Forwarded from Xushnudbek.uz
Муҳтарам халқимиз ҳақида

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Сардобага ёрдам учун махсус ҳисоб-рақам очган эди.

Кеча бир болакай шу ҳисоб-рақамига пул топшириш учун “Наврўз” тўйхонасида жойлашган кассага келибди ва ўзи йиғиб юрган пулларини хайрия қилибди. “Сиздан олмаймиз” дейишса ҳам, “йўқ, оласизлар” деб туриб олибди. Жамғармада жами 64 минг 50 сўм пул чиқибди.

Менимча, бу 64 млн сўмдек қадрли. Болалигидан қалбига Аллоҳ меҳр-шафқат ва бағрикенгликни солиб қўйганига шукр. Тарбия берган ота-онасига минг раҳмат.

Умрингиздан барака топинг, укажон!


👉 @xushnudbek 👈
АРХИВ. Тарих сахифаларига муҳрланган расмлар. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан муқаддас заминимизга немис-фашист газандаларининг қадами етмаслиги учун аёвсиз жангга отланган ёвқурлар сафида Эллликқалъалик йигит Реимбой Раметов ҳам бор эди. Реимбой Раметовнинг ёрқин хотирасига бағишланади.
Аҳдига вафодор, чин дўст, ҳақиқий қаҳрамон



Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан муқаддас заминимизга немис-фашист газандаларининг қадами етмаслиги учун аёвсиз жангга отланган ёвқурлар сафида эллликқалъалик йигит Реимбой Раметов ҳам бор эди.

Реимбой Раметов Белоруссияда кечган жангларда мардонавор иштирок этиб, ўзига хос қаҳрамонлик кўрсатди. У Белорус тупроқларида қон ва лой кечиб, қанчадан қанча душманларни доғда қолдирди. Ана шундай беаёв жанглар давомида ўзига кўп дўсту биродарлар орттирди. Айниқса, Николай исмли бир рус йигити билан яқиндан танишиб, бир бурда нонни ҳам тенг бўлишиб ейдиган қадрдон ака-укадек бўлиб қолади. Улар белорус заминини душманлардан тозалашда чинакам қаҳрамонлик кўрсатадилар.

Кунларнинг бирида икки дўст бу қаттол урушда қай бири ўққа учиб ҳалок бўлса, омон қолгани дўстининг хотираси, ҳурмати ҳаққи ўз номини ўзгартириб, шаҳид номини олишга қасамёд қилади. Икки дўст Беларуссия, Днепр жангларида қаҳрамонлик кўрсатади. Германия чегарасигача бўлган жангларда мардонавр жанг қилади. Лекин, минг афсуски, навбатдаги қақшатқич тўқнашувлардан бирида немис-фашист газандалари бирдан ҳамма ёқни бомбардимон қиладилар ва Николай сафдошларининг жонини сақлаб қолиш учун душманлар томонидан улоқтирилган гранатага ўз кўксини қалқон қилади ва қаҳрамонларча ҳалок бўлади. Буни кўрган Реимбой дўстини қутқармоқ учун ўша томонга ташланади, лекин кеч эди.. Ўлим яна бир қаҳрамоннинг ёстиғини қуритган эди...

Оғир жудолик, қуролдош дўстидан бир умрга айрилиш Реимбойни янада қахрамона жанг қилишга, дўсти учун душманлардан ўч олишга бел боғлайди. У 1941 йил декабрдан 1942 йил май ойигача сапёр, 1942 йил майидан 1943 йил сентябргача полковник разведкачи ва бошқа жанговар қисмларда хизмат қилди. Урушнинг бошидан охиригача жанг майдонини бир зум ҳам тарк этмади. 1944 йил октябрдан, то 1946 йил декабргача бўлинмага командирлик қилди. Ҳар бир жангга отланганида дўсти Николай унинг кўз олдидан кетмас эди.

Буюк ғалаба қўлга киритилганидан кейин орадан бир йил ўтиб, элдошимиз Реимбой ўз юртига, жонажон уйига қайтади. Полковник Раметов Реимбой дўсти Николайга берган ваъдасига амал қилиб, жанговар сафдоши шарафига исмини Николай деб ўзгартириб, шахсини тасдиқловчи янги ҳужжат олади. Унинг бу қарори аҳдига вафодор, чин дўстликнинг юксак намунаси эди. Николай отанинг тилларда достон бўлгулик бу ибрати узоқ йиллар ёшларга Ватанга муҳаббат, дўстига садоқат туйғуларини шакллантиришда ибрат мактаби бўлди.

Ҳар йили 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” байрами муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда Николай отанинг уйига бориб, ёшлар билан маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказар эдик. Николай отанинг ҳаёти, Ватанни кўз-қорачиғидай асраш, дўстларга содиқлик туйғусини шакллантиришда, энг асосийси осмонимиз мусаффолигию, юртимизда тинчлик ва осойишталикни қадрига етиш каби олий шукроналикни ҳар бир инсон қалбида ҳис қилишига хизмат қилади. Урушнинг машаққатли синовларидан мардона ўтган отахон ёшларга ўзининг ҳаёт йўлини айтиб берар, ўша йиллардан ёдгорлик бўлиб қолган фото суратларини кўрсатар эди.

2019 йилда матонат ва қаҳрамонлик фидоийси Николай Раметов бу ёруғ дунёни тарк этар экан, ўлими олдидан фарзандларига васият қилиб, “Болаларим, ҳаётда чин инсон бўлиб яшанг, ватанни севинг, уни кўз қорачиғидай асранг, дўстга содиқ бўлинг, тинчлик ва омонликни қадрига етинг, зеро уруш қийинчиликларини мен кўрдим, сизлар ҳеч қачон кўрманглар!,- дея омонатини Аллоҳга топширди.

Дўстга содиқ қаҳрамон, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Николай Раметов Ватанга муҳаббати, дўстга содиқлиги ва жангларда кўрсатган қаҳрамонлиги билан бир умр ёдимизда яшайди. Шу ўринда севимли шоирамиз Зулфиянинг қуйидаги мисрали ёдимга тушади.

Уруш номинг ўчсин жаҳонда,
Ҳамон битмас сен солган алам.
Сен туфайли кўп хонадонда,
Ота номли буюк шодлик кам...

Айша МАТНИЯЗОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси
Жуқорғи Кенгеси депутати.