Prezident matbuot kotibi | Sherzod Asadov
115K subscribers
4.1K photos
584 videos
2.79K links
O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti matbuot kotibining rasmiy kanali

Facebook: facebook.com/PressSecretaryUZ

Instagram: instagram.com/press_secretary_uz

Twitter: https://twitter.com/Sherzod_Asadov
Download Telegram
Президент раислигида туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди.

Дунёда пандемия чекловлари юмшаётгани натижасида туризм индустрияси тикланишни бошлаётгани қайд этилди.

Жорий йил биринчи чорагида юртимизга хориждан 610 минг нафар ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баравар кўп туристлар келди. Май ойида ҳамкор давлатлардан сайёҳларнинг 20 фоизи мамлакатимизга келиши кутилмоқда (илгари бу рақам 2-3 фоиз бўлган).

“Лекин, ҳар бир ҳоким ҳудудимда тарихий обидалар ёки манзарали жойлар кўп, деб хотиржамликка берилмаслиги керак.

Меҳмонхона, музей, транспорт ва йўллар, сервис, овқатланиш жойлари келаётган туристларни қабул қилишга тайёрми? Бунинг учун қайси ҳоким тайёргарлик қилди?”, дея савол қўйди давлатимиз раҳбари.

Президент юртимиз туризм салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган камчиликларни санаб ўтди.

Мисол учун, Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарёда мавжуд меҳмонхона ўринлари талабга нисбатан анча кам.
Сўнгги йилларда Мўйноқ, Нукус, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон, Риштон каби янги йўналишлар очилди. Лекин Навоий, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳали бор имкониятлардан фойдаланаётгани йўқ.

Қорақалпоғистон, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан бошқа ҳудудларда ёшларга мос туристик хизматлар жуда кам.

“Оилавий” ва “барчаси ичида” хизматларини жорий қилиш ишлари суст. Чўмилиш ҳавзаси 1,2 мингдан зиёд меҳмонхонанинг фақат 30 фоизида бор.

Ҳудудларимиздаги 206 та термал ва минерал сувли булоқларнинг бугунги кунда 18 тасидан фойдаланилмоқда.

Мисол учун, Қамчиқ довонида (Оҳангарон тумани) 2,5-3 минг метр баландликда жойлашган Арашан кўллар тизимидаги сув ҳарорати қишин-ёзин 36 градус иссиқликда бўлиб, хорижий курортлардан қолишмайди.

Ёки, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпирда ҳам ер остидан 40-70 градус иссиқликда чиқадиган термал булоқлар ҳудудида санатория-курортлар ташкил қилиш учун барча имкониятлар мавжуд бўлсада, тегишли ҳудудлар ҳокимлари ташаббус кўрсатмаётгани танқид қилинди.
Йиғилишда юртимизда мавжуд 122 та музей салоҳиятидан фойдаланилмаётгани таъкидланди.

Музейларда 2,5 млндан ортиқ ашё сақланиб, 112 мингтаси нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланади.

“Лекин қайси ҳоким музейлар муаммоси билан шуғулланди, деган саволга ижобий жавоб йўқ.

Мисол учун, Савицкий, Термиз археология, Ўзбекистон давлат санъат музейларига бутун дунёдан одамлар келади, лекин аҳолимизни бу маданият масканларига бориши тизимли ташкил этилмаяпти.

Шу боис бугун Абдуҳакимовга янги ўринбосарлар – Бахтиёр Ибрагимов, Нусратилла Зикриллаев, Ботир Шахриёровни тайинладим.

Ҳар бир вилоят ҳокимига ҳам туризм бўйича ўринбосарлар берилган. Бундай имконият қачон бўлган?

Бу борада Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Фарғонада туризм бўйича ўринбосарлар яхши ишлаяпти. Қолган ҳудуд масъуллари ҳали "уйғонгани" йўқ", деди Президент.

Шу 4 та ҳудуддан ташқари барча вилоят ҳокимларининг туризм бўйича ўринбосарларига 3 ой синов муддати белгилаш, якуни бўйича лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.
Туризм вазири, унинг янги тайинланган ўринбосарлари, вилоят ҳокимлари ва туризм бўйича муовинлари олдидаги энг устувор вазифалардан бири - туризм соҳасида пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш экани таъкидланди.

Туризм ва унга турдош соҳаларда камида 200 мингта янги иш ўринлари яратиш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун йил якунига қадар ҳар бир вилоятда туристлар учун жозибадор бўлган камида 20 миллион долларлик 1 тадан йирик лойиҳани бошлаш зарур.

Мисол учун, Наманганда ишга туширилган “Афсоналар водийси”, Бўстонлиқда “Амирсой мажмуаси”да ҳам болалар учун, ҳам катталар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, кунига минглаб хорижий ва маҳаллий туристлар келмоқда.

Бундай йирик лойиҳаларни қўшни давлатлар учун қулай бўлган Андижон, Тошкент вилояти, Қашқадарё ва Хоразмда барпо этиш учун барча имкониятлар етарли.
Йиғилишда мамлакатимизда Чимён, Билдирсой ёки Зоминдан кам бўлмаган, лекин салоҳияти ҳали ишга солинмаган туристик манзиллар кўплиги таъкидланди.

Масалан, Бойсундаги дунёда энг чуқур ғорлардан ҳисобланган Бойбулоқ (Осиёда энг чуқур, 1 минг 415 метр), ёнидаги Вишневский (715 метр), Неандартал одам қолдиғи топилган Тешиктош ғорлари, Дарбанд дараси, қадимий эллин маданияти ёдгорлиги – Узундара қалъаси бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб қилади.

Бу ерда меҳмонхона, кемпинг, тоғ спорти, дор йўли, туристлар уйлари каби объектларни ташкил этиш орқали 500 минг сайёҳни бемалол жалб қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Бундай имкониятлар Бўстонлиқдаги Товоқсой, Оҳангарондаги Овжасой, Ангрендаги Янгиобод, Шаҳрисабздаги Мираки, Янгиқўрғондаги Нанай, Попдаги Чодак ҳудудларида ҳам мавжуд.

Чорвоқ ва Тўдакўлдан бошқа бирорта ҳудудда чўмилиш жойлари йўқлиги қайд этилди. Бу борада Нукусдаги Ашшикўл, Бухородаги Зикрикўл, Жиззахдаги Айдаркўл ва Тузкон кўлининг имкониятлари ишга солинмай турибди.
Президент мавзуни давом эттирди.

Боғотнинг “Қалъа-жиқ” ва Элликқалъадаги Ақчакўлда санатория-курорт ташкил этиш, Бухорода “Қадимий Бухоро” ва “Ўнинчи аср этноқишлоғи”, Наманганда “Оазис”, Сирдарёда “Сирдарё экотуризм”, Тошкент вилоятида “Гарден” туризм кластерлари ва Фарғонада “Фарғона парки” тематик боғини ташкил этиш бўйича йирик лойиҳаларни бошлаш кераклиги айтилди.

Вилоят ҳокимларига бир ой муддатда ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳудудларни белгилаб, салоҳиятли инвесторларни аниқлаш ва амалий ишларни бошлаш топширилди.

Жорий йилда Ўзбекистон туризм магистрали бўйлаб 31 та туман (шаҳар) ҳудудидан ўтувчи йўл бўйида комплекс туризм хизматларини (автотураргоҳ, кемпинг, автосервис, овқатланиш, ёқилғи қуйиш) қамраб олган 1 тадан “карвонсарой” барпо этиш вазифаси қўйилди.

Бундай лойиҳаларга бир ой муддатда 1 триллион сўм кредит ресурслари ажратилади, йил якунига қадар яна 100 миллион доллар жалб қилинади.

Вилоят ҳокимлари ҳам камида 20 миллион долларлик лойиҳаларни ишга туриши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Тошкент шаҳрида хорижий туристларни камида 3 кун олиб қолиш ва “1 минг долларлик хизматлар пакети”ни тақдим қилиш бўйича алоҳида дастурни амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бу орқали пойтахтда қўшимча 1 миллион сайёҳни жалб қилиш имконияти бор.

Тошкент шаҳри ҳокимига пойтахтда:

- йил давомида ишлайдиган замонавий аквапарк, аттракцион, сафари гуллар, чироқлар ва бошқа мавзули парклар;

- туну-кун ишлайдиган камида 5 та гастрономик ва савдо кўчалари;

- ресторан ва меҳмонхоналар, жамоат жойларида жонли ижро концертларини йўлга қўйиш;

- очиқ осмонда шоу (дорбозлик, мусиқа ва рақс дастурлари) ва фестиваллар (гуллар, гастрономик, музқаймоқ, опера) ташкил этиш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берилди.

Президент жорий йилда ички туризм оқимини камида 10 миллионга етказиши шартлигини таъкидлади.

Бунинг учун туман, шаҳар ҳокимлари олдига туризм салоҳияти юқори 28 та туман ва шаҳар, 135 та маҳалла имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, инфратузилма муаммоларини ҳал қилиб бериш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари Ромитан туманидаги “Бухоро оазис”, Поп туманидаги Чодак ва Самарқанд туманидаги Конигил қишлоқларида ташкил этилган мажмуаларнинг ички туризмни ривожлантиришдаги ижобий натижаларини қайд этди.

Бундай лойиҳаларни Ангрендаги Лашкарак, Паркентдаги Кумушкон, Шаҳрисабз туманидаги Ғелон, Сувтушар, Китобдаги Жовуз, Варганза ва Башир, Чироқчидаги Тарағай ва Лангар, Хўжаободдаги Имом ота, Нуротадаги Сентоб, Зоминдаги Дуоба, Фарғона туманидаги Саткак қишлоқларида ҳам амалга ошириш бўйича кўрсатма берди.

Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчилари 85 та маҳаллада йўл, электр, ичимлик суви, алоқа масалалари ҳал қилиб берилса, 100 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириши ва камида қўшимча 3 миллион турист жалб қилиш ташаббусини билдираётгани қайд этилди.
Президент туризм қишлоқлари учун қўшимча имтиёзларни эълон қилди. 1 июлдан бошлаб:

- туризм қишлоқларида меҳмон уйлари, овқатланиш ва савдо шохобчалари, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар 3 йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, мол-мулк, ер, сув солиқларини ҳисобланган суммадан бор йўғи 1 фоизини тўлайди;

- оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ушбу қишлоқларда меҳмон уйлари ташкил этишга 50 миллион сўмгача, ўтов лагерлари ва эко-уйлар мажмуасига 300 миллион сўмгача, чодирли лагерлар қуришга 300 миллион сўмгача кредитлар берилади.

Мисол учун, Чироқчидаги Тарағай ва Лангар қишлоқлари аҳолиси камида 100 тадан меҳмон уйлари ташкил этиш ташаббусини билдирган;

- ҳар йили туризм қишлоқларининг 200 нафар ёшлари бюджет ҳисобидан туризм техникумларида бепул ўқитилади.

135 та ихтисослашган маҳаллада 2,5 мингта лойиҳа учун жорий йилда 250 миллиард сўм ва 50 миллион доллар ажратилади.

Меҳмон уйлари ташкил этиш учун 100 миллиард сўм йўналтирилади.
Туризм вазирлигига хорижий туристларга кўмаклашувчи сайтлар, мобил иловалар яратиш бўйича танлов эълон қилиб, энг яхшиларига грант ажратиш топширилди.

186 та халқаро ва маҳаллий фестиваллар ташкил этиш орқали жорий йилда камида қўшимча 1 миллион хорижий ва 5 миллион нафар ички туристларни жалб қилиш мумкин.

Шу боис, Туризм вазирлигига:

- Наманганда - Халқаро гуллар;

- Фарғонада - Туркий халқлар ёшлари;

- Сурхондарёда - “Бойсун баҳори”;

- Хоразмда - Лазги;

- Қорақалпоғистонда - “Стихия” электрон мусиқа;

- Тошкент шаҳрида - “Гастро Базар” ва Тошкент халқаро кино фестивалларини юқори савияда ташкил этиш топширилди.

Маданият вазирлигига:

- июнда Тошкент шаҳрида қўғирчоқ театри, Гулистонда миллий чолғу фестивали, Тошкент вилоятида халқаро этнофестиваль;

- май-июнда Андижон ва Сирдарёда Ботир Зокиров миллий эстрада симфоник оркестри, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистонда Академик халқ чолғулари оркестри, Наманган ва Фарғонада “Наврўз” ашула ва рақс ансамбллари концертларини ташкил этиш топширилди.
“Жорий йилда Наврўз байрами муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари белгилангани, 250 та меҳмонхона ва музейлар аҳолига чегирма бергани, зиёрат объектлари бепул қилингани ички туризм учун катта туртки берди.

Бу орқали Бухоро ва Самарқандга қўшимча 110 минг маҳаллий туристлар борди.

Келгуси ҳафтада Рамазон ҳайити муносабати билан ҳам аҳолимизга яна 5 кунлик дам олиш берилади.

Бу ҳудудларда ички туризмни ривожлантириш учун қўшимча имконият.

Энди ушбу ишларни фақат байрамлар арафасида эмас, балки йил давомида тизимли равишда ташкил этиш бўйича янги тартибни жорий этамиз”, деди Президент.

Жумладан, 2022 йилдан бошлаб барча давлат ташкилотлари ходимлари учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш харажатларининг 20 фоизини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаш амалиёти йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, 1 сентябрдан бошлаб, юртимиз бўйлаб саёҳат қилаётган фуқароларга:

- авиа, темир йўл ва автобус чипталари нархининг 15 фоизини (авиатранспортга 200 минг сўмгача, темир йўл ва автобусга 100 минг сўмгача);

- меҳмонхона харажатининг 20 фоизини (бир кеча учун – 80 минг сўмгача);

- музей ва бошқа маданият объектларига чипта нархининг 50 фоизини (битта объект учун – 20 минг сўмгача) қайтариш тизими жорий этилади.

Байрам кунлари ва фестивалларда аҳолининг фаол саёҳат қилишига қулай шароит яратиш учун қўшимча авиа, темир йўл ва автобус қатновини ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда чипталарга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади.
Йиғилишда туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга музейлар фаолиятини самарали ташкил этиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Ўтказилган текширишларда республика бўйича 14 та музейда 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлар талон-торож қилингани қайд этилди.

Жумладан, Бухоро давлат музейида жами 31,5 миллиард сўмлик 81 та маданий бойликлар қалбакиларига алмаштириб қўйилгани аниқланган. “Ичан-Қалъа” давлат музей фондида жами 101 та музей ашёлари аслига тўғри келмаслиги маълум бўлди.

Умуман, 30 йилда маданий мерос объектларига етказилган зарар миқдори 4 триллион сўмдан ошган.

Шу боис, Бош прокурор ва туризм вазири бошчилигидаги комиссияга:

- барча музейлар экспонатларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, йил якунига қадар уларнинг электрон базасини яратиш;

- музейлар раҳбар ва ходимларининг билим ва малакасини баҳолаб, лавозимига нолойиқ раҳбарлар ўрнига билимли, ҳалол ва тадбиркор ёшларни қўйиш топширилди.

“Бундан буён музейлардаги шароитларга вилоят ҳокимлари жавобгар бўлади”, деди Президент.
Президент вилоят ҳокимларига бир ой муддатда 52 та таъмирталаб музейларга шахсан бориб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўрсатма берди.

Тошкент шаҳар ҳокимига 1 октябрга қадар хориждан жалб қилинган малакали экспертлар билан бирга Темурийлар тарихи, Ўзбекистон тарихи ҳамда Табиат музейларининг экспозициясини замон талабларига асосан янгилаш бўйича ишларни бошлаш топширилди.

Бу тажриба асосида республикадаги бошқа музейлар ҳам янгиланади.

Ҳозирда музейлардаги 105 минг дона экспонат реставрацияга муҳтожлиги қайд этилди. Йил якунига қадар музей биноларини таъмирлаш ҳамда ашёларни реставрация қилиш учун музейларда 15 та реставрация лабораториясини ташкил қилинади.

Шу билан бирга, музейларнинг кўргазма майдонлари камлиги сабабли атиги 1 фоиз (143 мингта) экспонат намойишга қўйилган.

Бундан ташқари, барчанинг ҳам Савицкий каби музейларга бориш имконияти йўқ.

Шу муносабат билан “Санъатни халққа яқинлаштириш” дастури доирасида ҳудудларда музейларнинг кўчма кўргазмалари ташкил қилинади.
Туризм ва маданий мерос вазирлигига икки ой муддатда янги музейлар ташкил этиш, хусусий музейлар барпо этишни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Бу мақсадларга 50 миллион доллар жалб қилинади.

Шунингдек, Туризм вазирлиги вилоят ҳокимлари билан бирга:

- 4,5 мингдан ортиқ археология ёдгорлигини очиқ осмон остидаги музейларга айлантириш;

- музейлардаги ноёб 2,5 минг экспонатни танлаб олиб, уларнинг нусхасини тайёрлаш ва сотишни йўлга қўйиш чораларини кўради.

Шу билан бирга, “Музейда тун” каби 187 та йирик маданий-кўнгилочар, концерт-томоша тадбирлари ва уста-ҳунармандларнинг маҳорат дарсини ўтказиш имкониятлари бор.

Бунинг учун, музейларни ҳар куни соат 22-00 гача ишлашига рухсат бериш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Президент сифатли транспорт-логистика хизматлари йўлга қўйилмаса, туризмни ривожлантириб бўлмаслигини таъкидлади.

Транспорт харажатларининг юқорилиги хорижий туристларни жалб қилишда асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ҳалигача халқаро ва маҳаллий йўналишларда лоукостерлар фаолияти самарали йўлга қўйилмагани, замонавий “Афросиёб” поездига чипта олиш учун бир неча ҳафта олдин мурожаат қилиш зарурлиги танқид қилинди.

Шу боис Транспорт вазирлигига бир ой муддатда:

- Фарғона-Бухоро-Фарғона, Фарғона-Урганч-Фарғона йўналишида авиақатновларни;

- Бухоро-Самарқанд, Бухоро-Хива, Бухоро-Термиз йўналишлари бўйича замонавий автобус ва микроавтобуслар қатновини йўлга қўйиш топширилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” бир ой муддатда “Афросиёб” тез юрар поездини Шаҳрисабзгача ҳаракатини қайта тиклайдиган бўлди.

Мутасаддиларга 1 сентябрга қадар ҳар куни 2 мингдан зиёд сайёҳларга тарихий масканларни айланиб чиқиш имконини берадиган 2 қаватли мунтазам туристик автобуслар қатновини йўлга қўйишга топшириқ берилди.
Йиғилишда хорижий ва ички сайёҳларнинг авиақатновларга бўлган талабини қондириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан:

- 1 июлдан “Зиёрат туризми” дастури доирасида хорижий авиакомпанияларга кўрсатиладиган хизматларга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади;

- йил якунигача маҳаллий авиақатновлар сони ҳафтасига 48 тадан 60 тага, туташувчи қатновлар сони 4 тадан 6 тага етказилади;

- 1 октябрга қадар маҳаллий авиақатновларга мўлжалланган янги “Силк авиа” авиакомпанияси ташкил этилади;

- авиаташиш харажатларини камайтириш мақсадида 9 та самолёт тўлиқ эконом-классга ўтказилади (бунда тарифлар 20 фоизга арзонлашади).

Туризм ва Транспорт вазирликларига бир ой муддатда туризм соҳасида транспорт инфратузилмасини яхшилаш концепциясини тақдимот қилиш бўйича кўрсатма берилди.

Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан соҳа ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.
Бироздан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида аграр соҳада таълимни янада ривожлантириш масалалари ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишидаги лойиҳаларнинг бориши юзасидан йиғилиш бошланади.

Скоро при Президенте Шавкате Мирзиёеве начнется совещание по вопросам дальнейшего развития образования в аграрной сфере и ходе реализации сельскохозяйственных проектов.

Facebook|Instagram|Twitter
Президент ҳузурида қишлоқ хўжалигида халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларнинг бориши ҳамда таълим сифатини яхшилаш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Сўнгги беш йилда соҳага 2,5 миллиард доллар хорижий ресурслар жалб қилинди. Шундан, 1,7 миллиард доллар ўзлаштирилиб, 4 мингга яқин лойиҳа амалга оширилди.

Бунинг ҳисобига 2,5 минг гектар замонавий иссиқхоналар, 11 минг гектар интенсив боғлар, 6 та кўчатчилик хўжалиги ва 350 минг тоннали музлаткичли омборхоналар ташкил этилди.

Бугунги кунда, соҳада 810 миллион доллар ўзлаштириладиган маблағ мавжуд.

Давлатимиз раҳбари ушбу маблағлар ҳисобига қилиниши лозим бўлган ишларни белгилаб берди.
Йиғилишда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига йил якунига қадар 400 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилди.

Бугунги кунда 580 та янги лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, кредитлар қисқа муддатга берилиши боис уларни амалга ошириш кечикмоқда. Шу муносабат билан:

- вазирликка лойиҳаларни ишга тушириб, лизинг асосида сотиш ваколати берилади.

- Боғдорчилик агентлигига 1 майга қадар 20 миллион доллар, натижага қараб, йил якунига қадар яна 45 миллион доллар ажратилади;

- бунинг ҳисобига жорий йилда 6 та вилоятда 1,8 минг гектарда интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиб, тадбиркорларга камида 7 йил муддатга лизингга берилади.

- 1 майдан боғ ва токзорлар барпо этиш учун кредитлар тадбиркорларга камида 10 йил муддатга ажратилади;

- йил якунига қадар хусусий сектор билан бирга жами 115 минг тоннали 17 та кичик агрологистика марказини ишга туширилади. Улар “тайёр ҳолда” 5 йиллик имтиёзли давр билан камида 10 йилга лизинг асосида сотилади.
Йиғилишда 2022 йилда Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида агрохизматлар марказлари ташкил этилиб, 100 дан ортиқ хизматлар йўлга қўйилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек:

- қишлоқ хўжалигида маблағларни бошқариш ва мониторинг қилиш ахборот тизимини ишга тушириш;

- ерлар ва экинлар ҳисоби ҳамда мониторингини юритишни рақамлаштириш;

- 1 августга қадар 7 турдаги, 2023 йилда барча турдаги субсидия тўлашни электрон тизимга ўтказиш;

- сув баланси ва сарфи ҳисобини юритиш ҳамда ерларни тўғри суғориш ишларини масофавий мониторинг қилиш ахборот тизимини 1 декабргача Фарғона ва Самарқандда, 2023 йилда барча ҳудудларда жорий қилишга топшириқ берилди.

Президент янги Халқаро қишлоқ хўжалиги университети 2022-2023 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлаши зарурлигини қайд этди.

Биринчи ўқув йилида университетда 7 та мутахассислик бўйича 200 нафар талаба ўқитилади.