Prezident matbuot kotibi | Sherzod Asadov
115K subscribers
4.13K photos
594 videos
2.82K links
O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti matbuot kotibining rasmiy kanali

Facebook: facebook.com/PressSecretaryUZ

Instagram: instagram.com/press_secretary_uz

Twitter: https://twitter.com/Sherzod_Asadov
Download Telegram
Йиғилишда ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда тўланадиган суғурта бадалини жарима балларидан келиб чиқиб белгилаш тартиби жорий этилиши белгиланди.

Шу билан бирга, Йўл ҳаракати қоидалари анча эскиргани, халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

"Қонунчиликка киритиладиган ҳамма янгиликлар депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик билан бамаслаҳат ишлаб чиқилади", деди Президент.

Сўнгги пайтларда йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори фаолиятига қаршилик кўрсатиш, уларни обрўсизлантириш ҳолатлари кўпаймоқда. Қонунларни кўриб чиқишда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларни имтиҳон қилиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади.
Йилдан йилга автотранспорт воситалари ва ҳайдовчилар сони кўпайгани билан уларнинг маданияти, ўзаро ҳурмат ва билим-тажрибаси пасайиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат, деди Президент йиғилишда.

Масалан, аварияларнинг 75 фоизини 35 ёшгача бўлганлар содир этган. Ҳар йили 500 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномаси олади, лекин 25 фоизи машғулотларга қатнашмайди.

Қайси ҳоким ёки ички ишлар бошлиғи бирор марта автомактабларга борган, улардаги ўқиш жараёни билан қизиққан? Умуман, Таълим инспекцияси автомактаблар назоратини эплай олмади”, деди давлатимиз раҳбари.

Энди ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим яратилади. Бунда:

- Ички ишлар вазирлиги автомактаблар ва имтиҳон марказларига талабларни қайта кўриб чиқади, уларга лицензияларни ўзи беради;

- Ички ишлар академияси автомактабларнинг методологияси, ўқув дастури, ўқитувчиларнинг малакаси ва ўқитиш сифатини оширишга жавоб беради;

- Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчилар тўғрисидаги маълумотлар базаси ва уларнинг рейтингини юритади.
Бундан буён ҳайдовчининг интизомига қараб, уни ўқитган автомактаб фаолиятига ҳам баҳо берилади.

Вилоят ҳокимлари ва ички ишлар бошлиқларига уч ой муддатда ҳудудларида замонавий автомактаб ва имтиҳон марказларини ташкил этиш топширилди.

Рақамлаштириш – йўл ҳаракатини бошқаришнинг энг тўғри ечими, деди Президент.

Афсуски, на пойтахтда, на ҳудудларда рақамлаштириш борасида бирорта намуна қилиб кўрсатадиган жой йўқ. Борини ҳам эплаб ишлата олмаяпти.”

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг 602 та чорраҳасидан 111 тасидагина рақамли бошқарув мавжуд. Бошқа шаҳарларда эса бундай тизим умуман йўқ.

“Ҳаракат хавфсизлигини рақамлаштириш бўйича Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида юзага келган муаммоларни ўзим қаттиқ назоратга олганимдан кейин ҳокимлар ва ички ишлар бошлиқлари ҳаракатни бошлади.

Ушбу ҳудудлар ички ишлар бошлиқлари 1 июлгача кескин ўзгариш қилмаса, уларга нисбатан қатъий чора кўраман. Бошқа ҳокимлар ҳам хулоса қилиб, батафсил ҳисобот беради”, деди Президент.
Энди Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини рақамли бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш тизими жорий этиш тўлиқ шаҳар ҳокимияти тасарруфига ўтказилади.

Йил якунига қадар пойтахтнинг 300 та чорраҳасини, келгуси йилда эса қолган 302 тасини рақамли тизимга ўтказиш вазифаси қўйилди.

Соҳани рақамлаштириш билан боғлиқ барча масалага шаҳар мутасаддилари жавоб беради ва сўров ҳам улардан бўлади. Ахборот технологиялари, Ички ишлар ва Транспорт вазирликларида ушбу тизимни такрорловчи ёки ишига аралашадиган бўлинмалар бўлиши мумкин эмас, деди давлатимиз раҳбари.

“Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳокимларининг йўл ҳаракатини рақамли бошқаришни жорий этиш бўйича “йўл хариталари” билан танишиб чиқдим. Уларда белгиланган тадбирлар фақат қоидабузарликнинг назорати билан чеклангани мени мутлақо қониқтирмайди”, деди Президент.

Бир ой муддатда вилоят марказларида йўл ҳаракатини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги концепцияларини ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда йўллар ҳолати ва инфратузилмаси кўп ҳолларда йўл ҳаракатидаги муаммолар, қоидабузарликлар ва аварияларга сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Жумладан, транспорт серқатнов бўлган 2 мингдан ортиқ чорраҳа ва 9,5 мингта пиёда ўтиш жойлари светофор ёки бошқа воситалар билан жиҳозланмаган.

Аҳоли пунктлари учун 15 минг километрга яқин пиёда ва велойўлаклар етишмайди.

"Кеча Самарқанд шаҳридаги 59-сонли кўзи ожизлар махсус мактабида овозли махсус светофорлар ўрнатилганини кўрдим. Бундай тажрибани барча ҳудудларда жорий этишимиз шарт. Шу боис 2021 йилда йўл инфратузилмасини яхшилаш, светофор, белгилар бўйича аҳолидан 10 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган", деди давлатимиз раҳбари.

Айниқса, Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё Самарқанд, Сирдарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларида бу муаммо долзарб бўлиб, пиёда иштирокидаги авариялар қолган ҳудудлардан юқори.
Президент мавзуни давом эттирди.

Қорақалпоғистон, Бухоро, Наманган, Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида энг кўп авариялар содир бўлаётган 2,2 минг километр халқаро йўллар қарама-қарши йўналишларни ажратувчи тўсиқ билан жиҳозланмагани таъкидланди.

Шунингдек, йўллардаги мавжуд 400 мингта йўл белгилари ва кўрсаткичларининг ярми талабга жавоб бермайди. Мисол учун, биргина Тошкент шаҳрида 15 мингта йўл белгилари етишмайди, 22 мингтасини янгилаш талаб этилади.

Ваҳоланки, республика бўйича йўл белгилари ва кўрсаткичларини ишлаб чиқарадиган 1 дона корхона (“Автойўл”га қарашли “Автойўл белги” корхонаси) мавжуд бўлиб, унинг қувватлари эҳтиёжнинг 20 фоизини ҳам қопламайди.

Ҳар бир вилоят ҳокимлигида 1 тадан йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар ўрнатиш, йўл чизиқлари чизишга масъул корхона бўлгани билан уларнинг 80 фоиз техникаси эскирган ёки яроқсиз ҳолда.
Қайси вилоят ҳокими ёки ички ишлар бошлиғи ушбу корхоналарни бориб, уларнинг муаммолари билан қизиққан? Афсуски, ҳеч ким”, деди Президент йиғилишда.

Республика бўйича мавжуд 3 мингга яқин чорраҳада светофорларнинг “ягона эгаси” йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида Катта ва Кичик халқа йўллари – “Автойўл”га, пойтахт ичидаги 74 та марказий кўча – шаҳар ободонлаштиришга, 5,2 мингта кўча – туман ҳокимликларига, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар ҳудудидаги йўллар ширкатларга қарайди.

Энди вилоят ва туман марказларидаги йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар, ёритгичлар ўрнатиш, йўл чизиқлар чизиш, пиёда ўтиш жойларини белгилаш, умуман йўл ҳаракати воситаларини тартибга солишга Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими масъул бўлади.

Соҳадаги корхоналар ҳокимликлардан ҳудудий ЙХҲБларга ўтказилади. Ўтказишдан олдин вилоят ҳокимларига корхоналарни техника билан таъминлаш топширилди.

Шунингдек, 2023 йил якунига қадар ушбу хизматлар учун аутсорсингга ҳам йўл очилади, яъни рақобат бўлади.
Бу борадаги ишларни молиялаштириш учун ЙХҲБ тизимида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика ва вилоят жамғармалари ташкил этилиши маълум қилинди.

Жамғармалар ҳар йили камида 400 миллиард сўм тушадиган аниқ манбаларга эга бўлади.

Давлатимиз раҳбари мисол тариқасида Фарғона вилояти тажрибасини кўрсатиб ўтди. Вилоят бюджетидан 24 миллиард сўм ажратилиб, 125 километр йўлларга ёритгич ва нур қайтарувчи воситалар, 24 та пиёда йўлакларига светофор, 107 тасига “сунъий дўнгликлар” ўрнатилган.

Натижада вилоятда умумий авариялар 31 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 21 фоизга, пиёдалар иштирокидаги ҳодисалар 37 фоизга камайган.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ички ишлар бошлиқлари билан бирга муаммоли жойлар, “авария ўчоқлари”дан келиб чиқиб, уларни бартараф этиш бўйича ойлик ва чораклик манзилли дастурларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, йўл белгиларини ишлаб чиқишда “Автойўл”нинг монополияси бекор қилинади ва ушбу соҳага тадбиркорлар жалб қилинади.
“Йўлларда қатновни ташкил этиш ва хавфсизликни таъминлаш илм билан ҳамоҳанг бўлиши керак” – Президент.

Йиғилишда Юнусободнинг Юнус-ота кўчасида 2020 йилда 4 та автоҳалокат содир бўлган бўлса, 1 дона светофор ўрнатиш орқали 2021 йилда бирорта авария бўлмагани, Кичик ҳалқа йўлининг Лак-бўёқ корхонаси қаршисида қарама-қарши йўлни ажратувчи тўсиқ ўрнатиш орқали аварияларга барҳам берилгани мисол қилиб келтирилди.

Мана сизга илмий ёндашув ва оддий таҳлил билан ечим”, деди давлатимиз раҳбари.

Пойтахт ва йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда тезлик чекловларини илмий асосланиб белгилаш лозимлиги қайд этилди.

Жумладан, мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 километрдан ошмаслиги шарт. Айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 километр соатдан 60 километргача тушириш зарурати борлиги кўрсатиб ўтилди.
Соҳани илмий ёндашув асосида такомиллаштириш мақсадида Транспорт университети билан ҳамкорликда уч ой муддатда Илмий-амалий марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Вилоятлардаги транспорт коллежларида худди шундай ҳудудий марказлар очилади, уларга ЙХҲБ бошлиқлари раҳбарлик қилади.

"Умуман олганда, масалани муҳимлигини инобатга олиб, Бош вазир раҳбарлигида Республика комиссияси ташкил этилади ва ички ишлар вазири унга ўринбосар бўлади", деди Президент.

Ҳудудий комиссияларга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари бошлиқлари раҳбарлик қилади.

Комиссиялар йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, содир этилган қоидабузарликлардан келиб чиқиб, ҳар ойда ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идора раҳбарларининг ҳисоботини танқидий эшитиб, маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиб борадилар.

Айни пайтда йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ва белгилаб берилган вазифалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан ўзгартиришга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Батафсил — юқоридаги #инфографикада.
Академик Эдвард Ртвеладзе вафоти муносабати билан ҳамдардлик.
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
"Менимча" телелойиҳасининг навбатдаги сонида таҳлил қилинадиган мавзулар:
- Мамлакатда ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди;
- Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрига ташрифи - Президент ишга туширилган ва қурилаётган объектлар билан танишди, маҳалла фаоллари билан учрашди ҳамда ҳокимлар ва сектор раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди;
- Йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш масаласи - ҳудудларда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” умуммиллий дастури амалга оширилади
.

Кўрсатувни бугун, 12 февраль куни соат 22:00 да "O'zbekiston 24" телеканалида томоша қилишингиз мумкин.

Эртага, 13 февраль куни соат 12:20 ва 17:20 да ҳам такроран намойиш этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида машинасозлик саноатида амалга оширилаётган ишлар ва 2022 йилдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Сўнгги тўрт йилда тармоқни трансформация қилиш бошланиб, “Ўзавтосаноат”га хорижий мутахассислар олиб келингани таъкидланди.

Хорижий компаниялар иштирокида янги корхоналар ташкил этиш ва акциз солиғини бекор қилиш орқали соҳада рақобат муҳити яратилди.

Натижада ўтган тўрт йилда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 баробарга, тармоқ экспорти эса 2,7 баробарга ошди. Шунингдек, 2,6 минг турдаги бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

“UzAuto Motors” “Fitch Ratings” ва “Standart and Poor’s” халқаро агентликларидан “барқарор” кредит рейтингларини олиб, халқаро молия бозорида 300 миллион долларлик евробонд жойлаштирди.
Президентимиз соҳага масъул “Ўзавтосаноат” АЖ раиси Ш.Умурзоқовга ишлаб чиқаришни ошириш ва аҳолимизнинг талабини тўлиқ қондириш бўйича тинимсиз ишлаши шартлиги кўрсатиб ўтди.

Шунингдек, жаҳонда микрочиплар ишлаб чиқариш ва халқаро логистика билан боғлиқ муаммолардан келиб чиқиб янги ёндашув ва ечимлар топиш зарур.

Умуман, машинасозлик тармоғи саноатнинг “драйвер” соҳаларидан бири бўлиши кераклиги таъкидланди.

Бу борада, беш йиллик Тараққиёт стратегиясида автомобиль ишлаб чиқаришни 1,4 баробарга, экспортини эса 2 баробарга ошириш белгилаб олинган.

Шу муносабат билан 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш, "UzAuto Motors" автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Ш.Умурзоқов зиммасига бир ҳафта муддатда автомобиль савдосида очиқ-ошкора ва инсон омилидан холи тизимни йўлга қўйиб, сунъий навбатлар ва коррупцион ҳолатларни таг-томири билан йўқ қилиш учун шахсий жавобгарлик юкланди.
Йиғилишда ошиб бораётган ички талабни қондириш мақсадида биринчи ярим йилликда камида 160 мингта автомобиль ишлаб чиқариш лозимлиги таъкидланди.

Йил якунига қадар 275 мингта автомобиль ишлаб чиқариш учун зарур бутловчи қисмларни ўз вақтида етказиб бериш бўйича назорат ўрнатиш топширилди.

"Шу билан бирга, аҳолимиз автомобиль бозорида таклифларни кескин ошириш бўйича амалий натижаларни ҳозир кутмоқда", деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Вазирлар Маҳкамасига уч кун муддатда импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга (30 фоиздан 15 фоизга) пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритишга топшириқ берилди.

Соҳа раҳбарларига 2022 йилда:

- таннархни камида 5 фоизга камайтириш, 100 миллион долларлик импорт ўрнини босиш;

- 23 лойиҳа доирасида 600 турдаги бутловчи қисмларни ўзлаштириб, маҳаллийлаштиришни 48 фоиздан 56 фоизга ошириш;

- 336 миллион долларлик инвестицияларни ўзлаштириб, 3 та лойиҳани (“Tracker”, “Оnix” ва янги двигателлар ишлаб чиқариш) ишга тушириш лозимлиги кўрсатилди.
Ички талабдан келиб чиқиб 2022 йилда 410 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган.

Йиғилишда бу рақам тармоқдаги мавжуд имкониятларга нисбатан анча камлиги таъкидланди.

Шу боис автомобилларни кўпроқ ички бозорга йўналтириб, бутловчи қисмлар ҳисобига йиллик экспортни 500 миллион долларга етказишга кўрсатма берилди.

Бунда Россия ва Қозоғистоннинг йирик савдо тармоқлари орқали бутловчи қисмлар сотиш тажрибасини бошқа давлатларда ҳам йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
“Энди машинасозлик тармоғини саноат кластери усулида ривожлантирамиз. Бунга етарли имконият ва салоҳиятимиз бор”, деди Президент.

Авваламбор, илм-фанга асосланиб, “инжиниринг – бутловчи қисмлар – тайёр маҳсулот – савдо ва сервис” яхлит занжирини яратиш керак. Бунда:

- 8 та йирик машинасозлик корхонаси (енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчилар);

- бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 300 дан зиёд корхона;

- молия, логистика, ички ва ташқи бозорлардаги савдо ва сервис тармоғи;

- Турин политехника ва Андижон машинасозлик институтлари фаолиятини қамраб олиш зарур.

Бунинг натижасида Миллий машинасозлик кластери ташкил этилади.

Икки ой муддатда ушбу кластерни ташкил этиш дастурини киритиш топширилди.

Кластерга хорижий инвесторлар ва хусусий секторни жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратилади.
“Яна бир масала – жаҳонда электромобиллар ишлаб чиқариш
жадал ривожланиб, автомобиль бозорида салмоқли ўрин эгалламоқда.

Биз ҳам бу соҳада ортда қолмаслигимиз учун амалий ишларни ҳозирдан бошлашимиз керак”, деди Президент йиғилишда.

Мутасаддиларга уч ой муддатда электромобиль тармоғини ривожлантириш стратегиясини киритиш топширилди. Бунда:

- электромобиллар учун бутловчи қисм ва материалларни маҳаллийлаштириш дастурини;

- электромобиллар учун техник талаб ва замонавий стандартларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, йил якунига қадар хорижий компаниялар билан музокараларни якунлаб, стратегик ҳамкор билан лойиҳани бошлаш юзасидан кўрсатма берилди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ташкил этиш бўйича барча масалалар ҳал қилиб берилгани ва бунга бюджетдан 100 миллиард сўм маблағ ажратилгани ҳам кўрсатиб ўтилди.

Уч ой муддатда “Технолог” ва “Агрегат” заводлари асбоб-ускуналарини “Чирчиқ кластери”га кўчириб, қурилиш-монтаж ишларини жорий йилнинг 1 декабр санасига қадар тўлиқ якунлашга кўрсатма берилди.

Бу дегани “Чирчиқ кластери” 2023 йилдан тўлиқ ишлашни бошлаши керак”, деди давлатимиз раҳбари.

Соҳа раҳбарлари олдига жорий йилда қишлоқ хўжалиги машинасозлигида:

- қишлоқ хўжалиги техникаси таннархини 12 фоизга камайтириш;

- ишлаб чиқаришни 2 баробарга ошириш;

- экспортни 15 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари яна автомобиль учун навбатлар мавзусига қайтиб, навбатда турган ҳар бир буюртмачига "UzAuto Motors" компанияси томонидан автомобиль етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома йўллаш бўйича топшириқ берди.