келсангиз сизга маълум миқдорда маблағ ёки биронта қимматбаҳо буюм берадилар. Бу иш жоизми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бугунги кунда бу иш турли кўринишларда ва турли шартларга кўра амалга оширилмоқда. Лекин уларнинг барчасида топиладиган ҳолат яъни уларни жамлаб турувчи нарса маҳсулот сотиб олган шахс занжир қаторига қўшилади ва бошқа харидорлар излашга киришади. Гоҳида муваффақиятга эришиб маълум маблағларга эга бўлиши мумкин.

Бу ишларнинг шаръий ҳукми келишув шартлари ва ҳолатларига қараб ўзгариб боради:

1. Агар маҳсулотни сотиб олишда савдо занжирига қўшилиш яъни бошқа харидор олиб келиш шарт қилинса бу бай фосид ҳисобланади. Масалан, бир пачка дорини 100 долларга бошқа харидор олиб келиш шартига кўра сотилса жоиз эмас.

2. Агар маҳсулотни сотиб олишда савдо занжирига қўшилиш шарт қилинмаса ва сотиб олувчи унга қўшилмаса бу бошқа оддий байлар каби жоиз ҳисобланади.

3. Агар маҳсулотни сотиб олишда савдо занжирига қўшилиш шарт қилинмаса, лекин маҳсулот ўзинининг бозордаги ҳақиқий қийматидан юқори нархга сотилса савдо занжирига қўшилиш учун уни сотиб олиш жоиз эмас. Масалан, баъзи фирмалар 200 долларлик дорини 500 долларга сотади ва сотиб олувчига "Хоҳласангиз занжирга қўшилинг ва даромад олинг, хоҳласангиз йўқ, шарт эмас" деб айтади. Сотиб олувчининг асл мақсади дори эмас, балки ана шу занжирга қўшилиб олиш бўлса бай жоиз эмас.

4. Агар маҳсулот ўз нархида сотилаётган бўлса ва уни сотишда занжирга қўшилиш шарт қилинмаса, лекин уни сотиб олувчи занжирга қўшилиб даромад топиш учун сотиб олса ва унга қўшилса бу олдинги байдан алоҳида иш ҳисобланади. Фиқҳий қоидаларга кўра у воситачи ёки даллол ҳисобланади. Бунда воситачига ҳақ бериш масаласи асосида ҳукм чиқарилади. Одатда бу шаклда юритиладиган келишувларда воситачи бир нечта, масалан иккита харидор топсагина бериладиган маблағга ҳақли бўлади. Бу тариқа келишув ҳам жоиз эмас.

Бундан ташқари у ўзи топган харидорлар орқали топилган одамлар ҳисобидан ҳам маблағ олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу хусусда Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ қуйидагиларни айтади: "Тажриба шуни кўрсатдики, ушбу ҳолатларда сотилаётган маҳсулот қимматбаҳо, гоҳида бозорлардан топилмайдиган нарса бўлади. Одамлар уни савдо занжирига қўшилиш учунгина сотиб оладилар. Бундан олдинроқ фирмалар маҳсулотни сотмасдан ҳам бу ишни амалга оширганлар. Улар одамлардан яхшигина пул олиб уларнинг қўлига биргина карточка берганлар. Карточкани олган одам занжирга қўшилган ва бошқа одамларни унга қўшиб маълум миқдорга етганда маълум маблағларни қўлга киритган. Бу айни қиморнинг ўзгинаси ҳисобланади. Бу "Пирамида.." деб аталади. Кўп давлатлар бу шаклдаги савдо амалиётини қонун билан таъқиқлаб қўйдилар. Шундан кейин улар карточка ўрнига баъзи маҳсулотларни нархидан баландроқ нарх эвазига сота бошладилар. Лекин, мазмун ва мақсад пирамида системасининг айни ўзи. Буни кўп давлатлар ҳали таъқиқламади. Лекин шариат ҳукмига кўра бу жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Telegram | Instagram | Facebook | Tiktok
ТУРЛИ МАҲСУЛОТЛАРНИ СОТИБ ОЛИШ УЧУН ҚЎЙИЛГАН БОНУС ЁКИ СОВРИНЛАРНИ ОЛИШ ЖОИЗМИ?
#ҳалол_ҳаром

920-CАВОЛ: Бугунги кунда жуда кўп маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ёки сотувчилар томонидан маълум маҳсулотни сотиб олган инсон учун турли бонус ёки совринлар қўшиб берилмоқда, масалан маҳсулот ичидан турли ютуқлар чиқмоқда. Бу диний жиҳатдан қанчалик тўғри, қиморга ўхшаб қолмаяптими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу ишлаб чиқарувчи ёки сотувчининг ихтиёридаги нарса. У харидор учун сотилган нарсаларга қўшимча нарса қўшиб бериши жоиз. Лекин ушбу ҳолатда учта шарт топилиши керак. Бу уч шарт топилмаса бу иш қиморга ўхшаб қолади.

1. Ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи шу соврин ёки бонус қўйилгани учун маҳсулотнинг нархини ошириб қўймаслиги керак. Масалан, маълум ичимликни сотиб олганларга соврин ваъда қилинмоқда. У ичимлик аслида 5 минг сўм туради, лекин соврин қўйилгани учун 6 минг сўмга сотиляпти. Бу жоиз эмас. Сабаби бу моҳиятан қиморга айланиб қолмоқда. Чунки харидор 5 минглик нарсага 6 минг яъни минг сўм ортиқча пул беряпти. Натижада минг сўмдан ортиқча йиғилган пул кимгадир соврин бўлиб қайтяпти. Бу ўртага минг сўмдан пул ташлаб, кейин кимдир ютиб оладиган қиморнинг айни ҳолатидир. Аммо ичимлик ўз нархи яъни 5 мингга сотилса харидорлар маҳсулотни ўзининг нархига сотиб олган ва сотувчи тамонидан қўйилган қўшимча совринни совға сифатида олган бўлади.

2. Маҳсулотлар учун бонус тақдим қилиш сифатсиз ёки сохта маҳсулотни ўтказиш учун алдов йўли билан амалга оширилмаслиги керак.

3. Бундай маҳсулотларни сотиб олаётган кишининг мақсади ўша маҳсулотни истеъмол қилиш ёки ундан фойдаланиш бўлиши керак. Фақат мукофотни кўзлаб сотиб олса жоиз эмас.

Маълум нарсани сотиб олган харидорлар ўртасида қуръа орқали бериладиган совринларнинг ҳукми ҳам юқоридаги шартлар асосида жоиз ҳисобланади.

Иккита нарса сотиб олсангиз учинчиси бепул, деб сотилган ҳолатда эса сотувчи учта нарсани иккитани пулига сотаётган бўлади. Гарчи бу ўринда учинчиси бепул, дейилаётган бўлсада, аслида иккита нарсани пулига учтани сотаман, деган бўлади.

Олдиндан эълон қилмасдан қўшиб бериш, масалан тарозуда оғирроқ қилиб бериш ёки донасини кўпайтириб бериш жоиздир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Telegram | Instagram | Facebook | Tiktok
ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРНИ ҚЎЙЛАРНИ ЭГАСИГА ТЎЛАТСАК БЎЛАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром

931-CАВОЛ: Бизнинг боғимиз бор. Боғда турли хил мевали дарахтлар қатори буғдой ва беда ҳам экилган. Бугун тонгда боғимизга борсак, кимнидир қўйлари буғдойни ва бедаларни пайхон қилиб юрибди. Дарҳол қўйларни ҳайдаб бир жойга қамаб қўйдик. Энди шу қўйларни эгасидан етказилган зарарни тўлатсак бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бундай ҳолатда қўйни эгаси боғингизга қўйларни ўзи ҳайдаб олиб келса ёки қўйларни боғингизга киришини била туриб бунга монеълик қилмаса, етказилган зарарни тўлайди. Лекин қўйларни қўйхонада сақлаётган бўлсаса-ю қандайдир сабаб билан чиқиб кетган ёки ўтлоқда боқиладиган қўйлар бўлиб, бехосдан қўйлар ўзи сизни экининингизни пайхон қилса, қўйни эгаси зарарни тўламайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бўш юрган ҳайвонларнинг жинояти (етказган зарари) тўланмайди", деганлар.
"Бирор чорва ҳайвони боғланган жойидан чиқиб, кимнидир экинини пайхон қилса ёки ўтлоққа қўйиб юборилган пайтда бирор кишини экинини пайхон қилса, бу зарарни эгаси тўламайди" ("Фатовои ҳиндия" китоби).
"Бўш юрган ҳайвонлар бирор жонзотга ёки бирор кишининг мулкига кечаси ёки кундузида зарар етказса, бунга уни эгаси зомин бўлмайди. Бунга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бўш қўйиб юрган ҳайвонларнинг жинояти тўланмайди, деган сўзлари далилдир" ("Дурарул ҳуккам" китоби).
Лекин диёнат жиҳатидан ҳар бир киши бировни мулкига зиён қилмаслиги ва ўз луқмасини доим ҳалол тутиши лозимдир. Зеро ота-боболаримиз чорва ҳайвонларини уйларидан олиб чиқишда, ўзгаларнинг экинзорлари ёнидан олиб ўтаётган вақтда, сути ва гўштида шубҳа бўлишидан эҳтиёт қилиб, оғзини мато билан боғлаб қўяр эдилар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Telegram | Instagram | Facebook | Tiktok
ЭРКАК КИШИ ТИЛЛА ТАҚСА БЎЛАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром

961-CАВОЛ: Бир танишим эркак киши тилла тақса бўлади, деди. Мен унга эркак киши тилла, кумуш тақиши макруҳ дедим. У эса буни ҳеч қанақа асоси йўқ, деди. Илтимос шуни аниқ ва ҳадис билан тушунтирсангиз.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Эркакларга фақат кумуш узук тақишга рухсат берилган. Уларнинг тилла узук тақишлари эса ҳаром қилинган. Зебу зийнатлар аёлларга ҳалол қилинган, уларнинг табиати шунга мос. Уларга ҳам тилла, ҳам кумуш узук тақиш дуруст. Бу ҳукмлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлари билан асосланган.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عن النبي صلى الله عليه وسلم: أنه نهى عن خاتم الذهب. أخرجه البخاري ومسلم

"Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам (эркакларни) тилло узук тақишдан қайтардилар" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

أَخَذَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَهَبًا بِيَمِينِهِ، وَحَرِيرًا بِشِمَالِهِ، ثُمَّ رَفَعَ بِهِمَا يَدَيْهِ فَقَالَ: " هَذَانِ حَرَامٌ عَلَى ذُكُورِ أُمَّتِي" أخرجه أحمد والنسائي

"Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг қўлларига тиллани, чап қўлларига ипакни олдилар. Сўнгра иккаласи билан икки қўлларини юқорига кўтариб: “Булар умматимнинг эркакларига ҳаромдир”, дедилар” (Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади:

أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَى خَاتَمًا مِنْ ذَهَبٍ فِي يَدِ رَجُلٍ، فَنَزَعَهُ فَطَرَحَهُ، وَقَالَ: " يَعْمِدُ أَحَدُكُمْ إِلَى جَمْرَةٍ مِنْ نَارٍ، فَيَجْعَلُهَا فِي يَدِهِ"، فَقِيلَ لِلرَّجُلِ بَعْدَ مَا ذَهَبَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: خُذْ خَاتِمَكَ انْتَفِعْ بِهِ؟ قَالَ: لَا وَاللَّهِ لَا آخُذُهُ أَبَدًا، وَقَدْ طَرَحَهُ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ" أخرجه مسلم

"Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг тилла узук таққанини кўриб, унинг қўлидан ечиб олиб, ташлаб юбордилар ва “Сизлардан бирингиз ўтнинг чўғини қасд қилиб, қўлига тақадия?!”, дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кетгач, бояги кишига узугингни олиб (сотиб) фойдалан, дейилди. У: “Аллоҳга қасамки, ҳаргиз уни олмайман, уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ташлаб юбордилар", деди” (Имом Муслим ривоятлари).

Эркакларга тилла узук тақиш ҳаромлиги борасида ҳеч бир уламо ихтилоф қилмаган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Telegram | Instagram | Facebook | Tiktok
КОМПЪЮТЕР ГРАФИКАСИДАН ФОЙДАЛАНИШ ЖОИЗМИ?
#ҳалол_ҳаром

1016-CАВОЛ: Мен киноларда графика билан шуғуланаман, бунда оддий кадрлардаги инсонларни юз қиёфасига жароҳат етказилган ҳолатлар ва ўқ отилиб инсонга жароҳат етказган ҳолатлар компьютер графикасида тайёрланади ва бундан ташқари кўп тарихий филмлар учун бўри ва йўлбарс каби йиртқич ҳайвонларни компьютерда худди хақиқий ва жонлидек ясалади, саволим шундан иборатки: мен графикада кадрда бўлмаган ҳайвонларни ясаб уларни филмларда ишлатишим мумкинми ва филмда инсонга жароҳат ҳолатларида юзига ўзгартириш киритиб зомби ҳолатларига киритишим мумкинми ва мен бу графикачи иши касби орқали гуноҳкор бўлмайманми? Бу касб шариатимизда ҳалолми ёки ҳаром?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Кино ва мультфилм ишлаб чиқаришда компьютер графикасидан фойдаланиш масаласида замонамиз уламолари турлича фикр билдирганлар. Баъзи уламолар шариатимизда инсонни, жонли нарсаларнинг суратини тўла ҳолда чизиш тақиқлангани эътиборидан уни жоиз эмас, дейишган. Ушбу уламолар ўз сўзларига Имом Муслим ва бошқа бир қанча муҳаддислар ривоят қилган расм чизишнинг мумкин эмаслиги борасидаги ҳадисларни далил қиладилар. Жумладан, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни Aллоҳнинг ҳузурида энг қаттиқ азобда бўладиган одамлар мусаввирлардир”, – деганлар. Бу мазмундаги ҳадислар кўплаб саҳобалар томонидан ривоят қилинган бўлиб, уларга кўра жонли нарсаларнинг суратини чизишга изн йўқлиги, одамлар ўша суратларни илоҳ қилиб олишлари хавфи борлиги, натижада эътиқодий бузилишлар юзага келиши айтиб ўтилган. Айниқса, жонли нарсаларнинг суратини чизишда инсон Аллоҳнинг яратганига ўхшатишга уриниш маъноси борлиги ҳадисларда очиқ таъкидланган.
Шунингдек, замонамиздаги кўпчилик уламолари компьютер графикасидан фойдаланиш жоиз эканига фатво берганлар. Ушбу уламоларнинг таъкидлашларича, компъютер графикаси орқали яратилган сурат – фотосурат ва киноматографик суратлар кабидир. Зеро, буларнинг барчасида акс олиш ва уни электрон экранда намоён қилиш бор.
Қолаверса, бунда инсон томонидан Аллоҳ таоло яратган нарсага ўхшатишга уриниш, ундай нарсаларга ибодат қилиш маъноси ҳам йўқ. Электрон фото худди ойнага акс тушгандек гап. Фақат бу ерда тасвирнинг акси ойнада забт бўлиб қолмайди, балки фотода забт бўлиб, уни қоғозга чиқариш мумкин бўлади.
Мисрнинг фатво ҳамда Исломий тадқиқотлар уюшмасининг уламолар Кенгаши 2010 йил декабрь ойида бўлиб ўтган ўн иккинчи мажлисида “Ислом аҳкомлари ва одобларини таълим беришда қўлланиладиган анимацион расмларнинг ҳукми”га доир 161-сонли Қарорини эълон қилган. Унда мусулмон ёшларни таълим-тарбияси ҳамда исломий маданиятини ривожлантиришда электрон расмларни яратиш жоиз экани таъкидланган.
Хулоса қилиб айтганда, замонамизнинг кўпчилик уламолари эълон қилган фатво – компьютер графикасидан фойдаланишнинг жоиз экани далил жиҳатдан қувватли ва замон руҳига мос саналади. Чунки ҳозирги пайтда динимиз душманлари томонидан компьютер графикасидан кенг фойдаланган ҳолда оломонча маданиятини сингдириш учун тизимли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда мусулмонлар томонидан динимиз меъёрларига тўла мос келувчи фильм ва мультфилмлар яратиш бугунги куннинг заруратига айланмоқда. Айниқса, буюк ва намуна бўлган тарихий шахсларнинг ибратли ҳаёти, Исломдаги одоб-ахлоқ, таълим-тарбия, илм-фанга тарғиб ва эзгу ғояларни шакллантирувчи образларни яратиш ёшларимизнинг эътиқоди ва ахлоқ меъёрларини сақлаб қолишга хизмат қилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook | Telegram
СОЧМА ЎҚ БИЛАН ОВЛАНГАН ҚУШЛАРНИ ЕСА БЎЛАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром

1033-CАВОЛ: Мен овчилик билан шуғулланаман. Сочма ўқ билан овланган қушларни еса бўладими? Чунки сочма ўқларнинг учи тўмтоқ бўлади. Эшитишимча, ўқ учли, тиғли бўлиши шарт экан.

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу ҳолатда агар овчи отиш пайтида “Бисмиллаҳ ...” деб отган бўлса ва қуш гўшти ҳалол қушлардан бўлиб, отилган ўқ таъсирида ўлса, гарчи сочма ўқ билан отилса ҳам, шубҳасиз ҳалол бўлади. Лекин ўқ теккан қуш тўғридан тўғри ерга эмас, балки бирор нарсага (масалан: тоғу-тошга, ёки қаттиқ жисмга) урилиб тушса, ёки сувга тушса бу ҳолатда ўқ таъсирида ўлмай, аксинча қаттиқ урилиб ёки сувга тушиб ўлган бўлиши эҳтимоли борлигидан ҳалол бўлмайди. Чунки фиқҳий қоидага кўра гўшт борасида ҳалол ҳаромлиги аниқ бўлмаса, эҳтиётан ҳаромлиги олинади. Шом диёрида яшаб ўтган машҳур ҳанафий олим, аллома Маҳмуд ибн Муҳаммад ал-Ҳамзовийнинг “Фатвол ҳавос фи ҳилли ма сийда бирросос” китобида шундай келтирилган:
والمطلوب لاجل حل الصيد انما هو الجرح قصدا عند عدم امكان الذكاة بما يخزق و يفرق الاجزاء، و يمكن فيه انهار الدم.

“Шариатга мувофиқ сўйиш имкони бўлмаган пайтда овнинг ҳалол бўлиши учун талаб қилинган нарса ҳайвон танасини тешиб ўтадиган, парчалайдиган ва ундан қон оқизиш имконини берадиган нарса билан қасдан жароҳат етказишдир”.

فالمطلوب الحزق و انهار الدم باي شئ كان، و هو المراد بقولهم: (المحدد)، اي ما يفرق الاجزاء، و يخزق و يريق الدم، و هذه الاوصاف في الرصاصة و الخردق علي اكمل وجه، فلا شبهة ان ما صيد بهما، و لم يدرك حيا، حل اكله بشروطه، والله اعلم.

“Овланган ҳайвоннинг ҳалол бўлиши учун талаб қилинган иш – қайси нарса билан бўлса ҳам ҳайвоннинг баданини тешиб ўтиш ва қон оқизишдир. Фуқаҳоларнинг “ўқ тиғли бўлсин” деган гапларидан ирода қилинган нарса айна мана шу. Яъни ўқ ҳайвон танасини парчалайдиган, тешиб ўтадиган ва қон оқизадиган бўлиши керакдир. Бу сифатлар ов милтиғининг одатий ўқида ҳам, сочма ўқида ҳам мукаммал даражада топилади. Шу сабаб ҳар иккала ўқ билан овланган гўшти ҳалол жонивор гарчи тирик топилмаса ҳам ҳалол бўлади". (198-бет).

Хулоса қилиб айтганда, Сочма ўқ билан шариат кўрсатмаларига мувофиқ тарзда ов қилинганда, ўша ов ҳалол саналади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook | Telegram
МЕТАГО ОРҚАЛИ ПУЛ ТОПИШ ҲАЛОЛМИ?
#ҳалол_ҳаром

1056-CАВОЛ: Метаго (MetaGO) платформаси орқали даромад кўриш ҳалолми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
MetaGO дастури аслида тармоқли маркетингнинг бир кўринишидир. Унда дастурга криптовалюта орқали пул киритилади. Киритган пулни сунъий интеллект – роботга пул ишлаш учун рухсат берилади. Робот тикилган пулга бир биржадан ихтиёрий криптовалютани сотиб олиб, иккинчи биржага қимматроққа сотади. Кўрилган даромад олдиндан аниқ ваъда қилинган бўлади ва формула асосида тақсимланади. Мана шу жараён атиги 1-2 дақиқа атрофида бажарилади. Дастур рўйхатидан ўтиш пайтида криптовалюта билан биринчи 100$ ҳисобни тўлдирганингиз учун 6$ пул беради. Бу билан ушбу амалиётда судхўрликка оид амалиёт борлиги маълум бўлмоқда.

Ундан ташқари MetaGO дастурида VIP-1, VIP-2, VIP-3 каби қатор пакетлар бўлиб, иштирокчи ўз даромадини кўпайтириши учун муайян муддат ичида маълум сондаги одамларни дастурга жалб этиши талаб этилади. Акс ҳолда, иштирокчининг даромади бир хил миқдорда тураверади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу қимордир. Чунки, одатда ўша жалб қилинган одамлар тиккан маблағларнинг маълум бир фоизи биринчи иштирокчига даромад сифатида берилади, қолган қисми эса дастур ихтирочиларига кетади.

MetaGO дастури орқали пул топиш шариатимизга кўра ҳаром саналади. Чунки унда ҳам рибавий амалиёт, ҳам қимор бор. Ҳар иккиси ҳам динимизда қатъийян ҳаром қилинган бўлиб, ботил йўл билан пул топиш саналади. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилган:

"يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا"

яъни: “Эй, мўминлaр! Мoл-мулклaрингизни ўртaдa нoҳaқ (йўллaр) билaн емaнгизлaр! Ўзaрo рoзилик aсoсидaги тижoрaт бундaн мустaснo. Шунингдeк, ўзлaрингизни (бир-бирингизни) ўлдирмaнгиз! Aлбaттa, Aллoҳ сизлaргa рaҳм шaфқaтлидир” (Нисо сураси, 29-оят).

Барча Ислом уламоларига кўра, мазкур ояти каримадаги мoл-мулклaрни ўртaдa нoҳaқ йўллaр билaн ейишдан мурод – қимор, рибо, товламачилик, ўғрилик ва ёлғон гапириб савдо қилиш каби барча ношаръий кўринишдаги битимлар киради. MetaGо шундай ботил битимлардан саналади.

Бундан ташқари дастур даромадининг бир қисми бўлмиш криптовалюталар савдоси ҳам шаръан жоиз эмас. Унинг жоиз эмаслигига Халқаро Ислом фиқҳи академияси, Миср Араб Республикасидаги “Дорул-ифто” каби фатво ташкилотлари томонидан ҳам фатво берилган. Бу фатвони Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ҳам тасдиқлаганлар. Чунки криптовалюталар ҳақиқий “пул бирлиги” ҳисобланмайди. Зеро, биткоин манбаси номаълум, кафолати йўқ, алдов ва фириб амалиётларига нишондир.

Шулардан келиб чиқиб MetaGO дастурига пул тикиш ва ундан даромад олиш шаръан ҳаром саналади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook | Telegram

@diniysavollar / @muslimuzportal / @Muftiy_Nuriddin_domla
МУЗҚАЙМОҚ СОТУВЧИЛАР НОНИНИ ҲАМ ТОРТИБ СОТАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром

1061-CАВОЛ: Мени музқаймоқ сотадиган ишчиларим бор. Уларни ҳар куни ҳисоб-китоб қиламан. Кам чиқса тўлайсан деб тўлатаман, лекин баъзи бирларидан вафлини ҳисобига кўп чиқади. Шу ортиқча пулни мен олмайман кўнглим бўлмайди ўзига бераман. Шуни нима қилсам бўлади? У пулни олсам кимнидир ҳаққи бўлса мен жавобгар бўлмай дейман. Олсам бўладими ёки ўзларига берайми ортиқча чиққанини?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бизнинг тушунишимизча, музқаймоқ тарозига қўйилиб сотилади ва вафлига солиб тарозига қўйилгани ҳисобига охирида кўпроқ чиқади.

Сизни бу ортиқча пулни бировнинг ҳаққи эканлигидан қўрқиб олмаслигингиз яхши, аммо уни сотувчига беришингиз ҳам барибир асл эгасига етказмасдан, мендан кетса бўлди қабилида иш тутиш бўлади. Шунинг учун сиз сотувчиларга тарозига идишнинг вазнини чиқариб ташлаб сотишни тушунтиришингиз керак. Демак, у пуллар агар сиз музқаймоқни сотувчига ўтказишда тўғри тортиб берган бўлсангиз, сотувчининг айби билан тўпланиб қолган мижозларга тегишли пул ва уларни ўшалар номидан эҳсон қилинг. Агар сотувчига топширишда адашилган бўлса, у ҳолда пуллар сизларга тегишли. Демак, тарози ёки тарозибонни текширинг. Ёки сотувчининг тарозиси яхши ишламаслиги мумкин, у ҳолда ҳам мижозларга тегишли ва уни ўшалар номидан эҳсон қилинг ва сотувчи қўлига ишончли тарози беринг. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook | Telegram
ЎША ПУЛДАН ҚАНЧАДИР МИҚДОРИНИ ОЛСАМ БЎЛАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром

1069-CАВОЛ: Мен Бухоро вилоятиданман. Устачилик қиламан. Хонадон эгасига ёғоч маҳсулоти керак ва ёғоч Тошкентда арзон экан. Хонадон эгасидан пулни олиб Тошкентдан келтириб берсам ва ўша пулдан қанчадир миқдорини олсам бўладими? Ёғоч хонадон эгасига арзонга тушади ва мен ҳам пул ишлаб оламан.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Сиз ва сиз кабилар шариат қоидасига кўра вакил ҳисобланасизлар. Вакил инсон унга иш буюрганнинг номидан иш кўради. Масалан, ёғоч маҳсулоти бозорда 100 минг сўм. Уй эгаси сизга 100 минг сўм берди. Сиз шу пулни олиб бозорга бордингиз. Бозордаги сотувчи ёғочнинг нархидан тушиб бериб, 80 минг сўмга берди. Ортиб қолган 20 минг сўм уй эгасининг, яъни сизни шу ишга вакил қилган инсоннинг ҳақи ҳисобланади.

ولو وهب البائع بعض الثمن عن الوكيل يظهر ذلك في حق الموكل حتى لم يكن للوكيل أن يرجع على الموكل بذلك القدر

“Сотувчи маҳсулот сотиб олишга вакил бўлиб келган кимсага сотиб олган маҳсулотининг нархидан тушиб, қайтиб берган пули уни вакил қилиб юборган инсоннинг ҳақи ҳисобланади. Вакил сотувчи қайтиб берган миқдорни вакил қилиб юборган инсонга бермасдан ушлаб қолишга ҳақи йўқ”. (“Фатово ҳиндия” китоби).

Сиз хонадон эгаси билан барчасини батафсил гаплашиб олсангиз бўлади. Агар хонадон эгаси сотувчи қайтиб берадиган пуллар сизники бўлади, қанча арзон олсангиз, ортиб қолган пул сизга каби розилик билдирса, қайтим пулни олсангиз бўлади. Аммо бундай ҳолатлар алдов, ғирромликдан холи бўлиши шарт. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook | Telegram
КЕШБЕК ОЛИШ ҲАЛОЛМИ
#ҳалол_ҳаром #савдо
#ҳадя

1098-CАВОЛ: Ҳозирги кунда кўп учрайдиган кешбек фоиз, фоиз олиш дурустми? Шунга аниқлик киритиб берсангиз.

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Кешбек фоиз, фоиз шариатимизда ҳаром деган гап нотўғри. Чунки фоиз сўзи молия соҳасига оид атама бўлиб, улуш, ҳисса, қисм деган маъноларни англатади. Фоиз атамасини жуда кўп ўринларда ишлатамиз. Масалан, “закотга қодир инсон қўлидаги молининг 2,5 фоизини фақирларга беради”, деймиз. Бу дегани қўлидаги молини қирқдан бир улушини ёки қисмини беради, дегани бўлади. Ёки икки киши савдо қиламиз, деб пул тикишди. Фойдани масалан, 50 фоиздан, яъни 50/50 оламиз, деб келишади. Бу келишув мумкин эмас, дейилмайди. Яна бир мисол: мерос тақсимлашда ҳам маййитдан қолган мол мулкни тақсимлашда кимдир 20 фоизини, яна кимдир 40 фоизини олади.

Демак, юқорида келтирилган мисолларга ўхшаган масалаларда фоиз сўзини ишлатишда ҳеч қандай муаммо ёки шаръий таъқиқ йўқ.

Чунки бу ишда ғарар(алдов) ҳам, рибо ҳам топилмайди. Масалан, Аҳмад исмли киши кийим сотиб олиш учун супермаркетга борди. Супермаркетга кирса, сотувчи “Ким биздан битта кийим сотиб олса, яна битта қўшиб берамиз ёки қилган тўловидан шунчасини қайтиб берамиз”, деб эълон қилди. Бу нарса ҳалол ҳисобланади.

Ҳозирги кундаги ислом молияси бўйича кўзга кўринган олим Муҳаммад Тақий Усмоний “Фиқҳул буюъ” китобида буни ҳадя деб атаган:
“Айрим савдогарлар маълум миқдорда маҳсулотларини сотиб олган харидорларга мукофот, бонус бериш одати жорий бўлган. Бу мукофотларни гоҳида қуръа ташлаш йўли орқали беради. Савдогар бу ишни қилишдан мақсади одамлар унинг маҳсулотни кўпроқ сотиб олишлари учун қизиқтириш мақсадида қилади. Бу савдогар томонидан ваъда қилинган инъом, ҳадя ҳисобланади”.

Кешбек ҳақида Ҳиндистон Дорул улум фатво марказида қуйидагича савол-жавоб келтирилган:
Савол: “Масалан, бирор нарсани онлайн сотиб олинганда кешбек берилади. Бу жоизми?”.
Жавоб: “Бу пуллар рағбатлантирувчи мукофот бўлиб, олиш жоиз”.

Хулоса қиладиган бўлсак, турли иловалар орқали бериладиган ғарар (алдов) ва рибо аралашмаган кешбекни мукофот ёки бонус, деб тушунса бўлади ва буни олиш жоиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook | Telegram
ОЛТИН ҚЎШИЛГАН ТАОМ ЕЙИШНИНГ ҲУКМИ
#ҳалол_ҳаром
#таомланиш
#исроф #кибр

1119-CАВОЛ: Ҳозирда олтинни ош, кабоб ёки пиццага қўшиб тайёрлаш урф бўлмоқда. Динимизда ушбу таомларни тановул қилиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Олтинни ўзини ейиш ёки уни бирор таомга қўшиб тановул қилиш динимизда дуруст эмас.
Биринчидан, аслида олтин ва кумуш нақд пул ҳамда аёлларга зийнат қилиб яратилган. Уни ейдиган нарсага айлантириш жоиз эмас. Бундай қилиш шаръий ва инсоний урфга зиддир. Чунки бирор бир миллат, дин ёки жамият олтин ва кумушни таом сифатида қабул қилмаган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай деган:

وَقُلْنَا يَا آَدَمُ اسْكُنْ أَنْتَ وَزَوْجُكَ الْجَنَّةَ وَكُلَا مِنْهَا رَغَدًا حَيْثُ شِئْتُمَا وَلَا تَقْرَبَا هَذِهِ الشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ الظَّالِمِينَ

“Биз айтдик: «Эй Одам, сен ва жуфтинг (Ҳавво) жаннатда яшангиз ва хоҳлаган жойларингизда ундан (неъматларидан) бемалол тановул қилингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангиз, (акс ҳолда) золимлардан бўлиб қолурсиз” (Бақара сураси,35-оят).

Ушбу оятда емаслик керак бўлган нарсани ейиш зулм, деб эътиборга олинмоқда. Демак, тилла ёки кумушни ейиш ҳам зулм ҳисобланади.

Иккинчидан, олтин ва кумушдан ясалган идишларда таомланиш ва ичиш ҳам жоиз эмас. Пайғамғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар:

"لَا تَشْرَبُوا فِي آنِيَةِ الذَّهَبِ وَالفِضَّةِ" (متفق عليه)
“Олтин ва кумуш идишларда (таом ва сув) ичманглар...” (Муттафақун алайҳ).

Уламоларимизнинг сўзларига кўра, бу қайтариқнинг сабаби олтин ва кумуш идишларда еб-ичиш кибр ҳамда фахрга олиб боради ва фақир инсонларнинг кўнглини синдиради. Ушбу салбий сифатлар олтинни идиш сифатида ишлатгандан кўра олтинни истеъмол қилишда кўпроқ топилади. Бу эса ўз навбатида инсон қалбидаги бандалик сифатини йўқолишига сабаб бўлади.

Учинчидан, бу молни исроф ва зое қилиш ва неъматларнинг қадрини ерга уриш ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом еб-ичиш, садақа ва кийинишда исроф қилиш ҳамда кибрга кетишдан қайтариб шундай деганлар:

كُلُوا واشرَبوا وتَصدَّقوا والْبَسوا ما لم يخالِطْهُ إسرافٌ أو مَخيَلةٌ (رواه الامام ابن ماجه)

“Модомики исроф ва кибр аралашмас экан енглар, ичинглар, садақа қилинглар ва кийинглар” (Имом Ибн Можа ривояти).

Бошқа ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло қийлу қол (миш-миш тарқатиш), кўп савол бериш ва молни зое қилишингизни ёмон кўради”, деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Тўғри, айрим табиблар шифо мақсадида кам миқдорда олтин истеъмол қилишни тавсия қилган бўлиши мумкин. Бу заруратда бошқа дори қолмагани учун “ҳаром билан даволаниш” бобидан бўлиб, алоҳида мавзу ҳисобланади. Лекин одатдаги ҳолатда тилла ва кумушни таомга қўшиб ейиш ҳалол эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ПИЁДАЛАР ЙЎЛАГИНИ ТЎСИБ ҚЎЙИШНИНГ ҲУКМИ
#ҳалол_ҳаром

1128-CАВОЛ: Ҳозирги кунда кўп қаватли уй ва ҳовлиларга тегишли пиёдалар йўлакларини темир панжаралар қуриб, мевали дарахтлар экиб ёки гулзорлар қилиб йўлакларни тўсиб қўйиш, қурилиш молларини ҳафталаб кўчаларда қолдириш, умумий фойдаланадиган жойларни автотураргоҳ қилиб олиш холатлари кузатилмоқда. Бу ишлар оқибатида пиёдалар, хусусан мактаб ўқувчилари автомобил йўлидан юришга мажбур бўлмоқдалар, гоҳида автоҳалокатлар ҳам учраб турибди. Динимизда кўчаларни, аҳоли фойдаланадиган жойларни ўз манфаати учун тўсиб олиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аҳоли фойдаланадиган жойлар, автомобил йўллари ҳамда пиёда йўлаклари барча баробар фойдаланадиган жойлар ҳисобланади. Ҳеч кимнинг уни эгаллаб олишга ҳаққи йўқ.

عن حذيفة بن أسيد رضي الله عنه: أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: ((من آذى المسلمين في طرقهم، وجبَتْ عليه لعنتهم))

Ҳузайфа ибн Усайд разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким мусулмонларга уларнинг йўлларида озор берса у одамга, уларнинг лаънати вожиб бўлиб қолади” (яъни уларни лаънатига ҳақли бўлиб қолади) деганлари ривоят қилинади. (Имом Табароний ривояти).“Баҳрур роиқ” китобида:

ومن أخرج إلى طريق العامة كنيفا أو ميزابا أو جرصنا أو دكانا فلكل نزعه... فقال شمس الائمة: إن كان الاحداث يضر بأهل الطريق فليس له أن يحدث ذلك، وإن كان لا يضر بأحد لسعة الطريق جاز له إحداثه فيه ما لم يمنع منه .

Яъни: “Бирор киши омма йўлига ҳожатхона қурса, ё сув тарновини чиқариб қўйса, ёки минора ё дўкон қурса кўчадан фойдаланувчи ҳар бир киши уни бузиб ташлашни талаб қилиш ҳаққига эга бўлади. Шамсул аимма айтадилар: Оммани йўлига ўз фойдаси учун бирор нарса қуриш, йўлдан фойдаланувчиларга зарар қилса, дуруст эмас. Бироқ йўл кенг бўлиб, ҳеч кимга зарар қилмаса, фойдаланувчилардан қаршилик ҳам бўлмаса, бу дурустдир,” дейилади.

Ҳадиси шарифларда, мусулмонларнинг йўлларидан озорни олиб ташлаш, йўловчиларга кенг шароит яратиш савобли ишлардан экани таъкидланади.

Абу Барза ал-Асламий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: “Ё Расулаллоҳ! Мени бирон ишга буюринг, шуни қилиб юрай”, дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлдан озорни четлатинг, шу сиз учун садақа бўлади”, дедилар (Имом Бухорий "Ал-адабул-муфрад"да ривоят қилганлар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўл устидаги мусулмонларга озор берадиган бир дарахт (бута)ни кесиб ташлагани сабабли жаннатда кезиб юрган бир кишини кўрдим, деб айтдилар” (Имом Муслим ривоятлари).

Юқорида ўтган иборалардан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:
Аҳоли фойдаланадиган жойларни, пиёдалар йўлакларини темир панжаралар билан беркитиб қўйиш, мевали дарахтлар экиб ёки гулзор қилиб тўсиб қўйиш ҳолатлари, автомобил йўлларида қурилиш молларини ҳафталаб қолдириш, йўловчиларга ва маҳалла аҳолисига зарар берса дуруст эмас.

Ҳеч кимга зарар бермайдиган ва бирон шахс эътироз билдирмаган ҳолатларда вақтинчалик фойдаланиб туриш мақсадида бу ишларни қилиш жоиз ҳисобланади. Лекин масъул томонлар ёки шу йўлдан фойдаланиш ҳаққига эга ҳар қандай шахснинг талаби билан бу нарсалар бартараф қилиниши лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

Telegram | Instagram | Facebook
ҲАЙДОВЧИ ЮККА МАСЪУЛ БЎЛАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром #савдо

1150-CАВОЛ: Маълумки, ҳозирги кунда ҳайдовчилар одамларни манзилларига элтиш билан бирга баъзи юкларни ҳам ташийдилар. Уларни урфида бу юклар “почта” дейилади. Улар мазкур “почта”ларни манзилига элтиб бергани учун хизмат ҳаққи оладилар. Ушбу ҳайдовчилар мазкур юклар, яъни “почта”лар учун масъул ҳисобланадиларми? Агар ҳайдовчи ўзи “юкка жавоб бераман” деб хизмат ҳаққини кўпроқ олсачи?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Бу ижарага тегишли масала бўлиб, саволдаги ҳайдовчилар шариатда “Ажийри муштарак” дейилади. Яъни одатда ёлланма ишчилар икки турга бўлинадилар. 1-“Ажири хос” яъни махсус бир киши ёки аниқ бир муассаса учун ишлайдиган ишчи-ходимлар. 2-“Ажири муштарак” яъни умумий ишчилар бўлиб, улар бир киши ёки аниқ бир ташкилотга эмас, балки барча учун хизмат қиладиган такси ҳайдовчилари, тикувчилар ва иморат усталари каби ёлланма ишчилардир. Ажири хос юкка масъул бўлмайди. Чунки юк унинг қўлида омонат бўлиб, омонатга унинг айбисиз талофат етса, тўлаб бериши вожиб бўлмайди. Аммо унинг айби ёки бепарволиги туфайли зарар етса, албатта уни тўлаб беради.

(ولا يَضْمَنُ) أَي الأَجِيْر الخَاصّ (ما هَلَكَ في يَدِهِ) بالإِجْماع، (أَوْ بِعَمَلِهِ) المعتاد

Яъни: “Ажири хос барчанинг ижмоъси билан қўлида ҳалок бўлган, ёки одатий иши сабабли талофат етган нарсага зомин бўлмайди”. (“Фатҳу бобил-иноя” китоби).

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ажири муштаракда ҳам ҳукм худди шундай деб айтганлар. Аммо Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар раҳимаҳумаллоҳ ажири муштарак зомин бўлади, яъни қўлидаги юкка зарар ёки талофат етса, тўлаб бериши лозим бўлади, деб айтганлар. Лекин ғолиб келувчи умумий офат бундан мустаснодир. Яъни ҳайдовчи юкни олиб кетаётган пайтида унга боғлиқ бўлмаган табиий офат ёки унинг айбисиз автоҳалокат, ёнғин, сувга ғарқ бўлиш кабилар туфайли у олиб кетаётган юкка зарар етса, албатта, икки имомга кўра ҳам ҳайдовчи зомин бўлмайди. Бу ҳақида шундай зикр қилинган:

"وَفِي التَّبْيِينِ وَبِقَوْلِهِمَا يُفْتَى الْيَوْمَ لِتَغَيُّرِ أَحْوَالِ النَّاسِ وَبِهِ يَحْصُلُ صِيَانَةُ أَمْوَالِهِمْ"

“Табйин” китобида ёзилишича, бугунги кунда инсонларнинг ҳолатлари ўзгаргани эътибори билан Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг қавлларига фатво берилади. Шу йўл билан одамлар молларининг муҳофазаси ҳосил бўлади” (“Дурарул-ҳуккам” китоби).

“Шарҳул-виқоя” китобида бу ҳақида шундай дейилади:

"اِعلَمْ أَنَّ الْمَتاعَ فِي يَدِهِ أَمانَةُ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ رَحِمَهُ الله فَلَا يَضْمَنُ إلَّا بِالتَّعَدِّي كَمَا فِي الْوَدِيْعَةِ وَ عِنْدَهُما يَضْمَنُ إلّا إذا هَلَكَ بِسَبَبٍ لَا يُمْكِنُ الْاِحًتِرازُ عَنْهُ كَالْمَوْتِ حَتْفَ أَنْفِهِ وَ الْحَرْقِ الْغَالِبِ"

Яъни: “Билингки, унинг (ажири муштарак) қўлидаги мато Абу Ҳанифанинг (раҳимаҳуллоҳ) наздиларида омонатдир. Шунинг учун у унга зомин бўлмайди, магар хиёнат қилсагина тўлаб бериши вожиб бўлади. Икки имомга кўра эса ажири муштарак зомин бўлади. Фақатгина, ўлим, ғолиб келувчи ёнғин каби одатда сақланишнинг имкони бўлмаган ҳолатлар бундан мустаснодир”.

Шунга кўра, умумий ҳайдовчилар маълум бир ҳақ эвазига ташиб берадиган юкларига масъул ҳисобланадилар. Хусусан, юкка жавобгарлик эвазига хизмат ҳаққини кўпроқ бўлишига келишилган бўлса. Чунки бу ҳақида шундай таъкидланади:

"إذا شرط الضمان هنا صار كأن الأجرة في مقابلة العمل و الحفظ جميعا ففارق الوديعة التي لا أجر فيها"

Яъни: “Ажири муштарак матога зоминликни шарт қилган бўлса, гўёки бир вақтнинг ўзида ҳам иши ва ҳам матонинг муҳофазаси учун ҳақ олган бўлади. Шунинг учун ҳам бу ҳолат ҳеч қандай ҳақ тўланмайдиган омонатдан фарқлидир” (“Шарҳул виқоя” китоби).

Демак, ҳайдовчи юкка жавобгарлик шарти эвазига кўпроқ ҳақ олишга келишган бўлса, зомин бўлиши янада қатъий бўлади. Чунки у бу ҳолатда икки нарса: юк ташиш ва унинг муҳофазаси учун ҳақ олаяпти. Илло юқорида зикр этилгани каби унга боғлиқ бўлмаган умумий кутилмаган талофатлар, табиий офатлар сабабли юкка зарар етса, бу ҳолатда ҳайдовчи зомин (зарарни қоплаб берувчи) ҳисобланмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

Telegram | Instagram | Facebook

MUSLIM.UZ GA 😎 OBUNA BO'LING VA ULASHING🗣
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM