Беҳзод Қобулов | Расмий
182 subscribers
94 photos
29 videos
1 file
46 links
Эркин каналча

Телефон: 99 370 66 01
Download Telegram
#Баёнот

Телеграмда Тошкент вилояти ҳокимлигининг пиар хизматлар учун қанча маблағ ўтказгани ҳақидаги ахборот тарқалмоқда (1, 2).

Мен ушбу соҳанинг бевосита раҳбари сифатида 2 миллиард 600 миллион сўм маблағ пиар учун сарфлангани ҳақидаги фактни тасдиқлай олмайман. Бу нотўғри маълумот.

АКТ ривожлантириш ДУК қошида Пиар бўлими очилган бўлиб, унда 10 нафар ходим ишлайди. Уларнинг 6 нафари техник ходимлар (2 та оператор, фотограф, монтажчи, 2 та веб сайт, ижтимоий тармоққа техник хизмат кўрсатувчилар). Йиллик харажатлар (солиқларсиз) 600 миллион сўм. Солиқларни қўшиб ҳисоблаганда 840 миллион сўм. Бу пул ходимларга ойлик маош сифатида берилади.

Тушунишингизни истардикки, Тошкент вилоятида телевидение мавжуд эмаслиги бизга қўшимча масъулият юклайди. Айни пайтда пиар бўлими ўз техникалари ва ходимлари билан вилоятдаги барча бошқарма ва ташкилотлар фаолиятини ОАВ да ёритишга кўмаклашади.

Беҳзод Қобулов,
вилоят ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси.

_____

Пост таҳрирланди ва қўшимча киритилди.

@Behzod_Qobulov
#Баёнот

KUN.UZ САЙТИ ЖУРНАЛИСТИ ДИЛШОДА ШОМИРЗАЕВАНИНГ МАҚОЛАСИ ЮЗАСИДАН

Kun.uz журналисти Дилшода Шомирзаева Зангиота тумани Назарбек қўрғонидаги вазият бўйича ташкил этган матбуот анжуманимизни умуман бошқа мазмунда талқин қилган. Биз бу ўринда журналист томонидан касб этикаси, ҳақиқатга одилона ёндашув принципи бузилган, деб ҳисоблаймиз. Қуйида лўнда қилиб масалани тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати журналист Дилшода Шомирзаевани қўярда-қўймай бу матбуот анжуманига чақирган эмас. Шундай тадбир ўтказилаётгани ҳақида хабардор қилинган, холос.

Қурилиш сансалорликка учрагани ҳақидаги гап ҳам асоссиз. Бу ўринда гап – аҳоли учун ниҳоятда зарур бўлган, давлат ўз вақтида эътибор қаратган мана шу объектнинг қурилиши мобайнида қўшимча жиҳатлар пайдо бўлаётганидадир. Яъни объектни лойиҳалаш давомида ер остидаги коммуникация, дарахт кесилиши, снос масаласи ҳужжатларда акс этмаган. Натижада, қайта ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш, тегишли тартибда рухсат олиш, сносга маблағ йўналтириш билан боғлиқ жараён бўлаяпти. Бусиз иложи йўқ.

Таъкидлаймизки, бу ўринда лойиҳа муаллифи ёки буюртмачи, ташаббускор томонни ҳам айбдор қилмоқчи эмасмиз. Қурилиш жараёнида кутилмаган ҳолатлар юзага келиши, қўшимча иш олиб борилиши эҳтимоли ҳар доим, ҳар қандай йирик объектларда бўлади. Бу ерда асосий мантиқ – давлат аҳоли учун ниҳоятда зарур бўлган мана шу объектни қуришга қарор қилганида.

Кўприк қурилади. Қурилиш бошланган. Менимча, бу ерда бугун, ҳозир ҳал қилиниши лозим бўлган асосий муаммо бошқа. Яъни, токи кўприк қурилгунича, вилоят ҳокимлиги, туман ҳокимлиги мутасаддилари бошқа муқобил йўллардаги қатновни тартибга солиши, алтернатив вариантларни тақдим этиши керак эди. Аҳолининг бугунги норозилиги мана шундан. Биз айни пайтда мана шу мазмунда қўшимча баёнот беришга тайёрланаяпмиз.

Шунингдек, қурилишни тўхтаб қолгани бўйича вилоят ҳокими буюртмачи (Автомобиль йўллари давлат қўмитаси), пудратчи ("Ўзбекистон темир йўллари" АЖ) мутасаддилари иштирокида масалани жойида муҳокама қилиши кутилмоқда.

Хуллас, қурилиш соҳасига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, тартиб-таомиллардан хабардор журналист воқеликка бундай ёндашмас, давлат идораларини сансалорлик ва ва ҳоказоларда айбламас эди.

Мавзуга доир: мана шу матбуот анжуманида қатнашган бошқа бир профессионал журналист мавзуга профессионал ёндашиб, ҳолатни асл воқеликка мос талқин қилган. Гап – мавзуга профессионал ёндашувда.

@Behzod_Qobulov
#Баёнот

Kun.uz сайтида эълон қилинган "210 млн сўмлик шартнома 2 млрд сўмга етган. Тошкент вилояти ҳокимлиги қайси хизматга бунча харажат қилган?" сарлавҳали мақола юзасидан

Бугун Kun.uz сайтида эълон қилинган "210 млн сўмлик шартнома 2 млрд сўмга етган. Тошкент вилояти ҳокимлиги қайси хизматга бунча харажат қилган?" сарлавҳали мақолада Тошкент вилояти ҳокимлиги таъсисчилигидаги "Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш" МЧЖга кўрсатилган хизматлар учун ўтказиб берилган маблағлар миқдори ва сарфи танқид қилинган.

Мен ушбу соҳанинг бевосита раҳбари сифатида 2 миллиард сўмдан ортиқ сумма пиар учун сарфлангани ҳақидаги фактни тасдиқлай олмайман. Бу — нотўғри маълумот. Тошкент вилояти ҳокимлиги ташкилий тузилмасида 1 та штат бирлигидан иборат "Ҳокимнинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби" лавозими мавжуд, холос.

Тошкент вилояти ҳокимининг қарорига кўра, 2020 йил 16 январда МЧЖ тузилмасида 10 та штат бирлигидан иборат "Ахборот хизмати гуруҳи" ташкил этилган. Мазкур жамоа бевосита вилоят ҳаётини ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш, ижтимоий тармоқларда аҳоли мурожаатлари билан ишлашда вилоятдаги барча бошқарма, корхона ва ташкилотларга, ҳокимликлар матбуот хизматларига ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади. Уларнинг 4 нафари техник ходим (оператор, фотограф, монтажчи), 2 нафари журналист, 2 нафари SMM бўйича мутахассис. Ташкилот ўз харидлари ҳақида "E xarid" онлайн платформаси орқали ахборот бериб боради.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу маблағлар пиар хизмати учун учинчи томонга (бирон веб-сайт ёки реклама агентлиги ҳисобига) ўтказилмаган. Мазкур маблағ ходимлар учун иш ҳақи, техник хизмат кўрсатиш, янги техникалар сотиб олиш мақсадларига йўналтирилган. Ушбу ташкилотда жами 87 нафар ишчи-ходим, жумладан, дастурчилар фаолият юритади ва вилоят ҳокимлиги, шаҳар-туманлар ҳокимликларига ахборот коммуникация технологиялари соҳасида хизмат кўрсатади.

Бундан ташқари, 2022 йил давомида ажратилган маблағлар ҳисобидан вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти янгиланди, айни пайтда ишга туширилиш арафасида турибди. Шунингдек, ҳокимлик, корхона ва ташкилотларда ҳужжат айланиш тизимини тубдан яхшилаш, аҳоли мурожаатлари билан ишлашга оид учта оригинал дастур яратилди. Хусусан, "Халқ назорати", "Битирувчи" сингари платформалар тест режимида иш бошлади, февраль ойидан тўлиқ ишга туширилади.

Феврал ойининг биринчи декадасида (1-10 февраль оралиғида) мазкур дастурий маҳсулотлар ҳамда вилоят ҳокимлигининг янги расмий веб-сайти тақдимоти режалаштирилган. Мазкур тақдимот маросими медиа-тур форматида ташкил этилади ҳамда журналист-блогерлар таклиф қилинади. Анжуманда "Ахборот коммуникациларини ривожлантириш маркази" МЧЖ директори маблағлар сарфи юзасидан батафсил, асослантирилган расмий ҳисобот беришга тайёргарлик кўрмоқда.

Беҳзод Қобулов,
Тошкент вилояти ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби.

@Behzod_Qobulov