Prezident matbuot kotibi | Sherzod Asadov
115K subscribers
4.18K photos
610 videos
2.87K links
O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti matbuot kotibining rasmiy kanali

Facebook: facebook.com/PressSecretaryUZ

Instagram: instagram.com/press_secretary_uz

Twitter: https://twitter.com/Sherzod_Asadov
Download Telegram
Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтмоқда. Унда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича маъруза қилмоқда.

Давлат раҳбари аввал ўтган беш йилдаги натижаларга қисқача тўхталиб ўтди:

- 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Унинг доирасида 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармони ва қарори қабул қилинди.

Халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, парламентаризмни ривожлантириш ва давлат органлари ҳисобдорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Сўнгги беш йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 24 фоизга, саноат – 34 фоизга, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 3 баробарга ўсгани биз қўлга киритган юқори натижалардан далолат беради. Шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 марта кўпайди.

Facebook|Instagram|Twitter
Шавкат Мирзиёев келгусидаги асосий мақсадларни баён этди:

Мавжуд захира ва имкониятларимизни сафарбар этган ҳолда келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси олдимизда турибди.

Шу тариқа 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириб, “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришга пухта замин яратган бўламиз.

Албатта, бу осон вазифа эмас. Бунга эришиш учун, аввало, иқтисодиётда илм ва инновацияларга асосланган ривожланиш ҳисобидан янги технологиялар ва қўшилган қиймат занжирларини кўпайтириш орқали меҳнат самарадорлигида туб ўзгаришлар қилишимиз шарт.

Facebook|Instagram|Twitter
Шавкат Мирзиёев тақдим этаётган Янги Ўзбекистон стратегиясига кўра, келгуси беш йилда:

- саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилади;

- мис ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2 мартага ошади ва 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришга
асос яратилади;

- табиий газни қайта ишлаш даражасини 8 фоиздан 20 фоизга ошириш орқали кимё саноатида 2 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади;

- рақамли иқтисодиётнинг ҳажми камида 2,5 баробарга оширилиб, 4 миллиард долларга етказилади;

- ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархда юқори тезликдаги интернетга уланади, магистраль автомобиль йўллари 100 фоиз мобиль алоқа ва интернет билан қамраб олинади;

- халқаро магистрал интернет тезлиги – 5 баробарга, туманлараро тармоқлар тезлиги – 8 баробарга оширилади.

Facebook|Instagram|Twitter
Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун макроиқтисодий барқарорлик таъминланади - Шавкат Мирзиёев.

- 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилади. Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслиги таъминланади.

Бевосита аҳолининг талаблари асосида йилига 1,5 – 2 триллион сўм маблағ жойлардаги энг долзарб муаммоларни ҳал этишга сарфланади.

Янгидан жалб қилинадиган йиллик ташқи қарз миқдори 5 миллиард доллардан, умумий давлат қарзи эса ялпи ички маҳсулотнинг 50-60 фоизидан ошмаслиги таъминланади.

Келгуси беш йилда 120 миллиард доллар, шундан камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинади.

Мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти 1,7 баробар оширилиб, 2026 йилда 30 миллиард долларга етказилади.

Экспорт таркибида хомашёнинг улуши ҳозирги 46 фоиздан 23 фоизга камайиб, тайёр маҳсулотлар ҳажми 2,5 баробар кўпаяди.

Facebook|Instagram|Twitter
Шавкат Мирзиёев давлат корхоналарининг трансформацияси ҳамда хусусийлаштириш жараёнлари янада тезлаштирилишини таъкидлади.

"Бундан буён, самарасиз корхоналар давлатдан қўшимча ёрдам олмасдан, хусусий сектор каби “ўз аравасини ўзи тортиши” шарт".

Бунда, машинасозлик, кимё, нефть-газ, энергетика, кон-металлургия, транспорт каби тармоқлардаги 23 та йирик корхона халқаро кредит рейтингларини олиш орқали ички ва ташқи молиявий бозорларга мустақил чиқиб, инвестиция лойиҳалари учун ўзи маблағ жалб қилиши талаб этилади.

Шунингдек, энергия ресурслари бозори эркинлаштирилиб, соҳага хусусий инвестициялар кенг жалб қилинади.

Натижада, 2026 йилга бориб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми йилига қўшимча 30 миллиард киловатт-соатга оширилади ва жами 100 миллиард киловатт-соатга етказилади.

Келгуси йилда табиий газ бўйича ҳам эркин бозор тамойилларини жорий этиш жараёнлари бошланади.

Электр энергияси ва табиий газ бозорларини эркинлаштириш билан бирга, эҳтиёжманд аҳолимизни ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормалари киритилади.

Шу билан бирга, банк тизимини трансформация қилиш орқали, хусусий банкларнинг улуш жами банк активларининг 60 фоизига етказилади.

Facebook|Instagram|Twitter
"Яшил иқтисодиёт"ни жорий қилиш борасида келгуси беш йилда:

- қуввати 5 минг мегаваттдан ортиқ бўлган шамол, қуёш ва гидро электр станциялар ишга туширилади. Натижада, йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газ тежалади.

- электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни рағбатлантириш бўйича, алоҳида дастур қабул қилинади.

- келгуси йилнинг ўзида Тошкент шаҳри жамоат транспортида 320 та электробус қатнови йўлга қўйилади.

- “Яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш махсус жамғармаси ташкил этилади.

- иқтисодиётнинг энергия самарадорлиги 20 фоизга ошади, атмосферага чиқариладиган зарарли газлар ҳажми 10 фоизга қисқаради.

Facebook|Instagram|Twitter
Шавкат Мирзиёев 2026 йил якунигача камбағалликни камида 2 баробар қисқартириш учун қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида:

Тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бизнес соҳасига имкониятларни кенгайтириш, солиқ турлари ва унинг юкини камайтириш бўйича тизимли ишларимизни изчил давом эттирамиз.

2020 йилда қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга туширган эдик. Энди, зарур тайёргарлик ишларини кўрган ҳолда 2023 йилдан бошлаб ушбу солиқ ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга туширамиз.

Келгуси йили корхоналарнинг мол-мулк солиғи ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилади.

Яна бир янгилик – 2023 йилдан юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини бирлаштириб, ягона кўчмас мулк солиғи жорий қилинади.

Ҳозирги вақтда банк, молия, телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси ҳар хил бўлиб, улар амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга туширилади ва барча тадбиркорлар учун бир хил бўлади.

Туман ва шаҳарлардаги мавжуд бир нечта тадбиркорликка кўмаклашадиган тузилмалар негизида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилади.

Facebook|Instagram|Twitter
Ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имконияти яратилади - Шавкат Мирзиёев.

Касбий таълим билан тизимли шуғулланиш масалалар, тўлиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ўтказилади.

Келгуси беш йилда норасмий ишлаётган 2,5 миллион нафар фуқаро бандлигини легаллаштиришга ёрдам берилади. Шу орқали уларнинг ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишига имконият яратилади.

Шунингдек, ҳудудларда сервис соҳалари кўламини кенгайтириш орқали хизмат кўрсатиш ҳажми 3 баробарга оширилади ва бунинг эвазига 3,5 миллионта янги иш ўрни яратилади.

Аёллар ўртасидаги ишсизлик даражаси келгуси беш йилда 2 баробарга камайтирилади. Шунингдек, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилади ва уларнинг харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

Келгуси уч йилда уй-жойга муҳтож 10 мингдан зиёд хотин-қизларга имтиёзли шартлар асосида уй-жойлар ажратилади.

Facebook|Instagram|Twitter