Prezident matbuot kotibi | Sherzod Asadov
116K subscribers
4.13K photos
589 videos
2.81K links
O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti matbuot kotibining rasmiy kanali

Facebook: facebook.com/PressSecretaryUZ

Instagram: instagram.com/press_secretary_uz

Twitter: https://twitter.com/Sherzod_Asadov
Download Telegram
Президент Шавкат Мирзиёев бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётгани, халқаро ҳамжамият буни кенг эътироф этаётганини таъкидлади.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ҳамда ўнлаб юқори даражадаги халқаро анжуманларга мезбонлик қилинди ва муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

"Мана шундай катта ютуқларга эришишда фидокорона меҳнати билан ҳисса қўшган ҳар бир юртдошимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман", - деди давлатимиз раҳбари.

Ушбу ютуқлар, инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалар экани таъкидланди.

"Биз бунёдкор халқимиз билан бирга бундай эзгу ишларни давом эттирамиз ва олдимизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз", деди Президент.

Facebook|Instagram|Twitter
Президент бугун инсоният ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечираётганини таъкидлади.

Ер юзидаги иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ва табиий ресурслар камайиши билан боғлиқ муаммолар катта хатарларга айланмоқда. Халқаро муносабатларда ўзаро ишонч камайиб, қарама-қаршилик ва можароларнинг ортиши барқарорлик ва ривожланишга жиддий хавф солмоқда.

Афсуски, бундай хавф-хатарлар бизни ҳам четлаб ўтмаётгани кўрсатиб ўтилди.

"Қорақалпоғистонда содир бўлган нохуш воқеалар халқимизни қаттиқ қайғуга солди. Худога шукур, кўп миллатли халқимизнинг оқиллиги ва донишмандлиги билан вазият тезда изга тушди", - деди Президентимиз.

Facebook|Instagram|Twitter
"Биз учун “Қорақалпоғистон ютуғи – бутун Ўзбекистон ютуғи, Қорақалпоғистон ташвиши – бутун Ўзбекистон ташвиши”, деган ғоя ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади!

Бизнинг эзгу мақсадимиз – биргаликдаги меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир.

Асрлар давомида эт ва тирноқ каби бир бўлиб кетган халқларимиз дўстлигига, ҳеч қандай куч таъсир кўрсата олмайди. Чунки, бизнинг ўтмишимиз бир, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам бир!

Жонажон Ватанимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга ҳар томонлама қодирмиз!

Тинч ва осойишта ҳаётимизни асраб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаб, барқарор тараққиёт йўлимиздан жадал давом этамиз!
", - деди Президент.

Facebook|Instagram|Twitter
Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши кераклиги таъкидланди.

Шу боис, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз кераклиги қайд этилди.

Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур.

Шуларни эътиборга олган ҳолда, Асосий қонунимизни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

"Ушбу ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутаяпти. Бугунги кунга қадар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам, бунинг яққол далилидир", - деди давлат раҳбари.

Facebook|Instagram|Twitter
Шавкат Мирзиёев “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутилишини таъкидлади.

Умуман, мазмуни “инсон қадрини улуғлаш” руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқиш кераклиги айтилди.

Фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади, деди Президент.

Энг муҳими – ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши ва “Бу – менинг Конституциям”, деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши керак.

Facebook|Instagram|Twitter
Таҳлиллар кўрсатганидек, юртдошларимиз:

- мактаб, боғча ва шифохоналар кўпайишини, таълим ва тиббиёт сифати оширилишини;

- маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммолари ҳал қилинишини;

- иш ўринлари кўпайиши, тадбиркорликка янги имкониятлар яратилишини;

- адолат таъминланиши, оворагарчилик, бюрократия ва коррупция йўқ бўлишини кутмоқда.

"Кўтарилган масалалар аниқ ва ўринлидир. Қанчалик қийин бўлмасин, биз бу муаммоларни ечишимиз шарт.

Ҳеч ким четдан келиб, буларни ҳал қилиб бермайди.
Одамларимизнинг ташаббуси, шижоати ва салоҳиятини ишга солиш учун барча шароитларни яратиш асосий вазифамиз бўлиши керак
", - деди Президент.

Facebook|Instagram|Twitter
Шу боис, Президентимиз 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном беришни таклиф қилди.

Йиғилганлар бу ташаббусни бир овоздан қўллаб-қувватлади.

"Нима учун йилга бундай ном бераяпмиз?

Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиладик.

Аслида ҳам, бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу – бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмас-ми?

Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қилаяпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз
", - деди давлатимиз раҳбари.

Facebook|Instagram|Twitter
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномаси давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари 2023 йилдаги энг устувор йўналишларга тўхталиб ўтди.

Биринчи йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қилди.

Хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани таъкидланди.

Ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўп, кераксиз штатлар бор. Марказлашув юқори. Оқибатда, бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланмоқда.

Вазирларнинг Ҳукумат қабул қилаётган қарорларда, таъбир жоиз бўлса, “овози йўқ”. Яъни, уларнинг ушбу қарорларни тайёрлаш ва ҳаётга жорий қилишдаги иштироки ва масъулияти етарли эмас.

Президент шунинг учун янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди.

Facebook|Instagram|Twitter
Узоқ тайёргарлик кўрилган ушбу ислоҳот доирасида:

- Биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаради. Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади;

- ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади;

- кўп вазирлар ўзгаради. Ўз соҳасининг чуқур билимдони, фидойи ва ишидан халқ рози бўлаётган вазирлар лавозимида қолади;

- давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқаради. Иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади.

Facebook|Instagram|Twitter
Давлатимиз раҳбари маъмурий ислоҳотларнинг яна бир қатор жиҳатларини очиқлади: Хусусан:

- вазир ўз тизимига ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича биринчи бўлиб ўзи жавоб беради;

- вазирларнинг сиёсий масъулияти оширилиб, Ҳукумат қарорлари лойиҳалари, мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бевосита вазирлар иштирокида коллегиал ҳал этилади;

- вазир ҳар йил бошида жамоатчилик олдида соҳадаги режаси ва йил якуни билан эса унинг натижаси бўйича ҳисобот беради;

- қайси вазир ўз ишини эплай олмаса, истеъфога чиқади;

- маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи сифатида келгуси йилда ҳудудлардаги бошқарув тизими ҳам ислоҳ қилинади.

Facebook|Instagram|Twitter
Президент яна бир муҳим ташаббусни илгари сурди.

Ҳозирга келиб Марказий Осиёда аҳолиси миллиондан ортиқ шаҳарлар 7 тага етди. Минтақамизда пойтахтлар билан бир қаторда, бошқа йирик шаҳарлар ҳам “ўсиш нуқталари”га айланмоқда.

Булар орасида Самарқанд ва Наманган шаҳарлари ҳам бор. Уларнинг ҳар бирида аҳоли сони бир миллионга етмоқда.

Самарқанд шаҳри дунё танийдиган мегаполисга, халқаро туризм ва бизнес марказига айланди. Наманган ҳам саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топмоқда.

Шу боис, Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказиш таклиф қилинди.

Facebook|Instagram|Twitter
"Биз Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни мақсад қилаяпмиз. Буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз керак.

Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир", - деди давлат раҳбари.

Биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши таъкидланди.

Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Келаси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.

Facebook|Instagram|Twitter
Президент таъкидлаганидек, болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз лозим.

Ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур.

Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланади.

Келаси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 таси кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келаси беш йилда уларнинг сони 1 мингтага етказилади.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти келаси ўқув йилидан ушбу қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши таъкидланди.

Facebook|Instagram|Twitter
Йиғилишда 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу мақсадда 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилади.

Ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади.

Кимё саноати, электротехника, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади.

"Бу тизим бизда ҳозиргача бўлмаган. Лўнда айтганда, янги замон инженерлари тайёрлаш тизимини яратамиз", - деди Президент.

Боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади.

Facebook|Instagram|Twitter
Президент халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилишини таъкидлади.

Аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланади. Ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш тезлаштирилади.

Келаси йили бу тизим Тошкент шаҳрида бошланади. Босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинади.

Соғлом овқатланиш рационига доир тавсиялар одамларга етказилмаётгани, турли ёшдаги кишилар учун жисмоний машқларни ўргатиш ишлари йўқлиги таъкидланди.

Шу боис, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракати маҳалладан бошланади.

Facebook|Instagram|Twitter
Президентимиз кейинги йили қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилишини маълум қилди.

Шу билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур амалга оширилади.

Барча туғруқ комплекслари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади, ўринлар сони 35 фоизга кўпайтирилади.

Бундан ташқари, мамлакатимизда 15 мингга яқин онкологик беморлар нур ёрдамида даволанишга муҳтож.

Шу боис, келаси йилда Самарқанд, Фарғона ва Хоразмда хусусий шерикчилик асосида Радиология марказларини ташкил этиш лойиҳаларини бошлаймиз (бундай шароит фақат Тошкент шаҳрида бор).

Facebook|Instagram|Twitter
Маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир.

Шунинг учун ҳам бундан буён давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилади, деди Президент.

Авваламбор, 2023 йилда аҳоли томонидан таклиф берилган сув, электр, йўл, мактаб каби лойиҳалар учун қарийб 3 баробар кўп, яъни 8 триллион сўм йўналтирилади.

Ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. Бунинг учун 1 январдан бошлаб, мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолади.

Facebook|Instagram|Twitter
Президент Конституциямизга аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши ва уй-жойга эга бўлиши тўғрисидаги янги моддаларни киритиш лозимлигини таъкидлади.

Аҳоли учун янги уй-жойлар қуриш ҳажмлари 1,5 баробарга оширилиб, 90 мингга етказилади.

Келаси йилда Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури бошланади.

Дастур доирасида, биринчи навбатда, турар-жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар барпо этилади.

Бундан ташқари, жамоат транспортидаги вазият мутлақо ўзгаради.

Тошкент шаҳри учун қўшимча 1 мингта замонавий автобус сотиб олинади, 7 та ер усти метро бекати ишга туширилади.

Ҳудудларда ҳам йўловчи ташиш сифатини яхшилаш мақсадида яна 1 мингта автобус ҳаракати йўлга қўйилади.

Facebook|Instagram|Twitter
"Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим", - деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилингани, шу билан бирга, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учраётгани таъкидланди.

"Нима учун, ҳалигача давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни “электрон танлаш” тизими ишга тушмади? Ким бунга қарши?", - дея савол қўйди Пезидент ва тез кунларда ушбу тизимнинг тўлиқ ишга туширилишини таъминлашни топширди.

Қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилади.

Энг аввало, одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади.

Facebook|Instagram|Twitter
Янги тизим доирасида:

- тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция прокурордан судга ўтказилади;

- терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Бундан буён, мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади;

- судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади;

- одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади;

- судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилинади.

- айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади.

Facebook|Instagram|Twitter