Ko'kaldosh madrasasi
7.64K subscribers
19.2K photos
3.07K videos
671 files
17.9K links
"Ko‘kaldosh" o‘rta maxsus islom bilim yurti telegram kanali

Rasmiy sayt va sahifalar:
🌐 taplink.cc/kukaldoshuz

📍 Manzil: Toshkent shahar, Shayxontohur tumani, Navoiy ko'chasi, 46-uy
Qabul-2025 boʻyicha tel.raqamlar +998 71 244 48 27 yoki 712421082
Download Telegram
#Abdulla_Avloniy #Sabr

САБР
Сабр деб бошимизга келган бало ва қазоларга чидамли бўлмакни айтилур. Ҳар бир ишда сабр ва совуққонлик ила ҳаракат қилмак лозимдур. Чунки бошимизга келадурғон бало ва қазо, заҳмат ва машаққатларнинг барчаси жаноби Ҳақнинг иродаси ила ўлдиғи учун буларға сабрсизлик қилган кишилар ажр ва савобдин қуруқ қолурлар. Сабр инсонлар учун буюк бир фазилатдурки, жаноби ҳақ собирларни суяр. Қуръони карим ичида кўп ерда сабрни, собирларни мадҳ қилмишдур. Шариати исломияда жаноби Ҳақ тарафидан келган бало ва қазоға сабр қилмоқ фарзи айндур.
Инсон ҳар бир ишни сабр ва матонат ила юрутса, мақсудига тинч ва роҳатда боруб етар. Ҳамиша саодатда яшар.

Секин борган киши мақсуда етгай,
Шошуб бесабрлар каж йўлга кетгай.
Агар сабринг бўлса нафсингга йўлдош.
Сени тавфиқи раббонига элтгай.

Абдулла Авлоний "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ"

📢ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!
👉https://t.iss.one/kukaldoshuz
#Abdulla_Avloniy #Sabr

САБР
Нафсини сабр ила ром қилган киши ҳар ишда ошиқмай, оҳиста ҳаракат қилур. Нафсини ҳалокатдан, ғурурдан сақлар. Сабр шундай бир кучли нарсадурки, шаҳватни иффатга, ғазабни шижоатга, шиддатни ҳилмга, катталикни тавозуъга, ёмонликни яхшиликға айландурмакға қуввати етар. Шул хусусда сўйланмиш бир ҳадиси шарифнинг маъноси «илм имонли кишиларнинг муҳиби, ҳилм ҳомийси, ақл далили, яхши амал сармояси, мулойимат волиди, афв ахавони, сабр ҳокими виждонидур», – дейилмиш.

Араблар: «Ассабру мифтоҳул-фараҳ» – «сабр шодлиғнинг калидидур», – деюрлар.

Сабр ила ҳар мушкул иш зойил бўлур,
Сабр эдан мақсудина нойил бўлур.
Ҳар кишида бўлмаса сабри жамил,
Нафс кўйина юруб сойил бўлур.
Сабр қилсанг, ғўрадан ҳалво битар,
Сабрсизлар ўз оёғидан йитар.

Абдулла Авлоний "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ"

📢ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!
👉https://t.iss.one/kukaldoshuz
#Abdulla_Avloniy #Hilm

ҲИЛМ
Ҳилм деб бўлар-бўлмас ишга аччиғланмайдурган, арслон юракли, юмшоқ табиатли бўлмоқни айтилур.
Ҳилм инсонларнинг табъидан хусумат, адоват, ғазаб, ҳиддат каби ёмон хулқларни йўқ қиладурган ҳар кимча мақбул бир сифатдур.
Ҳилм илми ахлоқ юзасидан инсонга энг керакли нарсадур.
Нафснинг роҳати, қалбнинг матонати, фикрнинг саломати, виждоннинг ҳаловати ҳалим табиат бўлмоқ ила ҳосил бўлур. Чунки ҳалим кишилар ҳар қанча қувват ва қудрат соҳиби бўлса ҳам, ўзидан ожиз кишиларга шиддат ила муомала қилмас. Фикри саломат кишиларнинг қалби ҳалим, табъи карим ўлур. Зероки, вужудимиздан пайдо бўладирган афъол ва ҳаракотимизнинг манбайи ҳавас ва орзудур. Бу ҳавас ва орзуга фақат ҳилм ила ғолиб келурмиз ва бу васила ила тўғри йўлга кируб, яхши хулқ соҳиби, дин ва миллат ходимларидан бўлурмиз. Дунёда чин инсон бўлмак учун ҳаваснинг қўлига нафснинг жиловини бермайдирган, бўлар-бўлмас нарсалардан аччиғланмайдурган, совуққонли, юмшоқ табиатли, мулойим сўзли, ҳалим ва сабрли бўлмак лозимдур.

Зотига, ҳилмияти мавсуф қилса ҳар киши,
Икки оламда бўлур роҳат, ҳаловатда иши
.

Абдулла Авлоний "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ"

📢ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!
👉https://t.iss.one/kukaldoshuz
#Abdulla_Avloniy #Hilm

ҲИЛМ
Расули акрам набиййи муҳтарам афандимиз: «Алҳилму саййидал ахлоқ – Ҳилм хулқларнинг саййидидур», – демишлар.
Суқрот ҳаким: «Шиддат ила муомала қилган кишиларга ман виқор ва ҳалимлик ила муқобила қилурман, чунки ҳилм шиддатни, хусуматни паст қилур. Лекин кишини ожиз ва хорлик даражасига тушурадурган ҳалимликдан ман безор», – демиш.
Бу сўзга қараганда саховатнинг ифроти исроф ўлдиғи каби ўринсиз ерда ҳилм истеъмол қилмак инсоннинг виқор ва эътиборини поймол қилур. Шунинг учун ҳилмият ҳудудидан – чегарасидан чиқмай, ғазаб, ҳиддат каби ерларда ҳилм истеъмол қилуб, нафснинг ҳароратини паст қилмолидур. Лекин тепса тебранмайдурган, туртса тинг этмайдиган бўлуб, ғайрат, шижоат ўринларига ҳам мулойимлик ишлатув ҳалимлик ҳудудидан ошуб, бўшлик, анқовлик дунёсига чиқмакдур. Бундай ҳалимликдан қочмак, ҳазар қилмак керак.
Ҳалимликни қилсанг агар ихтиёр,
Бўлур халқи олам санга дўст-у ёр.
Бўлур мевалик шохни боши паст,
Ҳалим ўлғуси оқили ҳушёр.

Абдулла Авлоний "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ"

📢ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!
👉https://t.iss.one/kukaldoshuz
#Abdulla_Avloniy #Intizom

ИНТИЗОМ
Интизом
деб қиладурган ибодатларимизни, ишларимизни ҳар бирини ўз вақтида тартиби ила қилмакни айтилур. Агар ер юзида интизом бўлмаса эди, инсонлар бир дақиқа яшолмас эдилар. Жаноби Ҳақ ер-у осмонларни, ой ва юлдузларни, инсон ва ҳайвонларни, қурт ва қушларни шундай бир низом ила тарбият бериб яратмишдурки, ақл билмакдан, қалам ёзмакдан, тил сўзламакдан ожиздур. Дунёга келган пайғамбарларнинг ҳар бирлари дин ва шариатларини тарбият ва низом ила юрутмишлар. Хусусан, ислом дини мукаммал равишда тартиб ва низомни риоя қилмишдур. Ва бу сояда озгина замонда ислом уруғлари бутун дунё юзига ёйилмишдур. Ислом давлатларининг барпоси низом ва интизом ила ўлдиғи кади барбод ва инқирози ҳам тартиб ва низомсизлик ила бўлмишдур. «Хайр, ўткан ишга саловат». Алҳосил, ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси ишларини вақтида низомдан чиқармай тартиби ила юрутмакға боғлидур. Шогирдлар мактаб ва мадрасалардаги замонга мувофиқ равишда қурилмиш, низом ва тартибларни риоя қилмаклари лозимдур. Чунки тартиб ва низомни риоя қилмаган кишиларнинг ишлари ҳамма вақт нотамом, ўзлари паришон бўлурлар. Аммо ишларини тартиб узра юрутган кишиларнинг ишлари ерида, ўзлари тинч ва роҳатда умр ўткарурлар. Ҳозирги замонда бизнинг Туркистон бойларининг ишлари тўхтаб, синувларининг биринчи сабаби ишларини ахлоқсиз, билимсиз, мусриф, ялқов кишиларга топширувлари ила баробар ўзларининг замонга мувофиқ тартиб ва низомдан хабарсизликларининг емушидур. Пайғамбаримиз: «Касбларнинг ортуғроқи хиёнатсиз, ёлғонсиз қилғон савдо ва тижорат ила банданинг ўз қўли бирлан ишлаган ишидур», – демишлар.
Давлатни кони, манбайи тартиб-интизом,
Сарватни пойдори эрур иқтисоди том.
Муҳтожлиғ юзини кўрар деб гумон қилманг,
Тартиби бирла юрса, кишининг иши мудом.

Абдулла Авлоний "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ"

📢ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!
👉https://t.iss.one/kukaldoshuz
#Abdulla_Avloniy #Miqiyosi_nafs

МИҚЁСИ НАФС
Миқёси нафс деб қиладурган амалларимизни, ишларимизни шариат, инсоният қонунига мувофиқ ўлуб, ўлмайдиғини виждонимиз ила ўлчаб кўрмакни айтилур. Нафс ўлчови ҳақиқий бир ўлчовдурки, инсоннинг ўз нафсига лойиқ кўрмаган муомалани бошқалар ҳақида ижро этмоқға қўймас, фикр эгалари, инсоф соҳиблари ҳар вақт нафс ўлчовидан ташқари ҳаракат қилмас.
Агарда бир сабаб ила шариат ҳукмидан, инсоният қонунидан чет кетса, бу қабоҳатини нафс ўлчови ила билуб, иккинчи мартаба қилмасга қасд ва ният қилуб, шариат низомидан, инсоният чизиғидан чиқмасликға саъй ва ғайрат қилур.
Алҳосил, нафс ўлчови таърифдан ташқари инсонлар учун энг фойдали, ҳар кимча мақбул буюк бир фазилатдур.
Буюк Искандар: «Дунёда энг ҳақиқий, тўғри ўлчов нафс ўлчовидурки, бу мезонда зарра нуқсон йўқдур», – демиш.
Ибн Сино ҳаким: «Инсоннинг фазл-у камолининг ўлчови нафснинг ўлчови ила ўлчанур», – демиш.
Дунёда ҳар нарсанинг махсус ўлчови бўлар,
Банда аф ъолини виждони ила тортиб кўрар.
Бир ишига вазнда келса оғир ўз нафсига,
Ул ишинг қандоғ бўлакларга раво, лойиқ кўрар.

Абдулла Авлоний "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ"

📢ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!
👉https://t.iss.one/kukaldoshuz
Ko'kaldosh madrasasi
#Abdulla_Avloniy #Miqiyosi_nafs МИҚЁСИ НАФС Миқёси нафс деб қиладурган амалларимизни, ишларимизни шариат, инсоният қонунига мувофиқ ўлуб, ўлмайдиғини виждонимиз ила ўлчаб кўрмакни айтилур. Нафс ўлчови ҳақиқий бир ўлчовдурки, инсоннинг ўз нафсига лойиқ кўрмаган…
#Abdulla_Avloniy #Vijdon

ВИЖДОН
Виждон деб руҳимизга, фикримизга таъсир қиладурган ҳиссиёт, яъни сезув – туймақдан иборат маънавий қувватни айтилур. Биз ҳар вақт афъол ва ҳаракотимизни яхши ва ёмонлиғини, фойда ва зарарлиғини онжақ виждонимиз ила билурмиз. Виждон инсоннинг ақл ва фикрини ҳақиқий мезонидурки, бу тарозу ила ўз камчиликларини ўлчаб билмак ила баробар бошқаларнинг ҳам афъол ва ҳаракотини сезур. Агар ишлаган иши шариат, ақл ва ҳикматга мувофиқ бўлса, муҳаббат қилур. Қабоҳат ва ёмон ишларни қилса, нафрат қилур. Биз жаноби Ҳақнинг амр ва наҳйини фикр ва руҳимизнинг маънавий қуввати ўлан виждонимиз ила айира билурмиз.
Виждон яхши хулқларнинг манбайи ўлдиғиндан виждон соҳиблари ҳар бир ишни беғараз, холис ният ила ишлар.
Шул сабабли ҳар ким назарида мақбул ва суюкли бўлур.
Аммо виждонсиз кишиларнинг ишларида ният ва амалларида, дўст ва ошнолиқларида яширин бир ғаразлари ўлдиғиндан ҳар вақт ҳасрат ва надомат чекуб, виждон азобиға гирифтор бўлурлар.

Ҳар бир инсоннинг ҳақиқий фоили виждонидур,
Меваси яхши амалдур, ҳосили виждонидур.

Инсон диний вазифаларининг улуввиятини виждони соясида тақдир қила билур. Чунки, виждони саломат кишилар имон ва эътиқодларини камолга еткурмак учун жаноби Ҳақнинг буйруқларини дин ва миллатға фойдали ишларни шод ва хуррамлик ила ишлар.
Алҳосил, виждон ҳар кимнинг афъол ва ҳаракотини кўрсатадурган мусаффо бир ойинадурки, бу кўзгуга чин назар қилған киши ўз айб ва камчиликларини тузатмак ҳаракатида бўлуб, бошқаларнинг айб ва қусурларини ахтармоқға вақти бўлмас. Бизим исломиятда виждон ахлоқининг ислоҳи учун саъй-ҳаракат қилмак лозим ўлдиғиндан шул доирада ҳаракат қилғон кишилар икки жаҳонда азиз ва мукаррам бўлурлар.

Арасту ҳаким: «Руҳимизнинг маънавий қуввати ўлан виждонимиз, фикримизга қувват бергувчи бир воситайи идрокия дейилур. Яъни, ҳиссиётимизнинг руҳимизга таъсир эттирғувчи бир робитайи илктириқийясидур», – демиш.

Ибн Сино ҳаким: «Виждон руҳ ва фикримизни туйғун қилмакға биринчи воситадур», – демиш.

Соф виждон каби ҳеч комила мезон ўлмаз,
Киши ўз айбини билмак каби урфон ўлмаз.
Шод-масрур ўлур инсоф ила виждонли киши,
Кимки виждонсиз эса, тўғри, чин инсон ўлмаз.

Абдулла Авлоний "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ"

📢ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!
👉https://t.iss.one/kukaldoshuz
#Abdulla_Avloniy #Vatanni_suymak

ВАТАННИ СУЙМАК
Ватан. Ҳар бир кишининг туғулуб ўскан шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғулган, ўсган ерини жонидан ортиқ суяр. Ҳатто бу ватан ҳисси-туйғуси ҳайвонларда ҳам бор. Агар бир ҳайвон ўз ватанидан – уюридан айрилса, ўз еридаги каби роҳат-роҳат яшамас, маишати талх бўлуб, ҳар вақт дилининг бир гў шасида ўз ватанининг муҳаббати турар.
Биз туркистонлилар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйдигимиз каби, араблар арабистонларини, қумлик, иссиғ чўлларини, эскимулар шимол тарафларини, энг совуқ қор ва музлик ерларини бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши, тириклик осон ерларга ўз ватанларин ташлаб ҳижрат қилурлар эди.
Боболаримиз «Киши юртида султон бўлгунча, ўз юртингда чўпон бўл», – демишлар.

Мен айблик эмас, эй ватаним, тоғларим,
Бевақт ташлаб кетдим, оё, боғларим.
Ҳижрон қилодур мени жудолиғ,
Дўнди ғама рўз-у шаб-у чоғларим.

Ҳаммага маълумдурки, энг муқаддас диний еримиз ўлан Арабистонга боғларини, ҳовлиларини сотуб ҳижрат қилган ҳожиларимизнинг аксари яна ўз ватанларига қайтуб келурлар. Бунинг сабаби, яъни буларни тортиб кетурган қувват ўз ватанларининг, тупроқларининг меҳр-у маҳаббатидур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Ҳуббул – ватани минал имони – ватанни суймак имондандур», – демишлар.

Ватан, ватан дея жоним танимдан ўлса равон,
Банга на ғам, қолур авлодима уй-у ватаним.
Ғубора дўнса ғамим йўқ вужуд зери ваҳм,
Чароки ўз ватаним ҳокидур гўр-у кафаним.
Туғуб ўсан ерим ушбу ватан вужудим хок,
Ўлурса аслина рожеъ бўлурми ман ғамнок?

Абдулла Авлоний "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ"

📢ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!
👉https://t.iss.one/kukaldoshuz
#Abdulla_Avloniy #Haqqoniyat

ҲАҚҚОНИЯТ
Ҳаққоният деб ишда тўғрилик, сўзда ростликни айтилур. Инсон бўстони саломатга, гулзори саодатга ҳаққоният йўли ила чиқар. Инсониятнинг илдизи ўлан раҳмдиллик, ҳақшунослик, одиллик каби энг яхши Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ. Абдулла Авлоний сифатларнинг онаси ҳаққониятдур. Жаноби Ҳақнинг шу номи муборакини муқаддас билган киши ҳеч вақт ҳаққониятдан айрилмас, чунки ҳаққоният нури қайси дилда жилвагар ўлса, жаноби Ҳақнинг тавфиқи раббонийси шу дилда нашъу намо қилур. Ақл эгалари, виждон соҳиблари ҳар вақт кўрган, қилган ва билганларини, ҳақиқатни ва тўғрисини сўзлар. Ишда тўғрилик бировнинг нафсига, молига хиёнат қилмов, сўзда тўғрилик ҳар вақт рост сўзламакликдур.

Ростлиғ ҳақнинг ризосини топар,
Тўғри йўлда йўқ бўлурму ҳеч чопар?

Бизим шариати исломияда агар бир кишининг ҳақига бўҳтон қилинуб, қилмаган ишни қилди деб сўз сўйланса, билган киши ростини сўзлаб, шул кишини оқламак вожибдур. Расули акрам набиййи муҳатарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Аннажоту фиссиддиқи – нажот ростликдадур», – демишлар. Ҳазрати мавлоно Румий: «Исломият айни ҳаққониятдур . Ҳақни қабул қилувчилар ҳуқуқи шаръияни сақламоқға буюрулмишдурлар. Чунки шариат ҳукмларининг энг асосий илдизи ҳаққониятдан иборатдур», – демишлар.

Абдулла Авлоний "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ"

📢ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!
👉https://t.iss.one/kukaldoshuz
#Abdulla_Avloniy #Nazari_ibrat

НАЗАРИ ИБРАТ
Назари ибрат деб ҳар бир нарсага синчиклаб боқуб, шундан ўзига бир ҳисса ибрат олмоқни айтилур.

Хулқларнинг энг афзали, инсонлар учун энг кераклиси назари ибратдур. Инсон назари ила боқуб дунё китобиндан ўз қадр-ҳиссасини билуб олмак лозимдур. Маърифат соҳиби бўлмак учун аҳволи оламдан хабардор бўлмак керак. Шунинг учун ақл соҳиблари, фатонат эгалари ўзларига фойдаси бўлса-бўлмаса синчиклаб қараган нарсалардан бир ҳисса олмай қўймаслар. Ҳозирги замондаги тараққий қилган миллатларнинг ҳунар ва санъатларининг барчаси илми ва назари ибрат соясида намоён ўлуб, оламни мунаввар ва мусаххар қилмишлар. Бизим шариати исломияда ҳар нарсани эътиборга олуб, шундан ибрат ҳосил қилуб, ахлоқини тузатмак вожибдур. Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу: «Дунёда энг мунтазам дорулулум назари ибратдур . Ибрат кўзларининг пардаси очилмаган кишилар дунё китобида ёзилган ҳақиқатни кўролмаслар. Коинот каби мукаммал бир саҳнаи ибратдан фойдалана олмаган киши ҳеч бир муаллими ҳикматдан баҳраманд бўлолмас», – демишлар.

Мавлоно Румий: «Жаноби Ҳақнинг осори қудратларини басират кўз ила, назари ибрат ила тамоша қилинса, кўп ҳикматлар кўрилур. Чунки ҳақиқат илмининг муаллими чашми ибратдур. Ҳақ чашми ибрат ила мушоҳада қилинур», – демишлар.

Бир кўр ҳазрати Луқмоннинг олдиларига келуб, «агар кўзимни очсангиз, мен сизга қул бўлурман», – демиш. Ҳаким кўрни маърифат соҳиби эканини билуб, жоним, кўзингнинг пардасини очмоқ мумкин, лекин назари ибратни очмоқ қўлимдан келмайдур», – демишлар. Кўр: « Ё Луқмон! Сизнинг шуҳратингиз фақат парда очмоқдан иборат бўлса, сизни ҳаким демай табиб демак лозим экан», – деб ҳазрати Луқмоннинг ибрат кўзини очмишдур.
Жаноби Ҳақ биз мусулмонларнинг ҳам кўзимиздан ғафлат пардасини кўтаруб, ибрат кўзларимизни очса эди.

Оч кўзларингни, бас, бу қадар ғафлат, эй кўзим,
Умринг ғанимат, оч назари ибрат, эй кўзим!
Ибрат кўзингни очмасанг, атрофингга боқуб,
Бир-бир кетар қўлингдан учуб давлат, эй кўзим!
Мол ўлса борча ҳамдам-у ёр-у биродаринг,
Қочгай уруғларинг йўқ эса, сарват, эй кўзим!
Ҳосили замонда илм ила давлатда эътибор,
Сармояи саодат ҳар миллат, эй кўзим.

Абдулла Авлоний "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ"

📢ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!
👉https://t.iss.one/kukaldoshuz