Muslim.uz
99.6K subscribers
18.6K photos
5.25K videos
114 files
17K links
🌙 O'zbekiston musulmonlari idorasi
muslim.uz portali.

📩 Murojaat uchun:
@Muslimuzadmin2bot

Diniy savollar uchun
+998781503344

🔹Batafsil: https://taplink.cc/muslimuz
Download Telegram
Ободлик ва эътиқод шарафномаси
#Шеърият

Хукуматимшз эътибори билан Сурхондарёдаги Абу Исо ва Ҳаким ат-Термизий ёдгорлик мажмуалари обод этилаётганлиги муносабати билан

Ассалом, бобожон - Исо Термизий,
Рўйи замин узра довруқ солган зот.
Суламий рутбасин юксак кўтариб,
Ҳам Буғ қишлоғида қолдирдингиз от.

Ёшлик йилларингиз ўтган бу жойлар,
Сиз ад-Дарир бўлгач, сирларга тўлди.
Онгингиздан илм очиб чиройлар.
Илмингиздан кўплар баҳраманд бўлди.

Ироқу Исфаҳон, Макка, Мадина,
Пойи қадамингиз сурди кўзига.
Не султон бермоқчи бўлди хазина,
Сиздек улуғ зотнинг битта сўзига.

Қироат, ҳадис, фиқҳ, илми баёндан,
Не-не устозларда олдингиз таълим.
Ўздингиз ўзингиз турган замондан,
Сизга бутун олам айлади таъзим.

Ал-Бухорий билан учрашган замон,
Нишопур нурларга тўлди шубҳасиз.
Беш йил ул зот билан юриб ёнма-ён,
Аллоҳ ҳикматини дилга тугдингиз.

Тан бериб жўнади улуғ мухаддис,
Сендан баҳра топдим, ташаккур-деди.
Бухорийдан буни эшитмоғингиз,
Сиз учун энг улуғ эътибор эди.

"Ал-илал-фил Ҳадис" каби китоблар,
Нури ақлингиздан ёришган офтоб.
Эрк сабаб сиз каби зоти ноёблар,
Пойига юрт келиб айлади тавоб.

Шерободдаги ул азим ёдгорлиқ,
Ўн иккинчи аср иншоотидир.
Ҳайбатидан мудом ҳайратда борлиқ,
Хар ғишти ўтмишнинг баёнотидир.

Уч хонали бўлма, сўнгра айвонлар,
Сукут ичра ботган, жонли бир тарих.
Ўтсада орадан неча замонлар,
Унинг баёнига ожиздир таъриф.

Кезиб бу дунёни улуғ муҳаддис,
Топдингиз охири шу ерда макон.
Ҳамон тилимизда, дилимиздасиз,
Номингиз шараф-ла ёдлагай замон.

Мусулмонман деган сизни ўқисин,
Чақиб каломингиз мазмунан теран.
Давлатим раҳбари, минг карра таҳсин,
Аҳли илм ила бир жону бир тан.

Эзгу ташаббусдан барчамиз мамнун,
Президент борди Сурхондарёга
Яна сизни йўқлаб келади очун,
Яна йўл очилди нурга-зиёга.

Сағаналар қайта касб этади файз,
Юраклар ғурурга тўлади чандон.
Бизга ҳикматлардан ўтаверинг дарс,
Руҳингиз шод бўлсии азиз бобожон.
II

Ассалом, Ал-Ҳаким Термизий бобо,
Ҳасан ибни Башир-илми уммон зот.
Субкий ва Бағдодий, Асқалон доно.
Умрингиз мазмунин қилмиш ҳикоят.

Илм олиб, ўрганиб ҳаёт асрорин,
Ёзган асарингиз тўрт юздан зиёд.
Жойлаб сиз аларга кўнгилда борин,
Англатдингиз - недир асл эътиқод.

Қўлёзмаларингиз жахонга тарқаб,
Не-не кўнгилларга таратар зиё.
Гуё Абу Исо бобога ўхшаб,
Термизни сиз боис таниди дунё.

Ал-Ҳаким деб аҳли замон суйдилар,
Номингиз тилларга кўчди ул замон,
Сизга ихлос ила мехр қўйдилар.
Қолмади қалбингиз ичра хеч армон.

Машаққат-ла йиғиб мисқоллаб билим,
Мутасаввуфларга дастур қилдингиз.
Феълингизда мудом барқ уриб ҳилм,
Мўминлик зийнатин шунда билдингиз.

Вақт ўтиб Термизда топдингнз қўним,
Ҳазрат соҳибқирон солдилар назар.
Бугунги ободлик яйратар кўнглим,
Авлодлар меҳрини юрагим сезар.

Аждодларин эъзоз этган бўлмас кам,
Азиз боболарим, руҳингиздир шод.
Президент ёнида барча эл бирдам,
Бу икки манзилни айлагай обод.

Термизийлар номин айлаб эҳтиром.
Яна келар бунга зиёратчилар.
Ўқилган чоғида тиловат-калом,
Қалбга яна иймон нури томчилар.

Истиқлол туфайли бундай имконлар,
Эътиқод боғидан юлинди тикон.
Бизга орзу эди бундай замонлар,
Хайрият, яралди шундай зўр имкон.

Жами эҳтиромин қалбига жойлаб,
Абдулаҳад ёзар ғурурин бир-бир.
Азизлар номини асраб-авайлаб,
Юрган инсонларга чексиз ташаккур.

Давлатим ҳамиша гуркираб-ўссин,
Улуғлар макони - ҳур Ўзбекистон.
Тарихидан олиб фахр туйғусин,
Ёзай янги-янги шеър ила достон.

Олмашумул шундай боболарим бор,
Истиқлол тонгида юз очган мамнун.
Улар то умрбод бизга ифтихор,
Номини шарафлар тамоми очун.

Бугун давлатимиз эътиборида,
Очилмоқда ушбу зиёратгохлар.
Мехмонлар дуркундир саф-қаторида,
Қувонч шуъласини сочар нигохлар.

Термизий аждодлар шаънин улуғлаб,
Рўйи замин зукко ўғлонлари жам.
Эзгу зиёратдир дилдаги матлаб,
Хуш келибсиз азиз мехмонлар бу дам.

Қадамларингизга бўлсин хасонат,
Қадимий Термизнинг хуш мехмонлари.
Насибингиз бўлсин юксак даражот,
Илму маърифатнинг нуктадонлари.

Абдулаҳад Қори Шаҳрихоний Бўз туман бош имом хатиби 2017 йил феврал

@muslimuzportal каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
Учиб юрувчи таксилар ишга тушди
#Янгиликлар

Бирлашган Араб Амирлиги – ғаройиб кашфиётлар, ажойиб янгиликлар билан дунё аҳлини ҳайратга солишда давом этмоқда. Бугун, Дубай шаҳрида, дунёда биринчи бўлиб, самода учиб юрувчи автомобилнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Самода йўловчи ташишга мўлжалланган, ушбу махсус автомобиллар Дубай автомобил йўллари ва транспорт бошқармаси ва Хитойнинг EHANG компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилди.

Тақдимот тадбирида таъкидланганидек, эндиликда, Дубай аҳолиси ва шаҳар меҳмонлари, нафақат, ерусти такси хизматидан, балки самода учиб юрувчи таксилар хизматидан ҳам фойдаланишлари мумкин.

EHANG184 учувчи автомобиллари автомат режимда ишлайди. У йўловчи ўриндиғининг олд томонида жойлашган сенсорли экран орқали бошқарилади. Харита орқали аниқ манзил кўрсатилгач, мослама йўловчини белгиланган жойга олиб бориб қўяди. Ушбу қурилмалар ерда жойлашган марказий бошқарув пулти орқали доимий назорат қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳаво такси хизмати, жорий йилнинг июль ойидан бошлаб, тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.

Илҳом МАЪРУПОВ тайёрлади.

@muslimuzportal каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
Гуноҳи кабиралар
#Фиқҳ

...Баъзи уламолар гуноҳи кабираларни еттита, деганлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифини ҳужжат қилганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалок қилувчи еттита гуноҳдан сақланинглар», дедилар. «Улар қайсилар, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашганида, «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, етим молини ейиш, судхўрлик, душмандан ортга чекиниш, бузуқ хаёл билан покдомон мўмина аёлларга туҳмат қилиш», дея жавоб берганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса: «Гуноҳи кабиралар еттитадан кўра, етмиштага яқинроқ», деганлар. Юқоридаги ҳадисда эса, гуноҳи кабиралар сони еттита эмас, балки мазкур еттита амал гуноҳи кабиралардан экани баён қилинган, холос...
Батафсил: https://muslim.uz/index.php/fiqh/item/2302-guno-i-kabiralar

@muslimuzportal каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
#Янгиликлар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Имом Термизий халқаро марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланиши эътиборга олинсин:

ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш;

юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан доимий иш олиб бориш;

турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш;

Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш;

мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар ҳамда буюк мутафаккирларимизнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

маънавий меросимизни ўрганишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланишга доир тегишли илмий ишланма ва тавсияларни тайёрлаш.

3. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда бир ой муддатда Марказнинг тузилмаси ва Низомини тасдиқлаш, унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш тавсия этилсин.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Марказ биноси ва унинг кутубхонасини қуриш, зарур моддий-техник база ва инфратузилмаларни барпо этиш ҳамда ривожлантириш лойиҳаларини тасдиқлаш ва амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
4. Марказ фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Термизий ёдгорлик мажмуаси, ҳомийлик хайриялари ҳамда хорижий мамлакатлар ва халқаро диний-илмий марказларнинг маблағ ва грантлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин.

5. Маҳаллий ва хорижий юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг қурилиш ва ободонлаштириш ишларига йўналтириладиган маблағлари учун Марказнинг ҳисоб рақами очиқ экани қайд этилсин.

Марказни ташкил этиш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳомийлик хайриялари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан озод қилинсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М.Султонов зиммаларига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2017 йил 14 февраль

@muslimuzportal каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
Асаблар янада таранглашди...
#Мақолалар

Уйда ёлғиз қолган эр дастрўмолчасини қидириб, тополмади. Асабийлаша бошлади... Тахмондаги барча кийимларни ерга улоқтириб, уни “астойдил” излаган бўлди. Топилмади. Аксинча, устма-уст қалашган ва аралаш кийимлар орасидан бир парча матони топиш янада мушкул ҳолга келди. Умид узилди. Асаблар янада таранглашди. ...

Телевизорда футбол томоша қилиб ўтирган ўйин ишқибози овоз баландлигидан қониқиш ҳосил қилмади чоғи, бошқарув пультини қўлга олди. Аксига овоз кўтариш кнопкаси ишламай қолди. Пешонаси тиришди. Асабийлаша бошлади... Кнопкани янада қаттиқроқ босди. Кнопга бечора ҳам борича эзилди. Барибир ишламади. Кейин пультнинг орқасини кафтига такрор-такрор урди ва ҳалиги кнопкани яна босди. Натижа бўлмади. Алалоқибат, пультни қоқ “бели” билан кучи борича хонтахтага урди. У синиб, бўлак-бўлак ҳолича сочилиб кетди. “Натижа”ни кўргач футбол кўришдан ҳам хафсаласи пир бўлди. Асаблар янада таранглашди. ...

Сув трубасига нимадир бўлди шекилли, сув унинг жумрагидан яхши оқмай қолди. Махсус каттакон ключни олиб, унинг жағини трубанинг қайрилган қисмидаги уланмага солди. Уёқ-буёққа бураб кўрди. Бўшамади. Асабийлаша бошлади... Ключни баланд кўтариб, унинг муштдек темир бошини пластмасса трубанинг ялонғоч баданига забр билан солди. Труба чўрт синди. Унинг қорнини ёргудек бўлиб соатлаб оққан сув ҳамма томонни кўлга айлантирди. Пастки қаватдаги қўшнилар “дод” солди... Асаблар янада таранглашди. ...

Орадан бироз вақт ўтиб ҳар учала ҳолат “қаҳрамонлари” сўнги қарорларидан пушаймон бўлишди.

Унутманг ва ёдда тутинг!

Ҳакимлар шундай дебдилар:

يترك باللين ما لا يترك بالعنف،

و ما صاحب الرفق أمرا إلا زانه،

Қўпол куч билан ечими топилмаган ишлар оҳисталик билан ечим топади.

Қайсики ишда ОҲИСТАЛИК ва ФАРОСАТ ҳамроҳ бўлса – бу фазилатлар ушбу ишга зийнат ато этади!

НУРАЛИ Мавланов,
Зангиота тумани бош имом-хатиби

@muslimuzportal каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
Оналар мўътабар
#Мақолалар

Она қанча фидойилик ила инсон деган ажиб хилқатни дунёга келтиради. Саҳиҳ ҳадисларда аёлни эъзозлаш, қадрлашга чақирилади: “Жаннат оналар оёғи остидадир”, “Аввал онангга, онангга, яна онангга, кейин отангга яхшилик қил”. Бежиз оналарни эъзозлаш, ҳурмат қилишга чақирилмайди. Чунки она 9 ой фарзандини “заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди” (Луқмон, 14). Фарзандини икки йўлнинг ўртасида туриб дунёга келтиргач, яна янги бир фидойилик китоби очилади. Тунни кунга, кунни тунга улаб, уни парваришлайди. Ўзи емай-ичмай жигарбандига тутади. Унинг сиҳати йўлида керак бўлса, жонидан кечади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир” (14-оят).

Бироқ ҳамма бирдек ана шу мўътабар инсоннинг қадрига етаяптими? Йўқ, бугун аксариятимиз динимизнинг ана шу ҳаётбахш амрларига итоат этмаслигимиз сабабли миллий қадриятларимиз унутилиб бормоқда. Оналаримиз кексайганида, уларни хор қилиб қўймоқдамиз. Очиқ айтиш керак, ўз онасини жеркиб, тўғри насиҳатини эзмаликка йўяётганлар, ёинки қаровсиз қолдириб, кексалар уйига олиб бориб ташлайдиганлар йўқми? Афсуски, бор. Замон ривожланиб, яшаш шароити енгиллашгани сари уларнинг кўпайиб бораётгани кишини ажаблантиради.

Яқинда бир воқеани эшитиб, оғриниб кетдим. Ҳакам танишим вақтида болаларини ўқитиб, уйли-жойли қилиб, кексайганида қаровсиз қолгани, қўни-қўшнилар маслаҳати билан болаларидан алимент ундириш учун ариза берганини айтиб қолди. Наҳотки оқ ювиб оқ тараган онага меҳр бериш, унинг хизматини қилиш, кўнглини кўтариш, далда бўлиш шунчалар қийин бўлса? Ахир оналарга эътибор кўрсатиш, бир оғиз ширин сўз айтиш, меҳрига меҳр билан жавоб қайтариш керак эмасми? Бир ғариб кўнглини олмоқ ҳаж ибодатига тенглаштирилган-ку! Ота-она дунёдан ўтгандан сўнг қабри устида минг соат йиғлаб тургандан, тириклигида бир бора йўқлаш, умримизга, ризқимизга барака ёғдирадиган дуоларини олиб қолиш керак-ку! Эҳ одамлар, одамлар, қаерга қараб кетаяпмиз?!

Бугун қилаётган ҳар бир хатти-ҳаракатларимиз эртага фарзандимиздан қайтишини унутмайлик. Нима эксак, ўшани ўрамиз.

“Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзанд ўз волидини қул ҳолида кўриб, сотиб олиб, озод қилсагина уни (ҳаққини) адо этган бўлади”, дедилар”. Ваҳоланки, биз дориломон замонда, фараҳли кунларда яшаяпмиз. Биз уларни озод ва бахтиёр кўриб улғайганмиз. Улғайиб, энди ўзимиз ота-она бўлганимизда волидаларимизни эъзозлаб, уларнинг ҳаққини адо этиш фарзимиз эканлигини унутмайлик.

Зебо ОМОНОВА

@muslimuzportal каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
#КУТУБХОНА
📚 ХАЙР-ЭҲСОН ФАЗИЛАТЛАРИ

Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр-савоблар бўлиши хабарини берган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ушбу янги китобида мусулмонлар ҳаѐтида садақа ва хайр-эҳсоннинг ўрни ва бу яхши амалнинг фазилатлари ҳақида сўз юритилади. Мусанниф садақа, хайр-эҳсонга тарғиб қилинган Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларни келтириш билан бирга, уларни кенг шарҳлайди. Солиҳ салафлар, аждодларимиз ҳаётидан бу борадаги ибратли воқеаларни ҳикоя қилади.

Китобнинг тўлиқ файли ушбу манзилда
➡️ https://muslim.uz/index.php/kutubxona/item/2317-khajr-e-son-fazilatlari

@muslimuzportal каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
Кўк чой ичиш мумкин бўлмаган ҳолатлар
#Табобат

Кўк чой юрак ритмини издан чиқариши мумкин, қон босими паст юрадиган кишиларда эса, уни яна пасайтириб юбориши мумкин.

Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, баъзи кишиларга кўк чой ичиш ярамайди.

Бу хусусан, юрак-қон томир тизимида хасталиги бор кишиларга тааллуқлидир.

Шунингдек, ўниккибармоқли ичагида касаллиги бор кишиларга ҳам кўк чой ичиш мумкин эмас. Бундай ҳолатда кўк чой ичиш ошқозон ва ичакларга зарар етказади.

Кўк чой ичишдан қалқонсимон безларида касаллиги бор кишилар ҳам ўзларини тийишлари лозим. Эмизикли оналар кўк чой ичишлари уларнинг тиниқиб ухлашларига зарар қилади.

Кўк чойда мавжуд бўлган кофеин ва теофилин моддалари тахикардия хасталигини келтириб чиқариши мумкин ва асаб тизими фаолиятини издан чиқариши мумкин.

Глаукома ва подагра касалликлари бор кишиларга бу чойни ичиш тавсия этилмайди.

Чой қанча кўп дам еса, ундаги пурин кислотаси шунчалик кўпаяди.

Бундан ташқари кўк чойни чекланмаган кўп миқдорда ичиш мумкин эмас. Бу эса, буйракларда тош пайдо бўлиши хавфини туғдиради.

Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади.

@muslimuzportal каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
Донишманд ўгити
#Ибратли_ҳикоялар

Бир шаҳарда донишманд яшаган экан. Турли жойлардан унинг олдига маслаҳат учун одамлар келишар экан. У одамларга қимматли маслаҳатлар берар экан. Унинг овозаси узоқ-узоқ ўлкаларга етибди.

Бошқа бир шаҳарда донишмандлиги билан донг таратган бир одамнинг қулоғига ҳам бу хабарлар етиб борибди. У одамлар орасида ўз обрўсини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, ўзининг ўша донишманддан устунлигини исботламоқчи бўлибди ва шундай режа тузибди. "Бир капалакни тутиб, икки кафтим орасига олиб, ҳамманинг олдида донишманднинг олдига бораман. "Кафтим орасида нима бор?" деб сўрайман. Албатта у капалак, деб жавоб беради. Шунда мен: "У тирикми ёки ўликми?" деб сўрайман. Агар у тирик, деса, мен кафтимни билдирмасдан сиқиб, очганимда ҳамма капалакнинг тирик эмаслигини кўради. Агарда у капалакни ўлик, деса, мен кафтимни очиб, уни учириб юбораман, ҳамма капалакнинг тирик эканини кўради, шунда барча унинг хато қилганини сезади", деб ўйлабди.

У аётганини қилиб, капалакни олиб донишманднинг олдига борибди ва "Қўлимдаги нима?" деб сўрабди. "Капалак", деб жавоб берибди донишманд. "У тирикми ёки ўликми?", деб сўрабди келган донишманд. "Бу энди сенга боғлиқ", деб жавоб берибди донишманд унинг кўзига қараб.

Билгинки, ўзингнинг кучингга ортиқча баҳо беришинг сени ҳам мана шундай уялтириб қўйиши мумкин. Донишмандлар: "Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил", деб бежиз айтишмаган.

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

@muslimuzportal каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
Forwarded from Hidoyat.uz
Абулмафохир Кардарий
#Мовароуннаҳр_уламолари

Имом Абдулғафур Кардарий ибн Луқмон (баъзи манбаларда Нўъмон) ибн Муҳаммад, Шарафул қузот (қозилар фахри), «Тожуддин» (дин тожи), «Абулмафохир», «Шамсул аимма» лақаблари билан шуҳрат қозонган. Хоразмнинг Кардар (ҳозир Қорақалпоғистоннинг Нукус тумани) минтақасига мансуб бўлиб, даврининг атоқли алломаси эди.

Султон Нуруддин Муҳаммад Занкий даврида Ҳалабнинг қозиси бўлган ва шу ерда 562 ҳ. (1166 м.) йили вафот этган.

У ҳанафий мазҳабида фиқҳ ва усулул фиқҳ мавзуларида бир неча китоблар ёзиб қолдирган ва машқур фиқҳ китобларини шарҳ қилган.

Унинг қуйидаги асарлари маълум: «Ал-Муфид вал мазид фи шарҳит Тажрид». Бу китоб устози Абулфазл Абдураҳмон ибн Муҳаммад Кирмонийнинг «Тажрид» китобига ёзилган шарҳдир. У уч жилддан иборат.

Кафавий хабар беришича, унинг қўлида ушбу китобнинг иккинчи жилдидан бир нусхаси бўлиб, асар «Ал-Мазид вал муфид» деб номланган экан. У Абдулғафур Кардарийнинг шогирди Шайх Шиҳобуддин Абулфазл Муҳаммад ибн Юсуф Али Ғазнавий хати билан ёзилган. Бу нусха «Никоҳ» китоби билан бошланиб, «Ширкат» китоби билан якунланган экан.

«Шарҳул жомиъ ал-кабир», «Шарҳул жомиъ ас-сағир», «Ҳайратул фуқаҳо». Бу сўнгги китобда фиқҳий масалалар келтирилган бўлиб, улар фиқҳ китобларининг боблари асосида тартибга солинган. Лекин бу китобнинг фарқли томони, унга киритилган масалаларнинг ечими фақиҳларни ҳайратда қолдирар ва олимларни жавоб беришда қийнаб қўяр эди. Кафавий хабар беришича, бу китоб ўша даврда қўлдан қўлга ўтиб юрган, Кафавийнинг қўлида ҳам доим унинг бир нусхаси мавжуд бўлган.

«Зиёдот», «Усулул фиқҳ». Бу китоб «Усулул Кардарий» номи билан ҳам юритилади. «Ал-Интисор ли Аби Ҳанифа фи ахбориҳи ва ақволиҳи» (Хабарлари ва сўзлари бўйича Абу Ҳанифанинг ғалабаси).

Шайх Абдулазиз МАНСУР

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Ибодат қилувчи тоғ
#Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Аллоҳга сажда қилаётган одамга ўхшаган тоғ сурати кенг тарқалди. Ушбу ғаройиб тоғ Хайя шаҳри яқинидаги “Ал-Баҳр ал-Аҳмар” номли Судан қишлоғида, Абу Самр темир йўл бекатидан шарққа қараб 8 км узоқликда жойлашган. Энг ажойиби шундаки сажда айнан Каъба тарафга йўналган.

Моҳира Зуфарова тайёрлади.

@muslimuzportal каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
Ё ҳаёт, ё мамот масаласи
#Мақолалар

Абдулла Авлоний: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур”, деган эди. Дарҳақиқат, оилада фарзанд туғилиши билан унинг ота-онаси ва яқинлари, аввало, уни тарбия қилиш ҳақида қайғурадилар. Исмни ҳам яхши инсон бўлсин, деган пок ниятлар билан энг чиройлисини танлайдилар. Олам-олам орзулар, чақалоқни ҳеч нарсадан кам қилмай улғайтириш керак деган мақсадлар билан ота-она фарзанди учун яшай бошлайди. Бироқ асосий моҳиятни баъзан унутиб қўяди. Тарбия...

“Гарчи ҳар бир инсон бешикдан то қабргача илм олиш қобилиятига эга бўлса‑да, лекин уни болаликдан тарбиялаш таъсирлироқ ва жуда муҳимдир”, деган экан Фитрат. Ҳар бир ота-она ана шу фикрни ҳамиша ёдда тутмоғи лозимдир. Бинобарин, мурғак болалар онгига атрофдагиларнинг ҳар бир сўзи, қилаётган ишлари сақланиб, келажакда мустақил бўлганида ана шу хотиралари билан иш юритади. Демак, фарзанд тарбияси учун аввало оила аъзоларининг ўзи ҳам бевосита ўрнак бўлиши керак...
Батафсил: https://muslim.uz/index.php/ma-olalar/item/2309-jo-ajot-jo-mamot-masalasi

@muslimuzportal каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
Ҳарам ҳудудида хавфсизлик чоралари кучайтирилди
#Янгиликлар

Куни кеча Саудия Арабистонинг Макка шаҳрида, Икки муқаддас масжид хавфсизлигини таъминлаш масалаларига доир йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Масжидул ҳаром ҳудудига олиб кириш таъқиқланган нарса-буюмларни аниқлаш учун махсус сканерлаш қурилмаси ўрнатиш масаласи кўриб чиқилди. Шу кунга қадар, бу каби текширув ишлари, масжид эшиги олдида турувчи хизматчилар томонидан амалга оширилар эди.

Аввал хабар берилганидек, яқинда бир киши Масжидул Ҳаром ҳудудига бензин олиб кириб, Каъба яқинида ўзини ёқиб юборишга уринган эди. Шу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Ҳарам ҳудудида хавфсизлик чораларини кучайтирилмоқда.

Халқаро алоқалар бўлими

@muslimuzportal каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
Ажабтовур айланувчи бино
#Янгиликлар

2020 йилга бориб Дубай шаҳрида, дунёда биринчи бор, доимий ҳаракатланиб турувчи ўсмонўпар бино қурилади. У Дубайдаги аҳоли истиқомат қилувчи энг баланд бинолардан бири бўлиши кутилмоқда. Лойиҳа асосчиси италиялик муҳандис, Девид Фидернинг сўзига кўра, бино 80 қават ва баландлиги 420 метрни ташкил этади. Бинонинг ҳар бир қавати ўз ўқи атрофида 360 градусга айлана олади. Четдан кузатганда, бинонинг доимий ҳаракатланиб турганини кўриш мумкин.

Бу ажойиб бинода истиқомат қилувчилар, ўз хоналаридан туриб, кун чиқиши ва кун ботишини томоша қилишлари мумкин. Бунинг учун фақатгина ўз хонадонларини шарқ ёки ғарб томонга қараб буриб қўйсалар кифоя.

Илҳом МАЪРУПОВ тайёрлади.

@muslimuzportal каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ